Мафия сардори (33-қисм)

0

Шоҳруҳнинг чекига Калитга ўхшаган беўхшов эмас, ўрта бўйли, ихчамгина, қад-қомати келишган, кийиниши ҳам бошқаларига нисбатан тузукроқ, сариқ сочларини силлиқ тараган йигит тушди. У муштлашишдан аввал оёқларини кериб, бурнини шишириб нафас олди. Кейин ўрнидан сакраб турганча Юлдузга ўхшаб сальто қилди. Шу билан ўзининг нимага қодирлигини кўрсатиб қўйди. Албатта, бундай амалларни Шоҳруҳ бажаролмасди. Шу боис ҳам Юлдузнинг юраги гупиллаб ура бошлади.

Шоҳруҳ рақибидан кетма-кет иккита зарба ўтказиб юборди. Шулардан биттаси унинг кўксига тегди. Бир неча сония нафас ололмай қолди, қийналганидан афти бужмайди. Юлдуз Худога ялиниб-ёлворди. Аммо худди шу пайт Шоҳруҳнинг жағига мушт тегди, лаби йиртилиб, оғзи қонга тўлди.

* * *

Мурод ўзига келавермагач, кўчага чиқди. Уй олдида бироз айланиб юрган бўлди. Йўқ, юрагининг безовта уриши қолмади. Кўз ўнгида севгилиси абгор аҳволда кўринди. Автобусга ўтирди-да, Шаҳлоникига йўл олди. Йўл бўйи у дуч келадиган қаҳрли аёл билан бўладиган суҳбатга тайёргарлик кўриб борди. “Бир-биримизни севамиз, бермасанглар олиб қочаман, шарманда бўласизлар, дейман”, дея ўйлади. Бироқ ўйи бироздан кейин ўзига эриш туйилди. Хаёлидагилар ёш боланинг гапига ўхшаб қолди. Аммо нима бўлганда ҳам, суҳбат шу тахлит бўлиши керак.

У дарвоза ёнига келганда ҳам бир қарорга келгани йўқ эди. Истар-истамас қўнғироқ тугмачасини босди. Ичкарида жимлик ҳукмрон. Бирор сас эшитилмайди. Бунга сайин йигитнинг юраги гупиллаб уради. Ич-ичидан Шаҳлонинг ўзи дарвозани очишини истайди.

Бироқ кошки унинг ўйлагани амалга ошса. Бир қанча вақтдан кейин дарвозанинг кичик табақаси очилиб, Хонзоданинг хўмрайган башараси кўринди.

— Сизга ким керак?! — сўради аёл секин, аммо сўзларини тишлари орасидан чиқариб.

— Шаҳло! — деди йигит ундан нигоҳини узмай.

— Марҳамат, — кутилмаганда йўл бўшатди Хонзода, — сиз кирмасангиз, бошқа ким ҳам кирарди?

Кесатиқ гарчи ўтиб кетган эса-да, Мурод ўзини босди. Ичкарига бир қадам қўйганида:

— Сиздай безбет йигит киради-да, — дея қўшимча қилди Хонзода.

Мурод юришдан тўхтади. Хонзодага нимадир дегиси келди. Аммо тилини тийди. Яна ичкарилай бошлади. Дарвозахонадан ҳовлига ўтгач, Хонзоданинг ўзидан олдинга ўтишини кутди.

Омборхона эшигини калит билан очган аёл Муродга:

— Шу ерда ўтириб туринг, ҳозир Шаҳло келади. Дадаси кетсин, — деди.

Муроднинг кўнгли қандайдир нохушликни сезса-да, ичкарига кирди. Картошка, сабзи, пиёз ва алланималарнинг ёқимсиз ҳиди димоғини қичитди. Бирдан аксириб юборди. Худди шу пайт эшик бошқатдан қулфланган эди. У зим-зиё хонада ёлғиз қолиши билан ортига бурилди-ю, эшикни итарди. Очилмади. Аммо унинг ошиқ-мошиғи қимирлаганидан билдики, омонат турибди. Қаттиқроқ тепилса ағанаб тушиши аниқ. “Картошка-пиёзни кимдан бунчалик бекитишаркан?” — ўйлади йигит. “Уфф”, дея кўксидаги ҳавони чиқариб юборганча деворга суянди.

Хонзода Муродни қамаб қўйганидан ўзида йўқ хурсанд эди. У бундай қилмоқчи эмасди. Муродни кўриши билан кутилмаганда шу ўй хаёлига келди ва буни боплаб уддалади.

Хурсанд бўлишга бўлди-ю, бу ёғига нима қилиш кераклигини ўйлаб боши қотди.

* * *

Содиқ анҳор бўйидаги чойхонанинг шундоққина сув устига қурилган чорпояси устида ёнбошлаб ётарди. У уйидаги ғалвалар, ишхонасидаги муаммолардан роса чарчаганди. Кўнгли ором тусаганди. Уйда ўтириб ароқ ичавергани билан бошининг оғриғи қолмади. Қайтанга баттар ишкаллар гирдобида қолаверди. Охири ўйлай-ўйлай шу ерга келиб “паноҳ” топди. Бир пиёла ароқ ичиб, икки сих кабоб еди. Бироқ Шаҳлонинг қилмишини миясидан чиқаролмади. Унинг назарида чорпоянинг остидан оқиб ўтаётган сув ҳам қизининг қилмиши ҳақида сўзлаётгандай туйилаверди. У ёмон сўкинди. Ҳар битта сўзни алоҳида-алоҳида талаффуз қилиб сўкинди. Сўкиш хотинига қаратилганди. Чунки қизини ҳақорат қилолмасди. Ҳақоратласа, хунукдан-хунук сўзлар қабрда фақат суяклари қолган онасига қаратилгандай туйилаверарди. Чунки, у Шаҳлони ёшлигида “онам, онам” деб кўп эркаларди. Кейинчалик қизида худди онасиникига ўхшаш одатларни кўрди. Ич-ичидан мамнунлик туйди, ғурурланиб қўйди. “Менинг ойим ўлмади. Қизимга айланиб қайта дунёга келди”, деб хаёл суриб юрди. Мана ўша ойисининг сиймосидаги қизнинг аҳволи. Содиқнинг хаёлига: “Ойимнинг ёшликлари қандай ўтган экан?” деган ўй келди-ю, ўрнидан туриб кетди. Бу пайтда чойхоначи ундан узоқда эмасди. Ғалати-ғалати қилиқлар қилаётган бу одамни чойхоначи кузатиб турганди. Содиқнинг ўз-ўзига гапираётганини кўриб: “Тавба, кўринишидан туппа-тузук одамга ўхшайди-ю, оғзидан чиқаётган гап жинниларникидан фарқ қилмайди”, дея кўнглидан ўтказди.

Содиқнинг қўл телефони жиринглаб, экранда “Хонзодахон” деган ёзув кўринди. Бу ёзувни у ҳали  хотинига  нафрати уйғонмаганида (нафратнинг уйғонганига ҳали кўп бўлмади) ёзиб қўйган эди. Содиқ бир муддат қўл телефонига тикилиб турди. Шунақа матоҳни чиқарган одамнинг номига бир нечта “гўзал” сўзлар йўллади. Кейин “сотка”сини сувга улоқтирмоқчи бўлди-ю, қандайдир ички туйғу халақит бериб, ниятидан қайтди.

— Қизинг ўзини осиб қўйдими?! — деди у ғазаб билан телефонни кўтариб. — Шу “хушхабар”ни айтиш учун мени безовта қилаяпсанми?! Ўлгани яхшимасми, икковимиз ҳам қутуламиз!

— Дадаси! — деди Хонзода эри кўнглидагини тилига кўчиришга имкон бермаётганидан жаҳли чиқиб. — Аввал гапимга қулоқ солинг. Нега бунча портлаб кетаяпсиз? Шунчалик ўз пушти паноҳингиздан бўлган қиздан қутулгингиз келаяптими?..

У оғир хўрсинди. Бир-икки марта бурнини тортди. Йиғламаётганди. Аммо эрида ачиниш туйғусини уйғотиши керак эди. Билмасдики, агар Хонзода: “Ўлаяпман”, деганида ҳам Содиқнинг бир туки ўзгармасди.

— Қизимизни йўлдан урган йигит ўз оёғи билан келди, — дея гапида давом этди бироз танаффусдан кейин. — Омборхонага қамаб қўйдим. Келинг, уни бир ёқли қилайлик.

— Унда бундай қил, — деди Содиқ қўлтиғига ёстиқни яхшилаб жойлаштирди-да, қулайроқ ёнбошлаб, — болта билан бошига ур, ўлсин. Бир урма, чавақлаб ташла. Кейин машинанинг багажига ортиб, шаҳар ташқарисига обориб ташла. Ит ҳам сезмайди. Шу билан ҳамма бало-қазодан қутуласан.

— Эсингиз жойидами?! — бақирди Хонзода. — Қўлимни қонга ботирайми?!

— Унда отангга айт, бирорта одамини жўнатсин. Сенинг ўрнингга мен айтган ишларни бажаради, шу билан олам гулистон. Сен оппоқ бўп қолаверасан.

— Уфф, бунча беўй танбалсиз?! Ҳамма нарсага  мен  куйиб-ёнишим керакми? Мени ўйламасангиз ҳам қизингизни, унинг бахтини ўйланг. Отасиз-ку! Шу қизни мен кўчадан орттириб келмаганман. Ёшимиз ўтиб қолган пайтда шундай дейсизми?!

Хонзода гапираркан, кўзидан ёш қуйилаверди. Ўзини тутиб туролмади. Охири телефонни ўчирди. Эрини бутун уруғ-аймоғига қўшиб қарғади. “Қаерда бўлсанг ҳам, ўлигинг ҳақида хабар келсин!” — деди. Бунга ҳам қаноат қилмади. Дераза токчасида турган гулларни тувак-пуваги билан ағдариб ташлади. Ҳолсизланиб диванга ўтириб қолди. Бир муддат пешонасига қўлини тираб ўтирди. Кейин қайнисини уйидан қандай қувғин қилгани эсига тушиб қолди. Бир муддат хаёли тиниқлашди, ўрнидан турди. Хонасига чиқиб, бор тиллаларини олиб чиқиб, алдаб-сулдаб Муроднинг қўлига бермоқчи, кейин милицияга қўнғироқ қилиб, уйига ўғри тушганини айтмоқчи бўлди. Бир ҳисобдан жўнгина, синалган усул. Осонгина битишига кўзи ҳам етади. Лекин бу милиса қурмағур, шунчаки ўғрини ушлаб қамаб юборавермайди-да, суриштирувни бошлаб юборади. Агар сири очилиб қолса, ҳамманинг олдида шарманда бўлгани қолади. Бундан кўра эридан фойдаланади. Қандай бало келса, унга ураверсин. Эрсиз ҳам яшайверади.

Содиқнинг телефон рақамини терди. Чақирув кетди. Лекин эри у билан гаплашишни истамади шекилли, ўчириб қўйди.

Содиқ телефонни ўчирмади, сувга улоқтириб юборди. Кейин пиёласини ароққа тўлдирди-да, бир кўтаришда бўшатиб ўрнидан турди.

— Ўлдираман, сенлар билан бир умр асаббузарлик қилиб юрганимдан кўра ўлдираман. Биринчи ўринда сени, манжалақи Хонзода, — деди ва чорпоядан сакраб тушиб, шитоб билан юриб кетди.

* * *

Бўроннинг оғзи ачишиб кетганидан, бошқа ухлаёлмади. Ювиниш хонасига боришга сабри чидамай деразани очди-да, томоғини қириб тупурди. Кутилмаганда кўзларини уқалаб, истар-истамай кетиб бораётган жиянларига нигоҳи тушди.

— Сожида! — деди ҳайрон бўлиб. — Қаерга кетаяпсизлар?

Тўртала қиз ҳам тўхтаб, иккинчи қаватдаги кўчага қараган деразага нигоҳ ташлашди. Биронтасидан ҳам садо чиқмади.

Бўрон ниманидир тушунгандай бўлди.

— Шошманглар, — деб шкафни очиб ялтироқ халатини кийди. Сўнг ташқарига югурди. Ҳовлида фаввора ёнида турган Фароғатга кўзи тушди. Аёл уни кўрмаганга олди. Гўё фавворани артган киши бўлди. Бўроннинг қони қайнаб кетди. Хотинини бўралатиб сўкди-да, дарвозахона томон шошди.

У жиянларини қайтариб келди. Сўнг ювинтирди. Хотинига дўқ-пўписа қилиб нонушта тайёрлатди. Кейин машинага миндирди-да, ўзи билан бирга олиб кетди. Фароғат ҳеч нарсани тушунмай қолаверди.

— Жиян, — деди Бўрон ёнида ўтирган Сожидага, — нима бўлди?

Қизчадан садо чиқмади. У тоғасига термилган кўйи ўтираверди. Кўзлари эса ёшга тўлди. Қандайдир нохушлик бўлганини сезган Бўрон йўл чеккасига чиқиб машинасини тўхтатди. Ўгирилиб Сожидага қаради-да, саволни такрорлади. Сожида бир муддат жимликдан сўнг ойисининг касалхонада эканлигини айтди.

— Нега?! Нега касалхонада бўлади?! Нимага аввалроқ айтмадинглар?! — деди жаҳли чиқиб Бўрон.

Қизлар унинг бақириб гапирганидан нотўғри иш қилиб қўйгандай қўрқиб кетишди. Кичкинаси ҳатто йиғлай бошлади.

— Даданг қаерда? — сўради Бўрон юмшоқ оҳангда.

— Уйдалар, — жавоб қилди Сожида.

Бўрон машинага газ берди. Янги “Мерс” гижинглаган отдай учди.

Ғайбулло аллақачон уйғонган, чой ҳам ичишга улгурган, ишга кетишга ҳали эрта бўлгани учун телевизор кўриб ўтирарди. Болалари, хотинини бутунлай эсидан чиқарганди. Тўғрироғи, эсида эди, лекин қўл силтади. “Озгина сарсон-саргардон бўлиб юришса, қадримга етишади”, деб ўйлади.

Эшик қўнғироғи жиринглаганида: “Қизларим келди”, деган хаёлга борди. Шу боис, бемалол ўтираверди. Қўнғироқ кетма-кет асабий шовқин солаверганидан жаҳли чиқди. Сўкинганча эшикни очди-ю, башарасига теккан муштдан орқасига қулади.

Нуриддин ИСМОИЛОВ

(Асарнинг кейинги қисмларини яқин соатларда ўқийсиз)

Аввалги қисмларни ўқиш учун қуйидаги ҳаволаларни босинг:

Мафия сардори (1-қисм)

Мафия сардори (2-қисм)

Мафия сардори (3-қисм)

Мафия сардори (4-қисм)

Мафия сардори (5-қисм)

Мафия сардори (6-қисм)

Мафия сардори (7-қисм)

Мафия сардори (8-қисм)

Мафия сардори (9-қисм)

Мафия сардори (10-қисм)

Мафия сардори (11-қисм)

Мафия сардори (12-қисм)

Мафия сардори (13-қисм)

Мафия сардори (14-қисм)

Мафия сардори (15-қисм)

Мафия сардори (16-қисм)

Мафия сардори (17-қисм)

Мафия сардори (18-қисм)

Мафия сардори (19-қисм)

Мафия сардори (20-қисм)

Мафия сардори (21-қисм)

Мафия сардори (22-қисм)

Мафия сардори (23-қисм)

Мафия сардори (24-қисм)

Мафия сардори (25-қисм)

Мафия сардори (26-қисм)

Мафия сардори (27-қисм)

Мафия сардори (28-қисм)

Мафия сардори (29-қисм)

Мафия сардори (30-қисм)

Мафия сардори (31-қисм)

Мафия сардори (32-қисм)

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here