Мафия сардори (34-қисм)

0

Бир муддат кўз олди қоронғилашди. Шоша-пиша ўрнидан тураётганида, биқинига ҳам тепки тегди. Бу сафар умбалоқ ошиб кетган эса-да, оёққа туришнинг иложини қилди. Кўрдики, рўпарасида қайноғаси турибди. Ичидан бир нима чирт этиб узилди, эти музлаб кетди.

— Ҳароми! — деди Бўрон ўшқириб. — Ҳеч ким сўрамайди, деб ўйладингми?!

— Акажон! — деди кўзидан дув-дув ёши оқиб Ғайбулло. — Айбим нима?!

— Ҳали нима қилганингни билмайсанми?! Айтайми?! Бечора жиянларим кўчада изғишса, синглим касалхонада ётса, сен бу ерда ҳеч нарса бўлмагандай талтайиб ўтирсанг!..

— Қизлар кеча ойисининг ёнига кетишувди. Кечаси билан ухлаганим йўқ, ака! Одамнинг иситмаси чиқиб туради-да. Ўзим ҳозир сизга хабар бермоқчи бўлиб турувдим. Хотинимнинг озгина мазаси йўқ. Ўз-ўзидан давления…

— Қайси балнисада? — сўради Бўрон унинг гапини бўлиб.

Ғайбулло довдиради, нима дейишини билмай, кўзи ўйнади. Буни кўрган Бўрон баттар тутақиб кетди.

— Ҳали, сен ифлос, унинг қаерда ётганиниям билмайсанми? Ўз ёстиқдошингни-я!..

Гапнинг давоми муштлашувга айланиб кетди. Ғайбулло икки қўллаб башарасини яширди. Сўнг букчайиб қолди. Унинг бундай қилиғи Бўронни баттар ғазаблантирди. Шунчалик ғазабландики, куёвини уришдан ҳазар қилиш даражасига борди.

Ёнидан қўл телефонини чиқарди. Ўзининг фирмасида ҳамширалик қилаётган қизга қўнғироқ қилиб, синглисининг исми-шарифини айтди-да, қайси касалхонадалигини зудлик билан топишни буюрди. Сўнг нафрат билан куёвига боқди. Яна бир-икки марта тепишни мўлжаллади-ю, лекин тепмади. “Буни уришам ҳайф! Қўлим кирланади”, деб ташқарига чиқиб кетди. Ҳали йўлакдалигидаёқ, ҳамшира қўнғироқ қилиб Раънонинг қайси касалхонада эканлигини айтди.

Бўрон синглисини бориб кўрди. Сингил акасини кўрганида унга қараб қотиб қолганди. Бирин-кетин палатага қизлари кириб келганидан кейин эса йиғлаб юборди. Ўпкаси тўлиб, ўксиб-ўксиб йиғлади. Болаларини қучди, юз-кўзларидан ўпди. Уларни шундай бахтиқаро қилиб қўйгани учун кечирим сўрамоқчи бўлди-ю, тилини тийди. У акасининг олдида эри ҳақида ёмон гапиролмасди. Лекин ичи тўлиб кетганди. “Шу одамга тегмаганимда, сизлар бундай кўргиликларни кўрмаган бўлардинглар… Дадангнинг пасткашлигини кошки аввалроқ билсайдим”, демоқчи эди у.

Она-болалар йиғлаб-сиқтаб кўришишгач, Бўрон синглисидан аҳвол сўради (агар уйига жиянлари бормаганда синглиси борлигини ҳам унутганди). Кейин Раъно ойисини соғиниб кетганини айтди. Ана шу гап Бўронни эзиб юборди. Бироқ эри тўғрисида, касаллиги ҳақида лом-мим демади.

— Ҳаммасининг тагига етаман. Мени кечир, — деди Бўрон ва жиянларини ёнига олиб касалхонадан чиқиб кетди. Йўл-йўлакай Шоҳруҳни эслади. “Юргандир бирон жойда санқиб”, деган хулосага келди.

Машина шаҳарнинг текис йўлида елдай учиб бораркан, тўрт опа-сингилнинг митти юракчаларини қўрқув эгаллай бошлади. Чунки уларнинг ҳеч бири Фароғат янгаларини кўргилари йўқ эди. Унинг хўмрайган башарасини кўришдан чўчишарди. Аммо тоға уларни бутунлай бошқа ёққа, иккинчи хотининикига олиб кетаётганини билишмасди.

Истараси иссиқ, йигирма беш-ўттиз ёшлар атрофидаги жувон дарвозанинг кичик табақасини очиб, Бўронга салом берди, қизларга кўзи тушгач, юзида табассум пайдо бўлди. Қизларнинг ҳар бирини айланиб-ўргилиб юзларидан ўпди. Бир-биридан ширин гапларни гапириб ичкарига таклиф қилди.

Гарчи уй сўнгги модадаги “мушук” услубида қурилмаган эса-да, ҳамма жойи саранжом-саришта эди. Ҳовли ўртасига турли анвойи гуллар экилган, улар турли-туман очилиб, одамнинг кўзини қувнатар, кайфиятини кўтарарди.

— Опа, опа, — деди шошиб қолган қизларнинг кичиги Сожиданинг қўлидан тортқилаб. — Қаранг гулларнинг чиройлилигини. Ҳидиям роса ширин бўлса керак-а!

Сожида жилмайди, аввал тоғасига, сўнг уларни кутиб олган жувонга қаради.

— Вой, ўзимнинг жоним, — деди аёл, — ёқиб қолдими? Ҳозир узиб бераман.

— Йўқ… Йўқ, — деди қизча шошиб. — Узманг, йиғлайди!

Қизчанинг ширин талаффузда гапирганидан ҳаммалари кулиб юборишди.

— Йиғламайди, — деди Бўрон, — хурсанд бўлади, мени шундай ажойиб қизча олди, деб. Кейин ўрнидан яна бошқаси ўсиб чиқади. Фарангизхон, тезда битта гулдаста қилиб беринг.

— Хўп, — деди жувон Бўронга ажиб табассум ҳадя этаркан, — жиянчамиз бир маза қилиб яйрасин.

Гарчи уч қиз унинг сўзларига эътибор беришмаган эса-да, Сожида ҳайрон бўлди. Бу аёлни умрида биринчи кўриши, онаси-ю дадасининг уруғида бундай жувонни учратмаганди. Таниганлари — иккита бир-биридан қовоғи осиқ ва битта улардан тузукроқ янгалари. Жувоннинг исми Фарангиз экан.

Фарангиз уларни меҳмонхонага киритмоқчи бўлса-да, қизлар ошхонада ўтиришни маъқул кўришди. Бўрон бу пайтда ётоқхонага кирган, икки кишилик  каравотга  чалқанча ётиб шифтга термилганча янада кўп даромад қилишни ўйларди. У газетада ўқиб қолди: бир рус миллиардери кунига эллик миллион доллар ишларкан. Эллик миллион! Айтишга осон. Тўғри, улар маблағининг катта қисмини чет эл банкларига фоизга бериб қўйишади. Лекин шу билан бирга ишлаб чиқаришга йўналтирилганлари ҳам оз эмас-да. Бўрон улардек бўлишни кўпдан орзу қилади. Ўзи ҳам, эллик миллион бўлмаса-да, ҳар қалай, салмоқли пул топгиси келади. Тинимсиз ишласа, ҳар бир ишга қўл урганида қоплаб пул пайдо бўлса… У шундай ширин ўйларга берилиб жиянларини унутди. Пул унинг учун ҳамма нарса. Бундай пайтда унинг хаёлини бошқа майда-чуйдалар эгаллаши мумкин эмас. Унинг назарида фақатгина бойлик дунёни бошқаради. Агар қўлингда жарақ-жарақ пул бўлса, ўз-ўзидан ҳурматинг ошади. Гарчи бировга фойданг тегмасаям. Фақат бугина эмас. Ҳамма ишни битиришинг мумкин. Ҳатто ҳокиму ҳукамо бўласан. Аслидаям шундай-да. Қайси аҳмоқ бой бўлибди? Фаҳм-фаросатинг, ақлинг бут бўлса, зебу зар орқангдан қувиб юради. Хоҳласанг ҳам, хоҳламасанг ҳам чўнтагингга кириб олади…

Хонага Фарангиз кирди. Юзида табассум, кулгич. Айни шунинг учун Бўрон уни севиб қолган.

Фарангиз қиз бола эди. Университетда беш йил ўқиган, кейин яна озгина ишлаган, шу билан ёшини йигирма бешдан ўтказиб қўйган. Одатда, бундай пайтда йўқ жойдан “ўтирган қиз” деган тамға босилади (эшитишимча, дунёнинг баъзи давлатларида қиз йигирма бешга кирмагунча турмушга чиқмаскан). Фарангиз ҳечам “ўтириб қолган” қизга ўхшамасди: мафтункор, ёш кўринарди. Ошиқлари ҳам кўп эди, лекин у орзу қилган йигит учрамади. Кутилмаганда Бўроннинг чангалига тушиб қолди.

Диёра исмли дугонасининг тўйига борганда “сотка”сига ойиси қўнғироқ қилиб тоби қочганини айтди. Қиз тўйда ўтиролмади. Келинга билдирмасдан бошқалардан узр сўраб, тўйхонадан чиқди. Такси тўхтатмоқчи бўлганида, ёнига кутилмаганда “иномарка” тўхтаб, ойнаси очилди. Фарангиз бунақа машиналарга чиқавермасди. Назарида, бунақанги улов эгалари пул ишлаш учун одам олмайди, кўзига яхши кўринган қизларни ўтқазиб, улар билан шунчаки гаплашиб кетади. Ҳозир эса бошқа машина кутишнинг мавриди эмасди. Фарангиз шошиб манзилни айтди.

— Ўтиринг, айнан шу ёққа кетаётгандим, — деди ҳайдовчи жилмайиб.

Қиз кира ҳақини сўради.

— Минаверинг-чи, бирон нима берарсиз, — деди улов эгаси.

Улар икки дақиқагина, машина жойидан жилгунича гаплашишмади, холос. Сўнг то манзилга етгунларича галма-галдан гапириб кетишди. Фарангизнинг бегоналар билан гаплашадиган одати йўқ эди. Аммо шу сафар гапирди. Сабабини ўзи ҳам билмайди. Ўзининг оиласи, тўйи бўлаётган дугонаси тўғрисида, ойисининг кутилмаганда бетобланиб қолгани ҳақида… Ҳайдовчи унинг ҳар бир сўзини жон қулоғи билан эшитди. Ўша дамда унинг шумлик қилиш, амаллаб қизнинг кўнглини топиб уни ишратга бошлаш нияти йўқ эди. Шунчаки, йўл бўйида турган қизнинг ёнида машинасини тўхтатди. Ҳаттоки улов секинлаётганида: “Нега тўхтаяпман?” — деб ҳам ўйлади. Хуллас, қизнинг майин сўзлашлари, ҳар-ҳар замон жилмайиб қўйиши, табассум қилган пайти пайдо бўладиган кулгичи Бўроннинг меҳрини уйғотди. Бунда ҳали эҳтирос кўринмаган эди.

Бўрон машинасини Фарангизларнинг уйи ёнгинасида тўхтатди. Сўнг:

— Уйингизга кириб кўринг, мабодо яна бирон жойга обориш керак бўлса, савобни тўлароқ қиламан, — деди.

— Майли, бораверинг, сизни овора қилиб қўяман, — дея рад этди қиз.

— Биз дўстмиз. Дўстлар бир-бирларини бундай пайтда ташлаб кетмасликлари керак. Сиз тезроқ онангизнинг ҳолидан хабар олинг. Агар яхши бўлсалар, хабар қилинг, — деб Бўрон Фарангиз ўтирган томон эшигини ўзи очиб берди.

Ўн дақиқалар чамаси вақт ўтгач, кўчага чиққан қиз жилмайиб:

— Сизни куттириб қўйганим учун узр. Ойим яхши экан. Озгина қон босими ошган экан. Дорилари бор. Ичириб қўйдим. Дарров ўзларига келдилар. Касалхонага оборишнинг ҳожати йўқ. Юринг, энди бир пиёла чой ичиб кетинг, — деди.

Бўрон кирмади. Қизнинг телефон рақамини олиб машинасини юрғизди.

Орадан икки кун ўтиб, улар тағин кўришишди. Ўтган кунлар мобайнида Бўрон қизнинг гапиришларини, майин боқишларини, табассумли кулгичини эслаб юрди. Кейин қўнғироқ қилди. Қизнинг салом-алиги бошқача эди. Ҳар бир сўз талаффузидан кейин кулги эшитиларди.

Бўрон уни ресторанга кечки овқатга таклиф қилди. Иккиланишлардан кейин Фарангиз кўнди.

Беш-олти учрашувдан кейин ҳам Бўрон ҳеч бир ортиқча ҳаракат қилмади. Бунақанги шоҳона ўтиришларнинг сабабини қиз ҳеч тушунолмасди. Бўрон ҳамиша у ёқ-бу ёқдан гапирар, латифалар айтиб кулдирарди. Шундай кунларнинг бирида сабри чидамаган қизнинг ўзи эндиликда анча қадрдон бўлиб қолган, бир қарашда олижаноб инсон кўринган Бўрондан зиёфатлар сабабини сўради.

— Мен ҳам одамман, — деди Бўрон чуқур тин олиб, — шундай экан, одамга ўхшаб ўтиришга ҳақим бор. Ҳар куни қовоқ-тумшуқ қилиб кутиб оладиган оила, иш деб жонни ҳалак қилишдан чарчадим. Маза қилиб гаплашадиган самимий суҳбатдошнинг гадосиман.

— Мен… Мен ҳам бир куни жонингизга тегиб қолсам керак. Кўриниб турибди, таъбингиз жудаям нозик. “Ортиқча гап айтиб қўймадимми?” — деб ўйлаб юраман.

Бўрон кулди, сўнг:

— Қўлингиздан келмайди. Ҳечам қўпол гапиролмайсиз. Майли, бу гапларни қўя турайлик, — деб Бўрон тағин мавзуни бошқа томонга бурди.

Учрашувлар сони ўндан ортганидан сўнг Фарангиз бутунлай унга ўрганиб, ишониб қолганидан кейингина Бўрон уни дала ҳовлисига олиб борди. Кечгача иккаласи чақчақлашиб ўтиришгач, у қизнинг қўлидан ушлади. Ўпди. Аста-секин ўпич юздан дудоққа кўчди.

Қолганини Бўронникига қўшилиб Фарангизнинг эҳтироси бажариб ташлади.

Қиз йиғлади. Ўксиб-ўксиб йиғлади. Сўз айтмади. Ҳатто Бўрондан: “Энди нима қиламан? Қандай бош кўтариб юраман? Сизга ишонгандим. Ишончимдан фойдаландингиз!” — демади. Шунчаки йиғлайверди.

Эртасига, индинга улар яна учрашишди. Орада қандайдир хафалик бордай эди. Бўроннинг ҳам гаплари аввалгидай ёқимли чиқмас, узуқ-юлуқ эди. Охири у чидамади.

— Фарангиз, — деди қизнинг кўзига тикилиб, — мен сизга уйланаман.

Қиз аччиқ жилмайди.

— Уйланаман?! — дея қиз унинг гапини такрорлади. — Қандай қилиб? Хотинингиз, бола-чақангиз бор-ку?!

— Мен сизга уйланаман дедимми, тамом, уйланаман. Бошқа нарса мени қизиқтирмайди.

— Менга ичингиз ачиганидан шундай деяпсизми? “Камбағал қиз, отаси ташлаб кетган, ёлғиз онаси билан туради, бунинг устига, бокира эмас. Бундан бу ёғига кўча қизига айланиб кетиши ҳеч гапмас!” — деб ўйлаяпсизми?!

— Йўқ, — дея унинг гапини бўлди Бўрон, — сиз айтган нарсалар мени умуман қизиқтиргани йўқ. Ўз ҳаловатимни ўйлаяпман. Пул топаяпман. Энди шунга яраша яшашим керак. Шунчаки юришим ҳам мумкин эди, лекин сиз билан шунчаки юролмайман. Чунки яна битта одам орамизга қўшилиб қолса, чидолмайман. Бўлди, ортиқ тушунтириб беролмайман.

Нуриддин ИСМОИЛОВ

(Асарнинг кейинги қисмларини яқин соатларда ўқийсиз)

Аввалги қисмларни ўқиш учун қуйидаги ҳаволаларни босинг:

Мафия сардори (1-қисм)

Мафия сардори (2-қисм)

Мафия сардори (3-қисм)

Мафия сардори (4-қисм)

Мафия сардори (5-қисм)

Мафия сардори (6-қисм)

Мафия сардори (7-қисм)

Мафия сардори (8-қисм)

Мафия сардори (9-қисм)

Мафия сардори (10-қисм)

Мафия сардори (11-қисм)

Мафия сардори (12-қисм)

Мафия сардори (13-қисм)

Мафия сардори (14-қисм)

Мафия сардори (15-қисм)

Мафия сардори (16-қисм)

Мафия сардори (17-қисм)

Мафия сардори (18-қисм)

Мафия сардори (19-қисм)

Мафия сардори (20-қисм)

Мафия сардори (21-қисм)

Мафия сардори (22-қисм)

Мафия сардори (23-қисм)

Мафия сардори (24-қисм)

Мафия сардори (25-қисм)

Мафия сардори (26-қисм)

Мафия сардори (27-қисм)

Мафия сардори (28-қисм)

Мафия сардори (29-қисм)

Мафия сардори (30-қисм)

Мафия сардори (31-қисм)

Мафия сардори (32-қисм)

Мафия сардори (33-қисм)

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here