Мафия сардори (35-қисм)

0

Фарангиз дарров рози бўлмади. Ўйлаб кўриш учун вақт сўради. У ич-ичидан хурсанд эди. Тўғри, олдинда кундошлик балоси турибди. Лекин нима бўлган тақдирдаям, у жазман эмас, бировнинг ҳалол хотини бўлади. Шуниси муҳим, қолганини эса вақт кўрсатади.

Бўрон Фарангизнинг розилигини олгач, унинг ойисининг ёнига ўзи борди. Харобгина ҳовлида, чорпоя устида сочлари қордай оппоқ кампирни кўриб, бир сесканиб тушди. У Фарангизнинг онаси анча ёш бўлса керак, деб ўйлаганди. Тўғри-да, қизи эндигина йигирма бешга кирган бўлса, онаси кўпи билан элликлар атрофида бўлиши керак-да. Аёлнинг кўриниши камида саксон ёшга кирган кампир қиёфасида, мияси ҳам кирди-чиқди бўлиб қолганга ўхшарди.

— Ойижон, — деди Фарангиз жилмайиб волидасига боқар экан, — мана, Бўрон акам келдилар.

Аёл бошини қимирлатди. Гўё аввалдан уни танийдигандай қизининг гапини тасдиқлаган бўлди.

Салом берган бўлғуси куёв чорпоянинг бир четига омонатгина ўтирди. Фарангиз чой дамлаш учун ошхонага кетди. Шу маҳал аёл ўзидан-ўзи йиғлади. Елкалари силкиниб-силкиниб йиғлади. Бўрон зўрға чидаб, унинг йиғидан тўхташини кутди. Ниҳоят, у ўзини босди. Кейин ўксик оҳангда сўзлади. Эрининг ўлгани, қариндош-уруғларининг қарамай қўйгани, бировларнинг уйини тозалаб кирини ювганларини, ҳамма унга паст назар билан қараганини куйиниб гапириб берди. Умрининг охирида: “Ёлғизгина қизим яхши кунларни туҳфа қилади”, деган умид билан яшаб юрганида, бола-чақали одам харидор бўлиб келганини эшитиб, сал бўлмаса ўзидан кетиб қолаёзганини айтди.

Бўроннинг бахтига Фарангиз келиб қолди. Ойисининг ёнига ўтириб уни маҳкам қучоқлади. Сўнг:

— Ойи, мен, албатта, бахтли бўламан, сиз хавотир олманг, — деди.

Бўрон икки пиёла чой ичиб, дили хуфтон бўлиб ташқарига чиқди. Машинасига ўтириб рулга бошини қўйди. Бир хаёл кириб аёлдан ёшига мос келмайдиган ишни қилиб уни хафа қилиб қўйгани учун кечирим сўрамоқчи бўлди. Аммо шу пайт ёнига Фарангиз келди. Илк маротаба ўзи уни қучиб ўпди.

— Ойимдан сира хафа бўлманг, эндигина эллик бешга кирганлар. Лекин бир умр ғам-ғуссада яшаганликлари боис, сочлари оқариб кетган. Юзларига сон-саноқсиз ажин тушган. Ҳаммасини тушунтирдим. Рози бўлдилар, — деди у жилмайиб.

— Фарангиз, ойингиз ҳеч қачон кўзингизда ёш кўрмайди. Ваъда бераман. У киши мендан бор-йўғи саккиз ёш катта экан. Уялиб кетдим. Ўзимни роса сўкдим… Бугуноқ сизнинг номингизга уй оламиз.

Унинг гапига ҳайрон бўлган Фарангиз Бўронга тикилиб турди-да:

— Нега? — дея сўради.

Бўрон изоҳ бергиси келмади. Фақат қизнинг юзидан ўпиб қўйди.

— Боринг, ойингиз хафа бўлиб қолмасин, — деди.

Уч кун ўтгач, Фарангиз ойисини олиб, оддийроқ кварталдан сотиб олинган икки хонали уйга кўчиб  кетди.  Ойиси: “Дадангнинг чироғи ўчиб қолади”, деб аввалига роса оёқ тираб турди. Фарангиз ялиниб-ёлвориб туриб олгач, ноилож кўнди.

Бир ярим ой мобайнида Фарангизларнинг ҳовлиси таъмирланди. Энди у аввалгидан бутунлай ўзгариб кетган, кўрган одамнинг кўзини қувнатарди. Фарангизнинг ойиси эса ўз уйини таниёлмай гарангсиди. Кейин бирдан ғамгин бўлиб қолди.

Тўй бўлди. Ресторанда. Келиннинг ёнида Бўроннинг ўрнига бошқа бир йигит ўтирди. Икки юз доллар эвазига.

Энди Бўроннинг вақти жудаям тиғизлашиб қолганди. Тўғри, у уйланганини Фароғатга айтмади (айтиб кўрсин-чи, шу куни охирзамон бўлади), иши кўплигини баҳона қилиб кун ора уйига бормайдиган бўлди.

Фарангизнинг ойисини ғам аллақачон адойи тамом қилган экан. Олти ойга бормади. Лекин ўтган олти ойда маза қилиб яшади. Доим хурсанд ўтирарди.

Шу воқеалардан кейин ҳам тўрт йилдан ортиқ вақт ўтди. Мана ҳозиргача чиройини йўқотмаган Фарангиз унинг ётоғига кириб турибди. Ҳеч қачон унинг жамолига тўймаган Бўрон мол-дунёни ҳам унутиб унга тикилиб қолди.

— Тинчликми? — дея унинг ёнига келди Фарангиз. — Саҳарлабдан жиянларингиз…

— Сенгаям ёқмадими улар? — деди Бўрон бирдан унинг гапини бўлиб.

— Нега ёқмаскан? Хурсанд бўп кетдим. Ишқилиб, икки уч-кун туришармикан? Ҳайҳотдай уйда ёлғиз зерикиб ўтирмасдим. Ўзлариям бирам ширин қизларки!

Бўроннинг қовоғи солинди. Ёнбошлади-да, чаккасига қўлини тиради.

— Менимча, икки-уч кун эмас, бир умрга шу ерда қолишади. Раъно ҳезалак билан яшаб, роса абгор бўпти. Ўзи айтмади-ю, лекин менга шундай туйилаяпти. Жиянлардан секин сўра. Агар Ғайбулло ярамас Раънони унижат қилган бўлса, бориб бурдалаб ташлайман.

Фарангизнинг юзи жиддийлашди. Ётоқдан чиқиб қизларнинг ёнига борди. Уларга боқиб ҳавасланаркан, ичидан бир нарса узилгандай бўлди. Ахир шунча йилдан бери у фарзандли бўлмаётган эди-да.

* * *

Юлдуз кафти билан юзини бекитди. Кўзидан дув-дув ёш оқаркан, тиззалаб ўтириб қолди. Бу пайтда рақибнинг оёғи Шоҳруҳнинг биқинига озор етказиш учун чўзилганди. Йўқ, буниси мўлжалга аниқ етиб бормади. Ўзини бироз олиб қочишга улгурган Шоҳруҳ унинг оёқ бармоқлари устига чунонам мушт туширдики, қарсиллаган овоз чиқди. Юлдузнинг жон-пони чиқиб кетди. У: “Шоҳруҳ бутунлай тамом бўлди”, деб ўйлаганди. Бошини илкис кўтарди. Тўзғиган сочлари бир сидра юзини бекитиб ўтди. Ва бутунлай бошқа манзарани кўрди. Шоҳруҳ қадди ростланган, занжирдан қутулган шердай турган бўлса, рақиби эса оёғидан яраланган сиртлонни эслатарди.

Муштлашув яна икки дақиқача чўзилди. Шоҳруҳ душманининг ожизлигидан фойдаланиб, икки марта жағига мушт туширгач, у ерга йиқилди-да, ҳушидан кетди. Унинг ҳам бошига Калитнинг куни тушди. Фақат бу сафар оқсоқол ўзини ортиқ уринтирмади. Сигаретидан чиқаётган тутунга ўпкасини тўлдирди-да, қултуллатиб пиво ичди, сўнг ёнидаги шотирига мағлубни бутунлай мағлубга айлантиришни имо-ишора билан тушунтирди.

Шоҳруҳ титрарди. У чолга ўткир нигоҳини қадаб:

— Эркак сўзидан қайтмайди. Сўзидан қайтган — эркак бўлмайди. Юбка кийиб юради, — деди.

Шундоғам зўрға ўтирган чол бошқаларни ҳайратда қолдириб ўрнидан турди-ю, икки марта сальто қилди-да, Шоҳруҳнинг ёнгинасида пайдо бўлди ва ҳассасини унинг бўйнига тиради.

— Эркаклик қанақа бўлишини менга ўргатаяпсанми?! — дея чинқирди чол. — Юз метр наридан ўрмон бошланади. Агар бир дақиқа ичида кўзимдан йўқолмасанг, баданингни тешиб ташлайман. Вақт кетди.

Шоҳруҳ билан Юлдуз бир-бирига қаради.

— Югурдик, — дея бақирди қиз ва йигитнинг қўлидан ушлаб тортқилади.

Яланглик билан ўрмон ораси юз метрдан кўп эди. Бир дақиқа ичида босиб ўтиш амри маҳол, лекин ягона чора шу бўлганидан кейин чиқмаган жондан умид қабилида иш тутишдан ўзга илож йўқ эди-да.

Гарчи Юлдуз бироз дам олган эса-да, Шоҳруҳ муштлашувдан кейин анча чарчаганди. Шу боис, югуриш оғир кечди. Шундай эса-да, у тишини тишига босиб олдинга интилаверди.

Юлдуз вақтни ўзича ҳисоблаганми ё кўнгли сезганми:

— Ётдик! — деб бақирди.

Улар ерга ағанашлари билан ортларидан кетма-кет беш марта гумбурлаган овоз эшитилди.

Қуролларнинг овози қочаётганлар кучига куч қўшди. Улар энди аввалгидан-да тезроқ югуришар, ора-чора оёқлари чалишиб умбалоқ ошиб кетишарди. Ажабланарли томони, бошқа ўқ отилмади. Юлдуз ҳатто: “Чол шафқат қилди”, деб ўйлашга ҳам улгурди.

Чол эса бу қалтис ўйинга беш минг доллар тикканди. Кимда-ким ҳовлиқиб қочаётган йигит билан қизни ўрмонга етиши билан отиб ўлдирса, мукофот шуники бўларди. Лекин уларнинг биронтасиниям ўқи тегмади. Сабаби, қочоқлар айни ўша пайт йиқилишганди. Визиллаб учиб келган темир парчалари дарахтларнинг шохларига тегди, таналарига санчилиб озор берди.

Шоҳруҳ билан Юлдуз ўринларидан турмоқчи бўлганларида, орқадагилар яна қўлларидаги матоҳларини ишга солишди. Бу сафар Юлдуз яраланди. Ҳамманинг назарида кўзи ожизланиб қолган оқсоқол отган ўқ унинг қўлини ялаб ўтганди. У ерга йиқиларкан, инграб юборди. Шоҳруҳ бирдан эмаклаб унинг ёнига келди.

— Сиз кетинг! — деди оғриқ азобидан чиройли юзи қизарган Юлдуз. — Кетинг!

— Қаерингизга тегди? — сўради қизга қараб ундан ҳам кўпроқ қийналиб кетган Шоҳруҳ.

— Қўлим… Қўлим! — дея зўрға гапирди қиз.

— Ҳечқиси йўқ. Бирга кетамиз, — деб Шоҳруҳ унинг соғ қўлидан ушлаб ўрмон томонга тортқилади.

Худо шу сафар ҳам улардан мурувватини дариғ тутмади. Ўрмонга амаллаб кириб олишлари билан ёмғир шовуллаб ёғишни бошлаб юборди. Бундай пайтда узоқдан мўлжални аниқ олиш оғир. Ўқ отиш тўхтади. Ўрнини қийқириқлар эгаллади. Бирпасда сочлари жиққа ҳўл бўлган Юлдуз дарахт танасига суяниб, жовдирабгина Шоҳруҳга боқди. Чимиллаган оғриқ вужудига азоб берар, узун киприклари пирпирар, йиғлар, аммо ёмғир кўз ёшини ювиб кетаверарди.

— Ҳозир яна бизни ушлашади, — деди у.

Шоҳруҳ шундагина унинг йиғлаётганини сезди. Дарров бағрига босди. Шу он анча нарида ўрмоннинг қинғир-қийшиқ, ўйдим-чуқур, тор йўлидан “Виллис” келаётганига кўзи тушди.

— Жа унчаликмас-у, лекин имкониятимиз бор, кетдик, — дея Шоҳруҳ қизни қўлтиқлаб олди.

Бор-йўғи бир дақиқадан кейин улар келаётган машинага рўпара бўлишди. Шоҳруҳ бир қўлини юқорига кўтариб:

— Тўхта! Тўхта! — деб бақирди.

Ҳайдовчи озгина овсар шекилли, йигит билан қизни уриб юборишига сал қолди.

Машина тўхтади. Ҳайдовчи кабинадан тушди. Шунда Шоҳруҳ унинг мастлигини сезди.

— Ўлгинг келдими, эшак?! — деб бақирди ҳайдовчи. — Кўрмай қолганимда мажақлаб кетардим!

— Ҳозир ўзинг ўлиб кетасан, бандерлар “уй”ига бораяпсан! — бақирди унга Шоҳруҳ.

— Бандер!.. — деб ўшшайди у. — Бир кўрай ўша бандерларингни. Анчадан бери кўришга ошиқиб юрардим.

Унинг кўзлари сузилиб турган эса-да, сўзлари дона-дона чиқаётганди.

— Мен-чи, — гапида давом этди у, — хохолман. Ғарбий хохол. Томиримда бандерлар қони оқади. Улар, — деб ҳайдовчи бир қўлини юқорига кўтарди, — каллакесар бўлишган.

Шоҳруҳ қараса, ҳали-бери у сўзлашдан тўхтамайдиган. Агар унинг эзмаланишига қулоқ тутиб тураверса, чолнинг одамлари етиб келиши аниқ.

— Ҳов, бандер! — бақирди Шоҳруҳ. — Мошинани тезроқ орқага бур!

— Ни-ма?..

Хохол ортиқ гапиролмади. Сабр косаси тўлган Шоҳруҳ жағига бир мушт уриб, ерга ағдарди. Сўнг қўлтиғидан ушлаб кўтарди-да, машинанинг орқа ўриндиғига ётқизди.

“Виллис” ортга ўгирилиб икки метр юриши билан орқа чироқлар чилпарчин бўлиб кетди.

— Тезроқ ҳайданг! — дея бақирди Юлдуз. — Яқинлашиб қолишибди.

— Ётинг, бошингизни кўтарманг!..

Шоҳруҳнинг сўзлари ҳали ҳавода муаллақ турганида орқа томонни кўрсатадиган ойнага ўқ тегди. У газни босди. Шу билан бирга йўлдан кўзини олмади. Албатта, бундай  қинғир-қийшиқ йўлда юришнинг ўзи бўлмасди. Агар озгина мўлжалдан адашса, осмонўпар дарахтларнинг бирига урилиб, қуваётганларга тайёр ўлжа бўлиб қолиши ҳеч гап эмасди. Шоҳруҳнинг чайир қўллари рулни гоҳ у томонга, гоҳ бу томонга бурар, оёқлари тинимсиз педаллар устида ҳаракатланарди.

Тобора ортда қолаётган “овчи”лар бақиришар, сўкинишар, машинага қарата тинимсиз ўқ отишарди. Аста-секин темир парчаларининг учиши тинди. Шоҳруҳ чуқур нафас оларкан, “Виллис” тезлигини сусайтирди.

Ёнида ўтирган Юлдуз ярадор қўлини ушлаб:

— Им! — деди.

— Оғрияптими? Озгина чиданг. Ҳозир бирор чора топамиз. Дори, дока-пока топилар…

Шоҳруҳ қолган гапларни айтолмай қолди. Шу пайтгача орқа ўриндиқда ётиб келаётган ҳайдовчи кутилмаганда қаддини ростлади-да, бирдан Шоҳруҳнинг бўйнидан бўға бошлади. Унинг семиз қўллари йигитни нафас олдирмай қўйди. Шунда ҳам у машинани бошқаришда давом этаркан, ҳайдовчининг қўлини олиб ташлашга уринарди. Бироқ бақувват билаклардан қутулишнинг ҳеч иложи бўлмас, аста-секин унинг кўзи тина бошлаганди.

Нуриддин ИСМОИЛОВ

(Асарнинг кейинги қисмларини яқин соатларда ўқийсиз)

Аввалги қисмларни ўқиш учун қуйидаги ҳаволаларни босинг:

Мафия сардори (1-қисм)

Мафия сардори (2-қисм)

Мафия сардори (3-қисм)

Мафия сардори (4-қисм)

Мафия сардори (5-қисм)

Мафия сардори (6-қисм)

Мафия сардори (7-қисм)

Мафия сардори (8-қисм)

Мафия сардори (9-қисм)

Мафия сардори (10-қисм)

Мафия сардори (11-қисм)

Мафия сардори (12-қисм)

Мафия сардори (13-қисм)

Мафия сардори (14-қисм)

Мафия сардори (15-қисм)

Мафия сардори (16-қисм)

Мафия сардори (17-қисм)

Мафия сардори (18-қисм)

Мафия сардори (19-қисм)

Мафия сардори (20-қисм)

Мафия сардори (21-қисм)

Мафия сардори (22-қисм)

Мафия сардори (23-қисм)

Мафия сардори (24-қисм)

Мафия сардори (25-қисм)

Мафия сардори (26-қисм)

Мафия сардори (27-қисм)

Мафия сардори (28-қисм)

Мафия сардори (29-қисм)

Мафия сардори (30-қисм)

Мафия сардори (31-қисм)

Мафия сардори (32-қисм)

Мафия сардори (33-қисм)

Мафия сардори (34-қисм)

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here