Мафия сардори (36-қисм)

0

Юлдуз соғ қўли билан Шоҳруҳнинг орқасидан қучоқлаб олган кимсанинг башарасига бир-икки марта уриб кўрди. Аммо у “ўлжа”сини қўйиб юбормади. Шунда жаҳли чиққан қиз:

— Қўйиб юбор, ярамас! — дея бақирганча кўзига қўлини тиқиб олди.

— Вой, аҳмоқ қиз! — бақирди ҳайдовчи ва Шоҳруҳни қўйиб юбориб юзини бекитди.

Шоҳруҳ гўё дунёга қайта келгандай бўлди. Шунақанги шошиб нафас олдики, овози хириллаб кетди. Бу пайтда машина танаси бир қулоч келадиган дарахтга етишига оз қолганди. Йигит тормозни босди. Машина сирпаниб дарахтга урилди. Ҳартугул, унчалик қаттиқ эмас. Фақат  орқадаги бандер Шоҳруҳнинг ўриндиғига калласи билан урилди. Йигит сўкинганча “Виллис” эшигини очди-да, сакраб пастга тушиб, энди-энди кайфи тарқай бошлаган бандерни машина салонидан суғуриб олди. Аямасдан қорнига, жағига мушт туширди. Сўнг ўзидан кетиб қолган ҳайдовчини яна жойига ётқизиб машинанинг олдини кўрди. Бампер қийшайибди, чироқлар синган. Уловнинг шикастланган  жойига қараб Шоҳруҳ бир четга “чирт” этказиб тупурди ва рулга ўтириб моторни ўт олдирди. “Виллис”нинг жони қаттиқ бўлади, деб бежиз айтишмаган экан. У ҳеч нарса бўлмагандай аввал орқага, сўнг олдинга юрди.

Бироздан кейин ўрмон тугади. Яланглик бошланди. Беш километрча нарида қандайдир қишлоқ қорайиб кўринарди.

Бу пайтда Юлдуз бошини деразага суяб, оғриқни енгиш учун кўзини юмиб олганди. Шоҳруҳ унга тез-тез қараб қўяр, бирор кор-ҳол бўлмасидан қишлоққа етиб олиш учун нисбатан текис бўлган йўлдан машинани мумкин қадар тезроқ ҳайдаб кетарди.

— Қайси гуноҳим учун урдинг?! — деган дўриллаган овоз келди бир маҳал.

— Овсарлигинг учун, — деди Шоҳруҳ орқа ўриндиққа бир қараб қўйиб.

— Одаммас экансан, — деди ҳайдовчи ва оғзидаги қонни машина ичига тупурди, — ҳам уловимни олдинг, ҳам урдинг. Биласанми, бунинг учун сени неча йилга қамашади?

— Агар тирик қолсанг, ўша қамайдиганларга бориб айтишнинг уддасидан чиқсанг, улар мени ушлаб олишса, ундан кейин…

Шоҳруҳ гапираётиб Юлдузга қаради ва унинг ўқ теккан қўлидан тинимсиз оқаётган қонни кўрди-ю, бирдан машинага тормоз берди. У шоша-пиша кўйлагини ечаётганида орқада ўтирган ҳайдовчи ҳам қизнинг ярадор қўлини кўриб қолиб:

— Қизгина қийналибди-ку, — деб Шоҳруҳнинг елкасидан туртди, — бардачокни оч, ичида аптечка бор. Оғриқни қолдирадиган, қон тўхтатадиган дорилар бор. Бинт ҳам.

Ярани боғлашга Шоҳруҳ уқувсизлик қиларди. Умуман олганда, у биринчи марта бунақанги ярани боғлаши эди. Унинг қўлидан бандер олди. У гарчи семиз бўлса ҳам, чаққонлик билан керакли дориларни суртиб бинт билан маҳкам боғлади. Сўнг:

— Ўн йил фельдшерлик қилганман. Уста эдим. Қадримга етишмади. Ичишимни баҳона қилишди. Мана энди ўрмондаги майда-чуйда ишларни қилиб юрибман, — деб бандер машина бардачогидан озгинаси ичилган ароқ шишасини олди. Шишани оғзидан ичмоқчи бўлди-ю, лекин негадир ичмади. Юлдузга тутди.

— Озгинаси оғриқни босади. Мендан кейин барибир ичмайсан, — деди.

Бир қултум ютган қизнинг нафаси бўғилиб қолаёзди. Бир-икки марта ютганидан кейин лабини артиб:

— Шундай аччиқ нарсани қанақа қилиб ютасизлар? — деди.

Ҳайдовчи ўшшайди.

— Охирги пайтларда ширинлик қилаяпти. Қўшним Меколга ўхшаб қалампир қўшсамми деб ўйлаб юрибман, — деб бандер шишани кўтарди. “Қулт-қулт” этган товушлардан сўнг шиша яримлади. У газак учун сигарета чекди. Тутунни ташқарига пуфлаётиб:

— Анавилар, — деб ўрмон тарафни кўрсатди, — изларингдан келмаяптими?

Шоҳруҳ бирдан у кўрсатган томонга қаради-ю, кўзи иккита қоп-қора “Жип”га тушди.

Ўнқир-чўнқирлардан отилиб тушаётган машиналар танкдай бостириб келарди.

Шоҳруҳ шошиб рулга ўтирди.

— Қоч, — деди унинг ёнига келган бандер, — сен буни ҳайдолмайсан. Ўзим боплайман.

Шоҳруҳ пастга тушиб ўтирмади. Салон ичидан орқа ўриндиққа ўтиб олди.

— Қани, тулпор, кучингни уларга бир кўрсатиб қўй, — дея ҳайдовчи бирдан газни босган эди, “Виллис”нинг тезлиги ошди. Машина ичида Юлдуз билан Шоҳруҳ коптокдай у ёқдан-бу ёққа чайқала бошлашди. Ҳар иккиси ҳам бир неча марта бошларини уриб олишди. Ҳайдовчи эса хохолаб кулар, қилаётган ишидан завқланарди.

“Жип”дагилар эса ҳайрон: эски, туртсанг тўкиладиган аҳволга келиб қолган машина кутилмаган тезлик билан узоқлашиб кетаётганди.

Ҳартугул, “Виллис” ярим соатлардан кейин “ўзини босиб” олди. Текис асфальтда машина оҳиста елиб борарди.

— Агар, — деди ранги оқариб кетган Юлдуз, — яна озгина шунақа юрганимизда, орқадан келаётганларнинг қувишларига ҳожат қолмасди.

— Мени “қутурган Яша” дейишади. Қоним қайнадими, тўхтатиб бўпсан! Қани, олға! — дея ҳайқирди ҳайдовчи.

Кўп ўтмай чап томонга буриладиган йўлга етишди. Аммо Яша машинасини тўғрига ҳайдади. Бироздан кейин бу йўлда юриш мумкин эмаслигини билдирувчи белгига дуч келишди. Аммо бунга ҳеч ким эътибор қилмади.

Кўп ўтмай, Яшанинг бекорга кеккайгани маълум бўлиб қолди. Катта тезликда келаётган “Виллис” йўлнинг ўртасидаги ёғоч тўсиқни бузиб ўтди-да, чамаси беш метрлар нарида шиддат билан оқаётган дарёга шўнғиди. Биргина Юлдуз бақиришга улгурди.

Шоҳруҳ машина чўка бошлаши билан қизнинг қўлидан ушлади. “Виллис”нинг деразасидан чиқишлари билан уларни шиддатли оқим тортиб кетди. Аввалдан бундай бўлишини кутмаган йигит билан қизнинг тезда нафаслари қайта бошлади. Ҳар иккиси ҳам юқорига интилар, лекин бунинг уддасидан чиқишнинг иложи йўқ эди. Оқим худди оёққа чирмашгандай пастга тортаверарди.

Шоҳруҳ бор кучини ишлатди. Пастга тортқилаётган “ёв”нинг кучини енгди, ўзи билан бирга Юлдузни ҳам қутқарди.

Қиз шошиб нафас олаётиб, сувни ҳам ютиб юборди ва кислородга тўймай йўтала бошлади.

Улар шўнғиган жойларидан йигирма беш метрча узоқлашиб кетишганди. Дарё қирғоғини қалин дарахтлар қоплаганди. Бунинг устига, ўт-ўланлар ҳам мўл эди. Шу боис, сувдаги одам нариги ёқда ким борлигини кўролмасди. Шоҳруҳ қирғоққа интилар, қизни ҳам ўзи билан бирга олиб кетишга уринарди. Аммо оқим шиддатли бўлганлиги боис, унинг ҳаракатлари зое кетарди.

Маълум муддатдан кейин Юлдуз ҳам ўзига келди.

— Қўйиб юборинг, ўзим сузаман! — дея бақирди Шоҳруҳга. Йигитнинг қўйиб юборгиси йўқ эди. Қўрқарди. Шундай эса-да, Юлдузнинг қўлини бўшатди. Шу ондаёқ оралиқ масофа узоқлашиб кетди. Энди биров-бировга ёрдам беролмасди.

Йигит билан қизга ичи ачидими ёки секинлашадиган пайти келдими, ҳартугул, оқим озгина шаштидан тушди. Шоҳруҳ чарчаганди. Аммо озгина ҳаракат ҳам уни қирғоққа элтаётганди. У беш дақиқалардан кейин дарё бўйидаги ўт-ўланларга ёпишди. Ортига ўгирилиб, қизни кўрмади. Бирдан юраги орқасига тортиб:

— Юлдуз! — дея бақирди. Лекин жавоб бўлмади. Фақатгина дарёнинг шовқин солиб оқаётганигина эшитиларди, холос.

Йигит яна бақирди. Жавоб йўқ. У чарчоғини ҳам унутиб, шоша-пиша тирмашиб қирғоққа чиқди. Сўнг кўзлари жовдираганча дарёга қаради. Қиздан ном-нишон йўқ эди.

“Мумкин эмас, мумкин эмас, у сузишни биларди”, дея пичирлади унинг лаблари.

У кўзларига ишонмасди. Шунинг учун қирғоқ бўйлаб югура бошлади. Ниҳоятда ҳолдан тойганлиги боис, бир неча марта умбалоқ ошиб тушди. Юзини дарахт шохлари тирнади. Шунда ҳам анча сокинлашиб қолган дарё сувидан нигоҳини узмасди. Охири, у бутунлай чарчади. Йиқилди. Ерни муштлади.

— Нега, Нега?! — дея бақирди.

У бир неча сония шу тахлит ётди. Кутилмаганда сувнинг шалоплаётгани қулоғига чалинди. Аввал бошини кўтарди. Товуш қаердан келганини билолмай, қулоқларини динг қилди. Сувнинг шовқини бор, дарахт шохларининг шитирлашлари эшитилади, аммо шалоплашидан дарак йўқ. Шундай эса-да, у ўрнидан турди. Секин қирғоқ бўйларини кўздан кечирди. Юлдузни кўрди. У сувга тегиб турган дарахт шохига осилиб турарди. Елкасигача сувга ботган, боши эгик, худди шохга илиниб қолгандай кўринарди. Уни кўриши билан Шоҳруҳнинг юраги орқага тортиб кетди.

— Юлдуз! Юлдуз! — дея қичқирди у ва ўт-ўланлар орасидан ўтиб, ўзини сувга ташлади. Етиб боргач, Юлдузнинг белидан қучди. — Ҳозир, ҳозир олиб чиқаман!

Гарчи қиз бутунлай ўзидан кетиб қолмаган эса-да, ҳар эҳтимолга қарши Шоҳруҳ унинг оёғидан ушлаб юқорига тортарди. Шу пайт Юлдузнинг юзида табассум пайдо бўлди.

— Шарт эмас, — деди.

Икки соатга яқин дам олганларидан кейин йўлга тушишди. Борар манзилларини билишмасди. Мақсадлари, мумкин қадар бу ердан узоқлашиш эди. Шаҳарга бориш режасини эса кейинроққа қолдиришди. Улар кўп юришмади. Ўн дақиқалардан кейин:

— Нега мени ташлаб кетаяпсизлар? — деган овоз эшитилди. Ортларига ўгирилиб қарашса, Яша тебраниб келаяпти.

— Шундай машинам силарни деб сувга ғарқ бўлди. машинасиз кераксиз бўп қолдимми?

Йигит билан қиз бир-бирларига қараб жилмайишди.

Яша анча вақтгача очилмади. Шоҳруҳ аввал жиддий, сўнг ҳазил гап қилди. Лекин барибир унинг турқи ўзгармади. Энсасини қотириб бир неча марта йигитга қаради-да, деди:

— Яхшиси, ичимликни қаердан топишни ўйла. “Виллис”да икки шиша қолиб кетди. Ўйласам, ичим ёниб кетаяпти.

Унинг гапини эшитган қиз билан йигит бақа бўлиб қолишди. Кейин қаҳқаҳлаб кулиб юборишди.

— Дардингиз оғир экан, — деди Юлдуз ўзини кулгидан зўрға тўхтатиб, — ҳозирча иложсиз. Кутасиз энди.

Яша қўл силтади ва қизга хунук қараб:

— Келиб-келиб сенларга дардимни айтдимми? — деди.

Улар икки соатдан мўлроқ юриб, беш-олти уйдан иборат қишлоққа кириб боришди. Кўча-кўйда, уйлар атрофида зоғ кўринмасди. Худди ҳамма ашқол-дашқолларини ташлаб кўчиб кетгандай эди.

— Ана, ҳаммамизга биттадан текин уй. Кириб бемалол яшайверамиз. Маза, — дея мийиғида кулди Юлдуз.

— Текин жойни биров мен учун ўз-ўзидан ташлаб кетади, деб сира ўйламаган эканман, — деди Шоҳруҳ.

Уларнинг иккиси ҳам соф рус тилида гаплашишаётганди. Сабаби, ёнларида Яша бор. Ўзбекча сўзлашса, унинг кўнглига ҳар хил нарсалар келиши мумкин. Ҳар қалай, уларнинг бошларида шундай ўй бор эди.

— Адашасизлар, — дея суҳбатга қўшилди Яша, — анави чўчқаларни кўраяпсизларми?

Қиз билан йигит у кўрсатган тарафга қарашди.

— Уйларини ташлаб кетиши мумкин одамлар, лекин ҳеч ким чўчқаларни ташламайди, — давом этди Яша. — Демак, ароқ ҳам бор. О-о, маза қиларканман-да!

Бу сафар унинг гапи эътиборсиз қолди. Аммо кимнингдир борлигидан дарак берган ҳайвонлар уларни-да қувонтирди.

Қадам олишлар тезлашди. Диққат-эътибор ҳовлисида чўчқа сайр қилиб юрган уйга қаратилди.

— Иван! — бақириб юборди бир маҳал Яша. — Иван!

“Кимга бақираяпти?” деган маънода қиз билан йигит унга қарашди. Сўнг яна уй тарафга юз буришди. Ҳеч ким кўринмади.

— Қани Иван деганинг? — ҳайрон бўлиб сўради Шоҳруҳ.

— Ҳов ана, дарахтнинг тагига қара, этик кўриниб турибди. Иваннинг этиги. У оёқларини соснага тираб, маза қилиб ётибди. Роса отволган, баччағар. Одатини биламан, икки шишани ағдарган. Қандингни ур, Иван, — дея Яша ўзи кўрсатган томонга югуриб кетди.

Нуриддин ИСМОИЛОВ

(Асарнинг кейинги қисмларини яқин соатларда ўқийсиз)

Аввалги қисмларни ўқиш учун қуйидаги ҳаволаларни босинг:

Мафия сардори (1-қисм)

Мафия сардори (2-қисм)

Мафия сардори (3-қисм)

Мафия сардори (4-қисм)

Мафия сардори (5-қисм)

Мафия сардори (6-қисм)

Мафия сардори (7-қисм)

Мафия сардори (8-қисм)

Мафия сардори (9-қисм)

Мафия сардори (10-қисм)

Мафия сардори (11-қисм)

Мафия сардори (12-қисм)

Мафия сардори (13-қисм)

Мафия сардори (14-қисм)

Мафия сардори (15-қисм)

Мафия сардори (16-қисм)

Мафия сардори (17-қисм)

Мафия сардори (18-қисм)

Мафия сардори (19-қисм)

Мафия сардори (20-қисм)

Мафия сардори (21-қисм)

Мафия сардори (22-қисм)

Мафия сардори (23-қисм)

Мафия сардори (24-қисм)

Мафия сардори (25-қисм)

Мафия сардори (26-қисм)

Мафия сардори (27-қисм)

Мафия сардори (28-қисм)

Мафия сардори (29-қисм)

Мафия сардори (30-қисм)

Мафия сардори (31-қисм)

Мафия сардори (32-қисм)

Мафия сардори (33-қисм)

Мафия сардори (34-қисм)

Мафия сардори (35-қисм)

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here