Мафия сардори (37-қисм)

1

Унинг гапи тўғри чиқди. Ҳақиқатан ҳам дарахт тагида ёши элликлар атрофидаги, соч-соқоли ўсиб кетган, устига эски пинжак кийган, бир қарашда пиёнистага ўхшаб кўринадиган одам хуррак отиб ётарди. Ёнида бўшаган шишалар думалаб ётибди.

Яшанинг биринчи ушлагани шиша бўлди. Шунақа “чанқаган” эдики, бўш идишни оғзига тутиб кўрди. Шишадан икки томчи тушди. Шу ҳам унинг чеҳрасини очди. Ютиниб лабини яларкан, Иванни бир тепди.

— Чўчқа, ҳаммасини ичиб қўйибсан. Ўласанми, озгинасини қолдирсанг! — деди у.

Иваннинг бурни қаттиқ оғриди. Кўзини очиб тепасида турганларга ҳайрон қаради. Кейин ҳафсаласиз қўл силтаб ёнига ўгирилди-да, ухлашда давом этди.

— Иван! — дея бақирди жаҳли чиқиб Яша. — Ўз ўртоғингни танимадингми?!

Иван чўчиб тушди. Шоша-пиша ўрнидан туриб, ён-атрофдан ниманидир излай бошлади. Тополмагач, жаҳли чиқиб Яшанинг ёқасига ёпишди.

— Қани?! — деди бўғиқ овозда. — Топиб бер!

— Чўчқа! — дея ўкирганча ёқасидан унинг қўлини олиб ташлади Яша. — Ўзинг ичиб тамом қипсан-ку?! Бир қултум ҳам қолдирмабсан. Эсингдами, икки стаканни тўлдириб қуйиб бергандим.

Иван бўшашди. Сўнг хаёлига бир нарса тушиб қолгандай, айланиб ўтлар орасини қидира бошлади.

— Вой! — деди йиғламсираб. — Ҳозиргина шу ерда турувди. Ҳали очилмаганди.

У сўзлаётиб Яшанинг қўлидаги шишани кўриб қолиб, дарров тортиб олди. Синчиклаб қаради. Ҳеч вақо йўқлигини билгач, отиб юборди. Кейин “гуп” этиб ерга тушган идишни икки қўллаб эҳтиёткорлик билан қўлига олди-да, уни силаб ўпиб қўйди.

— Мени кечир, қийнаб қўйдим. Аслида отиш ниятим йўғиди. Асабийлашганимдан… Сен кечиргин, хўпми, — дея шиша билан гаплаша бошлади, — ҳалиги шеригинг бориди, очилмаганди. Шуни…

У тўсатдан гапиришдан тўхтади. Бармоғи билан пешонасига урди.

— Калланг қурсин, Иван. Дарров ҳамма нарсани эсингдан чиқариб қўясан.

У ароқнинг қаердалигини эслади. Кейин беш-олти қадам нарида алланималарни кавшаниб, хурхурлаб юрган чўчқанинг қорнига бир тепиб ҳайдади. У турган жойга энгашиб ароқни олди-да, юқорига кўтарди.

— Мана! — деди ҳайқириб. — Топдим, топдим!

Яша яшнаб кетди. Қувончдан осмонга сакраб улфатининг ёнига югурди.

Ҳар иккови ҳам дунёни унутганди. Шиша ва унинг ичидаги суюқлик бутун вужудига ҳаёт бағишлагандай қувонишарди. Уларга қараб турган Юлдузнинг ичи ачиди. “Эсиз одам”, дея хаёлидан ўтказди.

Шиша бўшаганда, Яша билан Иван бир-бирини жуда қаттиқ ҳурмат қиладиган дўстга айланган эди.

— Мен дунёни қўлимда ўйнатадиган одамман. Биласанми шуни? Лекин синдиришди. Аввал ўзимни сиқувга олишди, кейин хотинимни фоҳишага айлантиришди. Мана энди, ҳеч кимга керагим қолмади. Ишонасанми, ит сўрамайди. Лекин сўрамагани ҳам яхшийкан, иккита бўш бутилка оборсам, ҳеч бўлмаганда эллик грамм беришади. Маза қилиб ичиб ётаман. Кеча бойваччаларга битта чўчқа боласини сотдим. Тўрт шиша беришди. Улар менга қараб туриб: “Сизни бир буюк одамга ўхшатдик”, дейишди. Уйда олиб қўйибман, колбаса беришди… Сен ўзи қаерда юрибсан, араванг қани?

Иван бир тоғдан, бир боғдан қилиб гапирарди. Нима деяётганини ўзи ҳам тушунмаётган эди. Бор-йўғи бир стакан ароқ унинг кайфини ошириб қўйганди. Аммо у шиша бўшагунча ичди. Яшадан қизғанди. Агар жонини сўрашса бериши мумкин, лекин ароқ масаласида унга гапириб бўлмайди. Шу боисдан ҳам ўз ҳолига қарамади. Мана, энди оғзидан боди кириб, шоди чиқаяпти. Буниси ҳам ҳолва экан. Бироздан кейин унинг бутунлай уни ўчди. Ҳатто шунақанги секин нафас ола бошладики, кўрган одам уни ўлганга чиқариб қўйиши ҳеч гап эмасди.

Яша эса ундан бақувватроқ чиқди. Кўк ўтлар устига узала тушиб ётган шишадошига бир қараб қўйди-да, бошини эгиб аллақандай қўшиқни хиргойи қила бошлади.

— Кунимиз шу иккита алкашга қолибди-да, — деди алам билан Юлдуз.

— Шунақага ўхшайди, — деб унинг гапини тасдиқлади Шоҳруҳ.

— Хурсанд бўлиб айтаяпсизми?

— Тушунмадим.

— Нимани тушунмайсиз? Ҳеч нарсадан қайтмайдиган, осмонда учиб юрган қиз бирдан лойга ботиб қолса қувонмайсизми?

— Жиннисан! Тушундингми, жиннисан?! — дея бақирди Шоҳруҳ. — Оғзингга келган гапни айтаверасанми?! Қачон мен шунақа дедим, қачон?!

Юлдузнинг киприклари пирпиради. Бироз ортига тисарилди. Зеро, у Шоҳруҳдан ҳечам шунақанги гаплар эшитаман, деб ўйламаганди. Шунчаки, синаб кўрмоқчи эди. Одатда, одам ўта сиқилиб кетса мана шу аҳволга тушади. Гарчи қатъийлик билан инкор этса-да, барибир бўлаётган ишлардан норозилиги мана шунақа бақир-чақирларда билиниб қолади. Айни чоғда, ғўдаймасанг ҳам бўларкан, ҳолингни кўрдим-ку, деб ўйлаётганини ҳам билиш мумкин эди. Юлдуз Шоҳруҳнинг юзидан айнан шуни уқди. Аммо унинг кейинги хатти-ҳаракатлари хаёлидагиларни бир зумда ҳавога учирди.

Шоҳруҳ кутилмаганда уни қучоқлади ва лабига лаб босди. Аввалига унинг қучоғидан чиқмоқчи бўлиб ҳаракат қилган қиз бирпасдан кейин ўзи ҳам йигитнинг истагига пешвоз чиқди. Улар бутунлай ҳамма нарсани унутишди. Шамолда тебраниб шовуллаётган дарахт шохлари, икки алкашнинг думалаб ухлашлари, ташвишлар, умуман, ҳеч нима уларга халақит беролмасди. Бутун борлиқлари билан ҳиссиётга берилишганди. Муҳаббат сеҳри икковини ҳам  домига тортиб кетганди.

* * *

Эртасига Маъмур қўнғироқ қилди. Шомурод ака айнан мана шуни кутиб турган эди. Ҳазил-ҳузул билан бошланган гап секин-аста жиддийлашди. Бўлиб ўтган воқеаларни мутлақо хотирлолмаган Маъмур суҳбат сўнгида Шомурод акага тезда етиб келишни буюрди. Шомурод ака ундан бунақанги муомалани кутмаганди. Шу боис, бир қалқиб тушди. Гўшакни қўйди-да, сўкинди. Сўнг котибасига махсус тайёрланган дисклардан биттасини  олиб  келишни  тайинлади. “Ҳали шошмай тур, кўрнамак! Онангни учқўрғондан кўрсатганимда, қандай қилиб оёқларимни ялаганингни билмай қоласан!” — дея ўз-ўзига гапирди. Ўрнидан туриб, шкафдан кеча Маъмур билан бирга ичилган “Наполеон” коньягидан биттасини олди.

У кўз очиб-юмгунча манзилга етиб борди. “Совға”ларини қўлтиқлаб Маъмур ўтирган хонага кирди. Маъмурнинг қовоқ-тумшуғига жавобан амаллаб илжайди. Қўшқўллаб кўришди. Маъмурнинг вақти тиғизроқ экан, икки дақиқача сўзлашди. Гап орасида Шомурод акага куёвининг аҳволи оғирлигини, яқин кунлар ичида ўзининг ҳам фирмаси текширилажагини айтиб ўтди. Бундай совуқ муомала ҳам Шомурод аканинг тусини ўзгартиролмади.

— Унда, — деди Шомурод ака ўрнидан тураётиб, — пешингача кеча келишганимизни тайёрлайман, сўнг дарров сизга қўнғироқ қиламан.

У Маъмурнинг хонасидан чиқиб кетаётиб қўлтиқлаб келган нарсасини унутиб қолдирди. “Вой тулки-ей, қанақа қилиб “узатиш”ниям қойиллатасан. Биламан, бир-икки соат ўтиб, маъқул бўлдими-йўқми, деб суриштирасан. Конечно, айтганим бўлган бўлса, маъқул келгани, йўқса, оқсоқол, ўзингиздан кўринг”, дея хаёлидан ўтказган Маъмур секин ўрнидан турди. Совғага бир неча муддат тикилиб турди. Сўнг бирдан мияси яшин тезлигида ишлаб кетди. “Тузоқ!” дея пичирлади. Ранги докадек оқариб кетди. Шомурод акани бўралатиб сўкди. Шоша-пиша телефон гўшагини кўтариб рақам терди.

— Тез етиб келинглар, уйимни куйдирмоқчи бўлишибди! — деди ҳовлиқиб. У гўшакни қўяркан, қўллари асабий титраётганини сезди. Бир хаёл Шомурод акага қўнғироқ қилиб, обдан уни сўкмоқчи бўлди. Лекин дарров ниятидан қайтди. Аввал махсус одамлар билан у келтирган шифрли, кукунли пулларни кўради, кейин чақиради. Обдан тузлайди. Баҳонада касбдошлари орасида обрўси яна бир неча поғонага ошади. Ҳаммалари унинг нақадар ҳалол одамлигини кўриб оғзилари очилиб қолади.

Орадан бир неча вақт ўтиб, у кутаётган одамлар етиб келишди. Бошлиқ савол назари билан унга қаради.

— Бир ташкилотни текшираётгандим, келиб манавини ташлаб кетибди, — дея у Шомурод ака ўтирган столнинг ёнидаги кўк пакетни кўрсатди.

— Тушундим, — деди бошлиқ ва ходимларига дарров қолдирилган пакетни текширишларини буюрди.

Унинг ичида бир шиша “Наполеон” коньяги билан битта дискни кўриб, ҳамма бараварига ажабланди. Маъмур эса қизарди.

— Даҳшат-ку, — деди бошлиқ, — бунақасига сира дуч келмаган эканман. Коньякнинг этикеткасига қараганда, махсус келтирилган, лекин дискда нима бор экан? Балки чет эл банкидан ҳисоб рақами очиб, шунга пул ўтказишдимикин, ҳар қалай, шунақасиям бўлиб туради-ку?!

У дискни олиб хонасига кирди. Жуда катта жиноятчи ташлаб кетган ўлжани ушлаш илинжида келганлар ҳам ҳафсалалари пир бўлиб, коньякка тамшаниб қарашганча хонани тарк этишди. Ёлғиз ўзи қолган Маъмурнинг негадир мияси қизий бошлади. Шомурод ака нега бунақа қилганини билиш учун ҳар қанча бош қотирмасин, барибир сабабини аниқлай олмади. Шундан кейин: “У ҳақиқатан ҳам унутиб қолдирган, менга ҳеч вақо опкемаган”, деган хулосага келиб бироз тинчланди. Аммо барибир кўнглидаги нотинчлик босилмади. Устма-уст сигарета чекди. “Юрагим ўйноқи бўп қопти, аввал ўзим кўрсам бўларкан, ваҳимага бало бормиди?” — деб ўйлади навбатдаги сигаретасининг қолдиғини кулдонга босаркан. Худди шу пайт қўнғироқ бўлди. Гўшакни кўтарса, бошлиқ уни сўраётган экан.

Шошиб ўрнидан турган Маъмур лабига қистирилган сигаретани унутиб бошлиқ ҳузурига югурди. Шу аҳволда қабулхонагача борди. Агар котиба қиз эслатмаганида, оғзида сигарет билан кириб кетарди хўжайинининг ёнига. Маъмур: “Нима?” — дейиши билан лабига қистирилган сигарета тушиб кетди.

— Эй-й, — деди у кўзи олайиб ва ерда тутаб ётган сигаретани олиб котибага тутқазаркан, — ушлаб туринг, — деганча бошлиқнинг эшиги тутқичига қўл узатди.

— Келинг, — деди Баҳром Мавлонович унга ғалати илжайиб. — Бу дейман, зўр совға бериб кетишибди-ку, барака топгурлар.

У дискни компьютерга қўйиб, мониторни Маъмур томонга бурди-да:

— Келинг, сиз ҳам томоша қилинг, — дея қўшимча қилди.

Юрагини ҳовучлаб турган Маъмур бир-икки ютиниб “фильм”ни томоша қила бошлади. Аввал унинг ранги оқарди, сўнг қизарди. Хаёлидан эса, куни кеча Шомурод ака билан ичган “Наполеон” коньяги ўтди.

— Хўш, — деди томоша ниҳоялаганидан кейин Баҳром Мавлонович Маъмурга юзланиб, — сизда қўшимча изоҳ бордир.

Маъмурнинг тили калимага келмай қолди. Унинг боши ғувиллар, нима деб ўзини оқлашни билмасди.

— Ҳозирнинг ўзида котибадан оппоқ қоғоз олиб, унга кир қўлларингиз билан ариза ёзасиз. Бу биринчидан! Иккинчидан, ишингиз прокуратурага оширилади. Учинчидан, сизни бир секунд ҳам кўргим келмаяпти. Тезда қорангизни ўчиринг.

* * *

Шаҳло ойисининг гапларини эшитиб, юраги типирчилади. Бир неча марта эшик ёнига бориб келди. Ҳозир дадаси келиб омборхонада қамалиб ўтирган Муродни кўрса, нима бўлишини тасаввур қилиб кўрди. “Нега келдингиз, Мурод ака? Ўзим бир амаллаб ёнингизга борардим-ку. Уфф, энди нима қиламан, нима қиламан?!” — дея ичида фарёд чекди. Эшикни бор кучи билан итариб кўрди, очилмади.

— Ойи-и!!! — дея бақирди. Жавоб келмади. Кўз ёши бўлса, тинимсиз қуйилиб келаверди, келаверди.

У дераза ёнига келди. Иккинчи қават анча баланд, сакрайдиган бўлса, оёғи синиши аниқ. “Майли, — ўйлади у, — синсаям омборхонага бораман, Мурод акамни чиқариб юбораман. Фақат, фақат овоз чиқармаслигим керак. Додламаслигим керак”. Шаҳло дераза рахига чиқиб  секин  пастга қаради. У илгари бу ердан неча бор қараганди. Ўзи илгаридан шунақа қилиб ўтиришни яхши кўрарди. Ўша пайтлари ҳечам қўрқмасди. Ҳозир эса боши айланди. Бир хаёл, ниятидан қайтмоқчи ҳам бўлди. Аммо шу заҳоти Муроднинг қамалиб ўтирганини, дадаси келса, уни не кўйга солишини ўйлаб, кўзини чирт юмди-да, ўзини пастга отди. Юраги шув этиб кетди. Кейин гурсиллаб бетон устига тушди. Оёқлари зириллади. Сўнг ўтириб қолди. Оғриқдан афти бужмайиб кетди. Азбаройи бақириб юбормаслик учун оёқларини ушлаш ўрнига оғзини бекитди. Бунга ҳам қаноат қилмай тишларини маҳкам бир-бирига босди. Иссиғи ошиб, пешонасидан тер чиқди. Бир муддат шу тахлит ўтиргач, чуқур-чуқур нафас олиб секин ўрнидан турмоқчи бўлганида, битта оёғи қийшайиб кетди. Қиз ажабланмади. Зеро, олдиндан шундай бўлишини кутганди.

Нуриддин ИСМОИЛОВ

(Асарнинг кейинги қисмларини яқин соатларда ўқийсиз)

Аввалги қисмларни ўқиш учун қуйидаги ҳаволаларни босинг:

Мафия сардори (1-қисм)

Мафия сардори (2-қисм)

Мафия сардори (3-қисм)

Мафия сардори (4-қисм)

Мафия сардори (5-қисм)

Мафия сардори (6-қисм)

Мафия сардори (7-қисм)

Мафия сардори (8-қисм)

Мафия сардори (9-қисм)

Мафия сардори (10-қисм)

Мафия сардори (11-қисм)

Мафия сардори (12-қисм)

Мафия сардори (13-қисм)

Мафия сардори (14-қисм)

Мафия сардори (15-қисм)

Мафия сардори (16-қисм)

Мафия сардори (17-қисм)

Мафия сардори (18-қисм)

Мафия сардори (19-қисм)

Мафия сардори (20-қисм)

Мафия сардори (21-қисм)

Мафия сардори (22-қисм)

Мафия сардори (23-қисм)

Мафия сардори (24-қисм)

Мафия сардори (25-қисм)

Мафия сардори (26-қисм)

Мафия сардори (27-қисм)

Мафия сардори (28-қисм)

Мафия сардори (29-қисм)

Мафия сардори (30-қисм)

Мафия сардори (31-қисм)

Мафия сардори (32-қисм)

Мафия сардори (33-қисм)

Мафия сардори (34-қисм)

Мафия сардори (35-қисм)

Мафия сардори (36-қисм)

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

1 ТА ФИКР

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here