Мафия сардори (38-қисм)

0

Вазни енгил эди. Нари борса, эллик килодан зиёдроқ. Аммо ҳозир у шуни кўтаришга ҳам кучи етмади. Бунинг ўрнига оғриқ бошигача келиб, яна ўтириб қолди. Алам билан йиғламсираб синган оёғига қараркан: “Шунчалик ҳам нозик бўласанми? Одамлар ўнинчи қаватдан йиқилса ҳам бир жойлари қилт этмайди”, деди паст овозда.

Бир неча сониядан кейин оғриқ озгина сусайгандай бўлди. Шунда ҳам тик юришдан қўрқиб эмаклай бошлади. Шунчалик секинлик билан жойидан силжиётгандики, имиллаётганидан ғазаби қўзирди. Шунинг билан бирга у тез-тез эшикка қараб қўярди. Ва албатта, ора-чора дарвозага ҳам нигоҳ ташлашни канда қилмасди қиз.

Бахтига на эшик ва на дарвоза очилди, у омборхонага етиб олди. Аммо уни энди бошқа муаммо кутиб турарди. Чунки омборхона тутқичи анча баланд бўлиб, уни ушлаш учун Шаҳло ўрнидан турмаса бўйи етмасди. Қолаверса, эшик зулфини ҳам занглаганидан тортиш қийин бўлиб қолганди. Қиз деворга суяниб ўрнидан туришга ҳаракат қилди. Тобора шишиб кетаётган оёқлари уни дармонсиз қилиб бўйининг ўсишига тўсқинлик қилаверди. Оғриқ забтидан бир неча марта инграб юборди у.

— Шаҳло!!! — деган овоз келди ичкаридан. — Нима гап, жоним?! Эшикни оч тезроқ, Шаҳло?!

— Ҳозир, ҳозир, озгинадан кейин, — деди амаллаб зулфинни ушлаган қиз.

— Сенга нима бўлди, нега йиғлаяпсан?!

Муроднинг юраги қафасидан чиқиб кетгудек бўлар, у эшикка маҳкам ёпишиб олганди.

Ниҳоят қиз бор кучи билан тортиб зулфинни тортди, эшикни очди. Мурод отилиб чиқди. Худди шу пайт деворга суяниб турган қиз йиқилди.

— Нима бўлди, жоним?! — деди энгашиб  қизнинг  сочларини силаган йигит.

— Ҳозир дадам келиб қолишлари мумкин, эртароқ кетмасангиз, бир нарса қилиб қўядилар. Илтимос, кетинг! — деди ҳансираб Шаҳло.

— Мени қўя тур, улар сени нима қилишди? Айт, нима қилишди?!

— Иккинчи қаватдан сакраб тушдим. Оёғим оғрияпти. Сиз хавотир олманг, фақат эртароқ кетинг, бир нарса бўлмасидан…

— Йўқ, мен сени опкетаман. Шу ниятда келганман, сенсиз кетмайман. Майли, ўлдиришларигаям розиман! — деб Мурод қизни кўтариб олди-да, ташқарига йўналди.

* * *

Эридан жаҳли чиққан Хонзода уй тўридаги залга кирди. Диванга ўтирар экан, видеони қўйиб овозини баландлатди. Қониқмади. Янаям баландлатди. Экранда ҳинд актёрлари қўшиқ айтишарди. Бир-икки дақиқа ичида уларнинг қўшиқлари жонига тегди. Бир хаёл қўлидаги пультни улоқтириб юбормоқчи бўлди-ю, аммо ўзини овутишга бошқа нарса тополмаганидан видеони ўчириб, телевизорни жуҳудлар каналига қўйганини ўзи ҳам сезмай қолди.

Куппа-кундузи (балки жуҳудлар юртида вақт ярим тундан ошгандир) шарм-ҳаёнинг нима эканлигини унутган қиз билан йигит нафсларини қондириш учун бир-бирларини билган кўйларига солишаётган эдилар. Уларни кўриб Хонзоданинг кўзи олайди, бор диққат-эътиборини экранга қаратди. Ана шу дамда у қизини ҳам, эрини ҳам унутган эди. Ташқарида “гуп” этган товуш эса қулоғига чалинмади ҳам.

Экрандаги шакллар ўзгарди. Хонзодада ғайриоддий иштиёқ пайдо бўлди. Шу тобда ишқнинг ҳамма кўчасига навбатма-навбат кириб чиқаётган экрандаги қизнинг ўрнида бўлгиси келди.

* * *

Содиқ йўл четига чиқиб, машинага ўтирди-да, ҳайдовчига манзилни айтди. Сўнг ўз-ўзига ниҳоятда паст овозда гапирди.

— Аслида барига ўзим сабабчиман. Шундай қизни увол қилдим. Уйлансам, нима қиларди? Ана, акам уйланиб олди-ку?! Ҳалигача биздан яширади. Лекин кошки кичкина кеннойимникига бориб келаётганини сезмасам… Ўшанинг уволи урди мени. Ҳозир қаерда экан, қандай топсам бўларкан? Мени кечирармикан?.. Йўқ, у мени кечирмайди. Кечирмайди, тамом-вассалом.

У чуқур хўрсинди. Кўзини юмиб ўриндиққа бошини қўйди. Манзилга етгунича қайтиб очмади. Очгиси ҳам келмади. Ҳатто шу ҳолида ўлишни ҳам орзулади. Албатта, қисқа муддатли орзусининг умри ҳам қисқа бўлиб, у қўрқиб кетди. Шоша-пиша деразадан ташқарига қаради. Ҳайдовчининг машина бошқаришига эътибор қилди. Ҳаммаси  жойида.

Уйи ёнига етгач, кира ҳақини бериб энди тушаётганди, ғалати манзаранинг гувоҳи бўлди. Қандайдир безбет унинг қизини кўтариб келаётганди.

* * *

Агар ёмғир ёғиб қолмаганида, Шоҳруҳ билан Юлдуз эҳтирос гирдобига бутунлай шўнғиб кетиши аниқ эди. Ялангликда, икки алкаш ухлаётган жойда. Четдан қараганда, манзара жуда хунук эса-да, бутун борлиқни унутиб бир-бирига талпинаётган йигит-қизнинг хаёлида бу хунуклик ўзгача тароват касб этганди.

— Шоҳруҳ ака, — деди Юлдуз йигитнинг юзини кафтларига олиб, — шошманг, нималар қилаяпмиз?!

— Билмадим, — деди сочлари тўзғиган йигит унинг кўзларига эҳтирос билан боқиб.

Юлдуз уялиб кетди. Йигитнинг қучоғидан сирғалиб чиқиб, ўрнидан турди-да, кийимини хаслардан тозаларкан: “Анави икки алкаш уйғониб қолмадимикин?” — деган хавотирда уларга ўғринча кўз ташлаб қўйди. Кўнгли хотиржам тортгач, сочларини бармоқлари билан тўғрилаган бўлди-да, беш юз қадамча наридаги ёғоч уй томонга кетди.

Шоҳруҳ ундан кўзини узмай термилиб тураверди. Бир хаёл қилган ножўя иши учун кечирим сўрамоқчи бўлди. Аммо севгани, шу қизни деб юрганини ўйлаб, ўзини айбдор ҳисобламади. Бунинг ўрнига, қиз узоқлашиб кетгач, узала тушиб ётиб кўкка боқди. Бир-бир томчилаётган ёмғирнинг шиддати унчалик кучли эмасди, бироқ ундан тушаётган сув зарралари Шоҳруҳнинг шаштини қайтарди. У ширин энтикиб, оромини бузган булутга тикилди…

Йигит қизни қидириб ёғоч уй ёнига борди. Ичкарига кирди. У ерда ҳар хил ашқол-дашқоллар сочилиб ётар, шифтини ўргимчак тўри қоплаганди. Шундан бу уйда кўпдан буён ҳеч ким яшамаганлигини билиш мумкин эди. Шоҳруҳ уй ичида Юлдузни кўрмагач, ташқарига — уй орқасига ўтди. У ерда қиз юзини кафтлари билан бекитиб, бошини эгганча кунда устида ўтирарди. Йигит бир муддат унга тикилиб турди, сўнг аста ёнига яқинлашди. Оёқ товушини эшитган қиз бошини кўтариб Шоҳруҳга қаради. Унинг кўзлари ёшланиб, қизарган эди.

— Мени кечиринг, — деди Шоҳруҳ.

— Нега? — сўради қиз йиғламсираб.

— Қўполлик қилганим учун…

— Ҳеч ким бундай қилмаган. Журъати етмаган. Лекин бундай бўлмаслиги керак эди. Мен… Мен турмуш ўртоғим билангина ҳар нарсага тайёрман. Шундай деб қасам ичганман. Сиз қасамимни буздингиз…

— Демак, сиз меники бўласиз, — деб Шоҳруҳ унинг ёнига чўккалаб ўтирганча елкасидан қучоқлади.

— Қўйинг, — деб уни нари итарди Юлдуз.

Шоҳруҳ унга термилганча жим бўлиб қолди. Бироздан кейин майса устига ўтирди, сўнг чўзилиб ётганча хаёл уммонига шўнғиди.

Юлдуз унга тикиларкан, меҳри жўшди: келиб Шоҳруҳнинг ёнига ўтирди-да, йигитнинг бошини тиззасига олганча назокат билан юзини силай бошлади.

Орадан икки соатча ўтгач, Юлдуз билан Шоҳруҳ уй ичини бироз эпақага келтиришди. Энди, ҳартугул, бир кечани ўтказса бўларди.

Тун осуда эди. Чивин учса билинади. Вақт алламаҳал бўлган, ҳавода бир парча булут йўқ, юлдузлар чарақлаб турибди.

Эшик секин очилди. Унинг ғийқиллаган товушидан Юлдуз уйғониб кетди. Жойидан қимирламасдан овоз келган томонга қаради-да, Шоҳруҳни кўриб ҳайрон бўлди. Бир хаёл қаёққа бораётганини сўрамоқчи бўлди. Кейин бирдан миясига келган ўйдан кулгиси қистади.

Беш-ўн дақиқа ўтди. Шоҳруҳ дом-дараксиз. “Тушиб кетдими бирон жойга”, дея хаёлидан ўтказган Юлдуз ўрнидан туриб ташқарига чиқди. Атрофни нигоҳи билан кузатган бўлди: на бир шитирлаган товуш эшитилади, на бирон кимсанинг қорайган нусхаси кўринади. Унинг кўнглини бирдан хавотир эгаллади.

Шоҳруҳ кундузи ўзлари қочиб келган томонни чамалаб қўйганди. Кўнглида алами зўр эди, бориб бир-иккитасининг яхшилаб таъзирини бериб қўйишни мўлжал қилганди. Лекин бу ҳақда Юлдузга айтгиси келмади. Биринчидан, у ниҳоятда толиққан, иккинчидан, қиз боланинг ярим кечаси санқиши унга кўпам маъқул келмаганди. Агар аввалгидай бегона деб қабул қилганида, эҳтимол, у билан бирга бориши ҳам мумкин эди. Бироқ энди Юлдуз унинг кўз қорачиғи, озгина зиён етадиган бўлса, у ўзини кечирмайди.

Оралиқ масофа анча олис эди. Гарчи машинада тезда етиш мумкин эса-да, пиёда икки соатдан кам юрилмасди. Шоҳруҳ шошиларди. Шу боисдан ҳам гоҳ тез, гоҳ секин югурди. Ўрмонга етганидан кейин эса қадамини секинлатди. Чунки бу ёғига кучини асраши лозим эди.

У йўл-йўлакай мўлжалидан бироз адашди. Бунга қоронғилик ҳам ҳисса қўшди. У ўрмоннинг анча ичкарисига кирганидан сўнг бошқа томонга кетаётганини англаб, ортига қайтди. Ой ёруғида атрофни кузатган бўлди. Озроқ чапга юрди. Шунда бир машина сиққулик йўлга дуч келди. Ўша йўл билан яна ичкарилади. Ярим соатлар чамаси юрганидан кейин узоқдан чироқ ёруғи кўринди. Ўшани мўлжал қилиб жадал кета бошлади.  Дарахтлар  тугаб,  яланглик бошланди. Жуда таниш яланглик. Аста-секин хира нур таратиб турган чироқ ҳам яқинлашди. Уйга эллик қадамча қолганида Шоҳруҳ секин ўтириб атрофни кузатди. Бирорта зоғ кўринмайди. Бўлганда ҳам қоронғиликда бировни кўришнинг ўзи амримаҳол. Беш дақиқача шу тахлит ўтиргач, ўрнидан туриб илдам юрди. Аммо ўн қадамча босиши билан тағин ўтиришга мажбур бўлди. Айни ўша чироғи ёниқ уйнинг эшиги очилди-да, ичкаридан икки киши чиқди. Бири иккинчисига алланималарни тушунтирарди. Гапининг охирида қўлидаги сигаретасини улоқтириб юборди-да, улардан беш-олти қадам наридаги машинага ўтирди. Унинг ортидан бироз қараб турган шериги қўлидаги сигаретасини устма-уст чекди-да, сўнг улоқтириб, уйга кириб кетди.

“Падар лаънатилар, ҳалигача ухлашмабдими?” — дея хаёлидан ўтказган Шоҳруҳ энгашганча югуриб деразанинг ёнига борди. Ичкарига мўралади. Унчалик кенг бўлмаган хонанинг ўртасидаги узун стол устида бўшаган турли хил шишалар турарди. Шоҳруҳ яна аллақандай нарсалар сочилиб ётганини кўрди. Аммо айнан нималар эканини билолмади. Умуман, билишнинг ҳожати ҳам йўқ эди. Чунки унинг асосий эътибори хонадаги одамларда эди.

Ҳозиргина кирган киши стаканга қулқуллатиб ароқ қуйиб ичди-да, газак қилди. Сўнг столнинг нариги тарафига қараб:

— Пиво билан ароқни аралаштираверганидан кейин одамнинг чўчқадан фарқи қолмаскан, — деди ва қулочини ёзиб керишди-да, столнинг ёнидан ўтиб кетди. Унинг қаёққа кетганини Шоҳруҳ кўролмади. Шундоғам дераза хийла баландда эди. У оёқ учида туриб мўралаётганди.

У деразадан узоқлашиб, ичкаридагиларнинг ухлашини ярим соатдан мўлроқ кутди. Вақт ўтиши қийин эди, уни ўлдириш учун Шоҳруҳ кучи етгунча юлдузларни санади. Зерикди. Бироз кўзини юмиб ётган эди, сал бўлмаса, ухлаб қолаёзди.

Эшик ёнига борди-да, ичкарига қулоқ солди. Хурракдан бошқа ҳеч нарса эшитилмади. Кўнгли хотиржам бўлиб, эшик тутқичидан ушлаб ўзига тортди. Ошиқ-мошиқлар яхши мойланган, шекилли, эшик ҳеч қандай товуш чиқармади.

Аста ичкарига кирди. Уйнинг ҳавосини сигарета билан ароқнинг ҳиди тутганидан, одамнинг афти бужмаярди. Стол ёнидаги юмшоқ оромкурсида ястанган кимса билан тўрдаги диван устида туфлисини ҳам ечмасдан чўзилиб ётган хонанинг яна бир аъзоси бу бадбўйликка аллақачон кўникиб уйқуни уришаётганди.

Шоҳруҳ аввал оромкурсидаги кимсанинг ёнига борди. Башарасига бир неча сония қараб тургач, жағига шунақанги қаттиқ мушт туширдики, у бир силтанди-да, хурраги ўчди. Иккинчи нусхага у қараб ҳам ўтирмади. Бирдан ўзи биладиган нуқтага зарба берди. Мушт еганларнинг иккаласи ҳам энди бир неча вақт қимирламасдан ётишларига кўзи етган Шоҳруҳ уларнинг чўнтакларини тинтиб, тўппончаларини олиб қўйди. Биттасидан машина калити чиққанида, Шоҳруҳнинг хаёлига ҳовлидаги “Жип” келди.

Нуриддин ИСМОИЛОВ

(Асарнинг кейинги қисмларини яқин соатларда ўқийсиз)

Аввалги қисмларни ўқиш учун қуйидаги ҳаволаларни босинг:

Мафия сардори (1-қисм)

Мафия сардори (2-қисм)

Мафия сардори (3-қисм)

Мафия сардори (4-қисм)

Мафия сардори (5-қисм)

Мафия сардори (6-қисм)

Мафия сардори (7-қисм)

Мафия сардори (8-қисм)

Мафия сардори (9-қисм)

Мафия сардори (10-қисм)

Мафия сардори (11-қисм)

Мафия сардори (12-қисм)

Мафия сардори (13-қисм)

Мафия сардори (14-қисм)

Мафия сардори (15-қисм)

Мафия сардори (16-қисм)

Мафия сардори (17-қисм)

Мафия сардори (18-қисм)

Мафия сардори (19-қисм)

Мафия сардори (20-қисм)

Мафия сардори (21-қисм)

Мафия сардори (22-қисм)

Мафия сардори (23-қисм)

Мафия сардори (24-қисм)

Мафия сардори (25-қисм)

Мафия сардори (26-қисм)

Мафия сардори (27-қисм)

Мафия сардори (28-қисм)

Мафия сардори (29-қисм)

Мафия сардори (30-қисм)

Мафия сардори (31-қисм)

Мафия сардори (32-қисм)

Мафия сардори (33-қисм)

Мафия сардори (34-қисм)

Мафия сардори (35-қисм)

Мафия сардори (36-қисм)

Мафия сардори (37-қисм)

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here