Мафия сардори (39-қисм)

0

“Бу яхши бўлди”, — деб жилмайди у ва қидирувда давом этди. Албатта, энди навбат хона ичига келганди. Бир қарич ер ҳам унинг назаридан четда қолмади. Ҳафсаласи пир бўлиб, кетиш учун эшик ёнига борди-ю, бир нарса хаёлига келиб, бирдан ортига бурилди. Тез-тез юриб келиб, тўрда диван устида чўзилиб ётган йигитни пол устига ағдариб юборди-да, диван остини кўрди. У ерда катта-кичик иккита қоп турарди. Бирини очди. Ҳаммаси пул экан. Аввалги сафаргидай адашиб қолмайин, деб улардан бир донасини чироқ ёруғига тутди. Қоғозини ишқалаб кўрди. Йўқ, бу сафар ҳақиқий пулни қўлида ушлаб турган экан. Мийиғида кулиб қоп оғзини ёпди ва иккинчисини очди.

Бунисидан целлофан идишларга солинган оппоқ кукун чиқди. У биттасини очди-да, наркотика деб ўйлаб ҳидлаб кўрди. Аммо нималигини билмади. Чунки умрида бунақанги нарсаларни кўрмаганди. Шундай бўлса-да, иккала қопни ҳам кўтариб ташқарига чиқди.

Шоҳруҳ катта акасининг “Жип”ига ўтирганди, лекин ҳайдамаганди. Шу боис улкан машинанинг енгил бошқарилаётгани уни қойил қолдирди. Гарчи катта йўлга етгунча секин юрган эса-да, асфальтда тезликни оширди. Руҳланиб, газни қатиқроқ босди. Машина елдай учди. “Ўҳў!” — дея қийқириб қўйди Шоҳруҳ.

* * *

Юлдуз мижжа қоқмади. Хаёлан минг бир кўчага кириб чиқди. Ҳатто Шоҳруҳни сотқинга чиқаришга ҳам улгурди. Охири тонг бўзариб келаётганида ана шу қарорида қолди ҳам. Бу фикри катта тезликда яқинлашаётган “Жип”ни кўрганида янада мустаҳкамланди. Қочиш чораларини қидирди. У бемалол хоҳлаган уйга кириб яшириниши мумкин эди. Аммо қишлоқдан узоқлаб кетолмайди. Чунки қишлоқ билан қалин ўрмон оралиғи анча олис. Унга етгунича камида ярим соат вақт керак бўлади.

“Йўқ, кетмайман ҳеч қаёққа. Мен унга ишонгандим. Ҳатто кўнглимни ҳам беришга улгургандим. Эркак бўлиб шунчалик паст кетдими, бир башарасини кўриб қўяй. Кўзимга қандай қараркан, безбет?” — дея ўзига-ўзи гапирди қиз ҳамда келаётган машинага тик боқиб тураверди.

Машина Юлдузнинг ёнига етиши билан Шоҳруҳ тормозни босди-да, эшикни очиб сакраб тушди.

— Юлдузхон, кўриб қўйинг бу тулпорни! — деди кўзлари порлаб. — Бир кечада ҳам уловли, ҳам бой бўлдик.

У орқа ўриндиқдаги бир қоп пулни олди-да, қувонч билан Юлдузнинг ёнига яқинлаша бошлади. У қизни қучоқламоқчи, яқин бир-икки соат ичида шаҳарга боришларини айтмоқчи эди. Аммо Юлдузнинг қарашларида шодликдан асар ҳам йўқлигини кўриб, унга етишига икки қадамча қолганда тўхтади. Шу пайт Юлдуз унинг юзига шапалоқ тортиб юборди. Қизнинг кутилмаган қилиғидан Шоҳруҳ ҳайрон бўлиб унга тикилиб қолди.

— Жиннисиз, жинни! — деди қиз ва бирдан йигитнинг бўйнига осилиб йиғлаб юборди. — Нега, нега бундай қилдингиз? Мени пичоқсиз сўйдингиз-ку! Сизни душмангаям чиқариб қўйгандим, биласизми?!

Шоҳруҳ қувониб кетди ва қизни маҳкам бағрига босиб, юзидан ўпиб қўйди.

— Сюрприз бўлсин дегандим. Мени кечиринг, — деди у.

Шоҳруҳ қучоғидан қизни бўшатиб, меҳр билан кўзига тикилди. Сўнг уни машина ёнига етаклаб борди-да, аввал эшикни очиб қопдаги гиёҳванд моддани кўрсатди, кейин воқеанинг ҳаммасини бирма-бир гапириб берди. Унинг гапларини диққат билан эшитган Юлдуз:

— Ҳеч бўлмаса, оёқ-қўлларини боғлаб келмабсиз. Ўзларига келишган бўлса, шерикларига хабар беришгандир. Балки аллақачон…

— Хавотирга ўрин йўқ, — деб Шоҳруҳ машинанинг орқа ўриндиғини кўрсатди. У ерда иккита қўл телефони ётарди.

— Яхши, лекин у ерда битта уй эмасди. Бизни отхонага қамашганди. Шунинг учун бошқалари бўлишиям турган гап.

— Машинага ўтиринг унда. Шериклари уйғониб, нима бўлганлигини билгунларича шаҳарга етиб оламиз. Кейин ҳисоб-китоб ишларини жойига қўйишимизга тўғри келади. Анави хўрозбош, дугонаси Лида… Тўғри, улар жудаям майда, лекин ўлиб кетишимизга сал қолди уларни деб.

Юлдуз жилмайди. Шоҳруҳнинг гапларига эмас, албатта. Кўнглидаги бир-биридан қора ўйларнинг бари шунчаки хаёлнинг қинғир кўчалари ваҳимаси эканлиги унинг дилини ёритиб юборганди. У йигитнинг қўлини қучиб бир муддат тин олди. Сўнг бошини кўтариб Шоҳруҳга қаради-да:

— Кетдик, — деди.

Гапининг сўнгида хўрсиниб қўйди.

Уларда юк деган нарсанинг ўзи йўқ эди, шу боис бирдан машинага ўтиришди. Шоҳруҳ энди уловни жойидан қўзғатмоқчи бўлганида, қаердандир пайдо бўлган Яша ўзини капотнинг устига ташлади.

— Оббо, палакат, — деб Шоҳруҳ машинани тўхтатиб, ўзи пастга тушди.

— Бировга яхшилик қилма, ёмонлик бўп қайтади, деганди бобом, ишинг битганидан кейин суриб қолаяпсанми? — деди у.

Ундан шунақанги бадбўй ҳид таралаётгандики, Шоҳруҳнинг афти бужмайди. Беихтиёр бир қўли билан бурнини бекитди.

— Нима дейсан? — деди у аччиқланиб.

— Сени деб, — дея йиғламсиради Яша, — бор-будимдан айрилдим. Энди жуфтакни ростлаяпсан. Шу инсофданми, айт?

— Жонга тегиб кетдинг, одам шунчалик миннатчи бўладими? Агар машинани ҳовлиқиб ҳайдамаганингда, чўкиб кетмасди…

— Унда ҳозир мен билан гаплашмаётган бўлардинг. Ётардинг биронта чуқурда сасиб.

Яша ҳақ эди. Ана шу ҳақлиги Шоҳруҳни эсанкиратди. У бир неча сония рўпарасидаги одамсифат махлуққа термилиб тургач, шартта “Жип”нинг орқа эшигини очиб, қопдаги пулдан бир дастасини олиб унинг қўлига тутқазди. Яша ўшшайди. Бир хаёл ортига бурилиб Ивандан суюнчи олмоқчи бўлди. Кейин бирдан ниятидан қайтди.

— Бунақа пулларни сенсиз ҳам топаман. Мен бошқа нарсани айтмоқчиман. Сизлар билан бирга юришни ният қилувдим.

— Туя ҳаммомни орзу қилганидай.

— Тушунмадим, — деди ҳайрон бўлган Яша.

— Ўлмасанг, тушуниб оласан.

Шоҳруҳ ўз-ўзидан асабийлашарди. Шу боис тезлик ошиб кетди. Аввалига йўлдан кўзини узмай кетаётган қиз ҳаддан зиёд тез кетаётганларига эътибор қилмади. Кўзи беихтиёр спидометрга тушиб қолди-ю, ҳуши бошидан учиб:

— Нима қилаяпсиз?! — дея бақирди.

Шоҳруҳ чўчиб тушди-да, Юлдузга қаради. Шу билан бирга рулни бироз бурди. Бу пайтда тезлик кўрсаткичи бир юз саксонда эди.

* * *

Оғриқ борган сари забтига олаётганидан Шаҳло ҳамма нарсани унутди. Бақириб юбормаслик учун лабларини шунчалик маҳкам тишладики, дудоқлар керагидан ортиқ эзилиб, иккита кичкина тешикча пайдо бўлди ва лабидан қон сизиб чиқа бошлади. Билинар-билинмас учаётган чиройли ияги лола рангга бўялди. Севгилисининг тортаётган заҳматидан Мурод қийналар, кўзидан ёш чиқиб кетган эди.

Табиийки, такрорланмас томошани кўриш қўшниларга хуш ёқарди. Ўзи охирги пайтларда Содиқнинг оиласи ҳақида “деди-деди” гаплар кўпайган эди. Шундай маҳалда бойваччанинг қизини беш-бегона йигит кўтариб кетиши, Шаҳлонинг абгор аҳволи айни муддао бўлди. Бирон сабаб билан кўчага чиққан уч-тўрт қўшни нафас ҳам олмасдан воқеанинг давомини кузата бошладилар. Содиқнинг уларга ҳам кўзи тушди. Қизарди. Жаҳл оти гижинглади.

— Қайси гўрга кетаяпсан?! — деди ғазабдан кўзлари олайиб.

Мурод бирдан юришдан тўхтади. Рўпарасидаги бўлажак қайнотасига тикилди. Шаҳло ҳам бир муддат оғриқни унутди. Дадасига кўзи тушиб титраб кетди.

— Тушир ерга! — деди дағ-дағ титраётган ота.

— Туширолмайман. Оёғи синган. Тезроқ касалхонага обориш керак.

Муроднинг гапи қатъий эди. Агар ҳозир Содиқ келиб ундан қизни олмоқчи бўлганида ҳам бермасди.

— Нега синади?! Ким синдиради?! Қайси маразнинг ҳадди сиғди?!

Содиқнинг бирдан жони чиқиб кетди. Авайлаб-асраб келаётган қизига кимдир жароҳат етказгани унинг ғазабини жунбушга келтирган эди.

У югуриб келиб Шаҳлонинг оёғини кўрди. Қизининг ўрнига ўзи азобланаётгандай инграб юборди.

— Ҳозир, ҳозир мошинани миниб келаман, шу ерда туриб туринглар, — деди ва шошиб уйи тарафга югуриб кетди.

Хонзода дарвозанинг очилганини сезмаган эса-да, машина юрғизилгани унинг қулоғига чалинди. Аввалига қўшнилардан биронтаси келгандир деб ўйлади. Шу боисдан чиқишни пайсалга солди. Фақат Содиқ дарвозани даранглатиб тепиб кетгачгина ташқарига чиқди. Эри қизи билан Муродни машинага ўтқазаётганини кўрмади. Машина катта йўлга бурилиб кетаётганинигина кўриб қолди. “Авария-паварияга учраб йўқ бўлиб кетгур! Келишини қачондан бери кутиб ўтирибман-у, ярамас, индамай жуфтакни ростлаб қолганини… На қизини ўйлайди, на бошқани. Нега келди-ю, нега кетди? Одамни қон қилиб юборади, паразит”, дея Содиқни яниди. Алам билан дарвозани ёпаётганида, қўшниларига кўзи тушди.

Уларнинг уч-тўрттаси бир бўлишиб алланималарни баҳслашишаётганди. Бир хаёл бориб нима гап-сўзлигини билмоқчи бўлди-ю, дарров ниятидан қайтди. “Сабил қолгурлар ғийбатдан бошқа нарсани билишмайди”, деган ўй ўтди хаёлидан. Бунинг устига, телевизордаги кино уни ўзига шунақанги тортаётгандики, югуриб бориб телевизор қаршисида ўтиргиси келарди. Шунда ҳам у аввал “маҳкум”ни кўриб ўтмоқчи бўлди.

Бориб, омборхона эшиги ланг очиқлигини кўргач, кўзи олайиб кетди. “Вой қирилгур, яшшамагур, оғзингдан қонинг келгур, қочиб қолибди-ку?! Шошма! Шошма, машинаниям миниб кетган бўлмасин! Чунки Содиқ акам келганида менга учрашган, уйда бўлаётган гап-сўзни суриштирган бўларди”. Унинг юраги ҳаприқиб кетди. Югуриб уйга кирди. Телефон гўшагини кўтарди. Кейин яна жойига қўйди. Юқориги қаватга шошилиб чиқди. Қизининг хонасини очди. Дераза очиқ. Шаҳлодан ном-нишон йўқ. Ана шунда у жудаям қўрқиб кетди. Оёқларидан мадор қочди. Кўзида ёш пайдо бўлди. “Афирис, қизимниям, мошинаниям опқочиб кетибди-ку. Ҳаҳ, телевизор кўрмай ҳар бало бўлайин. Қайси падар лаънати шунақанги шармсиз кинони яратибди?” — деди у йиғламсираб ҳамда яраланган жонивордай судралиб пастки қаватга тушди. Эрига қўнғироқ қилди. Жавоб бўлмади. Умуман, телефон ўчирилган. Ана шунда у чорасиз қолиб бўшашганча гилам устига ўтириб қолди.

Содиқ қай даражада машинани тез ҳайдаётганини ўзи ҳам билмасди. Қизини Муроднинг қўлида кўрганида кайфи бироз тарқагандай бўлувди. Лекин аста-секин унинг кўз ўнгини туман қоплагандай туйилаверди. Бир сафар ҳатто олдинда кетаётган машинага урилиб кетишига сал қолди. Фақат сўнгги лаҳзадагина ўзини ўнглаган Содиқ тормозни босишга улгурди.

— Мен ҳайдайинми? — сўради Мурод хавотирга тушиб.

Содиқ унга ўқрайиб қаради-ю, лом-мим демади. Бунинг ўрнига акслиги тутиб баттар тезликни оширди. Гарчи оғриқ зўр келаётган эса-да, азбаройи дадасини ҳовлиқтирмаслик учун тишини-тишига босиб кетаётган Шаҳлонинг капалаги учди. “Дада, секинроқ ҳайданг, илтимос”, дейиш учун оғиз жуфтлади-ю, аммо айтишга улгурмади. Содиқ бошқарувни йўқотди. Ихтиёри ўзида қолган машина юришдан эриниб, йўл четидаги танаси қулочга сиғмайдиган теракка қарсиллаб урилди. Тезлик баландлигидан бирдан жойида тўхтамади. Ортига қайтиб тўнтарилди ва шундан кейингина тўртта ғилдирагини осмонга қаратиб ҳавода айлантирганча тинчиди.

Нуриддин ИСМОИЛОВ

(Асарнинг кейинги қисмларини яқин соатларда ўқийсиз)

Аввалги қисмларни ўқиш учун қуйидаги ҳаволаларни босинг:

Мафия сардори (1-қисм)

Мафия сардори (2-қисм)

Мафия сардори (3-қисм)

Мафия сардори (4-қисм)

Мафия сардори (5-қисм)

Мафия сардори (6-қисм)

Мафия сардори (7-қисм)

Мафия сардори (8-қисм)

Мафия сардори (9-қисм)

Мафия сардори (10-қисм)

Мафия сардори (11-қисм)

Мафия сардори (12-қисм)

Мафия сардори (13-қисм)

Мафия сардори (14-қисм)

Мафия сардори (15-қисм)

Мафия сардори (16-қисм)

Мафия сардори (17-қисм)

Мафия сардори (18-қисм)

Мафия сардори (19-қисм)

Мафия сардори (20-қисм)

Мафия сардори (21-қисм)

Мафия сардори (22-қисм)

Мафия сардори (23-қисм)

Мафия сардори (24-қисм)

Мафия сардори (25-қисм)

Мафия сардори (26-қисм)

Мафия сардори (27-қисм)

Мафия сардори (28-қисм)

Мафия сардори (29-қисм)

Мафия сардори (30-қисм)

Мафия сардори (31-қисм)

Мафия сардори (32-қисм)

Мафия сардори (33-қисм)

Мафия сардори (34-қисм)

Мафия сардори (35-қисм)

Мафия сардори (36-қисм)

Мафия сардори (37-қисм)

Мафия сардори (38-қисм)

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here