Мафия сардори (40-қисм)

0

* * *

Шомурод ака тинимсиз жиринглаётган гўшакни кўтарди. Қулоғига олиб бориб эринчоқлик билан:

— Алло, — деди.

— Одаммас экансиз. Мен сизга ишониб… Сизнинг оғирингизни енгиллаштираман деб… Нима қилдингиз?! — деган овоз келди гўшакдан.

— Адашмасам, Маъмур бўлсанг керак, — деди Шомурод ака чўзиб сенсираб.

— Ҳа, Маъмурман, афирис!

— Ўпкангни бос, ука, нега ҳовлиқасан? Ҳақорат қиляпсанми?! Ким сенга ҳуқуқ берди?

Шомурод ака юмшоқ курсига яхшилаб жойлашиб, секин, босиқлик билан гапирарди. Ана шу йўл билан Маъмурнинг кўксига яна пичоқ санчгиси келарди.

— Ҳа, қари тулки, бир ҳафтадан ортмайсан! Наполеонингни орқангга тиқаман! Одамни тушириш қанақа бўлишини кўрсатиб қўяман сен итга!!!

Шомурод ака Маъмурнинг бундай ҳақоратларига ортиқ чидолмади, ўрнидан туриб кетди. Қошлари чимирилиб, юзи қизарди.

— Нималар деб валдираяпсан, сен гўдак?! Менинг кимлигимни эсингдан чиқариб қўйдингми? Эркак бўлсанг ҳозир ёнимга кел. Ундан кейин кўрамиз кимнинг орқасига ким Наполеон…

Шомурод аканинг қолган гаплари оғзида қолди. Маъмур телефонини ўчириб қўйган эди. Тутоқди. Охиригача мириқиб Маъмурни сўколмагани алам қилди. Ўрнидан туриб хонанинг у бошидан бу бошига бориб келаркан, ўзича ғўлдираб бир нималар деди. Сўнг сигарета тутатди. Шу пайт бирдан кулгиси қистаб қолди. Хохолаб маза қилиб, кўзидан ёш чиққунча кулди. “Оҳ, Наполеон, Наполеон, ҳамма жойда барибир ўзинг зўрсан! Сен ҳеч қачон ўлмайсан, ҳамиша тирик бўласан! Қаердаки ким кимни туширмоқчи бўлса, ёрдамга келасан”, дея ўзига-ўзи гапирди. Кейин ўз гапидан ўзи ғурурланиб, сейфни очди-да, бир шиша коньякни олиб, стол устига қўйди. Кичкина рюмкага қултуллатиб қип-қизил суюқлик қуйди. Йўқ, бир ўзи ичолмади. Ёқутдай товланаётган ичимликка бир муддат тикилиб турди-да, котибасини чақирди.

Калта юбка кийган, кўкрагининг ярмигача очиқ, киприклари узун, силлиқ қоп-қора сочлари деярли белигача тушиб, шаршарадек таралиб турган Диляхон (асли исми Донохон) бир-бир босиб хонага кириб келди ҳамда кўзларини сузиб хўжайинига қараркан, ним табассум билан:

— Чақирдингизми? — деди нозланиб.

— Чақирдим, оппоғим, чақирдим! — деди оғзи қулоғида бўлган Шомурод ака.

У жуда камдан-кам бундай аҳволга тушарди. Ҳеч вақт котибасига чеҳрасини очмаган. Диля қанчалик ноз қилмасин, хўмрайиб тураверган. Чунки унинг аллақачон аёлларга бўлган қизиқиши сўниб бўлган, фақат майхўрликдан лаззат топади. Аёллар ҳам эркак сифатида унга жуда ўч эмас. Фақат унинг пули кўпроқ қизиқтирарди уларни. Буни Шомурод ака яхши билади. Шу боисдан аёл зотидан ўзини узоқроқ тутиб юради. Аслида ёшлигидаям ўч эмасди. Доимо тезроқ бойиб кетишни ўйларди.

Хўжайиндан биринчи марта бунақанги гапни эшитган Диляхон суйилиб кетди. Иржайиб-тиржайди. Енгил ҳаракат билан кўкрагини кенгроқ очиб қўйди.

— Зўрсиз, хоним, зўрсиз! — деди Шомурод ака ва шкафдан яна битта қадаҳ олиб келиб стол устига қўйди-да, уни ҳам коньяк билан тўлдириб котибасига узатди.

— Вой, мен ҳеч қачон ичмаганман, — деди Диля баттар овозини ингичкалаштириб.

— Шунинг учун ҳам бераяпман-да. Ичганингизда бермасдим.

Диля узун бармоқлари билан қадаҳни олди.

— Сиз жуда ажойибсиз! — деди Шомурод ака унинг ёнига келиб белидан тортинмасдан қучоқлар экан.

Дилянинг бўйи узун, ўзи хипча бел эди. Шомурод аканинг қўли қулай жойлашди. Қизга ёқди унинг қилиғи, у ҳам бир қўлини Шомурод аканинг бўйнидан ўтказди. Қадаҳлар бўшади. Шундан сўнг хўжайин қизни қўйиб юборди. Қизга алам қиладиган томони, хўжайини яна аввалги ҳолига қайтиб олган эди.

— Бориб қаранг, — деди Шомурод ака, — битта-яримта келган бўлмасин. Бугун ҳеч ким билан гаплашмайман. Тобим йўқ.

Диля хонадан ҳафсаласи пир бўлиб чиқаркан: “Бирйўла ўлиб қўя қолсанг яхшийди”, дея хаёлидан ўтказди.

У бугун иккинчи марта Шомурод акага яқинлашишга уриниб кўрган эди. Биринчиси Маъмурнинг аҳволини видеога олишганида бўлганди. Ўшанда соддалик қилганди Диля. Шомурод ака айтган нусхада Маъмурнинг қилиқларини дискка кўчирди-да, аслини ҳатто компьютердан ҳам ўчириб ташлади.

Иш куни якунланаётганида Шомурод аканинг кайфияти бузилди. Негадир ўз-ўзидан сиқилаверди. Сигарета чекди. Кофе ичди. Кўнглининг чигаллиги барибир тарқамади. Битта жойда ўтиравериб сиқилиб кетганга йўйди аҳволини ва костюмини елкасига ташлаб ташқарига йўналди. Қабулхонада котибаси хаёл уммонига ғарқ бўлиб, тирноғини текислаш билан овора эди. Шомурод ака унга бир кўз ташлади. Аммо сўз қотмади. Индамай чиқиб кетди.

Ҳайдовчисига ҳам жавоб бериб юбориб, машина рулига ўзи ўтирди. Аммо узоқ кетолмади. Ҳали серқатнов шаҳар йўлига етмаганди ҳам, кутилмаганда ён  томонидан оқ “Нексия” уни йўл ёқасига чиқариб қўйди. Шомурод ака шоша-пиша тормозни босиб машинани тўхтатди-да, эшикни очиб бироз туриб қолди. Ўрнидан қимирлай деса, боши айланаяпти. Ўтираверса, анави ундан озгина нарироққа бориб тўхтаб, машинасидан тушиб важоҳат билан келаётган ўттиз ёшлар атрофидаги йигитни обдан сўккиси келаяпти.

У, ҳартугул, эшикка суяниб ўрнидан турди.

— Сен ҳовлиқма…

Оғзидан чиққани шу бўлди. Йигит кела солиб, ҳе йўқ-бе йўқ, башарасига қулочкашлаб шунақанги мушт туширдики, бечора Шомурод аканинг кўз олди қоронғилашиб кетиб, йиқилди.

* * *

Агар Юлдуз рулни вақтида тутиб қолмаганида, машина йўлдан чиқиб кетиб тўнтарилиши аниқ эди.

— Тормозни босинг! — бақирди Юлдуз.

Шоҳруҳ шошиб қолди. Бироз кеч бўлса-да, педалнинг устига оёғини қўйди. “Жип” икки юз метрча сирпаниб борганидан кейин тўхтади.

— Сизни нима жин урди?! — деди қиз йиғламоқдан бери бўлиб. — Қасдингиз борми менда? Ундан кўра уриб ўлдириб қўя қолинг!

Шоҳруҳ унга жавоб қайтармади. Пастга тушиб анча вақт тоза ҳавода юрди. Сўнг қайтиб келиб Юлдуздан кечирим сўради.

Шаҳарда бир нечта патрул хизматидагилар уларни кўришди, лекин ҳеч ким тўхтатмади.

— Бу ёғи “вип”га ўхшайди, — деди Шоҳруҳ Юлдузга жилмайиб қўяркан.

— Ҳозирча шундай, кейин қувиб қолишмасин. Шунинг учун машинани бирон жойда қолдириб кетамиз.

Бироз юрилганидан кейин “Жип” йўл четида тўхтади. Сўнг эшик-деразалари очиқ ҳолда янги эгасининг ортидан мўлтираганча қолаверди. Шу билан бирга машина безовта эди. Ахир ҳайдовчи томондаги эшикнинг пастида кичкинагина қизил чироқча ёниб-ўчиб турар, симининг бир учи кабина остидаги кичкина, лекин бутун бошли машинани бўлакларга бўлиб ташлашга кучи етадиган бомбага уланганди. У махсус ўрнатилган бўлиб, бегона одам машина рулига ўтириб уч соат ҳайдаса ҳаракатга келарди. Уни ўчириш учун рул тагидаги қора тугмачани босиб қўйиш керак эди. Аммо Шоҳруҳ уни босмади. Умуман, машинада бомба борлигини, уни ўчиришнинг йўлини ҳам билмасди. У Юлдуз билан бирга такси ушлаш учун кетганида учинчи соатнинг тугашига бор-йўғи ўн беш дақиқа вақт қолганди. Шоҳруҳ билан Юлдуз юкларини йўловчи машинага жойлагач, йўлнинг нариги тарафидаги қаҳвахонага кириб тамадди қилиб ўтиришганида бирдан портлаш юз берди. Машина ердан икки метрлар ба-ландликка кўтарилди-да, яна қайтиб тушди. Баллонлар, эшиклар ва яна бошқа темир-терсаклар ҳар томонга сочилди. Қаҳвахона деразалари зириллаб кетди. Йўл ёқасидаги машиналар  бирин-сирин  чийиллаб қолишди. Анча пайтдан бери энди тузукроқ  овқатланишаётган йигит билан қиз чўчиб тушиб, ўринларидан туриб кетишди. Қаҳвахонадагиларнинг кўпчилиги томошани кўриш учун ташқарига ошиқишди. Бошқалари деразага ёпишишди. Улар орасида Шоҳруҳ билан Юлдуз ҳам бор эди.

Портлаш Юлдузни қалтиратиб юборди. Унинг киприклари пирпиради, ранги оқарди. Шоҳруҳ унга юзланиб: “Худо асради”, демоқчи бўлди-ю, қизнинг аҳволини кўргач елкасидан қучиб:

— Ҳаммаси жойида бўлади, омад биз томонда, — деди.

Улар тўрт соат деганда Бек турган жойга етиб боришди. Иккиси ҳам роса чарчаган эди. Шу боисдан уй бекаси тайёрлаган дастурхон атрофига ўтирмай, ётоққа кириб кетишди.

Ўз юртидан келгандан бери тинчлик бўлмагани боис Юлдуз барчага бир ҳафталик дам эълон қилди. Орадан уч кун ўтиб, ҳамма зерика бошлади. Бекнинг дам олиши чўзилиб кетганди, ўтиролмай қолди. Бунинг яна бошқа сабаби ҳам бор эди. У шериклари шаҳарга кетганда улар турган жойдан унча узоқ бўлмаган қишлоқда яшовчи жувон билан танишган ва икки кеча уникида “меҳмон” бўлиб қайтганди. Уч кунлик танаффус зўриқтириб юборди. Ҳар қалай, ўрганиб қолган экан, навбатдаги кечада у яна ўша томонга кетаётганида Юлдуз сезиб қолди.

— Боринг-чи, — деди у Шоҳруҳга, — дўстимиз нима билан шуғулланаётган экан?

Шоҳруҳ бирпас қизга термилиб тургач, у кўрсатган томонга қаради.

— Шубҳангиз борми? — сўради қиздан.

— Шубҳаланмайман-у, лекин…

— Айланиб, қайтиб келар. Зериккандир, озгина юрса чарчайди. Оқшом ухлаши яхши бўлади, — дея Юлдузнинг гапини бўлиб қисқача жавоб бериб қўя қолди Шоҳруҳ.

— Нега бирдан унинг тарафини олишга тушиб кетдингиз? Ёки ораларингизда мен билмайдиган қандайдир сир борми?

— Сир нима қилсин? Ҳали тузук-қуруқ гаплашмадик-ку?! Ҳар қалай, дам олишдан тўйганини кўзи айтиб турибди. Иккинчи томондан, кетгани ҳам яхши бўлди, икковимизни холи қолдирди.

— Балки сиз ўзингиз: “Айланиб келинг”, деб Бекни жўнатиб юборгандирсиз?

— Агар сиз айтганингиздай бўлса-чи?

— Унда ниҳоятда аҳмоқ одам бўласиз.

— Шундайми?

— Шундай.

Шоҳруҳ бирдан қизни қучоқлаб лабига лабини босди. Юлдуз ҳарчанд типирчиламасин, барибир йигитнинг қучоғидан чиқиб кетолмади. Аслида унинг-да чиққиси йўқ эди.

— Жинни! — деди Юлдуз кулги аралаш. — Кампир кўриб қолади. Шарманда қилманг мени!

— Кўрмайди. Униям жўнатворганман. Посёлкадаги дўконга. Икковимиздан бўлак ҳеч ким йўқ.

— Бас қилинг. Кўп эркаланиб кетдингиз! — деб Юлдуз Шоҳруҳни астойдил ўзидан итарди. Эркинликка чиққанидан кейин эса: — Охиргиси бўлсин. Агар яна бемазагарчилик қилсангиз, бутунлай хафалашамиз! — деди.

— Барибир мен сизга уйланаман. Йўқ десангиз, опқочаман, чин сўзим. Лекин ваъда бераман, бундан бу ёғига қўлимни ҳам теккизмайман!

Шоҳруҳнинг сўзлари қатъий эди. Ҳақиқатан ҳам нияти шундай эди. Аммо у ҳали келажакда қандай воқеалар содир бўлишини билмас, не-не азобларни бошидан ўтказиши хаёлига ҳам келмаганди. Юлдуз унинг гапларига ишонди. Аслида Шоҳруҳ шундай демаганида ҳам ишонган бўларди. Агар олдидаги муаммолар бўлмаганида, ҳозир ҳам ўзи ёқтирган йигитининг оғушидан чиқишга уринмасди. Балки иккаласи муҳаббат ҳақида узундан-узоқ суҳбат қуришарди.

Нуриддин ИСМОИЛОВ

(Асарнинг кейинги қисмларини яқин соатларда ўқийсиз)

Аввалги қисмларни ўқиш учун қуйидаги ҳаволаларни босинг:

Мафия сардори (1-қисм)

Мафия сардори (2-қисм)

Мафия сардори (3-қисм)

Мафия сардори (4-қисм)

Мафия сардори (5-қисм)

Мафия сардори (6-қисм)

Мафия сардори (7-қисм)

Мафия сардори (8-қисм)

Мафия сардори (9-қисм)

Мафия сардори (10-қисм)

Мафия сардори (11-қисм)

Мафия сардори (12-қисм)

Мафия сардори (13-қисм)

Мафия сардори (14-қисм)

Мафия сардори (15-қисм)

Мафия сардори (16-қисм)

Мафия сардори (17-қисм)

Мафия сардори (18-қисм)

Мафия сардори (19-қисм)

Мафия сардори (20-қисм)

Мафия сардори (21-қисм)

Мафия сардори (22-қисм)

Мафия сардори (23-қисм)

Мафия сардори (24-қисм)

Мафия сардори (25-қисм)

Мафия сардори (26-қисм)

Мафия сардори (27-қисм)

Мафия сардори (28-қисм)

Мафия сардори (29-қисм)

Мафия сардори (30-қисм)

Мафия сардори (31-қисм)

Мафия сардори (32-қисм)

Мафия сардори (33-қисм)

Мафия сардори (34-қисм)

Мафия сардори (35-қисм)

Мафия сардори (36-қисм)

Мафия сардори (37-қисм)

Мафия сардори (38-қисм)

Мафия сардори (39-қисм)

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here