Мафия сардори (41-қисм)

0

Шоҳруҳ гапида турди. Кейинги кунларда ишқий мавзуда қизга ҳеч нима демади. Бундан ташқари, иккаласи холи қоладиган бўлса, бирон нимани баҳона қилиб, унинг ёнидан кетиб қоладиган одат чиқарди. Аввалига қиз эътибор бермади. Кейинчалик сезди. Сезди-ю, маъюсланиб қолди. Аммо Бекнинг “саёҳат”га чиқишлари тўхтаб қолди. Тўғрироғи, Шоҳруҳ тўхтатди.

— Қаерга бориб келаётганингни сезиб юрибман. Юлдуз ҳам ҳид олган. Шунинг учун ҳозирча карам шўрвангни йиғиштириб қўй, вақти келса тўйиб оларсан, — деди у Бекка.

Бек унга ўқрайиб қаради. Кейин ўшшайди.

— Ҳар қалай, эркакмиз. Мана шундай чеккага чиққанимизда, — деб энди гап бошлаган эди, Шоҳруҳ дарров унинг оғзини ёпди.

— Унда ўша ёққа кетгин-да, қайтиб келма.

— Сен ким бўлдинг менга хўжайинлик қиладиган? Бизга қўшилганингга тўрт кун бўлдими-йўқми…

— Гапимни эшитган бўлсанг, тамом. Агар яна майнавозчилик қиладиган бўлсанг, ўзингдан кўр.

— Нима келади қўлингдан? Юлдузнинг ёнида юрибман, ҳамма нарса мумкин менга, деб ўйлаётган бўлсанг, чучварани хом санабсан, сендақа бўйни йўғонларнинг кўпини кўрганман…

Шоҳруҳ унинг қолган гапларини айттирмади. Ўйлаб ҳам ўтирмай, жағига мушт туширди. Бек бундай бўлишини кутмаганидан орқасига гурсиллаб йиқилди.

Агар уларнинг жанжали устига Юлдуз келиб қолмаганида, муштлашув авжига чиқиб кетиши мумкин эди.

— Нима қилаяпсизлар?! — дея бақирди қиз.

Йигитларнинг ҳар иккиси ҳам жавоб бермади. Юлдуз қайта-қайта сўраса-да, бирови ғинг демади.

— Агар яна бир марта бир-бирларинг билан жиққамушт бўладиган бўлсанглар, қайтиб бу ерда қораларингни кўрмай, — деб аччиқ устида улардан узоқлашди.

Йигитларнинг бир-бирларига ғарази йўқ эди. Бекка калтак егани алам қилаётган бўлса, Шоҳруҳга Бекнинг менсимагани оғир ботганди. Улар аввалига ёвқараш қилишди. Бироз ўтиб, Шоҳруҳ чордана қуриб ўтириб олган Бекка қўлини узатди.

Шу билан жанжалнинг умри тугади. Айни чоғда Бек қишлоққа қатнашни бас қилиш билан бирга, Шоҳруҳга итоат ҳам қила бошлади. Албатта, Юлдузга эргашиб. Чунки у Шоҳруҳдан кўп маслаҳат сўрар ва унинг айтгани бўйича иш қилар, дастурхон атрофида ўтирганларида эса ёқтирган йигитига хизмат қиларди. Бу билан Шоҳруҳни ўзидан баланд қўяётганини атайин Бекка кўрсатардики, хатти-ҳаракатида: “Мен-ку Шоҳруҳга шундай илтифот кўрсатаяпман, сен ким бўпсан? Сен ҳам бунинг ҳар айтган сўзини ўзингга қонун деб биласан”, деган мазмун бор эди. Ва бу ҳаракат мазмунига Бек ҳам беихтиёр эргашадиган бўлди.

Дам олишга ажратилган ҳафта ҳам ниҳоят ўтди. Учовлон ижарачи кампирнинг кичик хонасига йиғилишди.

— Ишни нимадан бошлаймиз? — сўради Юлдуз Шоҳруҳга юзланиб.

— Бизнесдан. Бозорга бориб майда-чуйда сотамиз. Фақат сиз ҳеч қаёққа чиқмайсиз.

Шоҳруҳдан бунақанги жавобни кутмаган Юлдуз унга тикилганча қотиб қолди.

— Хафа бўлманг, — гапида давом этди йигит, — менимча, энг тўғри йўл шу. Агар яна шошма-шошарлик қилаверсак, ўлиб кетамиз. Орзуларингизнинг ушалиши эса қиёматга қолади.

— Мен, — деди бироз ранги оқарган қиз, — уйда ўтиролмайман… Сиз, сиз ғалати гапларни айтаяпсиз. Агар биз бозордан уларни зўрлик билан чиқариб юбормасак, савдо қилишимизга йўл қўйишмайди.

Шоҳруҳ унга жилмайиб қаради.

— Бир куни, — деди нигоҳини қиздан олмай, — турмушга чиқасиз. Ўшанда уйда ўтиришга мажбур бўласизми? Бўласиз. Демак, ҳозирдан тайёргарлик кўришингиз зарур… Кейинги масала, героинни йўқ қилмасак, бошимизга кўп ташвиш келтиради.

Бек ялт этиб Шоҳруҳга қаради. Юлдузнинг хонасида турган иккита қопдан унинг хабари бор эди. Шоҳруҳ кўтариб келганида нималигини сўраганида: “Бомба. Очсам портлаб кетади”, деган жавоб олувди. Ўшанда: “Буларнинг ҳаммаси пул бўлса керак”, деб ўйлаганди. Қисман ҳақ ҳам эди. Бироқ шерикларининг героин олиб келиши мумкинлиги хаёлига ҳам келмаганди.

Унинг юзидаги ажабланиш аста-секин ғазабга айланди.

— Бегонаманми? — деди у. — Нега менинг билишга ҳақим йўқ.

— Чекармидинг? — деб ўқрайиб қаради Шоҳруҳ.

— Шартмиди чекишим? Билиб қўйсам, озгина…

— Шуни деб ҳам жанжал чиқарманглар. Ҳозир жанжаллашадиган аҳволдамасмиз. Ундан кўра нима қилиш ҳақида ўйлашимиз керак. Менимча, ҳозир шу ерда тура турсин. Балки бир жойга керак бўлиб қолар. Ўзиям беш-олти кило чиқиб қолади, — деди Юлдуз.

— Демак, учаламизниям камида ўн беш йилдан қамалиб кетишимизга бемалол етиб ортади, — дея бир нуқтага термилиб қолди Шоҳруҳ.

— Сен айтганинг — ёмон томони. Яхши томони, бу матоҳ Афғонистонда килоси беш юз “кўк”ида турса, Европада бир ярим миллион туради. Демак, учаламиз ҳам миллионерлармиз, — деб кафтларини бир-бирига ишқалади Бек.

— Шунинг орқасидан миллионер бўлгандан кўра, гадой бўлиб садақа сўраб юрганим минг марта афзал. Қисқаси, йўқ қиламиз, тамом-вассалом, — деб Шоҳруҳ ўрнидан турмоқчи бўлганида Юлдуз уни қўлидан ушлаб тўхтатди.

— Ундан сира хавотир олманг. Менинг бир ўзимни ташлаб кетаяпсизлар-ку. Ўйлаб кўраман. Сизнинг гапингизни тўғри деб қабул қилсам, аввал озгинасини татиб кўриб, қолганини ёқиб юбораман, — дея жилмайди қиз.

Шоҳруҳнинг бирдан қўллари мушт бўлиб тугилди.

— Татиб кўрасан, — деди у еб қўйгудек қизга қараркан.

— Ҳазиллашдим. Хавотир олманглар, шуни айтиб қўймоқчиман, холос.

Эртасига келишилганидай Шоҳруҳ билан Бек шаҳарга боришди. Тўғри бозорга тушишди. Ҳаммаёқ одам. Олди-сотди авжида. Сотувчиларнинг кўпчилиги қорамағиз. Ораларида ўзбеклариям бор. Шоҳруҳ улардан бирининг ёнига бориб ўз тилида салом берди. Йигит унинг юзига бир қараб қўйди, холос. Сўнг рўпарасидаги семиз аёл билан савдолашишда давом этди. “Халақит бермайин. Мижозига молини сотсин, кейин гаплашаман”, дея хаёлидан ўтказган Шоҳруҳ бироз нарида туриб сотувчининг гап-сўзлари-ю хатти-ҳаракатларига эътибор бериб турди. Семиз аёл кетди, унинг ўрнига бошқаси келди. Яна бояги аҳвол такрорланди. Йигит зерикди. Бошқа расталарга эътибор қилди. Сотувчиларнинг олдида фақат сара мевалар териб қўйилган эди. Жуда узоқлардан келтирилган ҳурмолар шунақанги сақланган эдики, кўрган одам минглаб километр наридан келтирилганига ишонгиси келмасди. Бошқа мевалар ҳам худди шу тахлитда сақланган. Гўё шу шаҳар яқинида етиштирилган-у, узоғи билан куни кеча узиб келтирилган. Уларни кўриб беихтиёр оғзингнинг суви оқади. Фақат ҳар бири алоҳида кўк брезент билан ажратилган расталарнинг орқасида турган айрим сотувчиларнинг ранги совуқлиги одамнинг кўнглини хира қиларди. Айни улар турган жойга камдан-кам харидор борар, борганлари ҳам шунчаки нарх сўраб ўтиб кетишарди. Шоҳруҳнинг уларга хаёли кетиб, гаплашмоқчи бўлгани ёдидан кўтарилди.

— Эй-й, — деди бир маҳал Бек уни туртаркан, — қара.

Шоҳруҳ бирдан Бек имлаган тарафга кўз ташлади. Улардан бор-йўғи тўрт қадамча нарида, боягина Шоҳруҳ салом берган йигитнинг қаршисида иккита барзанги турарди.

— Бизнинг ҳақимизни дарров чиқар, кечаги қарзингни икки  баробар  тўлайсан. Демак,  уч  кунлик “доля” бўйнингда осилиб ётибди, — деди улардан бири.

— Бугун ҳали савдо энди бошланди. Ҳеч қанча савдо қилмадим. Жой ҳақиниям берганим йўқ ҳали. Мумкин бўлса, кечқурун…

Савдогарнинг қолган гаплари ичида қолиб кетди. Барзангиларнинг иккинчиси растада чиройли қилиб териб қўйилган Эрон олмасидан бирини олиб, савдогарнинг башарасига отди.

Савдогар гарчи жони чиқиб кетгудай бўлган эса-да, ғинг демади. Фақат олма теккан лабини кафти билан бекитди. Унинг башараси аянчли тус олган эди.

— Кечқурун қарзинг икки ҳисса ошади. Тўламасанг, нима бўлишини яхши биласан, — деб биринчи барзанги бошқа бир олмани қўлига олиб уни бир-икки марта ҳавога отиб илиб олгач, “ғарч” этказиб тишлади ва хунук ўшшайганча бошқаларнинг ёнига кетди.

Сотувчининг юзига қараб бўлмасди. Унинг лабидан оқа бошлаган қон туфайли эмас, балки шунақанги ачинарли тус олгани учун одамнинг ичи эзиларди.

— Ким у? — сўради Шоҳруҳ унинг қаршисига бориб.

— Итдан тарқаганлар! — деди сотувчи алам билан. — Одаммас улар.

— Нега унга “доля” бераркансиз?

Шоҳруҳнинг навбатдаги саволи сотувчининг назарида ўта мантиқсиз эди. Чунки бу ердагиларнинг ҳаммаси “доля” нима эканлигини яхши биларди. Сотувчининг энсаси қотди.

— Қанча олади? — сўради Шоҳруҳ унинг ҳолатига эътибор бермай.

— Кечагача икки минг эди. Бирдан беш мингга чиқаришди. Ҳамма ҳайрон. Яна фақат бизга. Ана, азарлар бир тийин беришмайди. Шунинг учун арзон-гаров савдо қилишаяпти. Клиентлар ҳам фақат уларда. Бари иномарка миниб юришибди. Бизда бўлса “Москвич” ҳам йўқ.

— “Кўк”ида тўлайсизларми?

— Қанақа “кўк”и? Рублда.

— Нечтасизлар?

— Ўзимиздан келган сотувчиларми? Йигирма бештача чиқиб қолса керак.

— Йигирма олтинчиси мен бўламан. Жой гаплашиб беролмайсизми?

— Эй, ошна, яхшиси, бошқа иш қилганингиз дуруст. Нима қиласиз оғримаган бошингизни оғритиб? Мол олишнинг ўзи бўлмайди. Ҳамма олиб бўлганидан кейин бизга навбат тегади. Қолган-қутгани. Ана уни кейин сотиб кўр-чи? Бунинг устига, жой ҳақиям бор. Анави зўравонларнинг “доля”си жонга тегиб кетди. Агар қарзимни тўлаб бўлганимда, бир минут ҳам турмасдим бу ерда.

— Қанча қарзингиз бор? — сўради ундан Шоҳруҳ.

— Етти минг “кўк”ида.

Шоҳруҳ чўнтагидан бир даста бели  букилмаган юз  купюралик доллар олди-да, сотувчининг қўлига тутқазди.

— Шу пул, менимча, етади. Сиз бемалол бораверинг. Ўрнингизга беш-олти кун ўзим ишлаб тураман. “Доля”лариниям тўлайман.

Сотувчи йигит анқайиб қолди. У нима деярини билмасди. Бу йигитлар қаердан келишди? Нега пул беришаяпти? Мақсадлари нима? Тушунмасди у. Бир неча сониядан  кейин эса қўлидаги пулга қаради. Сўнг дарров оқ халатни ечиб унга узатди.

— Майли, уриниб кўринг, балки сизнинг ишингиз юришиб қолар, — деб кийимини Шоҳруҳнинг қўлига тутқазиб, ўзи қаёққадир шошиб кетди.

Нуриддин ИСМОИЛОВ

(Асарнинг кейинги қисмларини яқин соатларда ўқийсиз)

Аввалги қисмларни ўқиш учун қуйидаги ҳаволаларни босинг:

Мафия сардори (1-қисм)

Мафия сардори (2-қисм)

Мафия сардори (3-қисм)

Мафия сардори (4-қисм)

Мафия сардори (5-қисм)

Мафия сардори (6-қисм)

Мафия сардори (7-қисм)

Мафия сардори (8-қисм)

Мафия сардори (9-қисм)

Мафия сардори (10-қисм)

Мафия сардори (11-қисм)

Мафия сардори (12-қисм)

Мафия сардори (13-қисм)

Мафия сардори (14-қисм)

Мафия сардори (15-қисм)

Мафия сардори (16-қисм)

Мафия сардори (17-қисм)

Мафия сардори (18-қисм)

Мафия сардори (19-қисм)

Мафия сардори (20-қисм)

Мафия сардори (21-қисм)

Мафия сардори (22-қисм)

Мафия сардори (23-қисм)

Мафия сардори (24-қисм)

Мафия сардори (25-қисм)

Мафия сардори (26-қисм)

Мафия сардори (27-қисм)

Мафия сардори (28-қисм)

Мафия сардори (29-қисм)

Мафия сардори (30-қисм)

Мафия сардори (31-қисм)

Мафия сардори (32-қисм)

Мафия сардори (33-қисм)

Мафия сардори (34-қисм)

Мафия сардори (35-қисм)

Мафия сардори (36-қисм)

Мафия сардори (37-қисм)

Мафия сардори (38-қисм)

Мафия сардори (39-қисм)

Мафия сардори (40-қисм)

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here