Мафия сардори (42-қисм)

0

Унинг ортидан қараб қолган Шоҳруҳ жилмайди.

— Бошқаларга ўхшаб расвомиз чиқаркан-да, — деди шеригининг қилиғидан жаҳли чиққан Бек, — бу ёғи энди қанақа майнавозчилик?

— Қўявер, дўстим. Зора шу ишдан бирон натижа чиқса. Сен бориб бозорни айланиб юравер. Озгина савдогарлик қилай. Қўлим енгил, келгунингча мана шу ерда, — Шоҳруҳ растани кўрсатди, — ҳеч нарса қолмайди.

Бутунлай кайфияти тушиб кетган, зўрға ўзини ушлаб турган Бек аламидан тишини-тишига босиб ундан узоқлашди.

Шоҳруҳ акасининг дўконларига қараб юргани билан, ҳали ўзи бирор марта бўлсин, савдо қилмаган эди. Тўғрироғи, сотувчиларга мол олиб келиб берган, соттирган, лекин ўзи бирон нимани доналаб раста ортида туриб пуллаган эмасди. Акалари кўп марта унинг қўли енгиллигини айтишганди. Аммо қўл енгиллиги ҳақида ўзи тасаввурга эга эмасди.

Ярим соат нари-берисида уч-тўрт кило мева сотди. Шунинг билан бирга ён-атрофдагилар, у билан савдолашаётган харидорларнинг туриш-турмушига, гап-сўзларига диққат қилди. Бир нималарни англагандай бўлди. Лекин айнан ўша нарсани сира тополмади.

Кечки пайт “солиқчилар” келишди. Шоҳруҳ уларга сотувчининг укаси эканлигини айтди.

— Байрамнинг укасимисан? — жудаям аниқлик киритди улардан бири.

— Ҳа, бугун келдим. Акам касал бўп қолди, пулларни бериб қўясан, деб менга ташлаб кетди, — дея у чўнтагидан улар сўраган пулни чиқариб берди.

— Сен, — деди пул йиғувчиларнинг тўладан келгани (дарвоқе, унинг қўлида пиво бор эди, кунига ўн шишадан кам пиво ичмасди), — тузук болага ўхшайсан. Гапларинг ҳам дангал. Шундай бўлсаям бир нарсани айтиб қўяйин, агар бизнинг ҳақимизни беришда бир соат кечиксанг ҳам, устама ҳақ тўлайсан.

— Бизнинг гапимиз битта бўлади, акалар, мана кўрасизлар, вақти келиб жуда яқин бўп кетамиз. Ҳатто мен сизларга ёрдам ҳам бериб юбораман.

— Сени қара-я, ўзи бугун келибсан-у, гапларинг осмонда. Тағин юраман деб, чўлоқ бўп қолмагин, мишиқи.

“Солиқчилар”нинг ҳар иккови ҳам хохолашиб кулишиб, сўнг кетишди.

Шоҳруҳ атрофидагилардан сўраб-суриштириб молни қаердан, неча пулдан олишларини билиб олди. Эртасига ўрнига Бекни қўйиб, нақ бир фургон мева келтирди. Кейин шеригига жавоб бериб, “кеп қолинг, оп қолинг” билан шуғулланди. Худо “ол, қулим!” деса, асфальт йўлдан тош териб келсанг ҳам, дарров сотилиб кетаркан. У гарчи азарларга нисбатан молнинг нархини бирмунча қиммат қилиб қўйган эса-да, харидорлар айнан унинг мева-чевасидан сотиб олишни маъқул кўришди. “Манавини, — дерди у бир дона мевани қўлига олиб мижознинг қулоғига шивирларкан, — битта тишлаб кўринг, кейин бошқаларникининг таъмини билинг. Агар фарқи бўлмаса, текин бериб юбораман… Асл молнинг нархиям қиммат бўлади-да”. Бу, албатта, унинг энг оддий шумлиги эди. Иккиланиб турган мижозларга нисбатан ишлатиларди.

Орадан бир ҳафта ўтди. Энди уни бозордаги савдогарларнинг кўпчилиги билишарди. Ҳатто азарлар ҳам. Шоҳруҳ улар билан дўстлашиш йўлини ҳам топди. Яъни бориб молини сотишга ёрдамлашди. Эвазига ҳеч нарса олмади.

— Дўстим, биз савдогарлармиз, бугун сенинг молинг ўтмай қолган бўлса, эртага меники туриб қолади. Сен ҳам ўша пайтда биз тарафга бир қараб қўйсанг бўлди, олам гулистон.

Албатта, унинг хатти-ҳаракатлари бир-иккита тупроқдошларига ёқмасди. Лекин Шоҳруҳ ҳеч нимага эътибор бермади. Мумкин қадар кўпроқ одамни таниш, уларга яқинлашишга уринди. Шунинг билан бирга юртидан келганларнинг аҳволи билан қизиқди. Савдогарлари ёмон эмасди. Юпун кийинган, чориғи илвираб кетган, баҳайбат аравани инқиллаб судраб кетаётганларни кўрганда ичидан бир нима чирт этиб узилди. Уларнинг кўзларидаги ўт сўниб қолгандай эди. Ҳамма нарсага бефарқ боқишарди. Мақсадлари — аравага молини ортган бойвачча кўпроқ пул берса, тузукроқ овқатланса… Шу эди, холос. Тўрт-беш сўм орттириш йўлида не-не умидлар билан кўз тикиб турганлар томонга мижозларни жўнатиш хаёлларига ҳам келмасди. Уларни кўрган Шоҳруҳ йиғлаб юборай деди.

Савдогарликнинг тўртинчи ҳафтасига келиб ундан маслаҳат сўрайдиганлар пайдо бўлди. Айни чоғда Шоҳруҳ ишонса бўладиган, бақувват, бирон нима буюрсанг, уддалай оладиган йигитлардан топди. Табиийки, улар ишбилармон ҳам эдилар. Аммо ташқи таъсир ишлашларига йўл қўймасди. “Ака, — деди ёши ўттизларга бориб қолган йигит, — ҳаммаси жонга тегиб кетди. Шу ерда топганимни уйимдан чиқмай ҳам топардим… Нега энди биз хор бўлишимиз керак? Ундан кейин сиз қилаётган ишларгаям сира тушунмаяпман. Шунчалик пулингиз кўп экан, қаердаги ўғри-муттаҳамларга инъом қилгандан кўра, арава тортиб юрганларнинг ҳолидан хабар олинг”. Шоҳруҳ, аввало, унинг “ака” деб мурожаат қилганидан хижолат бўлди. Кейин мулойимлик билан, бироқ кескин айтилган гап унинг юрагига бориб қадалди.

— Исмингиз нима? — сўради қаршисидаги одамдан.

— Бахтиёр, — жавоб қилди савдогар.

— Меники  Шоҳруҳ.  Танишганимдан  хурсандман.  Кейинчалик балки бир-биримизни тушуниб олармиз?

Шу билан суҳбат узилди. Аммо Шоҳруҳнинг шу гапининг ўзи Бахтиёрни ҳайратлантирди. “Бир нарсани аниқ биладики, шундай ишлар қилиб юрибди”, деган фикрга келди у.

Навбатдаги ойнинг охири эди. Иш бунчалик чўзилганидан Юлдуз жудаям сиқилганди. “Бўлди, бунақанги майнавозчиликларни йиғиштиринг”, демоқчи бўлиб турганида, Шоҳруҳ саккизтача йигитни бошлаб келди. Бари қорамағиз, барининг кўзидан ўт чақнайди.

Шоҳруҳ уларни ташқарида қолдириб Юлдуз билан ичкарига кирди. Қиз йигитнинг кўзига тикилди.

— Тушундим, — деди Шоҳруҳ жилмайиб, — кўришмаганимизга бир ҳафтадан ошди. Соғиндим.

У шу гапларни айтиш баробарида қизнинг лабидан бўса олди. Юлдуз монелик кўрсатмади. Билъакс, ўзи ҳам жуда соғинган, ҳақиқий хотини бўлганида бўйнидан қучоқлаб олган бўларди.

— Энди айтинг, — деди юзига қизиллик югуриб.

— Ишни бошлаш вақти келди. Мен қирқтача одам йиғдим, ҳаммаси жанговар қиёфада. Нима деса қайтмайдиганлардан, — дея гап бошлади Шоҳруҳ.

— Анави хўрозбош…

— Хавотир олманг, — дея бирдан унинг гапини бўлди Шоҳруҳ, — бирортасиям қулоғини қимирлатмайди. Қолаверса, тўқсон фоизи ўзимизникилар. Сиз билан таништириш учун саккизтасини олиб келдим. Биринчи рақамли хонимни кўриб қўйишлари учун.

— Йўқ, унақа қилманг. Менинг бош бўлишим кўп кўнгилсизликлар келтиради. Яхшиси, сизнинг ёнингизда бўлиб тураман. Ўзингиз айтгансиз-ку, бир тану бир жонмиз деб.

Беихтиёр айтиб юборилган сўнгги гап Шоҳруҳни руҳлантириб юборди. Қизни қучди. Қайта-қайта ўпди. Сўнг ташқарига чиқиб, ўзи билан бирга келган йигитларни уйга таклиф қилди.

Шу куни базм бўлди. Ҳамма еди-ичди, хурсандчилик қилди. Эртасига Шоҳруҳ шаҳарга қайтиб борди. Доимий рўйхатда турадиган йигитлар номига учта машина сотиб олди. Шундан иккитаси қоп-қора “Тойотта” “жип”и эди.

— Бахтиёр ака, — деди у машинага ўтирганидан кейин ортига ўгирилиб, — энди ишни бошласак ҳам бўлаверади.

Ҳа, ўша Шоҳруҳнинг қилаётган ишларидан ҳам ҳайратланган, ҳам жаҳли чиққан, беш йилдан бери шу ерда савдо-сотиқ билан шуғулланиб юрган узоқни ўйлайдиган, мулоҳазали, кенг елкали, бўйлари узун бу йигит Шоҳруҳнинг яқинларидан бирига айланган эди. “Нима бўлган тақдирда ҳам бошқалардан ўзимизни ҳимоя қилиб, одамга ўхшаб яшайлик”, деганди у Шоҳруҳнинг мақсадини билганидан кейин.

— Нимадан бошлаймиз? — сўради Бахтиёр.

— Мўлжаллаб қўйибман. Учинчи микрорайонда улар ҳар пайшанбада тўпланишади. Бориб ҳаммасини элакдан ўтказамиз, — деди унга қараб жилмайиб қўйган Шоҳруҳ.

— Лекин биз ҳали тайёр эмасмиз. Бунақанги нарсаларни бировимиз ҳам қилмаганмиз. Қандай бўларкан?

Шоҳруҳ жавоб қилмади. Қандай бўлишини унинг ўзи ҳам билмасди. Муҳими, душманлари ҳеч нарсадан хавфсирамайди. Бемалол ичкиликбозлик, маишат қилишади. Улар бошқа нимани ҳам ўйлашарди? Ишлари авжида, мўмайгина пул ўз оёғи билан келиб турибди. Ҳатто юртида ҳам бунақанги роҳат-фароғатни кўрмаган. Ана шундай пайтда Шоҳруҳ кириб боради. Ҳаммаси карахтланиб қолади. Ўзларини ўнглагунларича Шоҳруҳ уларнинг бир-иккитасининг оғзи-бурнини қонга белайди.

— Балки қолган болаларниям чақирармиз? — сўради аввалги саволига жавоб ололмаган Бахтиёр.

— Ҳожати йўқ. Ҳозир олти кишимизми, шунинг ўзи етади. Тўғрими, Бек? — деб Шоҳруҳ кўзгу орқали орқа ўриндиқда ўтирган йигитга қараб қўйди.

Бек бош ирғаш билангина жавоб қилди.

Мўлжалланган манзилга учта яп-янги машина ярим соатлардан кейин етиб келиб олдинма-кейин тўхтади. Шаҳарнинг энг чеккасидаги кварталнинг сўнгги тўрт қаватли биноси. Ундан кейин уй тугул кўча ҳам йўқ. Фақат ҳаммаёқ дов-дарахтлар.

— Анави хонадонга кирамиз, — деди Шоҳруҳ қўли билан айвонининг олди темир панжара билан ўралган томонни кўрсатиб, — аввал мен бир ўзим бораман. Гугурт ёқаман ёки бошқа шунга ўхшаш белги бераман. Шундан кейин дарров югурасизлар. Фақат бу уйларнинг бошқа қаватларида ҳам одамлар яшашини эсларингдан чиқариб қўйманглар. Ҳар қандай шовқинни эшитиб қолишса, дарров “мент”ларга хабар беришади. Ундан сўнг нима бўлишини ўзларинг яхши биласизлар.

— Шоҳруҳ, бир ўзинг боришинг хавфли. Уларнинг қуроллариям борлигини эсингдан чиқарма. Бўлмагандаям, кўпчиликка туриб беришнинг ўзи бўлмайди, — деди унга хавотирли нигоҳ ташлаган Бек.

— Бир гап бўлар, — деб Шоҳруҳ машинадан тушди ва кўп қаватли уй томон илдам юриб кетди.

Одам ҳаддан зиёд тўқ бўлса, кўп нарса унга оддий ҳолдай туйилади. Ҳатто осмонга қараб ётиб олганча, ҳеч қайсига ўхшамайдиган, ҳар доимгидан-да бошқачароқ кайфу сафо қилишни ўйлаб қоларкан. Шоҳруҳ кўтарилган иккинчи қаватдаги бир-биридан бақувват тўрт киши ана шу тоифага кирганларига анча бўлган эди. Майдан олинадиган сархушлик, ожизаларнинг нозли эркаланишлари уларнинг истагини бажаролмасди. Фақат билакларининг йўғон томирларига шприц орқали жўнатилган хаёлни бутунлай ўғирловчи суюқликкина ҳақиқий роҳат-фароғатни бера оларди. Бироқ айни чоғда, уларнинг биронтаси ҳам ҳушини йўқотмаган эди. Столнинг устига икки қоп пулни ағдаришган ва эринибгина санаш билан овора эдилар. Эшик қўнғироғи жиринглади. Тўртта девқомат йигит сергакланди. Шунда улардан бири қўл силтаб:

— Марина келмоқчийди. Ярим соат олдин телефон қилувди. Дугонаси “ломка”да экан. Қарзга икки грамм сўради, — деди.

Унинг гапини эшитганидан кейин қолган учтаси ўрнидан туриб кетди.

— Қарзга?! — ўкириб юборди калласи хумдай келадиган, ҳамма ёғини жун босган, саватдай сочи жингалак, бурнининг бир тарафида тиртиғи бор  барзанги. —  Хўжайин қарзга умуман бермайсанлар деган. Ҳатто ҳидлатмайсан ҳам. Соққасини олиб келиб, кейин олаверсин.

— Кетворган нарса у. Пули бўлмагани билан бадани шунақанги оқ, силлиқки, кўрсанг ўлиб қоласан, — деди қизни уйга таклиф қилган йигит кўкрагига игна билан чизилган аждар сурати устини қашлаб қўяркан.

— Аёл десанг, қайт қилиб юбораман. Менга пул керак! Пул!..

— Бўпти, ҳозир эшикни очаман. Ёқмаса ўзим чўнтагимдан тўлайман.

У ўрнидан турди. Шошилмасдан эшикнинг “кўз”идан ташқарига қаради. Ҳеч ким кўринмади.

— Ким?! — сўради у аччиқланиб.

— Мен, — дея кутилмаганда эркак овози келди эшикнинг ортидан.

* * *

Машинага қараб бўлмасди. Ҳамма ойналари чил-чил синган, капоти ғижимланган, моторга олдинда жой қолмагани боис салон тарафга ичкарилаган, эшиклар илгакдан узилиб, асфальт йўлдан жой олишганди. Эндиликда пастда қолган томнинг текислигидан асар ҳам қолмаган эди.

Бир қарашда бу машинадагиларнинг ҳаммасига аза очиб қўявериш мумкин эди. Аммо  Худонинг  кароматини  қарангки, қизи каби Содиқнинг фақатгина оёғи ва битта қўли синди. Муроднинг боши ёрилди. Юзини ойна кесиб кетди. Шаҳло эса қўрққанидан ҳушидан кетиб қолди. Машина тўнтарилганини кўришлари билан ёрдамга етиб келган одамлар айнан уни ўлганга чиқаришди ва биринчи тўхтаган машинага ётқизиб касалхонага жўнатиб юборишди. Қолган икки жабрланувчи инграр, нима бўлганига ҳали-ҳамон тушунишмасди.

Содиқни машинадан суғуриб олишгач, у ҳушини йўқотди. Уни тасодиф туфайли шу ердан ўтиб қолган “Тез ёрдам” машинаси олиб кетди. Мурод “Тез ёрдам”га чиқишни хоҳламади. Шунча мажбурлашларига қарамай, “Кетмайман!” деб оёқ тираб туриб олган, тўнтарилиб ётган машина атрофида гарангсиб айланар, тинмай Шаҳлони қидирарди. У ҳам боши қаттиқ чайқалганидан энди ён-атрофидагиларни кўриб-кўрмай қолаётган эди. Худди маст одамдай чайқалиб юрарди. “Шаҳло! Шаҳло!” — деб бақирар, ёрдамга келганлар у кимни қидираётганини англашиб, қизни касалхонага олиб кетишганини айтишса-да, барибир у қидиришда давом этаверарди. Аввалига йигитни ўз ҳолига қўйганлар ундаги ўзгаришни сезишгач, дарров машина тўхтатишди.

Нуриддин ИСМОИЛОВ

(Асарнинг кейинги қисмларини яқин соатларда ўқийсиз)

Аввалги қисмларни ўқиш учун қуйидаги ҳаволаларни босинг:

Мафия сардори (1-қисм)

Мафия сардори (2-қисм)

Мафия сардори (3-қисм)

Мафия сардори (4-қисм)

Мафия сардори (5-қисм)

Мафия сардори (6-қисм)

Мафия сардори (7-қисм)

Мафия сардори (8-қисм)

Мафия сардори (9-қисм)

Мафия сардори (10-қисм)

Мафия сардори (11-қисм)

Мафия сардори (12-қисм)

Мафия сардори (13-қисм)

Мафия сардори (14-қисм)

Мафия сардори (15-қисм)

Мафия сардори (16-қисм)

Мафия сардори (17-қисм)

Мафия сардори (18-қисм)

Мафия сардори (19-қисм)

Мафия сардори (20-қисм)

Мафия сардори (21-қисм)

Мафия сардори (22-қисм)

Мафия сардори (23-қисм)

Мафия сардори (24-қисм)

Мафия сардори (25-қисм)

Мафия сардори (26-қисм)

Мафия сардори (27-қисм)

Мафия сардори (28-қисм)

Мафия сардори (29-қисм)

Мафия сардори (30-қисм)

Мафия сардори (31-қисм)

Мафия сардори (32-қисм)

Мафия сардори (33-қисм)

Мафия сардори (34-қисм)

Мафия сардори (35-қисм)

Мафия сардори (36-қисм)

Мафия сардори (37-қисм)

Мафия сардори (38-қисм)

Мафия сардори (39-қисм)

Мафия сардори (40-қисм)

Мафия сардори (41-қисм)

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here