«Лайк босинг, мен бахтлиман!»

0

Ота-боболаримиз бизга “Йиқилган одамни кўрсанг, дарров бориб уни турғазиб қўй” деб ўргатишган. Ҳозир эса аксинча, аксарият одамлар йиқилган кишини кўрса аввало телефонини қўлига оляпти. Унга ёрдам беришдан кўра, олган видеосини интернетга жойлаб, минглаб лайклар йиғишни маъқул кўряпти. Глобаллашув даврида инсониятга энг катта зарар етказаётган жиҳатлардан бири ҳам айнан телефон бўлиб турибди.

Айни пайтда бизнинг диний қараш ва анъаналаримизга зид равишда фисқу-фасод нарсалар, бузуқлик, беҳаёлик ва шунга ўхшаш нарсаларни тарғиб қилиб, интернет тармоғида сохта обрў орттиришга ҳаракат қилаётганлар сони бугун кўпайиб бораётгани барчамизни ташвишлантиради. 10-15 йил олдин бугунги воқеа-ҳодисаларни тасаввур ҳам қила олмасдик. Бугун эса буларнинг барчаси реал воқеликка айланди.

Болалигимда “Ҳадис ва ҳаёт” китобида Имом Термизий ривоят қилган бир ҳадис эътиборимни тортганди. Абул Ясир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Бир аёл ҳузуримга хурмо сотиб олиш учун келди. Мен уйда бундан яхши хурмо бор, дедим. У мен билан уйга кирди. Унга томон энгашиб, ўпиб олдим. Кейин Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг олдига бориб, унга ҳалиги ишни зикр қилдим. У: «ҳеч кимга билдирма. Тавба қил», деди”.

Ажобо… нега энди бу саҳоба бир аёлни уйига алдаб бошлаб кириб, ожизалигидан фойдаланиб ўпиб оляптию, саҳобайи киромларнинг энг афзаллари бўлган Абу Бакр сиддиқ розияллоҳу анҳу унга қаттиқ жазо тайинламай, «Ҳеч кимга билдирма. Тавба қил», демоқдалар. Кўринишдан Абу Бакр розиаллоҳу анҳу масаланинг каффорати қандай бўлишини билмайдилар шекилли. Абу Ясир розияллоҳу анҳу ҳам шунга ўхшаш хаёл қилдиларми, Умар розияллоҳу анҳунинг олдига бордилар.

“Сўнг Умарнинг олдига бориб ҳалиги ишни зикр қилдим. Ана энди масала узил-кесил ҳал бўлса ажабмас, Абу Бакр розияллоҳу анҳу табиатан юмшоқ феълли киши. Умар розияллоҳу анҳу керакли жавобни берсалар керак. Қизиғи у зотнинг жавоблари ҳам юқоридагига ўхшаш бўлди. Жазо ҳақида лом-лум демадилар:

«Ўзингни бекит. Тавба қил. Ҳеч кимга айтма», деди”.

Нега энди бундай бўляпти. Рамазон рўзасини очиб қўйган одамга, каффоратига олтмиш кун рўза тутишни буюрадиган, зинокорликка қаттиқ курашадиган динда, бундай катта гуноҳни қилган кишига тавба қил, ҳеч кимга билдирма деб кифоя қилиняпти. Наҳотки шариатта бу каби ҳолатга қаттиқроқ жазо таъйин қилинмаган бўлса.

Абу Ясир розияллоҳу анҳу яна жавобдан кўнгиллари тўлмадими:

“Сабр қила олмай Росулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бордим. Мана энди масала узил-кесил ҳал бўлади. Энди жавобни Пайғамбар алайҳис саломнинг ўзлари берадилар. Абу Бакр ва Умар розиаллоҳу анҳуларнинг жавобларига тескари гапни айтиб, билмасдан жавоб берган икки саҳобаларини койиб ҳам қўйсалар ажабмас. Ахир Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам ҳали ҳаётлар, шариати ислом ҳали тўлалигича мукаммал бўлмаган бир давр. Билмасдан туриб жавоб бериб юборган бўлишлари мумкин.

У зот бошларини қуйи солиб, узоқ туриб қолдилар. То Аллоҳ у кишига “Намозни наҳорнинг икки тарафидан (яни бомдод, пешин, аср намозлари) ва кечанинг бир қисмида (шом ва хуфтон) адо эт” оятини нозил қилгунича турдилар”.

Ҳадиси шарифнинг Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳи қилган ривоятларида, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг жавобларини аниқ тушиниб олиш мумкин:

Аллоҳ таоло: «Намозни наҳорнинг икки тарафидан ва кечанинг бир қисмида адо эт. Албатта, яхшиликлар ёмонликларни кетқазур», оятини нозил қилди.

Сўнгра ҳалиги одам:

«Эй Аллоҳнинг Расули. Бу менинг ўзимгами?»

«Барчага, менинг умматимнинг ҳаммасига», дедилар”.

Буни қарангки, сарвари коинот, комил шариатни етказувчи бўлган Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи васаллам ҳам жазо тайинламадилар.

Болаларча ноқис ақлим билан ажабо у зот саллоллоҳу алайҳи васаллам нега бундай жавоб қилдилар экан деган фикр ўтди. Балки мени фаҳмим етмайдиган бирор ҳикмати бўлса керак, деб саволимга нуқта қўйиб турдим. Бу масала то оқу-қорани таний бошлаб, кўчадаги одамлар билан эркин мулоқотга кириша бошлагунимга қадар давом этди. Аксарият одамларнинг бўлган-бўлмаган, эшитсанг наҳотки деб ёқангни ушлайдиган гап-сўзларни бир-бирига айтиб ўзларича ҳаётдан завқ олиб, лаззатланиб ўтиришига гувоҳ бўлдим. Маълум воқеага дахли йўқ, ўзи гувоҳ бўлмаган одамлар тарафидан фисқу-фасод гаплар кўпинча тайёр туради. Гувоҳлик маласасини-ку, гапирмаса ҳам бўлаверади.

Динимизнинг гўзаллигини қарангки, Ҳотамул анбиё саллоллоҳу алайҳи васаллам ҳикмат билан, ҳали вояга етган-етмаган болаларни ҳам қалбини қотириб қўядиган фисқу-фасодни ёйилишини сақлаб, ҳукмини Аллоҳга қолдиришга ўргатиб кетган эканлар. Шариатимизда ҳар бир масаланинг ечимини топишда тарозига қўйиб, зарари камроғини танланишини ана ўшанда тушуниб етганман.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, ҳозирги кунда кўча-кўйда рухсатсиз тасвирга олинган ҳар хил видео, аудио маҳсулотларни тарқатиш, айниқса фасод ишларни ёювчи ҳар қандай ишларни қилиш ножоиздир. Фисқу фужур ишларни қилаётган кишини кўрганда уни қайтариш вожиб амал саналади.

Зеро, Аллоҳ таоло ўзининг муборак каломида: “Албатта, иймон келтирган кишилар ўртасида бузуқликлар ёйилишини истайдиган кимсалар учун дунёда ҳам, охиратда ҳам аламли азоб бордир. Аллоҳ билур, сизлар билмассиз”, – деб марҳамат қилади (“Нур” сураси, 19 оят).

Имом Муслим ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:“Сизлардан бирингиз мункар ишни кўрса, уни қўли билан ўзгартирсин, агар унга қодир бўлмаса, тили билан, агар бунга ҳам кучи етмаса, кўнгли билан ўзгартирсин. Бу эса иймоннинг энг заифидир”, – деганлар.

Бирор-бир ножўя ҳаракат қилаётган одамни кўрганда, аввало унга бу иши нотўғри эканини тушунтиришга ҳаракат қилган маъқул. Агар гап кор қилмаса, сукутни афзал билиш ўринли. У ҳолатни телефонга ёзиб олиш ёки бошқаларга ҳам айтиб, ёйиб юбориш мўмин кишига хос одат эмаслигини юқорида келтирилган оят ва ҳадислар орқали ҳам тушуниб олишимиз мумкин.

Сўзимизни Фузайл ибн Иёзнинг қуйидаги гапи билан якунлаймиз: “Мўмин яширади ва насиҳат қилади, фожир эса ошкор қилади ва айблайди”.

Нусратуллоҳ МУҲАММАД АЛИ

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here