Мафия сардори (44-қисм)

0

Ваҳоб бировнинг кўнглини олишга жуда уста эди. У аллақачон муздеккина Россия пивоси билан газак ҳам келтириб қўйганди. Мурод машинага келиб ўтириши билан: “Иш битдими-йўқми?” — деб сўрамади. Пиво тутқазди қўлига. “Афсус, ўзим рулдаман. Бўлмаса, жон-жон деб ичардим”, деди. Муроднинг кўпам ишқибозлиги йўқ эди. Лекин ҳозир олди. Қулқуллатиб ичди. Сўнг лабини артиб, Ваҳобга юзланди.

— Иш битдими? — сўради Ваҳоб.

Мурод шошилмасдан яна бир қултум пиво ичди. Кейин Ўктам нима деб ўргатган бўлса, ҳаммасини шеърдай қилиб айтиб берди.

— Ошна, — деди дарров ранги ўзгарган Ваҳоб, — озгина қимматми дейман?

— Ўктам нима деган бўлса, шуни айтдим. Сенинг менга бир тийининг ҳам керакмас. Ишонмасанг, бориб ўзинг гаплаш, — деб унинг кўзига тикилди Мурод.

— Ишонаман, ишонаман. Агар менга ўхшаган таргаш бўлганингда ишонмасдим… Қани, битта ҳисоблаб кўрайлик-чи, — деб Ваҳоб қўлига калькулятор олди-да, узоқ муддат рақам терди. Нималарнидир олиб ташлади. Нималарнидир қўшди. Бошини сарак-сарак қилди. Сўнг пешонасидаги терни артиб ўртоғига юзланди.

— Ҳеч бўлмаса, яна беш юз тушиб бермасмикан? — деди.

— Мен бизнес деган нарсани умуман  тушунмайман.  Кейин битта жойга икки марта кирмайман ҳам. Қолганини ўзинг ҳал қилавер.

— Аввалгидай чўрткесар, ўжарсан-да, оғайни. Бўпти, иложимиз қанча? Ҳар қалай, бозордан анча арзон экан-ку. Эртага пулини опкеламан. Сенинг уйингга телефон қиламан. Ёрдамлашиб юборасан. Соққангниям ўшанда оласан. Бўптими? Ҳозир мен битта жойга ўтиб келай, срочний чақириб қолишди.

Унинг нима демоқчилигини дарров тушунган Мурод эшикни очиб пастга тушаркан, қўлидаги пивони кўрсатиб:

— Менда қолаверсинми? — деди.

Ваҳоб унга хунук қараш қилди. Шу билан озгина ижирғанганини ҳам билдириб қўйди. Қўли билан: “Ичавер”, ишорасини қилди-да, машинага газ берди.

Эртасига тушгача Мурод уйидан жилмай Ваҳобнинг қўнғироғини кутди. Лекин телефон жим эди. Тўғрироғи, бир-икки марта жиринглади. Бошқалар экан. Унинг ҳафсаласи пир бўлди. “Бир марта имконият туғилувди, шуниям эплолмадим”, деб энди касалхонага — Шаҳлонинг ёнига кетмоқчи бўлиб турганида телефон безовталаниб қолди. Ўзгача қувонч билан Мурод гўшакни кўтарди-ю, қулоғига оборар-обормас:

— Алло, — деди шошиб.

Аммо кутилган овоз келмади гўшакдан.

— Оғайни, синфдошинг пул опкеб беришини кутиб ўтирибсанми? Маладес. Ўтиравер, минг йил кутганингдаям у сени чақирмайди. Чунки кечанинг ўзида бизга ҳамма пулни ўзи келтириб берди. Стол-стулниям машинага ортиб олиб кетди, — дея кулги аралаш гапирди Ўктам.

— Йўғ-э, — деди Мурод алланечук бўлиб.

— Лекин мен сени эсимдан чиқарганим йўқ. Анҳор бўйидаги кафега кел. Ўтирамиз чақчақлашиб.

Мурод бўшашибгина гўшакни қўйди. Кайфияти тушиб айвонга борди. Тапчанга ўтириб кўзини юмди. “Нега мен бунчалик омадсизман? Ниманики мўлжалласам, дарров тескарисига айланиб кетади. Бир мартагина тузукроқ пул ишлаб олмоқчийдим. Шуям насиб этмади-я. Ойимдан олган пулимни қандай қилиб қайтараман? Жонга тегиб кетди ҳаммаси. Ҳозир Ўктамнинг ёнига бораман-да, у билан тўйиб ичаман”, дея ўйлади ва дарров ўрнидан туриб ташқарига йўналди.

Ўктам аллақачон ўзи айтган қаҳвахонага бориб, егуликка буюртма бериб ҳам бўлган экан. У ҳар доимгидай ўрнидан туриб, қучоқ очиб Муродни кутиб олди. Сўнг ўтиришга таклиф қилди.

— Бир бутилкадан муздай пиво ичамиз, — деди.

— Яхшиси, муздай ароқ ичайлик. Сиқилиб кетдим, — деб унга термилди Мурод.

— Сиқилишга бало борми? Ҳаммаси зўр бўлади. Лекин майли, сазанг ўлмасин, кўп бўлмасаям юзта-юзта қиламиз.

Ароқ ичилиб, ортидан тўрт сихдан кабоб ейилганидан кейин Ўктам қўлини чўнтагига тиқиб қоғозга ўралган бир нарсани олди-да, Муроднинг олдига қўйди.

— Нима бу? — сўради йигит ҳайрон бўлиб.

— Сенинг улушинг.

— Беш мингам чиқмайдими дейман. Бунча пулни гадойлар ҳам тушгача топиб қўйишади. Керакмас, мана, ҳақ бераяпсан-ку, шунинг ўзи етади, — деди Мурод норози бўлиб.

— Сен аввал бунинг ичини очиб кўр. Ёқмаса, кейин қайтариб берарсан.

Мурод қоғозга ўралган пулни қўлига олди. Атрофини айлантириб кўрди. Сўнг секин қоғознинг бир четини йиртиб кўрди-да, ҳайратдан кўзлари олайиб кетди. Чунки қўлида бир даста доллар турганди.

— Икки минг кўкида.

* * *

Эркак кишининг товушини эшитган барзанги бирдан белига қистирилган тўппончани қўлига олди:

— Кимсан? — сўради қайтадан.

— Милицияданман, — жавоб қилди Шоҳруҳ. Унинг-да қўлида тўппонча бор эди.

— Милиция?! — деди ҳайрон бўлган барзанги ва нарироқда шошилмасдан пулларни тахлаётганларга қаради.

— Падар лаънатининг келган пайтини қара. Соққаларнинг устига дастурхон ёпиб қўямиз, — деди улардан бири ва эринибгина ўрнидан тураркан, — роса чекким келиб турганди, — деб қўшиб қўйди.

Эшик ёнидаги барзанги тўппончасини қайтиб жойига қўйди ва шериклари ишларини битиришларини кутиб турди. Фақат шундан кейингина шарақ-шаруқ қилиб эшикни очди. Айнан шуни кутиб турган Шоҳруҳ уни кўриши билан тўппончасининг дастаси билан барзангининг қошлари оралиғига зарб билан туширди. Барзанги “мент”лардан қўрқмасди ва айни пайтда улар бирдан бунақанги ҳаракат қилади, деб ўйламасди ҳам. Шу боис вужудини бўш қўйганди. Оқибатда, бирдан орқасига гурсиллаб ағанади.

Қолган барзангиларнинг эса ёнида қуроллари йўқ эди. Бунақа бўлишини улар ҳам кутишмаганди. Шу боисдан, қисқа муддатга анграйишди ва натижада вақтни бой беришди. Уйга бостириб кирган Шоҳруҳ уларга тўппончасини ўқталди-да:

— Биронтанг қимирласанг, илма-тешик қилиб ташлайман! — деб бақирди.

Барзангилардан бири ҳиринглаб:

— Брат, бошлиғингдан балога қолгинг келдими, бизнинг кимлигимизни билмайсанми? — деди ва ёнидаги шеригининг елкасига қўл қўйди. У “мент”лар бунақанги жойларга ёлғиз келмаслигини яхши биларди. Бунинг бир ўзи пайдо бўлибдими, демак, ўзининг иши бор. Барзангининг тахминича (дарвоқе, унинг исми Омар эди), ғўдайган бу “лайча”га пул ёки наша керак.

— Агар яна озгина қимирласанг, ўзингдан ўпкала! — деди Шоҳруҳ жаҳл билан.

— Бўпти, келишдик. Биз эркакмиз. Қанча пул керак сенга? Хоҳлаганингча беришимиз  мумкин. Олгин-да,  қорангни ўчир, — деди Омар қўлини ҳавода силкиб ва шундагина бостириб кирган йигитнинг қуроли стволига овоз пасайтиргич ўрнатилганига эътибор берди. “Ментлар бунақа қилишмайди”, деган ўй яшин тезлигида хаёлидан ўтди. Ўтди-ю, аммо босқинчининг кимлигини суриштиришга улгурмади. Чунки Шоҳруҳ тепкини босганди. Сонида бирдан пайдо бўлган оғриқ Омарни ўкиртириб юборди. У гурсиллаб полга йиқилганча уввос торта бошлади.

Қолган икки барзангининг кўзлари олайиб кетди. Зеро, ҳалигача биронта одам уларга бунақанги муомала қилмаганди. Ҳамма қўрқарди. Ҳатто милициядагилар ҳам. Чунки улар аллақачон хўжайинлари томонидан қўлга олинганди. Нима десалар барига кўнишарди.

— Қўлларингни бошларинг орқасига қўйиб ётинглар. Бўлмаса, сенларниям отиб ташлайман! — деб бақирди Шоҳруҳ қолганларига.

Ноилож қолган барзангилар дарров унинг айтганини бажаришди.

Эшик очиқ қолган эди. Унинг ёнида бошқа бир барзанги пешонасига теккан зарбадан кейин ҳушини йўқотиб ётарди. Шоҳруҳ эшикни ёпмаса, қўшнилардан биронтаси ўтиб қолар, ичкаридаги воқеани кўрмаса-да, бақир-чақирни эшитар ва “мент”ларга хабар берарди.

Шуларни ўйлаган йигит бошларини қучоқлаганча юзларини полга босиб ётганлардан ва айни чоғда оғриқ азобидан инграётган Омардан кўзини узмаган ҳолда бир-бир орқасига қадам ташлаганча эшикка яқинлаша бошлади. Худди ўша маҳал Омарнинг ёнига ажал етиб келди.

У босқинчини кетаётган хаёл қилиб (гарчи у азобдан қийналаётган эса-да, Шоҳруҳнинг нима қилаётганини кўриб турарди. Айни чоғда биринчи имконият бўлиши билан ўч олиб қолишни ҳам ўйларди), бирдан қўшни хонада турган қуролига интилди ва бошининг ҳам тешилишига сабабчи бўлди. Аммо шу пайт унинг ниятини бошқа бир барзанги амалга ошириш учун икки марта қўшни хона томонга умбалоқ ошди.

Шоҳруҳ унинг ортидан югураркан, эҳтиётсизлик қилиб, ерда чўзилиб ётган бошқа барзангининг ёнидан ўтаётиб оёғи чалиниб кетди. Ёшлигида курашларга қатнашган ва кўп марталаб курашчиларнинг елкаларини ерга теккизган Исроил (тўртинчи барзангига ота-онаси катта умидлар билан шундай исм қўйганди. Аммо бу исмнинг умри бор-йўғи йигирма беш йил бўлди. Кейин ўрнини Қашқир деган лақабга бўшатиб берди) Шоҳруҳнинг оёғидан ушлаб қолганди.

Шундай эса-да, Шоҳруҳ йиқилаётиб қуролни олишга ва жуда яқин қолган барзангининг белини мўлжалга олишга улгурди. Кейин тўппонча қўлидан отилиб кетди.

Буни кўриб товонигача қувониб кетган Исроил ўзини душманининг устига отди. Шоҳруҳ шундай бўлишини олдиндан билганди. Шу боис ўзини четга олишга улгурди. Исроил гурсиллаб пол устига тушди. Бироқ у-да чаққон эди. Бир қўли билан Шоҳруҳнинг елкасидан ушлаб қолди, шу заҳоти иккинчи қўли унинг ёқасига ёпишди. Олишув бошланиб кетди.

Аввалига Шоҳруҳ уни устидан ағдарган бўлса, кейин яна остига тушиб қолди. Исроилнинг башарасига мушт туширишга уриниб кўрди. Аммо эплаёлмади. Курашчи чап берди. Чунки ҳозир унинг қоидаси бўйича уришиш кетаётганди. Мабодо, иккаласи ҳам тик оёқда бир-биридан озгина узоқликда бўлганида эди, шубҳасиз, Шоҳруҳ рақибини қонига белаб ташларди. Бироқ чайир Исроил бунга йўл қўймас, остига босиб олган йигитни қаттиқроқ бўғишга ҳаракат қиларди.

Айни шу дамда эшик ёнида чўзилиб ётган барзанги кўзини очди. Боши қаттиқ оғриётганидан икки қўллаб сиқди, кейин ўрнидан туриб ўтирди ва бақир-чақир қилиб олишаётганларга кўзи тушди. Аввалига нима бўлаётганини англаёлмади. Чунки унга ўзиникилар бир-бири билан уришишаётгандай туйилди. Кейин бирдан ёдига эшикдан кириб келган “мент” тушди ва ёнидан қуролини олиб тураётганида тағин бир нарса “қарс” этиб,  унинг кўз олди  қоронғилашиб кетди. Ва ҳамма нарса туман ортида қолиб, ён томонига гурсиллаб йиқилди.

Шоҳруҳнинг жуда узоқ қолиб кетганидан уни кутиб турганлар хавотир олишаётганди. Бек бир неча марта машинадан тушиб яна қайтиб чиқди. Тўғрироғи, Бахтиёр қайтарди. “Шошмайлик, ёрдам берамиз деб, режасини бузиб қўймайлик. Ҳар қалай, у атайин жонини хавфга қўймас”, деди.

— Ўзингиз ўйлаб кўринг, камида ўн киши йиғилган бўлса, биргина Шоҳруҳнинг қўлидан нима келарди? Бунинг устига, фақат казо-казолари тўпланишади. Бундай ўтираверсак, аниқ уни бир бало қилиб қўйишади, — дея Бек сиқилганидан кўйлагининг иккита тугмасини ечди.

Бахтиёр индамади. Шоҳруҳ кириб кетган йўлакка термилганча ўтираверди.

Охири Бек чидолмади. Машинадан сакраб тушди-да, югурганча кетди. Унинг ортидан қолганлар ҳам эргашишди. Биринчи қаватга чиқишлари билан тепада бўлаётган тўполон эшитилди. Қадамлари тезлашди. Бек ярим очиқ турган эшикдан қўлида тўппонча ушлаганча ичкарилаётган барзангини кўрди ва орқа миясига қўлидаги қурол билан уриб уни ағдарди. Бу пайтда Исроил Шоҳруҳнинг қўлидан учиб кетган тўппонча ёнига бориб қолган ва уни олишга улгурганди.

Нуриддин ИСМОИЛОВ

(Асарнинг кейинги қисмларини яқин соатларда ўқийсиз)

Аввалги қисмларни ўқиш учун қуйидаги ҳаволаларни босинг:

Мафия сардори (1-қисм)

Мафия сардори (2-қисм)

Мафия сардори (3-қисм)

Мафия сардори (4-қисм)

Мафия сардори (5-қисм)

Мафия сардори (6-қисм)

Мафия сардори (7-қисм)

Мафия сардори (8-қисм)

Мафия сардори (9-қисм)

Мафия сардори (10-қисм)

Мафия сардори (11-қисм)

Мафия сардори (12-қисм)

Мафия сардори (13-қисм)

Мафия сардори (14-қисм)

Мафия сардори (15-қисм)

Мафия сардори (16-қисм)

Мафия сардори (17-қисм)

Мафия сардори (18-қисм)

Мафия сардори (19-қисм)

Мафия сардори (20-қисм)

Мафия сардори (21-қисм)

Мафия сардори (22-қисм)

Мафия сардори (23-қисм)

Мафия сардори (24-қисм)

Мафия сардори (25-қисм)

Мафия сардори (26-қисм)

Мафия сардори (27-қисм)

Мафия сардори (28-қисм)

Мафия сардори (29-қисм)

Мафия сардори (30-қисм)

Мафия сардори (31-қисм)

Мафия сардори (32-қисм)

Мафия сардори (33-қисм)

Мафия сардори (34-қисм)

Мафия сардори (35-қисм)

Мафия сардори (36-қисм)

Мафия сардори (37-қисм)

Мафия сардори (38-қисм)

Мафия сардори (39-қисм)

Мафия сардори (40-қисм)

Мафия сардори (41-қисм)

Мафия сардори (42-қисм)

Мафия сардори (43-қисм)

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here