Мафия сардори (45-қисм)

0

Исроил тўппончани ишлатишнинг иложини тополмади. Чунки худди шу маҳал унинг қўлига Шоҳруҳ ёпишганди. У қуролни тортиб олишга уринди, лекин уддасидан чиқолмади. Шоҳруҳнинг қўли шунчалик чайир эдики, бармоқларини очишнинг иложи йўқ эди. Қайта-қайта чиранишлари фойда бермади. Алам қилганидан йигитнинг бошига бўш қўли билан урди. Шундаям Шоҳруҳ унинг қўлини қўйиб юбормади. Исроилга жуда алам қилиб кетди. Кўзига ҳеч нарса кўринмай, душманининг бўйнидан тишламоқчи бўлганида оёқлари орасидан шунақанги тепки едики, кўзи чиқиб кетай деди. Бутун танаси бўшашиб, қуролни қўйиб юборди. Агар кейинги тепкилар, муштлар борлигини билганида жони чиқса ҳам тўппончани ташламаган бўларди. Шоҳруҳ уни шунақанги муштлардики, бечора Исроил нафас олишга ҳам улгурмасди. У қулади. Қулаганда ҳам бурнию иккита тиши синиб, башараси қора қонга ботиб қулади. Агар Бек Шоҳруҳнинг белидан қучоқлаб ушлаб қолмаганида, ғазаб отига минган йигит душманини ўлгунича тепкиларди.

Белидан қучоқлаган киши Бек эканлиги Шоҳруҳнинг хаёлига ҳам келмаганди. Шу боис тирсаги билан унга қарамаган кўйи биқинига туширди.

— Нима қилаяпсан?! — деди Бек букчайганча инқиллаб. Шоҳруҳ бир неча сония унга қараб турди.

— Сенлар нима қилиб юрибсанлар? Айтувдим-ку, кутинглар деб, — деди.

У Бекнинг кейинги гапларини эшитмади. Исроилга юзланди. Тепмоқчи бўлди. Лекин ниятидан қайтди.

— Бу гўрсўхталарни битта жойга тўпланглар, кейин хоналарнинг ҳаммасини бирма-бир текшириб чиқинглар, — деди у нафасини ростлаб олишга улгурган Бекка қараб.

Унинг буйруғидан кейин шериклари дарров ишга киришиб кетишди. Ҳамма ёқни ағдар-тўнтар қилиб чиқиш кўп вақтни олмади. Ярим соат ичида кийимлар, ҳар хил қоғозлар ва ҳатто пулларни полга сочиб ташлашди. Ўлжа ёмон бўлмади. Ўн килоча героин билан анчагина валютани қўлга киритишди. Ҳамманинг оғзи қулоғида эди. Шошишарди. Тезроқ бу ердан қораларини ўчиришга ҳаракат қилишарди. Биргина Шоҳруҳ бемалол, ҳар тарафга синчков назар ташларди. Унинг назарида бу ерда бошқа нарсалар ҳам бордай эди. Қандайдир ички бир сезги уни кетишга йўл қўймади. Ҳамроҳлари кетиш учун эшик ёнига борганда ҳам у хоналарга бирма-бир кириб чиқди. Ва кутилмаганда ётоқхонадаги деворга ёпиштирилган йўлбарс сурати  эътиборини  тортди. Суратнинг қоғози жуда қалин эди. Бориб уни бармоғи билан чертди. Шунда билдики, унинг орқасида қандайдир бўшлиқ бор. Шоша-пиша қоғозни йиртиб ташлаган эди, орқасидан фанер эшик чиқди. Унинг ҳеч қанақанги қулфи йўқ эди. Лекин кўринишидан эшикнинг ўзгинаси. Эшик борми, демак, унинг ортида нимадир яширинган. Шоҳруҳ иккита фанер бирлашган жойдаги кичик ёриққа қўлини тиқиб ўтирмади. Мушти билан урганди, фанер синиб кетди. Шунда унинг кўзи қатор териб қўйилган автоматларга тушди. Биттасини секин олди. Айлантириб кўрди.

— Бек! — деди ортига ўгирилиб.

Шоҳруҳнинг овозини эшитиши билан Бек у турган хонага югуриб кирди.

— Қара, нима топдим? — дея Шоҳруҳ қўлидаги автоматни кўрсатди. Бекнинг кўзи олайиб кетди.

— Ўҳ-ҳў, — деб бошини сарак-сарак қилди, — роса жойига тушган эканмиз-ку!

— Болаларга айт, тез ҳаммасини йиғиштириб олишсин-да, бирон нимага ўраб мошинага ортишсин. Домдагиларнинг ҳаммасига реклама қилиб юборманглар тағин.

Йигитлар дарров ишга киришишди. Кўнгли хотиржам тортган Шоҳруҳ эшик томон кетаётганида стол устида турган компьютерга кўзи тушди. Бир хаёл уни синдириб ташламоқчи бўлди-ю, аммо дарров ниятидан қайтди. Дарров процессорни мониторидан ажратиб ўзи кўтариб олди.

— Мен сени танидим, — деди Шоҳруҳ хонани тарк этаётганда деворга елкасини тираб оёғини узатиб ётган Исроил. Шоҳруҳ унга ўгирилиб қаради. Барзанги бечоранинг кўзлари деярли кўринмас, лабидан ҳали-ҳануз қон оқмоқда эди, — бозорда икки-уч марта кўрганман. Арининг уясига тегиндинг. Энди бутун уруғ-аймоғингни қуритиб юборамиз.

— Шунақами? — дея изига қайтиб келиб унинг пешонасига тўппонча тиради Шоҳруҳ. — Бунинг учун аввал ўзинг тирик қолишинг керак.

Исроилнинг юмилиб қолаёзган кўзлари очилди. Ўйладики, ҳозир бу эсини еган бола тепкини босиб юборади. Аммо Шоҳруҳ ундай қилмади. Ҳатто тарсаки ҳам туширмади. “Пақ!” деди уни қўрқитиб, кейин:

— Ожизларга ўқ отмайман, — дея қўшимча қилиб қўйди-да, қуролни чўнтагига солиб хонадан чиқиб кетди.

Машиналар йўлга тушганидан кейин Шоҳруҳни негадир ҳаяжон боса бошлади. Ҳамма нарса хамирдан қил суғургандек битди. Энди бемалол манзилга етиб олишади. Ҳатто Юлдуз қандай кутиб олишини ҳам тасаввур қилиш мумкин. Аммо кўнглининг безовталиги баттар кучайиб бораяпти. “Балки анави ярамаснинг гаплари энди таъсир қилаётгандир”, деб ҳам ўйлади у. Йўқ, ҳартугул, буларнинг бари бекор бўлиб чиқди. Унинг машиналари ҳеч бир тўсиқсиз Юлдуз турган уйга етиб келди.

Қиз катта тезликда келаётган машиналарни кўриб аввалига ҳайрон бўлди. Уйга югуриб кирди-да, тўппончасини олиб чиқди. Кампирга оғилхонага бориб туришни тайинлади. Кейин: “Очиқда турсам, улар мени дарров мўлжалга олишади”, — деб ўйлади. Қайтадан уйга кириб деразанинг бир кўзини очди-да, уловларнинг тезроқ етиб келишини кутди.

Биринчи “Жип”дан Шоҳруҳ сакраб тушганини кўргач, бўшашди. Ҳатто кўзида ёш ҳам пайдо бўлди.

— Жинни, — деди пичирлаб ва шу ондаёқ юзига табассум югурди. Тез-тез юриб ташқарига чиқди.

Йигит билан қизнинг нигоҳи тўқнашди. Юлдузнинг юзидаги ним табассумга яна нимадир қўшилган эди. Эҳтимол, озгина хафалик, озгина араз, балки ноз ҳамдир. Аммо не бўлганда ҳам табассум жозибасини икки ҳисса ошириб юборганди.

— Вой-бў, — деди Юлдуз йигитнинг юзидан ўпиб қўяр экан, — қаердан топдингиз шунча мошинани?

— Шаҳарга тушсам, учаласи турган экан. “Мошина кимники?” — деб уч марта бақирдим. Ҳеч ким жавоб қилмади. Топган топалоқники деб, миниб келавердим, — дея жавоб қилди Шоҳруҳ.

Унинг гапидан кейин уловлардан тушиб тўдалашиб турган йигитлар орасида енгил кулги кўтарилди.

— Ҳали бу ҳолваси, — дея гапида давом этди Шоҳруҳ, — қолганларини эшитиб ҳушингиздан айриласиз.

Унинг имоси билан йигитлар ўлжаларни бирин-кетин уйга таший бошладилар. Юлдуз пулларни кўриб кўпам ажабланмади. Ҳаттоки наркотик ҳам унинг пинагини бузолмади. Бироқ у автоматларни кўрганида, ҳақиқатан ҳайратланди. Бироз ранги ҳам оқарди. Савол назари билан Шоҳруҳга қаради.

— Хоним, тамадди қилайлик, кейин ҳаммасини гапириб бераман, — деди унга жавобан Шоҳруҳ.

Шундай деди-ю, ошхонага аввал ўзи борди. Музлаткичдан бир парча гўштни олиб майдаламоқчи бўлганида бирдан хаёлига Исроилнинг қонга беланган башараси келди. Бир муддат пичоқни гўштнинг устида тутиб тургач, ташлаб юборди.

— Нима гап? — дея сўради унинг ортидан ошхонага кирган Юлдуз.

Шоҳруҳ жавоб қилмади. Столга ўтирди. Бошини кафтлари орасига олди.

— Тинчликми, сизга нима бўлаяпти? Нега бирдан рангингиз оқариб кетди? — деб Юлдуз унинг қўлларини олиб кўксига босди.

— Овқат тайёрлашингизга ёрдамлашмоқчийдим. Уддалолмасканман. Анави ярамаснинг башараси эсимга тушиб кетди.

Юлдуз секин йигитнинг сочларини силади, сўнг энгашиб юзидан ўпиб қўйди.

— Ҳаммаси яхши бўлади, яхши, — дея ўзига-ўзи далда берган бўлди Шоҳруҳ ва ўрнидан турди-да, музлаткичдан бир шиша ароқ олиб пиёлани тўлдирди. Ичди. Тағин тўлдирди. Аммо бу сафар ичишга улгурмади. Юлдуз олиб қўйди.

— Бу аҳволингизда бошқа ичманг, маст бўп қоласиз. Яхшиси, ўша ярамас ҳақида менга гапириб беринг-чи, — деди у.

Столга ўтирган Шоҳруҳ талай муддат кўзини юмиб турди. Сўнг машина сотиб олганларидан тортиб, шу ерга етиб келгунча бўлиб ўтган воқеаларни бирма-бир гапириб берди. Юлдуз орага сўз қўшмади. Бутун вужуди қулоққа айланиб йигитнинг гапларини тинглади. Гоҳ қизарди, гоҳида оқарди. Баъзан титраб кетди.

— Жинни, — деди Шоҳруҳ ичидагини тўкиб бўлганидан кейин, — улар тўрт киши эмас, ўнта-йигирмата бўлганида нима қилардингиз? Бир иш қилишдан аввал, салгина ўйласангиз бўлмайдими?

— Ўйлагандим, эшикни очган кишини башарасига тушириб, кейин жуфтакни ростламоқчийдим. Қизиқиш устида ичкарига кириб кетибман. Одатда, улар кўпчилик бўлиб йиғилишарди. Лекин шуни аниқ билардимки, ярмидан кўпи шунчаки маишат учун тўпланишарди. Ана шундан фойдаланиш ниятим бор эди.

— Ниятингиз амалга ошганидан хурсандман. Аммо энди бошқа бундай қилманг. Ҳамма сизнинг менга яқин бўлиб қолганингизни билади. Шундай бўлсаям, ортиқча хатти-ҳаракатингизни кечиролмайман. Тўғри, ҳозир йўлбошчисиз. Шунинг учун ўзимни катта тутиб айтаётганим йўқ. Азбаройи…

Юлдуз қолган гапни айтолмади. Дилидагини тилига чиқаришга кучи етмади унинг. Бунинг ўрнига йигитни маҳкам қучди. Шундан кейингина:

— Сиз менга кераксиз, — дея олди.

Эртасига шаҳарга тушган Шоҳруҳнинг йигитларидан бири даҳшатли хабар олиб келди. Унинг айтишича, бозордаги воқеалардан хабардор бўлиб туриш учун қолдирилган Наримон исмли йигитни кимлардир ўлдириб кетишибди. Атрофдагиларнинг ҳеч бири билмайди кимлар ўлдиришганини. Лекин юз-кўзларидан кимлар, қандай қилиб азоб берганини кўришгани аниқ сезилиб турибди. Бироқ лом-мим дейишолмайди. Қўрқишади. Ҳатто чиптачилару бозор директори ҳам елка қисганмиш. Наримоннинг чўнтагидан хат топилган. “Агар ўзинг икки кун ичида бизни топиб ёнимизга келмасанг, сен ҳам шу аҳволга тушасан, ярамас!” — деб ёзилган.

Шоҳруҳнинг бошига оғриқ кирди. Исроилни бир йўла ўлдирмаганига афсусланди. Ҳеч қурса ўзи билан олиб келмайдими? Қайтанга озроқ қийнаганида, қанча маълумотни айтиб берарди.

— Бизнинг ишда кўнгилчанлик кетмайди. Оқибати мана шундай бўлади, — деди Юлдуз хабарни эшитгач.

— Ҳали ҳаммаси учун жавоб беришади. Агар биз бу ерда савдо қилмасак, улар дунёда шундай шаҳар борлигини фақат тушларида кўришади.

Унинг нигоҳлари бир нуқтага тикилган, сўзлари ўта жиддий эди. Хабарчи йигит Шоҳруҳни шошиб қолса керак, деб ўйлаганди. Аммо у бундай қилмади. Бир-бир босиб ташқарига чиқиб кетди. Унинг ўрнига буйруқни Юлдуз берди.

— Бечорани уйига олиб боришнинг ҳамма йўлларини қилинглар. Фақат самолётда кетсин. Поезд бўлмайди, — деди у.

Шоҳруҳ кечгача ўзига келолмай юрди. Аслида бугун тўйиб ухламоқчи эди. Қани уйқуси келса, озгина тин олса тамом, бирдан хаёлига Наримон келади. Унинг ортидан эса башараси ғижимланган Исроил.

У кечки пайт ўлжа қилиб олиб келинган процессорни мониторга улади. Яхшиямки компьютерга пароль қўйилмаган экан. Унинг файлларини Шоҳруҳ бемалол оча олди. Ва кутилмаган маълумотларга кўзи туша бошлади. Уларда шаҳар мэрининг уйи, оиласи, кўпроқ нимани яхши кўриши, қачон дала ҳовлисига бориб дам олиши, нечта тансоқчиси борлиги, ўғлининг нима иш билан шуғулланиши ва ҳоказолардан тортиб, уларни қандай ва қаерда йўқ қилиш мумкинлигини ҳам ёзиб қўйишганди. Шунингдек, прокурор, милиция, суд раислари ҳақида ҳам тўла маълумот берилганди. Айниқса, прокурорнинг ўғлининг аёлларга ўчлиги, ҳаттоки, сўнгги бир ой ичида нечта жувон қучоғида бўлганлиги расмлари билан берилганди.

Шоҳруҳ маълумотларнинг ҳаммасини дафтарга ёзиб олди. Сўнг кейинги файлни очди.

“Банк “АЛФА”. 22 сентябрь. Соат 6. Ўн беш киши. Келишилган. Роман Фёдорович — раис. Оксана унинг қизи. Уйи шаҳарнинг шимоли-шарқий қисмида. Садовая — 78. Ўлдирилади”, деб ёзилганди унда.

Нуриддин ИСМОИЛОВ

(Асарнинг кейинги қисмларини яқин соатларда ўқийсиз)

Аввалги қисмларни ўқиш учун қуйидаги ҳаволаларни босинг:

Мафия сардори (1-қисм)

Мафия сардори (2-қисм)

Мафия сардори (3-қисм)

Мафия сардори (4-қисм)

Мафия сардори (5-қисм)

Мафия сардори (6-қисм)

Мафия сардори (7-қисм)

Мафия сардори (8-қисм)

Мафия сардори (9-қисм)

Мафия сардори (10-қисм)

Мафия сардори (11-қисм)

Мафия сардори (12-қисм)

Мафия сардори (13-қисм)

Мафия сардори (14-қисм)

Мафия сардори (15-қисм)

Мафия сардори (16-қисм)

Мафия сардори (17-қисм)

Мафия сардори (18-қисм)

Мафия сардори (19-қисм)

Мафия сардори (20-қисм)

Мафия сардори (21-қисм)

Мафия сардори (22-қисм)

Мафия сардори (23-қисм)

Мафия сардори (24-қисм)

Мафия сардори (25-қисм)

Мафия сардори (26-қисм)

Мафия сардори (27-қисм)

Мафия сардори (28-қисм)

Мафия сардори (29-қисм)

Мафия сардори (30-қисм)

Мафия сардори (31-қисм)

Мафия сардори (32-қисм)

Мафия сардори (33-қисм)

Мафия сардори (34-қисм)

Мафия сардори (35-қисм)

Мафия сардори (36-қисм)

Мафия сардори (37-қисм)

Мафия сардори (38-қисм)

Мафия сардори (39-қисм)

Мафия сардори (40-қисм)

Мафия сардори (41-қисм)

Мафия сардори (42-қисм)

Мафия сардори (43-қисм)

Мафия сардори (44-қисм)

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here