Эрдўған Абдулла Ориповнинг қайси шеърини ёддан ўқиди? (Тўлиқ матн)

1
Эрдўған: Ўзбекистон халқ шоири, марҳум Абдулла Ориповнинг қуйидаги ажойиб ифодаси билан айтганда,
Музаффар бўл, ғолиб бўл, ўктам,
Дўсту ёринг, қардошинг билан.
Асрларнинг силсиласида
Боқий тургай кошонанг сенинг.
Улуғ башар оиласида…
(Эрдоған турк тилида қуйидагича ўқиди шеърни: Музаффер ол, галиб ол, гючлю ол, Достун, ярин ве қардешинле, Асрлар бойунжа бакий калсин кўшкюн сенин, Улу инсанлик алеминде).
Биз дўст, қардош ва қариндош сифатида Ўзбекистоннинг ҳар доим кучли бўлишини хоҳлаймиз. Азиз ва қадрли қардошим Мирзиёевнинг бу тарихий ташрифи икки ўлка ўртасидаги тақдирдошликни янада кучайтиришини Оллоҳдан сўрайман. Бу сўзлар билан қадрли қардошимга, Ўзбекистон делегацияси аъзоларига мамлакатимизга, пойтахтимизга ва Истанбулга хуш келибсиз, деб қоламан.
Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Орипов қаламига мансуб «Ўзбекистон» шеъридаги ушбу парча қуйидаги банддан олинган:
Завол кўрма ҳеч қачон, ўлкам,
Завол билмас шу ёшинг билан.
Музаффар бўл, ғолиб бўл, ўктам,
Дўсту ёринг, қардошинг билан.
Асрларнинг силсиласида
Боқий тургай кошонанг сенинг.
Улуғ башар оиласида
Мангу ёруғ пешонанг сенинг.
Мангу ёруғ масканим маним,
Ўзбекистон, Ватаним маним.

 

Абдулла Орипов

ЎЗБЕКИСТОН

Юртим, сенга шеър битдим бу кун,
Қиёсингни топмадим асло.
Шоирлар бор, ўз юртин бутун —
Олам аро атаган танҳо.
Улар шеъри учди кўп йироқ,
Қанотида кумуш диёри,
Бир ўлка бор дунёда, бироқ
Битилмаган достондир бори:
Фақат ожиз қаламим маним,
Ўзбекистон, Ватаним маним.

Юрмасман ҳеч беҳиштни излаб,
Тополмасам чекмасман алам.
Ўтирмасман эртаклар сўзлаб,
Мусалло деб йўнмасман қалам.
Кўкламингдан олиб сурурни,
Довруғ солди устоз Олимжон,
Ғафур Ғулом туйган ғурурни
Қилмоқ мумкин дунёга достон.
Олис тарих қадамим маним,
Ўзбекистон, Ватаним маним.

Кечмишинг бор чиндан ҳам узоқ,
Илғай олмас барчасин кўзим.
Мақтамасман мозийни бироқ,
Ўтмишингни ўйлайман бир зум.
Забтга олиб кенг Осиёни,
Бир зот чиқди мағрур, давонгир,
Икки аср ярим дунёни
Зир қақшатди Буюк жаҳонгир.
Айтгум, бу кун, у маним, маним.
Ўзбекистон, Ватаним маним.

Боболардан сўз кетса зинҳор,
Бир калом бор гап аввалида.
Осмон илми туғилган илк бор
Кўрагоний жадвалларида.
Қотил қўли қилич солди маст,
Қуёш бўлиб учди тилла бош.
Дўстлар, кўкда юлдузлар эмас,
У, Улуғбек кўзидаги ёш.
Ерда қолган, о, таним маним,
Ўзбекистон, Ватаним маним.

Кўз олдимдан кечар асрлар,
Кўз-кўз этиб нуқсу чиройин.
Сарсон ўтган неча насллар,
Тополмасдан туғилган жойин.
Америка — сеҳрли диёр,
Ухлар эди Колумб ҳам ҳали,
Денгиз ортин ёритди илк бор,
Берунийнинг ақл машъали.
Колумбда бор аламим маним,
Ўзбекистон, Ватаним маним.

Кўп жаҳонгир кўрган бу дунё,
Ҳаммасига гувоҳ эр ости.
Лекин, дўстлар, шеър аҳли аро
Жаҳонгири кам бўлар, рости.
Беш асрким, назмий саройни
Титратади занжирбанд бир шеър.
Темур тиғи этмаган жойни
Қалам билан олди Алишер.
Дунё бўлди чаманим маним,
Ўзбекистон, Ватаним маним.

Боболардан сўзладим, аммо
Бир зот борким, баридан суюк:
Буюкларга бахш этган даҳо,
Она халқим, ўзингсан буюк.
Сен ўзингсан, энг сўнгги нонин
Ўзи эмай ўғлига тутган.
Сен ўзингсан, фарзандлар шонин
Асрлардан опичлаб ўтган.
Она халқим, жон-таним маним,
Ўзбекистон, Ватаним маним.

Бош устингдан ўтди кўп замон,
Ўтди Будда, ўтди Зардушти.
Ҳар учраган нокасу нодон,
Она халқим, ёқангдан тутди.
Сени Чингиз ғазабга тўлиб
Йўқотмоқчи бўлди дунёдан.
Жалолиддин самани бўлиб
Сакраб ўтдинг Амударёдан.
Сенсан ўшал саманим маним,
Ўзбекистон, Ватаним маним.

Толеингда бор экан яшаш,
Гоҳ қон ичдинг, гоҳида шароб.
Этмоқ бўлиб юртим хомталаш,
Бош устингга келди инқилоб.
Чора истаб жанг майдонидан
Самоларга учди унларинг,
Шаҳидларнинг қирмиз қонидан
Алвон бўлди қора тунларинг.
Қонга тўлган кафаним маним,
Ўзбекистон, Ватаним маним.

Лекин офтоб пойимол ўлмас,
Кавакларда қолмас ой нури,
Одил ҳакам — ҳақ бор, беғараз,
Мазлумларнинг буюк ғамхўри.
Қилич серпаб толе тонгида
Ўзлигингни таниб қолдинг сен.
Ўғлонларнинг қатра қонида
Ўзбекистон номин олдинг сен.
Номи қутлуғ гулшаним маним,
Ўзбекистон, Ватаним маним.

Тинч турарми бу кўҳна олам,
Тинч турарми доғули замон.
Оромингни бузди сенинг ҳам
Фашист деган ваҳший оломон.
Қоним оқди Данцигда маним,
Собир Раҳим йиқилган чоғда.
Лекин, юртим, кезолмас ғаним.
Ўзбекистон аталган боғда.
Сенсан номус ва шаъним маним,
Ўзбекистон, Ватаним маним.

Кеч куз эди, мен сени кўрдим,
Деразамдан боқарди биров.
У сен эдинг, о, деҳқон юртим,
Турар эдинг ялангтўш, яёв.
— Ташқарида изиллар ёмғир,
Кир, бобожон, яйрагил бир оз.
Дединг: — Пахтам, қолди-ку ахир,
Йиғиштирай келмасдан аёз.
Кетдинг, умри маҳзаним маним,
Ўзбекистон, Ватаним маним.

Сен кетарсан балки йироққа,
Фарғонада балки, балқарсан.
Балки чиқиб оқарган тоққа,
Чўпон бўлиб гулхан ёқарсан.
Балки устоз Ойбекдек тўлиб
Ёзажаксан янги бир достон.
Балки Ҳабиб Абдулла бўлиб,
Саҳроларда очажаксон кон.
Тупроғи зар, маъданим маним,
Ўзбекистон, Ватаним маним.

Майли, юртим, кезсанг ҳам дунё,
Фазоларга қўйсанг ҳам қадам,
Ўзлигингни унутма асло,
Унутма ҳеч, онажон ўлкам.
Бир ўғлингдек мен ҳам бу замон
Кечмишингни қилдим томоша.
Иқболингни кўролдим аён
Истиқлолнинг уфқлари оша.
Иқболи ҳур, шўх-шаним маним.
Ўзбекистон, Ватаним маним.

Завол кўрма ҳеч қачон, ўлкам,
Завол билмас шу ёшинг билан.
Музаффар бўл, ғолиб бўл, ўктам,
Дўсту ёринг, қардошинг билан.
Асрларнинг силсиласида
Боқий тургай кошонанг сенинг.
Улуғ башар оиласида
Мангу ёруғ пешонанг сенинг.
Мангу ёруғ масканим маним,
Ўзбекистон, Ватаним маним.

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

1 ТА ФИКР

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here