Кеча «Истиқлол»да Озодбек Назарбековдан ҳам ширали овоз янгради (+ фото)

0

Мухлислар айнан шундай таъриф ва бир дунё ҳаяжон билан концерт залини тарк этишди.

Кеча, 25 октябрь куни «Истиқлол» санъат саройида хонанда Шуҳрат Дарё ўзининг навбатдаги яккахон концерт дастурини мухлисларига тақдим этди.

«Шаббода» деб номланган дастур мусиқасидан тортиб хонанданинг ижросигача жонли тарзда ташкиллаштирилгани кўпчиликнинг эътирофига сазовор бўлди.

Шивирлама хаёлим бўлиб,

Лабларима томизма бода,

Жоним ҳозир кетар тўкилиб,

Шивирлама менга шаббода…

Хонанда ўз дастурини айнан шу сатрлар билан бошлади ва Шуҳрат Дарё қўшиқларида кезиб юрувчи муҳаббат шаббодаси дастур сўнгига қадар саҳнада жонли тарзда эсиб турди.

Камтар хонанда, содда, ортиқча дабдабадан холи саҳна, микрофон ҳамда ўз ишининг устаси бўлган созандалар – мана шуларнинг ўзи ҳақиқий санъатни намойиш этиш учун кифоя қилишини Шуҳрат Дарё ушбу кечада яна бир бор исботлади.

Мураккаб саҳна безаклари, саф-саф раққоса қизлар муқоми, саҳнада роль ижро этувчи «созандалар» ва оғиз қимирлатишга маҳкум бечора санъаткорлар «шоу»сига ўрганиб қолган ўзбек томошабинини бу кеча чин маънода «уйғотиб юборди».

«Бўлар экан-ку!» деди кўпчилик томошабин ушбу дастурдан олган таассуротларини изоҳлашга сўз тополмай.

Шуҳрат Дарё ижодидаги ўзига хослик – сокин ва дардли мусиқа, яхши танланган шеър ҳамда оригинал услубдаги ижро. Аммо хонанда концерт дастурида хорижий тилдаги шўх тароналарни ҳам маромига етказиб ижро этди.

Энди сарлавҳадаги фикрга қайтсак. Тўғри, ҳар бир ижодкор ўз йўналиши ҳамда услубига эга ва уларни бу борада бир-бирига таққослаш ноўрин. Аммо, мухлис ўзининг севимлиларига баҳо беришда барибир ягона эталонга мухтож. Айни дамда аёл хонандалар орасида ушбу эталонга кўпчилик овоз бидан Шаҳзода даъвогар бўлса, эркак қўшиқчиларга шубҳасиз, Озодбек Назарбеков бош бўлиб келаётгани бор гап. Лекин бу ўринда биз ҳам хонандаларни ўзаро қиёслаб, бирини биридан баланд қўйиш фикридан йироқмиз. Ахир, бўстон ичра гуллар бисёр ва ҳар бирининг атри ўзгача! Нима дедингиз?

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here