Мафия сардори (46-қисм)

0

Шоҳруҳнинг боши қотди. Ўйланди. Ўзича файлдаги маълумотнинг мағзини чақишга уриниб кўра бошлади. У шунчалик қаттиқ ўйга берилиб кетдики, хонага Юлдуз кириб келганини, унинг ўйчан юзига термилганини ҳам сезмади. Шоҳруҳ талай муддат мониторга  тикилиб  турганидан  кейин: “Улар банкирнинг қизини ўлдиришни режалаштиришган”, деган қарорга келди. Аммо у бир нарсага тушунмади. Қизни ўлдириб нима натижага эришишади? Ахир қиз гумдон қилинса, банкир қутуриб кетмайдими? У ҳам ўзининг одамлари билан жиноятчиларни қидиришга тушиб кетиши эҳтимолдан холи эмас. Бунинг устига, муттаҳамлар сариқ чақаям олишолмайди.

— Жуда бошингиз қотибди, — деди Юлдуз ўйдан қутулолмаётган Шоҳруҳга.

Йигит унга ялт этиб қаради. Кейин бошини қашлади-да, мониторни кўрсатди.

Қиз ундаги ёзувларни диққат билан ўқиб чиқиб, бироз хаёл суриб тургач:

— Бу ишкалга аралашаман, деб ўйлаб ҳам ўтирманг. Бу катта ўйин. Аслида катта ўйинга аралашиб бўлгансиз. Аммо жудаям чуқур кетсангиз, асл ниятингиздан узоқлашасиз. Ҳозирча бирон нимага эришаётганга ўхшасангиз ҳам, аслида йўқотаяпсиз. Ҳадемай улар сизнинг кимлигингизни аниқлаб бўлишади. Ундан кейин шаҳардаям туролмайсиз. Балки, умуман, бу ерлардан жуфтакни…

— Юлдуз, — дея бирдан унинг гапини бўлди Шоҳруҳ, — мен аллақачон, сизни учратганимдаёқ шу йўлга кириб бўлганман. Ўшандаёқ орқага қайтадиган йўлим бекилган. Агар бу ерда сиздан биров қўрқмаса, икки дунёдаям бозорга кириб боролмайсиз. Кимгадир қарам бўлишга мажбурсиз… Мен бир нарсани тушунолмаяпман. Нега аввалги шиддатингиз кўринмайди? Нега? Ёки қўлингизни ювиб қўлтиққа урдингизми?

— Билмадим, Шоҳруҳ ака. Билмадим.

Юлдузнинг юзи қизарди. Вужудида аллақандай титроқ пайдо бўлди. Буни дарров илғаган йигит ўрнидан турди-да, уни қучоқлади. Юзидан ўпиб қўйди.

— Мен бир нарсани ўйладим. Агар ҳақиқатан ҳам улар банкирнинг қизини ёки ўзини ўлдиришни режалаштирган бўлишса, биз уларга халақит беришимиз керак. Шунда банкир билан яқинлашиш имконияти пайдо  бўлади.  Кейин компьютерда бошқа маълумотлар ҳам бор. Мэр, прокурор, бошқа амалдорлар ҳақида тўлиқ ёзилган. Демак, улар билан яқиндан таниш экан. Агар вақти келиб ўша танишларидан биронтаси уларнинг ишига халақит берса, йўқ қилишади. Қандай йўқ қилиш йўллариям аниқ-тиниқ ёзилган. Шунинг учун ҳозирдан ҳаракат қилиб қолишимиз керак.

— Мен бунақа бўлиб кетишини хаёлимга келтирмагандим. Агар иш шунақа чуқурлашса, янаям юқорилар аралашиб қоладими, деб қўрқаяпман.

— У ёғини пешонамиздан кўрамиз, — деб Шоҳруҳ қизни қучоғидан бўшатди. Йигитнинг бағридан  чиққач, Юлдуз ўзини ёлғиз ҳис этди. Эртами-индин Шоҳруҳ бирон ёққа кетади-ю, қайтиб келолмай қолади. Чунки унинг бошқа иложи йўқ. Юлдуз ундан бутунлай айрилади. Шоҳруҳ ҳаёт билан видолашади-ю, у аввалгидай бир ўзи қолади. Йўқ, ҳов узоқда, ўзининг юртида онаси билан акаси борки, баёнимиз давомида улар ҳақида алоҳида тўхталиб ўтамиз.

— Қўрқаман, — деди кўзи жиққа ёшга тўлган Юлдуз, — сизни йўқотиб қўйишдан.

У йигитини маҳкам қучоқлади. Ўзи истаб, хоҳлаб, талпиниб Шоҳруҳнинг лабига лабини босди. Эҳтиросли ўпич бир муддат давом этди. Улар ўзларини бундан бу ёғига тўхтата олмаслигини англаб туришарди. Зеро, ора-чора лаблар туташиши узилиб-узилиб, сўнг яна давом этаверди. Кундузи исталган пайтда хонага одам киришидан чўчиган қиз, ниҳоят, жилмайганча, ўзгача меҳр билан севгилисининг бўйнидан маҳкам қучоқларкан:

— Биров кўриб қолади, — деди.

Шу билан лаззат онлари ниҳояланди.

Шоҳруҳ эртага тушга яқин шаҳарга боражагини Юлдузга айтди.

Қиз унинг кечаги масала юзасидан йўлга отланаётганини сезиб турарди. Лекин уни қайтаролмайди. Шу пайтгача у Шоҳруҳни неча марта синаб кўрди ва англадики, у бирон ишни қилишга қасд қилса, то охирига етмагунча қўймайди. Куни кеча ҳам гарчи Юлдуз ташқаридагилардан хавотир олиб, ишнинг гўзал онларини тўхтатиш зарурлигини айтган эса-да, Шоҳруҳ уни қўйиб юбормади. Охири биров кирди. У кампир эди. Юлдузга онадай бўлиб қолган кампир бир-бирини ачомлаб турган йигит-қизни кўриши билан ортига бурилиб кетса-да, лекин барибир, қиз билан йигит ажралишга мажбур бўлишди.

Шоҳруҳ ўзи билан бирга фақат Бекни шерик қилиб олди. “Аввал вазиятни билиб келайлик, ундан кейин шароитга қараб иш тутамиз”, деди у.

Тез-тез қатнаганидан кейин шаҳар ҳам яқиндай туйилиб қоларкан. Биринчи марта шаҳардан қишлоққа етиб келгунларича Шоҳруҳнинг тинка-мадори қуриб кетганди. “Шунча узоқдан қатнаймизми?” — деб ўйлаган эди. Мана, энди билинмаяпти. Гўё у Бек билан озгина гаплашди-ю, бир зумда шаҳарга келиб қўйди.

— Аввал ўша Алфа банкига борамиз, кириб раисга учрашасан. Ҳисоб рақам очмоқчилигингни айтасан. Четдан келганинг учун унинг ёнига киришингга рухсат беришади. Агар ўша одам Роман Фёдорович бўлса, демак, компьютердаги маълумотлар нотўғри эмас, дарров Садовая кўчасига борамиз. Биринчи навбатда унинг қизининг ўқиш ёки ишлашини аниқлашимиз керак. Кейин шароитга қараб иш тутамиз, — деди Бекка.

Банкни топиш қийин бўлмади. Бек кириб ҳам чиқди. Бошлиқ ҳозир йўқ экан-у, лекин унинг эшигига “Роман Фёдорович” деб ёзиб қўйилганини Шоҳруҳга айтди.

Шундан сўнг Садовая кўчаси қидирилди. Бунақа кўчадан шаҳарда тўртта бор экан. Ҳатто бир хиёбон ҳам шундай номланган экан. Шаҳар харитасини кўздан кечираётиб Шоҳруҳ бошини қашлади.

— Старая Садоваяга борамизми ёки верхнийсигами? Балки новыйсидан топармиз қидирганимизни? — деди ёнидаги ўриндиқда унга тикилиб ўтирган Бекка.

— Бир бошидан бошлаймиз. Агар биттаси шаҳарнинг нариги бошида, иккинчиси бериги бошида бўлмаса, кечгача топиб оламиз.

Улар қидираётган кўча деярли шаҳар ташқарисида бўлиб чиқди. Атрофини дов-дарахтлар қоплаган баҳаво жойдаги чиройли иморатларнинг бири айнан Роман Фёдоровичники экан. Қизғиш дарвозага туташ деворга “78” рақами ёзилган эди.

— Нима қиламиз? — сўради Бек.

— Бироз қараб турайлик. Бирорта одам чиқиб қолар. Мабодо мен ўзим кириб чиқсам-чи… Худди шундай қилган маъқул. Сен ўтириб…

— Шошма, ўлгинг келаяптими? Телехлари пешонангдан дарча очиб қўйишмасин тағин. Соат ўн бирдан ошиб қолди. Авваласи, ухлагандир ҳам.

— Йўқ, унақа одамлар ухламайди. Кечаси билан ҳисоб-китоб қилади. Миясида бошқа нарса йўқ.

Шундай дея Шоҳруҳ машинадан тушди. Улар уловни дарвозадан анча ўтказиб тўхтатишганди. Ортга икки юз метрча юриш лозим эди. Шоҳруҳ масофанинг ярмини босиб ўтди. Катта тезликда келган “Опел” дарвоза тарафга бурилиб тўхтаганини кўриб, у бир муддат туриб қолди. Кейин ўйлаб қараса, айни муддао. Ахир банкирнинг уйига ўғринча эмас, тўғри кириб бормоқчи. Бундай пайтда ҳовлида кимларнингдир бўлгани яхши. Дарров чиқади. У қадамини тезлатди. Худди аввал ҳам бир неча марта келган одамдай бемалол, баландлиги тўрт метр, энига етти-саккиз қулочлар чамаси келадиган дарвозанинг қўнғироқ тугмасини босди. Ҳеч ким жавоб бермади. Негадир бир неча дақиқа аввал ҳовлига машина кирган эса-да, ичкаридан мутлақо шовқин эшитилмасди. Бироз кутган Шоҳруҳ қўлини яна қўнғироққа олиб боришга мажбур бўлди. У шундоққина тепасида аллақачон видеокамера ёнганини билмасди. Аввал бир неча марта шунақа бўлиши мумкинлиги ҳақида ўйлаган эса-да, ҳозир ана шу оддийгина нарса хаёлига келмади. Ичкаридан бирон кимса чиқишини интиқ бўлиб кутиб тураверди. Ниҳоят:

— Ким? — деган товуш келди. Товуш қайси томондан эшитилганини Шоҳруҳ англаёлмай қолди. Шундай эса-да:

— Мен — сизларнинг дўстларинг, — деб жавоб қилди.

— Ким керак?

Шоҳруҳ чўчиб тушди. Дарвозага жуда яқин борганлиги учун овоз деярли унинг қулоғи остидан чиққанди. Шундагина кўзи одам бўйи қилиб ўрнатилган қулфнинг ёнгинасидаги мосламага тушди.

— Роман Фёдорович! — деди чўчиб тушганидан жаҳлланиб.

— Нима масалада келдинг?

— Сенга нима? Ўзининг қулоғига айтадиган гапим бор.

— Ёзма шаклда билдир гапингни. Эртага  пешиндан  кейин.

— Томинг жойидами? Эртага кеч бўлади. Ҳозир гаплашишим шарт!

Бир неча сониядан кейин дарвоза ўз-ўзидан қия очилди. Ҳар елкасига биттадан одам бемалол ўтирадиган кал бош, икки метрли бир нусха пайдо бўлди. Шоҳруҳ унинг олдида худди боладай бўлиб қолди.

— Нима деб сайраяпсан? — деди у дўриллаган товушда.
Шоҳруҳ қулт этиб ютинди. Мўлтирабгина барзангининг юзига боқаркан:

— Роман Фёдоровичга жудаям зарур гапим бор…

Шоҳруҳ гапини ё тугатди, ё тугатишга улгурмади. Буни ҳатто унинг ўзи ҳам сезмай қолди. Бир маҳал чамаси калладай келадиган мушт гурс этиб унинг кўкрак қафасига тушди. Бечора йигит орқасига йиқилди. Нафаси қайтиб, бир неча сония типирчилаб қолди. Қизариб-бўзариб кетганидан кейингина, нафас йўли очилиб, “ҳиҳ-ҳиҳ” деб юборди. Ана шу сонияларнинг ўзигина ҳаётнинг, кислороднинг қанчалик азизлигини кўрсатиб қўйди. Зумда кўз ўнгидан билиб-билмай ўлдирган одамлари ўтди. Ҳатто афсус қилишга ҳам улгурди.

Ичига ҳаво кириши билан йўтал тутди. Сўнг томоғини ушлаган кўйи ўрнидан тураётганида кўксида қаттиқ оғриқ туриб беихтиёр инграб юборди.

Барзанги у оёққа туриб олгунича кутди. Шоҳруҳнинг бутунлай нафас ростлаб олганига амин бўлгач, сочини ғижимлаб ушлаб юзини ўзига қаратди-да:

— Ҳозироқ бу ердан қорангни ўчир, бўлмаса…

Унинг гапи худди шу ерда тугади. Бу сафар бор кучини билагига жамлаган Шоҳруҳ иягининг остига шунақанги қаттиқ мушт туширдики, ўзининг ҳам қўли зирқираб кетди. Барзанги бўлса орқаси билан гурсиллаб дарвозага урилди. Бироқ йиқилмади. Қисқа муддатга кўз олди қоронғилашиб, нима бўлаётганини англолмай қолди.

— Мазамикан, яна битта татиб кўрмайсанми? — деб Шоҳруҳ кейинги зарбани бермоқчи бўлганида, осмондан тушдими, ердан чиқдими, барзангининг ёнида келбати уникидан қолишмайдиган яна иккитаси пайдо бўлди. Ҳар икковининг ҳам қўлида қурол. Уларни кўриб Шоҳруҳ музлаб кетди. “Жасадим шу дарвозанинг тагида қоларкан-да”, дея ўйлашгаям улгурди. Ҳавога кўтарилган қўлини беихтиёр тушираркан, машина ичида бўлаётган воқеадан кўз узмай ўтирган Бекдан умид қилди. Биларди у айни дақиқада ҳеч қанақа ёрдам беролмаслигини, лекин ич-ичидан умидланди. Мабодо у келмаса-ю, Шоҳруҳ фалокатдан эсон-омон қутулиб қолса, яхшилаб таъзирини беражагини кўнглига тугиб қўйди.

У қўлини ҳаводан туширгани сабаб бўлдими ёки ўзлари исташмадими, ҳартугул, кейинги чиққан барзангилар қўлларидаги қуролларидан фойдаланишмади. Фақат муштларини ишлатишди. Улар шунчалик инсоф қилишдики, бири ураётганида иккинчиси кутиб турди. Шоҳруҳ фақат ҳимояланди. Унинг дастлабки зарбаларданоқ қаршилик кўрсатишга имкони бўлди-ю, лекин фойдаланмади. Мабодо бирортасини уриб юборса, уларнинг қўлларидаги тўппончалар ҳаракатга келади деб ўйлади.

Бу пайт ичкарида ўзининг ишхонасидаги мониторга Роман Фёдоровичнинг кўзи тушганди. У аввалига нима бўлаётганини тушунмади. Ишини йиғиштириб ўрнидан турди ҳамда мониторга синчиклаб назар солди-ю, бирдан сўкиниб юборди.

— Итдан тарқаганлар, эшигимнинг тагида нима бало қилишаяпти? Мен сенларга кўрсатиб қўяман!

У жаҳл билан стол тортмасидан тўппончасини олди ва шоша-пиша ташқарига юрди. Худди шу пайт қаршисидан қизи Оксана чиқиб қолди.

— Отажон, — деди у падари бузрукворининг бўйнига осилиб, — менга тезда Швейцарияга чипта топиб беринг.

Қизининг оғзидан келаётган ароқ ҳидидан Роман Фёдоровичнинг бурни жийирилди.

— Оксан, кейин гаплашамиз. Ҳозир муҳим ишим бор, хўпми? — дея унинг қўлини бўйнидан олиб, эшик тарафга юра бошлаганида қизнинг бармоқлари тўппончага тегиб кетди.

— Ота, — деб юборди у, — тинчликми? Тўппонча билан қаерга бораяпсиз?!

— Ҳаммаси жойида. Сен хонангга кириб бемалол дамингни олавер, — дея ота қадамини тезлатди. Унинг ортидан эркатой қиз ҳам эргашди.

Нуриддин ИСМОИЛОВ

(Асарнинг кейинги қисмларини яқин соатларда ўқийсиз)

Аввалги қисмларни ўқиш учун қуйидаги ҳаволаларни босинг:

Мафия сардори (1-қисм)

Мафия сардори (2-қисм)

Мафия сардори (3-қисм)

Мафия сардори (4-қисм)

Мафия сардори (5-қисм)

Мафия сардори (6-қисм)

Мафия сардори (7-қисм)

Мафия сардори (8-қисм)

Мафия сардори (9-қисм)

Мафия сардори (10-қисм)

Мафия сардори (11-қисм)

Мафия сардори (12-қисм)

Мафия сардори (13-қисм)

Мафия сардори (14-қисм)

Мафия сардори (15-қисм)

Мафия сардори (16-қисм)

Мафия сардори (17-қисм)

Мафия сардори (18-қисм)

Мафия сардори (19-қисм)

Мафия сардори (20-қисм)

Мафия сардори (21-қисм)

Мафия сардори (22-қисм)

Мафия сардори (23-қисм)

Мафия сардори (24-қисм)

Мафия сардори (25-қисм)

Мафия сардори (26-қисм)

Мафия сардори (27-қисм)

Мафия сардори (28-қисм)

Мафия сардори (29-қисм)

Мафия сардори (30-қисм)

Мафия сардори (31-қисм)

Мафия сардори (32-қисм)

Мафия сардори (33-қисм)

Мафия сардори (34-қисм)

Мафия сардори (35-қисм)

Мафия сардори (36-қисм)

Мафия сардори (37-қисм)

Мафия сардори (38-қисм)

Мафия сардори (39-қисм)

Мафия сардори (40-қисм)

Мафия сардори (41-қисм)

Мафия сардори (42-қисм)

Мафия сардори (43-қисм)

Мафия сардори (44-қисм)

Мафия сардори (45-қисм)

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here