Мафия сардори (47-қисм)

0

* * *

Бунча пул ҳеч қачон Муроднинг қўлига тушмаган. Тўғри, юз купюралик долларни ушлаганди. Унга ҳам анча бўлиб кетди. Ўшанда гарчи пул мутлақо бошқа одамники бўлса-да, кун бўйи чўнтагида юрганлиги боис шунақанги кайфияти кўтарилиб кетгандики, минг қўйли бойдай ғўдайиб юрганди. Ҳозиргиси ундан анча кўп, бунинг устига, Ўктамнинг айтиши бўйича, ўзиники. Қувончдан осмонга сакрасинми? Талтайиб уйига таксида борсинми? Ишлаб топган пулини кўриб ойиси қанча қувонади ҳали. “Бизнинг бошимизгаям офтоб чиқадиган кун бор экан-ку”, деб кўзини намлаганида Мурод қанчалик шодланади!

— Ювамиз, — деди Мурод кўзлари порлаб, — мен ўзим энди ҳақ бераман!

Ўктам мийиғида кулди. Кейин бошини сарак-сарак қилди.

— Оғайни, бунақанги гапингни қўй. Агар биринчи ишингданоқ чўнтагингдагини мана шунақанги маишатга совурадиган бўлсанг, кўпга бормайсан. Гапларимни икки қулоғинг билан ҳам яхшилаб эшит. Бизнес билан шуғулланадиган бўлсанг, бекордан-бекорга бировга бир сўм берма. Кейин бир сўм кетадиган жойга, мумкин қадар, эллик тийин сарфла. Иложи бўлса, умуман сарфламасдан ишингни битказ. Энг асосийси, маишатни йиғиштир, ҳозир ичишингга қаршилик қилмадим. Лекин бошқа оғзингга олма. Френштен. Энди омин. Ишингни барорини берсин, бизнес планларинг бўлса, олдимга бор, гаплашамиз.

Ўктам Муродни кутиб ўтирмай, юзига фотиҳа тортди. Сўнг ўрнидан турди.

Мурод хурсанд эди. Бирон нима қилгиси, шодлигини ким биландир баҳам кўргиси келарди. Аввалига таксига ўтириб касалхонага бориб, қилган ишларини Шаҳлога айтгиси келди. Билади, қиз яйраб кетади. “Ҳали иккаламиз роса бойиб кетамиз, дадам, аям қилган ишларидан пушаймон бўлишади. Сизни куёв қилганларидан бошлари осмонга етади”, дейди.

У зувиллаганча бир-бирини қувиб ўтаётган машиналарга қўл кўтара бошлади. Худди ана шу пайтда Ўктамнинг гапларини эслади. Хаёлан ҳисоб-китоб қилиб кўрди. Таксида касалхонага борса, икки мингча сарфлайди. Агар автобусга чиқса, беш юз-олти юз билан етиб олади. Шуларни ўйлаб бекатга борди. Биринчи марта бунча кўп пул олиб юргани боис, бекатда турганлардан хавфсираб тез-тез чўнтагини ушлаб-ушлаб қўяверди. Бошқалардан узоқроқда турди. Айниқса, кўзига ёмон кўриниб кетаётган болалардан. Айтиб бўладими, қанақа улар? Муроднинг назарида ҳамма унинг чўнтагига эътибор қилаётганди… Ҳозир автобусга чиқади. Одам тиқилинч. Биронта ўғрининг ёнида туриб қолса борми, Худо уради. “Икки минг долларни йўқотиб қўйгандан кўра, таксида кетганим яхшироқ. Озроқ кўп пул сарфлайман-у, лекин қолгани ёнимда қолади. Шошма, нимадан қўрқаман? Шаҳарда катта бўлган бўлсам, бунинг устига, унча-мунчаси билан уришишга бемалол кучим етади, нимадан қўрқаман?”

У келиб тўхтаган автобусга ҳаммадан охирида чиқди. Эшикнинг ёнида турди. Бошқа йўловчиларга киши билмас назар солди. Ҳамма ўзи билан ўзи оворадай кўринарди-ю, лекин сал нарида соқоли ўсган, кўйлаги ғижим, ўттизлар атрофидаги одамнинг кўзи бежодай туйилди. Тез-тез ёнида турган қизнинг сумкасига назар ташлаб қўйяпти. Ҳа, унинг бир балоси бор. Мурод шу ўйда унга еб қўйгудек тикилди. Бир неча сонияга чўнтагидаги пулини ҳам унутди. У ўғри деб хаёл қилган йигит қизнинг орқа томонидан атай тиралиб олди. Бўлмаса, жа ёпишиб оладиган даражада автобус тиқилинч эмасди. Йигит қандайдир ортиқча бемаза ҳаракат қилдики, қиз безовталанди. Елкасига илиб олган сумкасини унутди. Юзи қизарди. Олдинроққа бироз силжиб қўйди. Бор-йўғи бўлган воқеа шу. Қизнинг рўйхушлик бермаганини унинг орқасида турган йигит англади шекилли, салоннинг ўртароғига силжий  бошлади.  Бироздан  кейин орқа эшик ёнида пайдо бўлди. Навбатдаги бекатда тушиб қолди. Ҳаммасини кузатиб турган Мурод енгил нафас олди. Аммо чипта олиш учун сумкасини титкилаган қизнинг бирдан ранги оқариб кетди. Қидирганини тополмади шекилли, атрофига олазарак боқди ва шу ондаёқ кўзидан дув-дув ёш оқа бошлади. Шундан кейингина Мурод ҳаммасини англаб етди. Бояги одам бу ёшгина қизга тегажоқлик қилиш баҳонасида унинг сумкасига тушганди. Қизнинг кўзидаги ёшни кўрган йўловчилар бирдан уни сўроққа тутиб кетишди. Бечоранинг кўнгли бўш, бунинг устига, содда, тағин бировга қаттиқ гапиролмас экан. Сўраган кишига жовдираб боқади. Ҳеч нимани айтолмайди. Бирпасда йўловчилар уни касал бўлганга чиқариб қўйишди. Ҳатто ҳайдовчига автобусни тўхтатишни, бир қизнинг мазаси бўлмай қолганини айтганлар ҳам бўлди. Шундоғам бекатларда тўхтайвериб, асабийлашиб қолган ҳайдовчи: “Мазаси бўлмай қолишини билса, нима қилади автобусга чиқиб? Такси-паксида кетавермайдими?” — дея бақириб берди. Ана шундан кейингина қиз худди айбдордай: “Пулим билан телефонимни кимдир олиб қўйибди”, дея олди. Шунда ҳам йиғи аралаш паст товушда гапирди. Салоннинг ичи баттар шовқинга тўлди. Ҳамма ўзининг мулоҳазасини айтишга шошди. Кимки олдинги бекатда тушиб қолган бўлса, деярли ҳаммаси ўғрига айланиб улгурди. Қиз гоҳ-гоҳида Муродга нигоҳ ташлар, гўёки ундан нажот кутаётгандай эди. Йигитнинг ичини нимадир кемира бошлади. Қани ҳозир автобусдан тушса-ю, ортига қайтиб бориб ўша ярамасни ушласа, қилган иши учун обдан таъзирини бериб, кейин қизнинг нарсаларини қайтариб олиб берса. Бора-бора қиз унга янаям кўпроқ қарай бошлади. Мурод ортиқ чидолмади. Ахир қандай қилиб шундай сулув қизнинг ёшли кўзига боқсин? Унинг ўрнида Шаҳло ҳам бўлиши мумкин эди-ку. Лекин нима бўлганда ҳам унга ёрдам беролмайди. У бундай аҳволда бошқа кетолмаслигига кўзи етгач, навбатдаги бекатда тушиб қолди. Бошқасида кетаман, деб хаёл қилди.

Бекатда дили хуфтон бўлиб турганида, ён томонидан:

— Ака, ёрдам бериб юборинг, — деган овоз келди.

Ўгирилиб қараса, ўша автобусдаги қиз.

— Мутлақо пулим қолмади. Шу ердан бошқа автобусга чиқиб кетишим керак, — деди қиз киприклари пирпираб.

— Кўпмиди пулингиз? — сўради Мурод унга ич-ичидан раҳми келиб.

— Талабаман. Квартирада тураман. Бугун уйга бориб квартира пулини олиб келаётгандим…

Қиз бошқа гапиролмади. Йиғиси уни сўзлашга қўймади.

Аксига олиб, Муроднинг ёнида бор-йўғи беш юз сўм қолган. Қаерга, қанча сарфлаганини ҳисоблаб юрадиган Мурод буни яхши билади. Агар шу пулини берадиган бўлса, у бутунлай сўмсиз қолади. Валютасини эса бу ерда алмаштиришнинг иложи йўқ. Қолаверса, беш юз билан қизнинг муаммоси ҳал бўлмайди. Йигитнинг боши қотди. Бир муддат нима қиларини билмай, ўйланиб турди. Қаршисидаги қизнинг қарашларида шунақанги мунг бор эдики, ҳар қандай эр кишининг юрагини ўйнатиб юборади. Мурод чўнтагига қўлини тиқди. Қоғознинг бир четини секин йиртди ва долларлар орасидан биттасини суғурди-да, кафти орасида ғижимлаганча қизнинг қўлига тутқазди.

— Биров кўрмасин, кейин манави беш юз сўмниям олинг, валюта алмаштирадиган жойгача етволасиз. Кўпроқ берардим-у, афсус, ўзимда қолмади, — деди у бирдан кўзлари порлаб кетган қизга.

— Раҳмат, акажон, яхши кунларингизда қайтарайин. Мен қайтармасам, Худо ўн чандон кўпроқ қилиб қайтарсин, — дея миннатдорчилик билдиришга тушиб кетди қиз.

Мурод ўзини қўярга жой тополмай қолди. Ахир бекатда қанча одам бўлса, ҳаммасининг кўзи уларда. Қани энди секинроқ гапирса, баттар овози баландлашиб кетаяпти.

— Бўпти, бўпти, синглим, ана автобус келиб қолди. Сиз бемалол бораверинг, фақат эҳтиёт бўлинг, — деб Мурод нари кетди. Шу билан бирга қизга қарамасликка ҳаракат қилди. У жуда ғалати аҳволга тушган эди. Чунки қизни камгап деб ўйлаганди. Ундан бунақанги сўзлар чиқиши мутлақо хаёлига келмаганди. Агар ўзи ўйлаганидай бўлганида эди, квартирасигача олиб бориб қўярди.

Автобус одамларни тушириб, ўрнини яна тўлдирганидан кейин жўнаб кетди. Шунгача Мурод, бир марта бўлсин, у томонга қараб қўймади. “Мана, таксида кетмаганимнинг оқибати: Ўктамнинг ҳамма гапига ҳам киравермай дейман-у… Уфф!” — дея хаёл сураётган маҳал унинг елкасига қўл тегди. Ўгирилиб қараса, элликлар атрофидаги, сочлари оппоқ, оддийгина кийинган бир киши турибди.

— Бекор қилдингиз, дўстим, — деди у қандайдир бошқача нигоҳ билан.

— Нимани? — сўради Мурод.

— Бояги қизга пул бериб. Қанча берганингизни билмадим-у, лекин у сизни алдаб кетди. Тескари ўгирилишингиз билан автобуснинг орқасидан келиб тўхтаган яшил “Жигули”га югуриб чиқиб кетди. Машинадаги йигит билан ўпишиб кўришди. Кейин сизга қўлини силтаб кетди.

Мурод бутунлай бақа бўлиб қолди. Қулоқлари битиб қолгандай эди. Шунақанги мулзам бўлдики, ер ёрилмади — кириб кетмади. Хабарчи одамнинг кўзига қарашга юзи чидамади. Ҳатто унга бир оғиз ҳам сўз айтолмади. Ўгирилди-ю, илдам юриб кетди. Боши ғувиллади. Нимани хаёл қилишниям билмайди. Ахир уни куппа-кундуз куни, яна ўзини рози қилиб тунаб кетишганди. Тағин қиз бола шу ишни қилди. Унинг йиғлаганини, чорасиз қолганини кўрган Муроднинг ўзи ҳам йиғлаб юборай деганди-ку… Одам шунчалик маккор бўладими? Қиз бола-я?!

У хаёлида ўша нотаниш қизнинг сиймосини тиклашга уриниб кўрди. Яхшилаб ўйлаб қараса, уни ўзи автобусга чиққан бекатда кўргандай эди. Ҳа, кўрувди. Автобусга аввал уни чиқариб юборганди. Қиз қандай қилиб унда пул борлигини сезган, Мурод ақлига сиғдиролмасди. Ҳаяжон босиб, чўнтагининг устидан тез-тез уриб қўйгани эса сира хаёлига келмасди.

Мурод тушкун кайфиятда қанча юрганини сезмади ҳам. Юраверди, юраверди. Бир пайт қараса, валюта алмаштириш шахобчасининг ёнига бориб қолибди. Алам устида чўнтагидан яна битта купюра чиқазиб сўмга алмаштирди. Сўнг таксига ўтириб касалхонага борди. Тўғри Шаҳлонинг палатасига кирди. Қиз девор томонга ўгирилганча хаёл уммонига шўнғиб ётарди. Афтидан, у ўзининг ўйига шунчалик берилиб кетгандики, ҳатто Муроднинг оёқ товушини ҳам эшитмади. Йигит унинг юзидан ўпиб қўйганида чўчиб тушганидан бақириб юбораёзди. Севгилисини кўрганида эса кўзлари порлаб, бирдан ёшланди.

— Соғайиб қолдингизми, яхши қиз? — сўради Мурод уни эркалаб.

— Нега шу пайтгача келмадингиз? Кутавериб, кўзларим тўрт бўлди. Ҳар хил ёмон хаёлларга боравериб жинни бўлаёздим. Қўрқиб кетдим! — деди қиз йиғлаб, сўнг йигитнинг қўлидан ушлаб ўзига тортди. Маҳкам қучоқларкан:

— Мени ҳеч қачон ташлаб кетмайсиз-а?! Ташлаб кетмайсиз-а?! — дея ялинчоқ овозда сўради.

Муроднинг хаёлига бирдан автобусдаги қиз келди. У ҳам йиғлаганида одамни эзиб юборарди. Шаҳлонинг йиғиси ҳам уникига ўхшаб кетди. У сўзлаш учун оғиз жуфтлаган маҳал эшик қарсиллаб очилди. Йигит билан қиз бирдан чўчиб тушди. Иккаласи ҳам бир-бирини қўйиб юбориб, бирдан эшик тарафга юзланишди. Не кўз билан кўришсинки, остонада қўлини белига тираб Хонзода турарди.

— Ана! Буни кўриб қўйинглар! — деб бақирди у ва икки-уч қадам ичкарига қадам босди. — Ушланглар ўғрини!

У шундай дейиши билан орқа томонида иккита милиционер пайдо бўлди.

Нуриддин ИСМОИЛОВ

(Асарнинг кейинги қисмларини яқин соатларда ўқийсиз)

Аввалги қисмларни ўқиш учун қуйидаги ҳаволаларни босинг:

Мафия сардори (1-қисм)

Мафия сардори (2-қисм)

Мафия сардори (3-қисм)

Мафия сардори (4-қисм)

Мафия сардори (5-қисм)

Мафия сардори (6-қисм)

Мафия сардори (7-қисм)

Мафия сардори (8-қисм)

Мафия сардори (9-қисм)

Мафия сардори (10-қисм)

Мафия сардори (11-қисм)

Мафия сардори (12-қисм)

Мафия сардори (13-қисм)

Мафия сардори (14-қисм)

Мафия сардори (15-қисм)

Мафия сардори (16-қисм)

Мафия сардори (17-қисм)

Мафия сардори (18-қисм)

Мафия сардори (19-қисм)

Мафия сардори (20-қисм)

Мафия сардори (21-қисм)

Мафия сардори (22-қисм)

Мафия сардори (23-қисм)

Мафия сардори (24-қисм)

Мафия сардори (25-қисм)

Мафия сардори (26-қисм)

Мафия сардори (27-қисм)

Мафия сардори (28-қисм)

Мафия сардори (29-қисм)

Мафия сардори (30-қисм)

Мафия сардори (31-қисм)

Мафия сардори (32-қисм)

Мафия сардори (33-қисм)

Мафия сардори (34-қисм)

Мафия сардори (35-қисм)

Мафия сардори (36-қисм)

Мафия сардори (37-қисм)

Мафия сардори (38-қисм)

Мафия сардори (39-қисм)

Мафия сардори (40-қисм)

Мафия сардори (41-қисм)

Мафия сардори (42-қисм)

Мафия сардори (43-қисм)

Мафия сардори (44-қисм)

Мафия сардори (45-қисм)

Мафия сардори (46-қисм)

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here