КАРИМ КАРДИОЛОГНИНГ «КАРДИОКАСОФАТ»И (ҳақиқатдан са-ал узоқроқ интермедия)

1

Касалхонанинг кардиология бўлими палатаси. Палатадаги биттагина каравотда ўрта яшардан сал ўтганроқ эркак инқиллаганча шифтга тикилиб ётибди. Эшик очилиб, ичкарига Карим кардиолог киради. Бемор унинг кирганини кўриб аранг қимирлаб қўяди.

Карим: — Хў-ўш, бемор, қалайсиз энди?

Бемор: — Я-яхши…

Карим: — Исми-шарифингиз нимайди?

Бемор: — Топволди Босволдиевман.

Карим: — Ҳа-а, ажойиб исмингиз боракан. Хўп, нимадан шикоятингиз бор?

Бемор: — Ю-юрак оғрияпти. О-оёқлар шишиб кетяпти.

Карим: — Яна нима бўляпти?

Бемор: — Нафасим бўғзимга тиқилиб қоляпти.

Карим: — Тўғри, бу табиий ҳол. Оёқ шишиши… Пиёда кам йўл босишингиздан. Тўғри топдимми?

Бемор: — Тўғри, аммо пиёда юрсам, ҳарсиллаб, ўпкам шишиб, юрагим баттар оғрияпти.

Карим: — Тўппа-тўғри, бу табиий ҳол. Халқимизда «Мевали дарахтга тош отилади», деган гап бор. Ўпкаям, юрак ҳам борлигини билдириб туради-да! Барибир юравериш керак.

Бемор (беихтиёр йиғламсираб): — Дўхтир… Ўлиб қоламанми деб қўрқяпман!

Карим: — Хўш, нима бўпти? Шунгаям қўрқадими? Бир кун туғилмоқ, бир кун ўлмоқ. Қолаверса, нариги дунёга кетишдан қўрқмаслик керак. Кимдир эртароқ, яна кимдир кечроқ барибир ўтади у дунёга. Тавба қилиб, худодан кечирим сўраб аста боравериш керак.

Бемор: — Ахир… Қўрқинчли-ку, дўхтир!

Карим: — Менга қаранг, одам ҳар ишнинг йўлини, қулай усулини билиши керак. Уёққаям жонни оғритмасдан, яхшиликчасига, дод-войларсиз борса бўлади!

Бемор бу гапларни эшитгач, адойи тамом бўлаёзади. Бармоқлари, тиззалари дағ-дағ титраб, гоҳ ўнг, гоҳ чап қовоғи уча бошлайди.

Карим эса давом этади.

Карим: — Мана, уч йил бурун бизнинг бўлимда бир одам ётган. Жонидан тўйиб ўзининг қорнига пичоқ санчибди. Жонига қасд қилибди. Барибир кетолмабди. Ўзбошимчалигидан икки ой жарроҳлик бўлимида додлаб ётгани қолди. Мен унга айтдим. «Вей, қайси аҳмоқ ўз танасига пичоқ санчади? Биринчидан, оғрийди, иккинчидан, тиғни барибир охиригача тиқа олмайсиз. Чунки ўзингизни аяйсиз билмаган ҳолда. Арқонга ўзингизни осишингиз керак эди. Кайф қили-иб борардингиз уёққа!» дедим. Тан олди занғар.

Бемор бу гапдан кейин тамоман ҳолсизланиб, ранги кўкара бошлаганди. Карим кардиолог уни кўрди-ю, тепасига энгашиб, юрагига бўйнида осиғлиқ турган эшитиш ускунасини босди. Кейин эса киссасидан шоша-пиша битта дори олиб беморнинг оғзига тиқди.

Карим: — Намунча қўрқоқсиз? Шиминг дорини! Рангингиз кўкариб кетди-я вей! Бўпти, ҳазиллашдим. Энди унақа гапларни айтмайман сизга!.. Хўш, бизга қанақа шикоят бор?

Бемор: — О-оёқ шишиб кетяпти.

Карим: — Эртадан бошлаб кунига беш мартадан ҳов анави қўшни бўлимга пиёда бориб келасиз. Кўрдингизми «падём»и ўлик «падём»! Шунда шишларингиз йўқолади. Яна нима шикоятингиз бор?

Шу орада беш дақиқача вақт ўтганди. Бемор доридан кейинми, анча рангига қон югуриб, икки юзи қизил олмадек қизариб, ҳатто ўрнидан туриб ўтиришга ўзида куч топди ва шикоятини айтишда давом этди.

Бемор: — Хафа бўлманг-у, локигин манави чойшабни кўринг. Ҳаммаёғи қон доғи. Агар… Иложи бўлса… Тозасидан…

Карим (беморнинг сўзини кесиб): — Тўхтанг, бу доғларни атайин қолдирганмиз. Ҳамма чойшабларимизда шундай доғлар бор. Чунки бизнинг бўлим юрак билан боғлиқ. Юрак эса қонсиз ишламайди. Шунинг учун рамз сифатида атайин шундай қолдирганмиз.

Бемор: — Шунақами? Энди яна бир саволим бор. Ўзларинг хамирли, ёғли, шўр овқат ема дейсизлар-у, ошхонангиздагилар нуқул макарон, чучвара, ёғга ботириб олинган картошка беришади. Салатларни оғизга солиб бўлмайди. Шўр! Кейин… Гўштни кўпроқ есанг, гемаглабининг ошади дейсизлар. Ўша овқатларингда умуман гўшт кўрмадим.

Карим (кулиб, бош чайқаб, ингичка мўйлаби учиб): — Ўв, бемор, бизнинг овқатларни ерга урма-анг. Макарон, чучварани сизга ўхшаган «слабак»ларга қувват бўлармикан деб берамиз. Хамирли овқат улар. Агар шуни ҳар куни емасангиз-у, кечасими-кундузими мазангиз қочса, анави қуён юрагингиз хуруж қилиб қолса, кучни қаердан оласиз? Биз керагича дори беришимиз мумкин. Локигин кучни бера олмаймиз. Кучимиз ўзимизга керак, оға! Энди таомнинг ёғлисига келсак, машина моторигаям тез-тез мой қуйиб турмасангиз, бир тақиллайди-ю, тўхтайди. Ўша мой моторни юмшатиб, текис ишлашга чорлаб туради. Ҳа энди, юрак ҳам мотордай бир гап-да! Салатнинг шўрлигига тўхталсак, бунинг қўрқадиган ери йўқ. Енг, салат витамин, жа шўрлик қилса, чиқинг-да, бир коса чойни симиринг, ювади-кетади!.. Энди гўшт йўқ деган гапингизга келсак… Ҳозирги гўштларни еб бўлмай қолди, бемор. Жа «апасний» бўп кетган. Алламбало касалликлар келиб чиқяпти. Биз беморларимиз саломатлиги учун жавобгармиз. Шундай экан, гемаглабинни кўтарадиган дорилар ичаверинг!..

Карим гап билан бўлиб пайқамабди. Бемор ранги энди сарғайибми, кўкарибми, ишқилиб, ўзгариб, кўзлари аланг-жаланглаб, даст ўрнидан турди-да, нарсаларини йиғиштириб, ташқарига йўналди. Карим эса сира хавотирланмай сўрашга тутинди.

Карим: — Ҳа, бемор, қаерга шошяпсиз? Тинчликми?

Бемор: — М-мен тузалиб қолдим, раҳмат! У-уйимга бора қолай! «Вийписка»ям керакмас! Яхши қолинг!..

У чиқиб кетгач: Карим икки кафтини бир-бирига ишқалаганча ўзига ўзи деди:

— Хайрият, менинг шедевир даволаш усулим «Кардиокасофат» иш берди. Яна бир шедевир иш қилдим. Усулимга кўз тегмасин!

Шундай деганча йўлакка чиқди. Анча нарида ҳамширалар кимнидир замбилга солиб жонлантириш бўлимига югуришди. Карим таниди. Бу ўша бемор эди. Юраги янада хотиржам тортди. Тўғри-да, битта ўқ билан иккита қуённи уриш кимга ёқмайди. Шу «слабак беморда усулини яна бир бор текшириб олди, қолаверса, жонлантириш бўлимига яна бир мижозни нақд қилиб қўйди. Ана энди кечқурун аста ўша бўлимга киради-да, улушини олади. Эртага худо пошшо! Кеп қолар ахир яна бир «слабак!

«Пака!»

Олимжон ҲАЙИТ

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

1 ТА ФИКР

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here