Мафия сардори (48-қисм)

0

* * *

Шоҳруҳнинг башарасига қараб бўлмасди. Иккала барзанги уни шунақанги аямасдан уришардики, йигит келганига пушаймон ея бошлади.

— Нима қилаяпсанлар, ит эмганлар?! — дея бақириб юборди Роман Фёдорович. Йигитлари бирдан уришдан тўхтаб, хўжайинларига қарашди. Роман Фёдорович бақириш билангина чекланмай, ҳар икки барзангининг қорнига тепди.

— Эшигимнинг олдида шунақанги иш қиласанларми, ҳаромилар?! Бирон жойга обориб гумдон қилмайсанларми?! Кимга томоша кўрсатмоқчи бўлаяпсанлар?! Кўзимдан йўқот буни! — деб қичқирган Роман Фёдорович Шоҳруҳни қўли билан кўрсатди.

Айб иш қилиб қўйганларидан дағ-дағ қалтираётган йигитларга жон кирди. Иккови Шоҳруҳнинг икки қўлтиғидан олди. Худди шу пайт бутунлай ҳолдан тойган йигит:

— Мен сизга ёрдам бергани келдим, — дейишга улгурди.

Оксананинг изма-из чиқиб келганини кўриб жаҳли чиққан Роман Фёдорович қизининг елкасидан қучиб, ичкарига бошлаётган жойда тўхтади-да, ортига ўгирилиб:

— Нима? Ёрдам?! Қанақа ёрдам? Шошманглар-чи, — дея йигитларини тўхтатди ва Шоҳруҳнинг ёнига келиб, унинг юзига яхшилаб қаради. Таниёлмагач, сўради: — Кимсан?

— Сизга ёрдам бергани келганман, — деди Шоҳруҳ.

Унинг оғзи тўла қон бўлгани учун яхши гапиролмади. Роман Фёдорович бироз унга тикилиб тургач, йигитларига тезда ичкарига олиб кириб юз-кўзларини яхшилаб ювиб, янги кийим кийдиришларини буюрди-да, қизини етаклаб ҳовлига кириб кетди.

Тансоқчилар шошиб қолишди. Учаласи Шоҳруҳни даст кўтариб, ичкарига олиб кириб кетишди.

Дарров уни чўмилтиришди. Кийим-бош билан таъминлашди. Йигит тўла ўзига келиб олиши учун унга дори беришди. Аммо юзи ва пешонасининг ёрилганини, кўзининг кўкарганини тузатишолмади. Бунинг учун кечирим сўрашди.

Роман Фёдорович ҳамма ишларини охирлатиб, қадаҳни тўлдириб виски қуйди-да, уни бир-бир ҳўплаганча ўзи доим севиб ўқийдиган “Муҳр” романини мутолаа қилишга тушди. Бу асарни у неча марталаб ўқиб чиққан. Лекин ҳар сафар ўзгача бир руҳ, қувват топгани боис, яна қайта кўз югуртиришдан зерикмасди. Ҳозир ҳам китоб бирдан диққатини тортиб, талай муддат қўлидан қўёлмай қолди. Фақат доимгидай, саккизинчи саҳифадан сўнг ўз хаёлларига ғарқ бўлди. Кўзи сатрлар устида юрар, кейинги бетга ўтар, хаёллари эса қиладиган ишининг лаззатига кўмилганди.

— Мумкинми? — деди йигитларидан бири эшикдан бошини суқиб.

Роман Фёдорович кўзойнагини олиб стол устига қўйди-да, йигитига юзланди:

— Йигит ўзига келдими?

— Ҳа, кираверсинми?

— Бемалол. Ҳа, унгаям виски келтиринглар, — деб Роман Фёдорович китобни бир четга қўйиб, қадаҳдаги шаробдан ҳўплаб қўйди.

Шоҳруҳ банкирнинг хонасига кириши билан атрофга бир қур назар ташлади. Европа услубида безатилган хона шу қарашининг ўзидаёқ ёқди.

— Оҳ, менинг кичик дўстим, — дея ўрнидан турди Роман Фёдорович, — англашилмовчилик учун сиздан минг бор узр сўрайман, баъзан атрофингда ҳеч балога ақли етмайдиган аҳмоқлар пайдо бўлиб қолганини сезмай қоларкансан.

У Шоҳруҳнинг қўлини сиқиб кўришди. Хона тўридаги лип-лип ёниб турган печнинг ёнига йигитнинг елкасидан қучиб олиб бориб юмшоқ оромкурсига ўтқазди, кейин ўзи бошқасига ўтирди. Келтирилган вискидан ҳўплаб, йигитни ҳам ичишга даъват қилди. Кейин ён чўнтагидан гавана сигаретасини олиб, лабига қистирди. Ёнаётган ўтин бўлакчаси билан тамакисини тутатди.

— Шунақа қилиб, чекиш — жону дилим. Ёшлигимда битта кино кўргандим. Ўша фильм қаҳрамони ўрмонда ўт ёқади-да, ёнаётган чўпдан сигаретасини тутатади. Оҳ, бирам ёқиб қолгандики, гарчи эндигина еттинчи синфда ўқиётган бўлсам ҳам чекишни ўрганишга интилганман. Мана, орадан қанча йиллар ўтиб кетди, ҳалигача чекаман, — деди жилмайиб Роман Фёдорович ҳамда тутунни ҳузур қилиб ичига ютди.

Шоҳруҳ қўлидаги қадаҳдан бир қултум виски ютди-да, ҳамсуҳбатига юзланди.

— Қани энди, кичик дўстим, айтинг-чи, кимсиз? Нега келдингиз? Юз тузилишингиздан бу ерликларга ўхшамайсиз… Дарвоқе, менга ёрдам бериш учун жонингизни гаровга қўйганингиз қойил қолдирди. Ҳамманиям қўлидан бундай иш келмайди, — деди Роман Фёдорович.

— Қизингизни эртага ўлдиришади.

Шоҳруҳ бу гапни шунчалик бемалол айтдики, ҳатто ўзи ҳам ҳайрон қолди.

— Нима? Ўлдиришади?! Оксанани-я? Жин урсин. Қаёқдан олдинг бунақанги хабарни?! — дея ўрнидан туриб кетди Роман Фёдорович.

Худди шу маҳал хонага ялтироқ, олди ҳаддан зиёд очиқлигидан оппоқ кўксини салгина бекитиб турадиган калта тунги кўйлакда Оксана кириб келди.

— Ҳа-а, — деди у отасининг қўлидаги сигарани кўриб, — дарров чекишни бошладингми? Дўхтирлар сенга мутлақо чекиш мумкинмаслигини айтишганди-ку?!

— Қизгинам, бу ёққа кел, — деб қўли билан Роман Фёдорович уни ёнига чорлади.

Оксананинг узун киприклари  пирпиради.  Худди  модельер қизлардай узун оёқларини кўз-кўз қилганча битта-битта босиб отасининг ёнига келди. Отаси уни қучди. Хушбўй атир ҳиди анқиб турган сарғиш сочларини узоқ ҳидлади, сўнг юзидан ўпиб қўйди.

— Тинчликми? — сўради отасининг бундай қилишидан ҳайрон бўлган қиз. — Ёки ҳозирнинг ўзида бирон ёққа сафарга кетаяпсанми?

— Йўқ, шунчаки сени яхши кўриб кетдим. Эсимдан чиқай дебди. Илтимосингни бажардим. Эртага  саҳарда  Москвага чипта олиб қўйдим. У ердан Швейцарияга учасан. Ўйлаб қарасам, дам олмаганинггаям анча бўпти.

— Ота, барибир сени тушунолмаяпман. Ҳеч қачон илтимосимни бу даражада тез бажармагандинг. Ҳатто ойим ҳам: “Отанг бир ишни қилиш учун йиллаб ўйлайди”, деганди. Нега бунчалик ўзгариб қолдинг?

— Ҳозир хаёлимга келиб қолди. Дунёда замонавий бўлиб яшашинг керак экан, йўқса, сени сарқитга чиқариб қўйишаркан, буни менинг ёш дўстим ҳам тасдиқлаши мумкин, — дея Роман Фёдорович қизини қучоғидан бўшатиб Шоҳруҳнинг ёнига келди ва энгашиб афт-ангори кўкариб кетган йигитдан: — Шундайми? — дея сўради.

— Умуман олганда, — деб Шоҳруҳ юзини кафти билан бекитишга ҳаракат қилди, — сиз ҳақсиз.

— Дарвоқе, — дея юзида ним табассум билан Оксана йигитнинг ёнига келди, — бу уришқоқ йигит ким бўлди? Оҳ, юзига қара, ота, моматалоқ бўп кетибди-ку.

— Ҳали танишишга улгурганимизча йўқ. Лекин ўйлашимча, душман бўлмаса керак.

— Исмим Шоҳруҳ, ўзбекман. Сизларни эса гарчи аввал кўрмаган бўлсам-да, исмларингизни биламан, — дея жавоб қилди Шоҳруҳ.

— Кўринишингиздан, қолаверса, ёшлигингиздан бирон катта жойнинг эгасига ўхшамайсиз. Пулингиз бордир, лекин отамчалик бойлигингизгаям кўзим етмайди. Шундай одам қандай қилиб бизга ёрдам бериши мумкин? — сўради Оксана.

— Қизим, — деб Роман Фёдорович Оксананинг белидан қучди, — сен бориб дамингни олавер, биз ўзимиз гаплашиб оламиз. Ҳар қалай, эркакларнинг ишига аёллар аралашиши яхши эмас. Айниқса, мен шунақанги аёлларни ёмон кўраман.

— Ота, мен сенга бегона эмас, қизингман. Қолаверса, фақат икковимиз қолганмиз. Ойим ҳам ўлиб  кетди.  Ишингни ўргатиб борсанг, кейинчалик балки ёрдамим тегиб қолар.

— Фақат бунисига эмас. Лекин сенга раҳмат, ўзимнинг эркатойим.

Роман Фёдорович қизининг юзидан ўпиб қўйиб, уни ётоғи томонга етаклади. Лекин қиз унамади. Бир қадаҳ виски ичишга рухсат сўради. Қизининг раъйига доим қараб келган ота бу сафар ҳам уни бўй етган ҳисоблаб, илтимосини бажо келтирди.

Оксана атайин отаси ўтирган курсига ўтириб олди. Мақсади, эркакларнинг гапларини эшитиш эди.  Қолаверса, уйқуси ўчган, ўзиям бегона ўғил болалар билан гаплашишга мойил эди. Унинг ниятини олдиндан билган Роман Фёдорович мутлақо иш тўғрисида оғиз очмади. Фақат ёшларнинг нима билан қизиқишлари, келажакда қандай режалар тузганларини сўради. Ўзи ёшлигини гапириб берди. Шу билан орадан икки соатча вақт ўтиб кетди.

Кейин қизини ётоғига киргизиб юбориб, Шоҳруҳни сўроққа тутди.

Йигит ҳеч нарсани яшириб ўтирмади. Компьютерда ниманики кўрган бўлса, ҳаммасини гапириб берди. Албатта, фақат Роман Фёдоровичга тегишли бўлганларини.

— Шунақа экан, бекордан-бекорга келмагандирсан?! Қанча пул керак сенга? — сўради унинг гапларини тинглаган Роман Фёдорович.

— Ҳеч қанча, вақти келганда бир мурувват кўрсатиб юборасиз, тамом. Энди рухсат берсангиз, мен кетайин. Ташқарида шеригим кутиб ўтирибди. Менимча, у бутунлай адойи тамом бўлган. Ахир мени йигитларингиз дўппослашди. Кейин уйга олиб кириб кетишди. Нима хаёлга борганини тасаввур қилсангиз керак.

— Ҳали шеригинг ҳам борми?

— Бўлмаса-чи?!

— Эҳ, ёшлар, нимани ўйлаб юрасизлар, билмайман. Ҳақиқатан ҳам, жаҳл устида ўлдириб юборганимда, нима қилардинг? Бўпти, майли, омадинг бор экан. Хабаринг учун катта раҳмат. Жабрланганинг ҳақини эса эрта кечга оласан.

— Айтдим-ку, керакмас, деб. Қизингизни эҳтиёт қилинг.

Шоҳруҳни Роман Фёдоровичнинг йигитлари кузатиб қўйишди.

Ташқарида эса…

Бек Шоҳруҳни калтаклашаётганларини кўриб жон-пони чиқиб кетди. Ёрдамга бориш учун машина эшигини очди ҳам. Бироқ тушмади. Шоҳруҳнинг режасига халақит бериб қўйишдан қўрқди. Ахир бу йигит неча марта мана шундай кутилмаган ишлари билан ҳаммани ҳайрон қолдирганди. Бунинг устига, агар унинг ишига бирон кимса аралашса, ўша одамни жуда ёмон кўриб қолишини Бек яхши биларди.

Роса калтак еган йигитни ичкарига олиб кириб кетишганини кўрганидан кейин ортиқ чидаб туролмади. Бирдан Юлдузга қўнғироқ қилди. Воқеани  ипидан-игнасигача  айтди. Ҳовлиқиб қолган қиз манзилни сўради. Бек қаерда турганини маълум қилиши билан телефон ўчди.

Бир соат ичида Юлдуз шотирлари билан етиб келди. Ҳаяжондан унинг киприклари пирпирарди. У машинадан тушибоқ Бекни саволга тутди. Бек сўзлаб бўлиши билан юзига шапалоқ тортиб юборди.

— Ярамас, сен уни уришларига, қонига белашларига қараб турдингми?! Одам шунақаям юраксиз бўладими?! — деб қичқирди Юлдуз.

У биринчи марта Бекни сенлаётган эди. Йигитга кўпроқ шуниси алам қилди. Тўғри, шунча одамнинг орасида юзига шапалоқ тортгани, ёш болага бақиргандай бақиргани нафсониятига текканди. Аммо сенсирагани ҳаммасидан ўтиб тушди. Бир сафар уни Шоҳруҳ ерга урганди. Энди бу ҳамманинг кўз олдида ер билан битта қилди. У аламидан қизариб кетди. Қўллари мушт бўлиб тугилди.

— Бекор қилдингиз, — деди ҳар бир сўзни тишлари орасидан чиқариб, — агар у итнинг ўзи: “Ишимга аралашмай машинада ўтир”, демаганида, гўрсўхталар билан муштлашардим.

У сўзларини тугатиши билан ичкаридан Шоҳруҳ билан Роман Фёдорович қўлтиқлашиб чиқиб келди. Ҳамманинг нигоҳи бирдан уларга қаратилди.

Банкир дарвозасининг тагида шунча одам турганини кўриши билан қўрқиб кетди. Беихтиёр унинг қўли чўнтагидаги тўппончани ушлади. Шоҳруҳнинг эса жаҳли чиқди. Юлдузнинг ёнига деярли югуриб борди.

— Нега келдинглар, ким чақирди сизларни?! — деди.

Шоҳруҳнинг ўзбошимчалиги Юлдузнинг жаҳлини чиқарганди. Яхшилаб “чақиш” нияти бор эди. Аммо чироқ ёруғида йигитининг юзи моматалоқ бўлиб кетганини кўриб, бирдан шаштидан қайтди. Бунинг устига, Шоҳруҳнинг сўзларида таҳдид аломати ҳам бор эди.

— Бек бизни чақирди, лекин…

Унинг гапи ичида қолди.

— Бундан буён ўзим чақирганимдагина келасизлар, — деди Шоҳруҳ ва ортига бурилиб Роман Фёдоровичнинг ёнига борди. Ундан узр сўради.

— Мен сени бир ўзинг бўлсанг керак, деб ўйлагандим. Кўриб турибман, атрофингда яхшигина одам тўплабсан. Аммо мен мафиозлар билан ишламайман. Хў-ўш, менимча, бошқа кўришмасак керак. Дарвоқе, қизимдан сира хавотир олма. Йигитларингдан биронтасини ишхонамга жўнатсанг, хабарингнинг пулини бериб юбораман.

Шоҳруҳ Роман Фёдоровичнинг бунчалик тез ўзгаришини мутлақо кутмаган эди. Шунча ҳаракати бекор кетганидан бўшашди. Ҳовлисига кириб кетаётган Роман Фёдоровичнинг ортидан: “Ҳали йўлимиз кўп туташади”, деган гапнигина айтишга улгурди. Кейин бошини эгди, Юлдуз тарафга ўгирилди.

— Бекор келибсиз, меҳнатим ҳавога совурилди, — дея машина томон кетди.

У машинага ўтирганидан кейингина қиз ёнига етиб келди.

— Орамизда англашилмовчилик бўлмаслиги керак. Мен сизни калтаклаганларини эшитиб, қандай қилиб бир жойда жим ўтироламан? Нега унинг уйига киришингиз ҳақида айтиб қўймадингиз? Ҳамма ишни ўзингиз билганча қиласиз. Ҳаммани хавотирга соласиз. Кейин сизнинг қилмишингиз учун бошқалар айбдор бўлиб қолаверади, — деди Юлдуз аламидан бўғилиб.

— Лекин мен иш битираётган эдим. Агар банкирни қўлга олганимизда, у орқали янаям юқорироққа чиқишимиз мумкин эди. Бир марта калтакланишимга арзимайдими бу?.. Майли, бўлар иш бўлди. Энди ҳеч нимани орқага қайтариб бўлмайди. Эртага… Йўқ, ҳозирданоқ банкирнинг қизини сақлаб қолиш йўлини қилишимиз керак. Ўзига хавф борлигини айтдим. Назаримда, жиддий қабул қилмади. Тўғри, Оксана тонгдаёқ Москвага, ундан Швейцарияга учиб кетаркан, аммо Роман Фёдорович ҳар эҳтимолга қарши шундай қилди. Агар унинг жонига суиқасд бўлмаса, мен шунчаки эртак айтганга айланаман… Хуллас, бошим қотди.

— Чарчабсиз, — деди унга тикилиб турган Юлдуз, — дам олинг.

Шоҳруҳ жавоб қилмади. Пешонасини ушлади. Дарҳақиқат, унинг кўзи юмилиб кетаётганди. Юлдузнинг гапи ёқди. Ўриндиққа бошини қўйди.

Бироқ унга дам олиш насиб этмади. Чунки уларнинг ўзлари келганлариданоқ кузатувда эдилар. Яъни рақиблари томонидан. Ҳозирда улар ҳамма чиқиш йўлларини тўсиб қўйишганди.

Нуриддин ИСМОИЛОВ

(Асарнинг кейинги қисмларини яқин соатларда ўқийсиз)

Аввалги қисмларни ўқиш учун қуйидаги ҳаволаларни босинг:

Мафия сардори (1-қисм)

Мафия сардори (2-қисм)

Мафия сардори (3-қисм)

Мафия сардори (4-қисм)

Мафия сардори (5-қисм)

Мафия сардори (6-қисм)

Мафия сардори (7-қисм)

Мафия сардори (8-қисм)

Мафия сардори (9-қисм)

Мафия сардори (10-қисм)

Мафия сардори (11-қисм)

Мафия сардори (12-қисм)

Мафия сардори (13-қисм)

Мафия сардори (14-қисм)

Мафия сардори (15-қисм)

Мафия сардори (16-қисм)

Мафия сардори (17-қисм)

Мафия сардори (18-қисм)

Мафия сардори (19-қисм)

Мафия сардори (20-қисм)

Мафия сардори (21-қисм)

Мафия сардори (22-қисм)

Мафия сардори (23-қисм)

Мафия сардори (24-қисм)

Мафия сардори (25-қисм)

Мафия сардори (26-қисм)

Мафия сардори (27-қисм)

Мафия сардори (28-қисм)

Мафия сардори (29-қисм)

Мафия сардори (30-қисм)

Мафия сардори (31-қисм)

Мафия сардори (32-қисм)

Мафия сардори (33-қисм)

Мафия сардори (34-қисм)

Мафия сардори (35-қисм)

Мафия сардори (36-қисм)

Мафия сардори (37-қисм)

Мафия сардори (38-қисм)

Мафия сардори (39-қисм)

Мафия сардори (40-қисм)

Мафия сардори (41-қисм)

Мафия сардори (42-қисм)

Мафия сардори (43-қисм)

Мафия сардори (44-қисм)

Мафия сардори (45-қисм)

Мафия сардори (46-қисм)

Мафия сардори (47-қисм)

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here