Мафия сардори (51-қисм)

0

* * *

— Шошманг, — деди Юлдуз ҳайдовчининг елкасига туртиб. — Шоҳруҳ ака, компьютердаги ёзувларни сиздан кейин уч марта кўриб чиқдим. Банкир ҳақидаги маълумотлар охирида “мушук” деган ёзув бор эди. Мушукнинг банкирга нима алоқаси борлигини кўп ўйладим, лекин тополмадим. Балки унга бирор сир яширингандир.

Шоҳруҳ қизга юзланди. Пешонасини қашлади.

— Роман Фёдоровичнинг қизи мушукни яхши кўрармикан? — деди у худди ўзига-ўзи савол бераётгандай. — Йўқ, бўлиши мумкин эмас. Мушук орқали уни ўлдиришолмайди. Лекин яхшилаб ўйлаб кўриш керак экан. Очиғини айтсам, миямга ҳеч нарса кирмаяпти. Бошим оғриб, уйқум келаяпти.

— Унда уйга бориб озгина ухланг, кейин гаплашамиз.

Машина бирор юз метрча юргач, кутилмаганда ҳайдовчи тезликни пасайтирди.

— Тинчликми? — дея сўради ундан Юлдуз.

— Рўпарамизда “Жип” турибди. Яна йўлнинг ўртасида. Нима қилай? — сўради ҳайдовчи.

Бу пайтда Шоҳруҳ уйқуга кетган эди. Юлдуз  уни  уйғотгиси келмади. Тўппончасини олиб ўқлади.

— Юраверинг-чи, — деди.

Уларнинг машинаси тезликни оширганидан кейин рўпарадаги машина ўз-ўзидан четга ўтиб тўхтади.

— Аста-секин чумчуқдан ҳам қўрқадиган бўп қоласизлар, — дея чуқур нафас олди Юлдуз ҳайдовчининг қўрқоқлигидан ранжиб.

— Бу пайтда кўчанинг ўртасида мошина нима қилади? — деб ўзини оқлаган бўлди ҳайдовчи ва газни кўпроқ босди.

Сал юрилганидан кейин яна иккита машина чиқди. Ҳайдовчи тезликни янада ошириб, уларнинг ёнларидан шамолдай ўтиб кетди-да, дарров ойнадан орқага қаради. Уларга қарашли машиналар шубҳали “Мерс”ларга елларини ялатиб ўтганларидан кейин, бегона уловлар жойидан жилиб дарров уларга дум бўлиб олди.

Шунда ҳам ҳайдовчи орқа ўриндиқда Шоҳруҳнинг елкасига бошини қўйиб, ярим уйқу ҳолатида кетаётган Юлдузга ҳеч нима демади. Шаҳар ташқарисига чиққанларидан кейин эса қизни уйғотди:

— Орқамиздан дум келаяпти, — деди.

Қиз эшитмади. Бунинг ўрнига Шоҳруҳни қучоқлаб олди. Шундан кейин ҳайдовчи гапини бу сафар баландроқ овозда такрорлашга мажбур бўлди:

— Дум? — дея ҳайрон бўлиб бошини кўтарди Юлдуз.

— Ҳа, иккита. Иккаловиям “Мерс”, — жавоб қилди ҳайдовчи.

— Машинани секинлатинг, кейин бирдан буринг. Фақат эҳтиёт бўлинг, орқадан келаётган ўзимизнинг машиналарга урилиб кетманг, — дея буйруқ берди Юлдуз.

— Хўп, — деди ҳайдовчи бошини қимирлатиб ва хавфсизлик чироғини бироз ёқиб турди-да, кейин газдан оёғини олиб, тормозни босди. Бирдан рулни сўл тарафга бурди. Улов чийиллаган овоз чиқарди ва тескари ўгирилди. Шоҳруҳ эшикка ёпишиб қолай деди ва чўчиб уйғониб кетди-да:

— Нима гап?! — деб беихтиёр бақириб юборди.

— Босинг газни! — қичқирди Юлдуз. Сўнг Шоҳруҳга юзланиб:

— Орқамиздан тушишибди, — деди.

Улар ўтирган машина ҳайдовчининг шарофати билан тулпордай олдинга отилди. Қисқа муддат ичида катта тезликка чиқди. Аммо “Мерс”дагилар ҳам анойи эмасди. Улар машинани тескари ўгиришга улгуришди. Фақат бир неча сония кечроқ. Чунки аввал нима бўлаётганини тушунишмаганди. Лекин сездириб қўйишгани кундай равшан эди. Шу боис, бурилганлари заҳоти қочишга тушишди.

Юлдуз машина деразасидан қўлини чиқариб, қуролини олдинги машинага тўғрилаб уч марта кетма-кет тепкини босди. Иккита ўқ зое кетиб, биттаси чироқни синдирди.

— Падар лаънатилар қайси гўрдан пайдо бўлди? — дея бақирган Шоҳруҳ ҳам тўппончасини ўқлади-да, олдинда тобора тезлашиб кетаётган машиналарга қарата кетма-кет ўқ уза бошлади. Олдиндагилар ҳам қараб туришмади. Машиналар эшиги ёнида олов ёниб-ўча бошлади ва бирдан ҳайдовчининг “Им!” деган дардли овози эшитилди.

— Нима бўлди?! — деди Шоҳруҳ ҳайдовчига юзланиб.

— Қўлим! — дея ингради йигит.

— Секин йўл четига ўтказиб машинани тўхтат. Шошилма. Падар лаънатиларни барибир қувиб етолмаймиз.

Юлдуз ҳайдовчининг қўлини боғлаш билан овора бўлаётган пайтда, Шоҳруҳ тобора узоқлашаётган, фақат орқадаги чироқларигина милт-милт кўриниб турган, аста-секин хиралашиб бораётган машинага нафрат билан қараб турарди. Аммо унинг ўзи карахт эди. Нега нафратланаётганини ҳам билмасди. Англагани, ортидан кимлардир тушган. Мақсадлари нима — буниси қоронғи.

У машинанинг орқа эшигини очди. Ўриндиққа ўзини ташлади-ю, ухлаб қолди. Агар чарчоқ елкасидан босмаганида, уйқу элитмаганида, ҳозир у йигитлари билан бирга қўналғага қайтмасди. Рулга ўзи ўтириб, ортларидан келганларни қувар, етиб олиб бир ёқли қиларди. Тўғри, ўқ жуда ғалати тарзда машина ойнасини тешиб ўтганди. Қизиғи, ойна чил-чил синиб кетмади, фақат тешилиб қолди. Ўқ ҳайдовчининг чап қўлини яралаб ўтди. Унинг қўлидан тинмай қон оқаётганди. Албатта, жаҳл отига минган Шоҳруҳни буларнинг биронтаси ҳам тўхтатолмаган бўларди.

Тушга яқин уйғонди у. Шифтга қараб бир муддат ётди. Кейин худди зарур ишга кеч қолаётгандай сапчиб ўрнидан турди. Ташқарига югуриб чиқди. Нигоҳи билан Юлдузни қидирди. Дарров топди. Беш-олти қадам нарироқда, олманинг остига қўйилган ўриндиқда, Бекнинг ёнида ўтирган экан. Улар бир-бирига шунчалик яқин эдики, тиззалари тиззаларига тегиб турарди. Боз устига, қизнинг этаги тепароққа сурилган ва оёқларининг кўпроқ қисми кўриниб турарди. Шоҳруҳнинг жон-пони чиқиб кетди. Қўлини мушт қилиб тукканча уларга яқинлаша бошлади.

Юлдуз уни кўргач, дик этиб ўрнидан туриб жилмайди.

— Турдингизми? — деди майин товушда.

Шоҳруҳнинг қовоғи солиқ эди. Қўйиб берса, ҳозир Бек билан Юлдузни еб ташлайдиган шашти бор эди.

— Вой-бўй, юзингиз шишиб кетибди. Қани, бу ёққа юринг-чи, — дея Юлдуз Шоҳруҳнинг қўлидан ушлаб, ювиниш хонаси томон етаклади. Шоҳруҳ негадир юмшади. Беихтиёр қизга итоат этди. Эҳтимол, ювиниш ёдидан кўтарилиб, шу аҳволда ташқарига чиққани ўзининг уялишига сабабдир.

У ойнада аксини кўрганидан кейин даҳшатга тушди. Чунки юзи ачинарли даражада шишиб, кўкариб кетган эди. Қовоқлари ҳам кўзини бироз ёпган эдики, Шоҳруҳ бирдан асабийлашгани боис, эндигина эътибор бераётганди.

— Жуда чиройли бўп кетибман-ку! Лекин боплашибди. Бир ойча кўчага чиқолмас эканман-да энди, — деди у жилмайиб.

— Ўзбошимчалик оқибати. Хаёлингизга нима келса, оқибатини ўйламасдан қилиб кетаверасиз. Одам озгина эҳтиёткор бўлиши керак-да. Ҳалиям Худо асради…

Шоҳруҳ қизга юзланиб, кўзларида ёш кўрди. Унинг Бек билан ёнма-ён ўтирганини ҳам бутунлай унутди. Юрагини чексиз меҳр эгаллади. Ахир унинг учун бир қиз куйиниб турса… Бундан ортиқ бахт борми дунёда? Онаси ўтгандан бери унга бирор банданинг ичи ачимаганди. Аксинча, энг яқинлари сал бўлмаса ўлдириб юборай дейишганди.

У Юлдузни меҳр билан қучди. Кўнгли юмшаб, йиғлаб юборишига бир бахя қолди. Қиз:

— Энди ҳечам бундай қилманг, хўпми? Менинг юрагим ёрилиб кетади, — деганида эса додлаб юбораёзди. Бағридаги қизни янада қаттиқроқ қучди.

— Вой, вой, қийнаб қўйдингиз, — деди Юлдуз ва йигитнинг қучоғидан сирғалиб чиқди.

Тамаддидан сўнг Юлдуз Шоҳруҳнинг юзига дори сурди. Кейин белини ҳам кўрсатишни сўради.

— Бошқа жойимга ҳеч нарса қилгани йўқ. Падар лаънатилар фақат юзимга уришибди-да. Тўғри айтган экансиз, уларга ёрдам берганнинг ўзи аҳмоқ…

Шоҳруҳнинг қолган гаплари ичида қолди.

— Гапни бошқа ёққа бурманг, кўрсатинг белингизни. Биламан ўғил болаларни. Қани, тез бўлинг. Бўлмаса, ҳозир ўзим ётқизволаман-да, кўкарган жойлари бўлса, ёнидан ўзим ҳам қўшаман…

Юлдуз кулиб, ҳазиллашиб, хушчақчақлик билан сўзларди. Ҳолат шунақанги гўзал эдики, бирон  жойингни  атайин кўкартириб олгинг келарди. Албатта, Шоҳруҳнинг бели бир-икки марта чимиллаб қўйган, демак, жароҳати бор, бироқ жароҳатни қизга кўрсатгиси йўқ эди.

— Вой-бўй! — деб юборди Юлдуз Шоҳруҳнинг белидаги жароҳатни кўриб. — Қўл-оёқларинг сингурлар!!!

— Ҳай-ҳай. Ўзингизни босинг, яхши қиз. Салгина тилинганига шунча ваҳима қиласизми?!

— Шу тилинганими? Ўлиб кетмайдими ўша банкир!.. Яхшиси, дўхтир чақира қолайлик, яхшилаб бир кўрсин. Хўпми? — деди Юлдуз ялинчоқ овозда.

— Хоним, мен ўзимни жудаям соғлом ҳис қилаяпман. Дўхтирнинг сираям кераги йўқ. Қолаверса, ўзингиз ҳамма дўхтирдан зўрсиз. Яхшиси, менга кеча орқамиздан тушганлар… — деди-ю, Шоҳруҳ бирдан ўрнидан туриб кетди. Қизга бир муддат термилиб тургач:

— Бу ўртада бошқа қишлоқлар ҳам бор бўлса керак, — деди.

— Ҳа, лекин оралиқлари узоқ-узоқ. Биздан ўтиб озгина юрилса, кичкинагина шаҳарчаям бор. Нимайди? — дея ҳайрон бўлди Юлдуз.

— Агар улар орқамиздан тушган бўлса, демак, ҳозир бизни қидириб юришибди. Ажабмаски, келиб қолишса. Шунинг учун болалардан беш-олтитасини катта йўлга чиқариш керак. Мабодо биз тарафга бирор шубҳали машина буриладиган бўлса, дарров хабар беришсин. Ўзлари эса машинани тутиб қолишсин. Сайтни кўрганимда «мушук» деган ёзув ҳам бор экан, деганмидингиз? — сўради у пешонасини тириштириб Юлдуздан.

— “Мушук” эмас, “кучук”. Кеча ҳаяжонда чалғидим шекилли. Билмадим, балки у шунчаки ёзувдир. Лекин нимаики бор бўлса, ҳаммасини айтдим-да.

— У ерда шунчаки ёзув бўлмайди. Ҳар битта ҳарфда маъно бор. Қизиқ, Роман Фёдорович кучукка қизиқармикан?.. Йўқ, улар қизини йўқ қилишмоқчи, эҳтимол, қандайдир кучукча орқали. Аниқлаштирайлик-чи, унинг қизи кучукчани яхши кўрадими-йўқми? Кейин шунга қараб бирор фикрга келармиз.

— Ўша банкир сизга жудаям керакми? Балки бу ишга аралашмаганимиз маъқулдир. Яна қош қўяман деб кўз чиқариб қўймайлик, — дея эътироз билдирди Юлдуз.

— Бизнинг бу ерда тузукроқ танишимиз йўқ. Шу йўл билан юқорироққа чиқиш мумкин. Чунки банкир ўз-ўзидан банкир бўлиб қолмаган. Унинг орқасида жуда кўп одамлар турибди. Демак, унга зиён етказмоқчи бўлганларнинг дасти Роман Фёдоровичнинг атрофидагиларгаям бемалол етади. Бўлмаса, бунақанги ишга қўл уришмаган бўларди, — деди Шоҳруҳ эҳтиёткорлик билан юзини силаб.

— Мана, бордингиз ҳам. Қизини ўлдиришмоқчилигини ҳам айтдингиз, энди нима қиласиз?

— Мени ана шу ит ўйлантираяпти. Ёзув бекоргамас.

Шоҳруҳ ҳақ эди. Рамиз-Февзи банкир ҳақида ҳамма маълумотларни тўплаётганида, унинг қизи Оксана кучукчани роса яхши кўришини, Петка лақабли оппоқ, бўйи бор-йўғи бир ярим қарич келадиган кучукчасини доим кўтариб юришини аниқлаган. Демак, айнан ўша кучукча қизнинг бошига етади, деб хаёл қилган эди. Бунинг учун ўша хонадон хизматчиси қўлга олиниши керак эди. Бундан бир ой муқаддам Мария исмли аёл дўқ-пўписаю қўрқитишлардан кейин кучукчанинг боғичига махсус қурилмани ўрнатиб қўйишга ваъда берганди. Мабодо аёл сўзидан  қайтса ёки сотиб қўйса, унинг иккита набираси ўлдириларди. Уларга қўшилиб ўғли билан келини ҳам.

Қурилма ҳаракатга келтирилаётганида Оксана кучукчани қучоқлаб, бағрига босган бўлиши керак эди. Чунки унинг кучи унақа катта эмасди. Кучукча портлаганидан кейингина қизни ҳам ўлдириши мумкин эди. Ён-атрофдагиларга эса деярли таъсир қилмайди. Фақат жароҳатлайди. Агар қиз кучукчасини етакласа-ю, қурилма ҳаракатга келтирилса, ҳамма режа барбод бўларди. Америкадан юз эллик минг долларга келтирилган қурилмани битта итваччани ўлдиришгагина сарфлашган бўларди. Шунинг учун қиз кузатувда бўлиши ва у севимли кучугини ердан олиб бағрига босиши билан қўл телефонига ўрнатилган бошқарув пультининг тугмачаси босилиши шарт эди.

Нуриддин ИСМОИЛОВ

(Асарнинг кейинги қисмларини яқин соатларда ўқийсиз)

Аввалги қисмларни ўқиш учун қуйидаги ҳаволаларни босинг:

Мафия сардори (1-қисм)

Мафия сардори (2-қисм)

Мафия сардори (3-қисм)

Мафия сардори (4-қисм)

Мафия сардори (5-қисм)

Мафия сардори (6-қисм)

Мафия сардори (7-қисм)

Мафия сардори (8-қисм)

Мафия сардори (9-қисм)

Мафия сардори (10-қисм)

Мафия сардори (11-қисм)

Мафия сардори (12-қисм)

Мафия сардори (13-қисм)

Мафия сардори (14-қисм)

Мафия сардори (15-қисм)

Мафия сардори (16-қисм)

Мафия сардори (17-қисм)

Мафия сардори (18-қисм)

Мафия сардори (19-қисм)

Мафия сардори (20-қисм)

Мафия сардори (21-қисм)

Мафия сардори (22-қисм)

Мафия сардори (23-қисм)

Мафия сардори (24-қисм)

Мафия сардори (25-қисм)

Мафия сардори (26-қисм)

Мафия сардори (27-қисм)

Мафия сардори (28-қисм)

Мафия сардори (29-қисм)

Мафия сардори (30-қисм)

Мафия сардори (31-қисм)

Мафия сардори (32-қисм)

Мафия сардори (33-қисм)

Мафия сардори (34-қисм)

Мафия сардори (35-қисм)

Мафия сардори (36-қисм)

Мафия сардори (37-қисм)

Мафия сардори (38-қисм)

Мафия сардори (39-қисм)

Мафия сардори (40-қисм)

Мафия сардори (41-қисм)

Мафия сардори (42-қисм)

Мафия сардори (43-қисм)

Мафия сардори (44-қисм)

Мафия сардори (45-қисм)

Мафия сардори (46-қисм)

Мафия сардори (47-қисм)

Мафия сардори (48-қисм)

Мафия сардори (49-қисм)

Мафия сардори (50-қисм)

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here