Мафия сардори (52-қисм)

0

— Роман Фёдорович менга телефон рақамини берганди, — деб Шоҳруҳ чўнтакларини титкилай бошлади. Кўкрак чўнтагидан топди. Дарров рақамларни терди. Нариги ёқда гўшакни кўтаргунларича Шоҳруҳнинг пешонасида тер пайдо бўлди. Юлдуз унга термилиб турар, йигитдаги ҳар бир ўзгаришни диққат билан кузатарди. Ва хаёлан Шоҳруҳни илк маротаба кўргани билан ҳозиргисига таққосларди. Жудаям содда, ишонувчан йигитнинг бу даражада тез ўзгарганига ҳайратланар эди.

Нариги томондан гўшак кўтарилди. Йигитнинг юзи бирдан жиддийлашди. Салом берди-ю:

— Оксана қаерда? — деб сўради.

— Адашмасам, — деди Роман Фёдорович, — сиз мени туни билан ухламай чиқишимга сабабчи бўлган одамсиз. Нима бўлганда ҳам, раҳмат сизга, менинг ёш дўстим.

— Роман Фёдорович, — дея шошиб гапира бошлади Шоҳруҳ, — қизингизнинг кучукчаси борми?

Банкир кулди.

— Ҳозирги қизлар негадир жудаям итларга ишқибоз. Оксана Петкасини сираям қўлидан қўймайди.

— Петка?

— Ҳа, лақаби шунақа. Тинчликми?

— Илтимос, ҳозирча кучукчасидан узоқроқ бўлсин. Ёки йигитларингизга айтсангиз, ўша кучукчани текшириб кўришса.

— Оксана ҳозир Москвада, ярим соатдан кейин чет давлатга учади.

— Нега бунча бемалолсиз, сизга қиз керакми? Телефон қилинг, кучукчасидан узоқроқ бўлсин.

— Тушунтириброқ гапирсанг-чи?! Нега энди кучукчасидан узоқроқ бўларкан?

— Сайтда “кучук” деган ёзув ҳам бор. Фақат тезроқ бўлинг.

— Ҳозир, бир дақиқа, — деб Роман Фёдорович қизига қўнғироқ қилди.

Бу пайтда Оксана Москва аэропортида эди. Ўриндиқда ўтириб, севимли Петкасининг бошини силар, тез-тез қўл соатига қараб қўярди. У самолётга чиқишни эълон қилишларини сабрсизлик билан кутаётганди. Сабаби, унинг йигити — Петкаси Швейцарияда; эртароқ етиб бориб, у билан бирга висол онларини ўтказишни истарди. Дарвоқе, у кучукчасини жудаям яхши кўргани учун йигитининг исмини қўйган эди. “Сен ўзимнинг вафодоримсан, муҳаббатимсан. Сенсиз ҳаётимни тасаввур қилолмайман. Сенинг ҳаётимда борлигинг, мен учун қанчалик бахт эканлигини билсанг эди”, деб эркаларди мушукдан озгина йирикроқ кучукчасини. Кечқурун уни хизматкорига ишонмасдан, тўғрироғи, унинг қўли тегишидан қизғаниб, энг қиммат шампун суриб яхшилаб чўмилтирар, сўнг француз атиридан сепиб, ўзи билан олиб ётарди. Кучукча ҳам унга шунчалик ўрганиб қолгандики, чироқ ўчганидан кейин, албатта, қизнинг юзини ялаб қўярди. “Ҳали, — дерди Петкасининг қилиғи хуш ёққан Оксана, — йигитимдан қизғаниб, уни мен билан ётишгаям қўймасанг керак”. Кучукча унинг сўзларини тушунмаса-да, ғингшиб қўярди.

Ниҳоят самолётга чиқиш эълон қилинди. Аксига олиб, худди шу маҳал кучукча безовталанди.

— Оббо, — деди қиз унга қараб бошини сарак-сарак қиларкан, — топган вақтингни қара-ю! Майли, самолёт кутиб туради. Сен енгиллаб ол-чи!

У Петкани кўтарганча шоша-пиша ҳожатхона томонга кетди. Худди шу пайт кутиш хонасига Рамиз-Февзининг йигитлари кириб келишди. Ҳамма қизларга бир-бир нигоҳ ташлай бошлашди. Йўқ, уларнинг орасида оппоққина кучукча кўтаргани кўринмайди. Лекин уларга берилган суратдаги қизга ўхшайдиганлар анчагина эди. Иккала йигит бирма-бир қизларнинг ёнига бориб кўра бошладилар. Шунда улардан бирининг кўзи улкан таблога тушди. Унда Швейцарияга учадиган самолётга чиқиш бошлангани ёзиб қўйилган эди.

— Кечикканга ўхшаймиз, — деди у шеригини туртиб таблони кўрсатаркан.

— Хўжайиндан балога қолдик. Аяб ўтирмайди у. Боришимиз билан пешонамиздан отади, — деди бирдан руҳи тушган иккинчи йигит, — нима қиламиз энди? Балки…

Унинг гапи оғзида қолди. Ҳожатхона томондан оппоққина кучукчасини қучоқлаганча шошиб бир қиз келарди.

Уни кўрган йигитларнинг юзи ёришди. Улардан бири ёнидан қўл телефонини олди-ю, махсус рақамларни тера бошлади.

Бирдан Оксананинг телефони жиринглади. Шошаётган қиз тезлик билан яшил тугмачани босиб қулоғига тутди.

— Алло, Оксана! Кучукчангни ерга ташла! — дея бирдан бақирди отаси Роман Фёдорович.

Ота бошқа гапни айтишга улгурмади. Гумбурлаган товуш эшитилди қулоғига. Унинг қўлидан уяли телефони тушиб кетди. Ранги оқарди ва ёнига қулади.

Шоҳруҳ Роман Фёдоровичнинг қизига гапираётганини эшитиб турган эди. Унинг бирдан овози чиқмай қолганидан саросималанди. Қайта-қайта гўшакка: “Алло! Алло!” — деди. Бироқ жавоб бўлмади.

* * *

Фотима опа ўғли билан Шаҳлони кўриб қотиб қолди. Бир муддат уларга термилиб турганидан кейин:

— Опқочиб келдингми? — дея сўради Муроддан.

— Йўқ. Олиб келдим. Бугундан бошлаб, агар сиз рухсат берсангиз, уйимизда туради. Бир умрга, — дея Мурод онасига тикилди.

Фотима опа ютинди-да, қизарган, боши эгилган Шаҳлога қаради. Унинг кўкраги тез-тез кўтарилиб тушар, вужудида билинар-билинмас титроқ бор эди. Фотима опанинг юраги эзилди. Ўғлини ортиқ саволга тутмай, қизни оғушига олди.

— Ойижон! — дея Шаҳло йиғлаб юборди.

— Қизим. Уйимнинг тўри сизники. Шу уйнинг маликаси ўзингиз бўласиз, — деб бўлғуси келинини Фотима опа юз-кўзларидан ўпиб, уни меҳмонхонага етаклаётганида қиз оқсади. Шундан кейингина опанинг кўзи унинг гипсланган оёғига тушди.

— Вой ўлмасам! Нима бўлди, қизим?! — деб Фотима опа аввал Шаҳлога, кейин Муродга қаради.

— Ҳалиги… ойижон, йиқилиб тушгандим, — дея жавоб қайтарди Шаҳло баттар қизариб-бўзариб.

— Битталаринг йиқилиб бошингни ёрсанг, бошқанг оёғингни синдирсанг… Қани, ичкарига киринглар-чи икковларинг ҳам, яхшилаб гаплашиб қўяйин.

Фотима опа ўзгача меҳр, майинлик билан гапирдики, йигит билан қизнинг юзида беихтиёр табассум пайдо бўлди.

Меҳмонхонада уларнинг гаплари кўпам қовушавермади. Фотима опа нимани сўрашни, ўғли билан Шаҳло эса нимани гапиришни билмасди. Мурод ўйлаб-ўйлаб, охири чўнтагидаги пулларни стол устига қўйди. Буни кўрган она билан бўлажак келин ялт этиб йигитга қарашди.

— Нима бу? — сўради Фотима опа.

— Пул.

— Билдим пуллигини, қаердан олдинг шунча пулни? Яна кўча-кўйда…

— Ойи, нималар деяпсиз? Кўчада бировнинг пули ётган тақдирдаям эгилиб қўлимни чўзмайман-ку?! Бу пулларни ўзим ишлаб топдим.

— Қандай қилиб, болам? Шунча долларни бир йил бурнинг ерга тегиб меҳнат қилганингдаям тополмаслигингни биламан-ку! Ҳозироқ айт, қаердан олдинг бу пулларни?!

— Уфф, ойижон, бошқаларга ўхшаб бизнес қилдим. Аниқроғи, битта ўртоғимга стол-стул керак экан. Топиб бердим. Анави Ўктам бориди-ку, қўшнимиз. Шу орқали. Хизматимга шунча пул беришди. Ишонмасангиз, Ўктамнинг телефонини бераман, ўзингиз гаплашасиз.

Юраги гупиллаб уриб турган Шаҳло енгил нафас олди.

— Ишқилиб, тозами? — сўради Фотима опа ишонқирамай.

— Агар олди-сотди билан бойлик орттираётганларнинг пуллари тоза бўлса, демак, менинг топганим ҳам тоза. Энди бу пулларни нима қилишни Шаҳло билан ўйлаб кўрасизлар, — деб Мурод юзига фотиҳа тортди-да, ўрнидан туриб эшик томон йўналди.

Она билан бўлғуси келин унинг ортидан қараб қолишди.

Мурод иккаласига гаплашиб олиш имкониятини бериб, атайин ташқарига чиқиб кетди. Шу бўйи икки соатча кўриниш бермади. Бу муддат ичида Фотима опа нима воқеалар содир бўлганини мулойимлик билан, Шаҳлога оғир ботмайдиган қилиб сўради. Шаҳло тўлиб турган эди. Дардини кимга айтиб енгиллашиб олишни билмаётганди. Баҳонада “тўкилди”. Автоҳалокатгача бўлган воқеаларни бирма-бир гоҳ йиғлаб, гоҳида юзи жиддийлашиб сўзлади. Отаси уни ҳайдаб юборганини айтаётганида эса, додлаб юбормаслик учун зўрға ўзини босди. Лаблари титради, кўзларидан оқаётган ёшни тинимсиз артиб турган эса-да, барибир тугатолмади. Алам аста-секин суяк-суягигача бориб етди. Фотима опа унга қўшилиб йиғлади. Ундан-да баттар қайғуга ботди.

— Ойижон, — деди ҳикоясини тугатганидан кейин Шаҳло, — дардим билан сизни ҳам қийнаб қўйдим. Билмадим, нима гуноҳим учун Худо мени бунчалик жазолаяпти?

— Қизим, — деб Шаҳлонинг узун, оппоқ бармоқларини ушлади Фотима опа, — сизда ҳеч бир айб йўқ…

Шундай дея у бироз каловланиб қолди. “Ота-онангизнинг касрига қолгансиз”, деган гап тилининг учига келди-ю, бирдан опа тилини тишлади. Агар шундай дейдиган бўлса, шундоғам эзилиб ўтирган қизни баттар азоб исканжасига солишини англаб қолди.

— Манави пулларни нима қиламиз? — деб гапни бошқа томонга бурди.

— Ойижон, — дея қиз бошини эгди.

— Вой, эсим қурсин. Чой дамлаш ҳам хаёлимга келмабди-я, — дея Фотима опа ўрнидан тураётганда:

— Мен ўзим дамлай қолай, — деди Шаҳло.

— Ойингиз ўргилсин, ўзимнинг жоним қизим. Ҳали шунча кўп иш буюриб ташлайинки, бошингизни қашлашга вақт тополмай қолинг. Унгача соғайиб олишингиз керак.

Шаҳло Муроднинг онасининг ширинсуханлигидан, меҳрибонлигидан терисига сиғмайдиган даражада қувониб кетди. Бир муддатдан кейин ўзининг ойисини эслади. Бирдан юзидаги табассум йўқолди. Жиддийлашди. Ўкинди.

Фотима опа ич-ичидан хафа эди. У ўғлини шунақанги ишлар қилади, деб сираям ўйламаганди. Совчиликка бориб, қизнинг онаси билан талашиб-тортишиб, ҳамма удумларни жой-жойига қўйиб келин олмоқчи эди. Қўни-қўшниларга: “Ўғлимни унаштирдим. Фалон куни тўй қилишни мўлжалладик. Келинимнинг ибо билан чой олиб кирганини бир кўрганларингда эди, оғизларинг очилиб қоларди”, деб мақтанишни аллақачонлардан бери дилига тугиб юрарди. Ҳамма орзулари бирпасда саробга айланди… Шаҳло бошқача, тушунадиган оиланинг фарзанди бўлганидаям майли эди. Ўзи унинг уйига борарди қизни етаклаб… Унинг онаси бутунлай бошқача аёл. Агар қизининг шу ердалигини билса борми, қиёмат қўпади.

Фотима опанинг бошига оғриқ кирди. Бир хаёл қизни уйига жўнатиб юборишни ҳам ўйлади. Бироқ шу ондаёқ хаёлидан бу фикрни ҳайдаб солди. Уни шу аҳволда қаерга жўнатади? Соппа-соғ бўлганидаям майли эди.

У талай муддат шу тахлит — қўлига гугурт ушлаганча газ ёнида туриб қолди. Агар телефон жиринглаб қолмаганида, ҳали анча турарди ҳам. Хаёли бузилиб, тинимсиз безовталанаётган телефон ёнига бориб гўшакни кўтарди.

Ундан эркак кишининг овози келди. Фотима опанинг бирдан юраги шув этиб кетди. Зумда хаёли Шаҳлонинг дадасига бориб тақалди. «Дўқ-пўписа қилади. “Ўғлингни қаматиб юбораман”, дейди», деган фикр миясига жойлашиб ҳам улгурди.

— Мен, — деди телефон қилган одам, — Ўктамман, кеннойи, танидингизми?

Фотима опа сал бўлмаса гўшакни ташлаб юборай деди. Чуқур нафас оларкан:

— Ўктамжон, юрагимни ёриб юборай дединг, — дея беихтиёр гапириб юборди у.

— Нима гап, тинчликми? — сўради ҳайрон бўлган Ўктам.

— Тинчлик, тинчлик, — деб Фотима опа ўғринча меҳмонхона томонга кўз қирини ташлаб қўйди.

— Мурод керак эди. Зарур иш чиқиб қолди.

— Шунақами, — деб юзи ёришди аёлнинг, чунки ўғлининг каззоблик қилмаганига амин бўлганди у, — ташқарига чиқиб кетганди-я, келиши билан айтаман, ўзи телефон қилади.

— Илтимос, айтинг, — деб гўшакни қўйди Ўктам.

Фотима опа чой қўйишни бутунлай унутиб, Шаҳлонинг ёнига қайтиб келди.

— Алдамабди, алдамабди, — деди шошиб, — азалдан ҳеч қачон алдамаган. Нима қилиб унга ишонмадим, ҳайронман. Ўктамжон яхши бола. У билан бирга ишласа, ёмон йўлга юрмайди, умрингдан барака топгур.

Шаҳлонинг юзида табассум пайдо бўлди. Бироз олдин у ичидан зил кетганди. Чунки у ишонган, суянган аёл битта қўнғироқдан қўрқиб кетганди-да.

— Эсим қурсин, болам, яна чойни унутибман-ку?! Одам хурсанд бўлганидан кейин…

Фотима опа қолган гапини ичида қолдирди. Айни дақиқада хурсанд эса-да, қўнғироққача унинг дили зимистон бўлганлигини ўзидан яширолмасди. Шу боисдан ҳам гапини охиригача айтолмади. Айтолмади-ю, боя бир қанча муддат ғамга кўмилиб ўтирганини Шаҳлога билдириб қўйди. Қизнинг ичидан бир нарса «чирт» этиб узилгандай бўлди. “Кетаман. Ҳозир Мурод акам келса, мени Севинчларникига обориб қўйишини илтимос қиламан. Буларга оғирлигимни ташлаб нима қилдим?” — дея дилидан ўтказди.

Нуриддин ИСМОИЛОВ

(Асарнинг кейинги қисмларини яқин соатларда ўқийсиз)

Аввалги қисмларни ўқиш учун қуйидаги ҳаволаларни босинг:

Мафия сардори (1-қисм)

Мафия сардори (2-қисм)

Мафия сардори (3-қисм)

Мафия сардори (4-қисм)

Мафия сардори (5-қисм)

Мафия сардори (6-қисм)

Мафия сардори (7-қисм)

Мафия сардори (8-қисм)

Мафия сардори (9-қисм)

Мафия сардори (10-қисм)

Мафия сардори (11-қисм)

Мафия сардори (12-қисм)

Мафия сардори (13-қисм)

Мафия сардори (14-қисм)

Мафия сардори (15-қисм)

Мафия сардори (16-қисм)

Мафия сардори (17-қисм)

Мафия сардори (18-қисм)

Мафия сардори (19-қисм)

Мафия сардори (20-қисм)

Мафия сардори (21-қисм)

Мафия сардори (22-қисм)

Мафия сардори (23-қисм)

Мафия сардори (24-қисм)

Мафия сардори (25-қисм)

Мафия сардори (26-қисм)

Мафия сардори (27-қисм)

Мафия сардори (28-қисм)

Мафия сардори (29-қисм)

Мафия сардори (30-қисм)

Мафия сардори (31-қисм)

Мафия сардори (32-қисм)

Мафия сардори (33-қисм)

Мафия сардори (34-қисм)

Мафия сардори (35-қисм)

Мафия сардори (36-қисм)

Мафия сардори (37-қисм)

Мафия сардори (38-қисм)

Мафия сардори (39-қисм)

Мафия сардори (40-қисм)

Мафия сардори (41-қисм)

Мафия сардори (42-қисм)

Мафия сардори (43-қисм)

Мафия сардори (44-қисм)

Мафия сардори (45-қисм)

Мафия сардори (46-қисм)

Мафия сардори (47-қисм)

Мафия сардори (48-қисм)

Мафия сардори (49-қисм)

Мафия сардори (50-қисм)

Мафия сардори (51-қисм)

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here