Мафия сардори (53-қисм)

0

Фотима опа чой дамлаб келганидан кейин столнинг устига қанд-қурс қўйди, нон ушатди. Буларнинг бари Шаҳлонинг назарида шунчаки хўжакўрсинга қилинаётгандай туйилаверди. Бир бурда нон тугул, бир ҳўплам чойни зўрға томоғидан ўтказди у. Икки кўзи эса эшикда эди. Ярим соатлар ўтиб, Мурод келди. Эшикдан кириши билан Фотима опа уни Ўктам сўраганини айтди.

— Нега сўрабди? — деди Мурод онасига тикилиб.

— Билмадим. Келиши билан телефон қилсин, деди. Зарур иши бордир-да.

Мурод гўшакни кўтариб рақам терди. Тўрт-беш чақирувдан кейингина нариги ёқдан гўшак олинди. Ўктам Муроднинг овозини эшитиши билан сўрашишни ҳам унутиб:

— Тез етиб кел, зарур иш чиқиб қолди. Хурсанд бўласан, — деб гўшакни қўйиб қўйди.

Мурод бир-бир босиб меҳмонхонага кирди. Унинг юзидан на хурсандчилик ва на хафалик аломатини сезса бўларди. Бундан она билан ёрнинг иккови ҳам хавотирланди.

— Тинчликмикан? — сўради Фотима опа.

— Тинчлик. Тез кел, деди. Зарур иши бор экан. Лекин ёмон иш бўлмаса керак. Бўпти, мен кетдим. Менсиз маза қилиб дардлашадиган бўлдинглар.

Унинг гапидан кейин Шаҳло ичидан зил кетди. Чунки Севинчларникига олиб бориб қўйишини илтимос қилмоқчи эди. Аслида ўзи ҳам бир амаллаб етиб олса бўлади-ю, лекин Фотима опани ранжитиб қўйишни истамаяпти. Мурод билан бирга бирон нимани баҳона қилиб чиқиб кетса-ю, кейин ҳамма гапни онасига ўғли тушунтирса яхши бўлади, деган ўйда эди у.

Мурод кетди. Йўл-йўлакай минг бир хаёлга борди. Гарчи Ўктам унинг хурсанд бўлишини айтган эса-да, барибир кўнглининг бир четида хижиллик бор эди. Охири у ҳамма нарсани унутишга, фақат Шаҳло тўғрисида ўйлашга қарор қилди. Лекин барибир дили ёришмади.

Ўктам уни офисининг ҳовлисида кутиб олди. Қучоқлашиб кўришди. Узум сўриси остидаги ўриндиққа бошлади. Кейин шошилмасдан чўнтагидан сигарета олиб тутатди-да, гап бошлади:

— Хўжайин ўғлига фирма очиб берганди. Тикувчилик ва олди-сотди билан шуғулланадиган. Ёшлик қилганми ёки ўқиши халақит берганми, хуллас, эплолмаган. Бугун мени ёнига чақириб: “Оёқ-қўли чаққон, фаҳм-фаросатли одам топиб беринг”, деб илтимос қилди. Бирдан хаёлимга сен келдинг. Айнан сенбоп иш. Ҳаракат қилсанг, шунинг орқасидан бойиб кетишинг ҳам мумкин.

— Тикувчилик? — деганча Ўктамга тикилди Мурод. — Менинг қўлимдан унақанги иш умуман келмаслигини яхши биласан-ку?!

— Мен сенга бирон нима тикасан, демаяпман. Сен бошқарасан. Тушундингми? Туркиядан мол келади. Сен уни тикув цехига оборасан. Улар тикишади. Кейин бозорда сотасан. Қиладиган ишинг мана шу. Ҳа, қўлингда камида ўттизта одам бўлади, уларниям бошқаришингга тўғри келади. Энг асосийси, ишнинг кўзини билсанг, ҳалол бўлсанг, марра сеники.

— Эплолмасам-чи?

— Эплолмасанг, чиқариб отиб ташлашади, — деди бироз қизишган Ўктам, — бунчалик ландовур бўлма-да, ука. Шундай имкониятдан фойдаланиб қолмайсанми? Шундоғам бекорчиларга хўжайинлик қилиб юрибсан… Ҳа, энди жуда бўлмаса, қўлимдан келмади, дейсан, тамом-вассалом, кетаверасан. Ўрнингга бошқаси келади.

— Мен бир ўйлаб кўрай.

— Ўйла. Эртага эрталаб менга жавобини айт, — деб Ўктам ўрнидан турди.

* * *

Фотима опа бутунлай карахт аҳволга тушиб қолган эди. Шаҳло билан озгина чой ичди. Меҳрибончилик кўрсатмоқчи эди-ю, аммо гапларининг ҳаммаси сохта чиқаверди. Охири ўрнидан туриб айвонга чиқди. Бир қанча муддат деразадан пастга қараб турди. Ичкарида эса Шаҳло ўзи билан ўзи андармон бўлиб қолганди. У Муроднинг келишини интиқлик билан кутаётган эди. Агар келса, Фотима опанинг ёнида бўлса ҳам, дугонасиникига олиб бориб қўйишини илтимос қилади. Чунки шундан ўзга чораси йўқдай туйилди унга.

Вақт жудаям имиллаб ўтар, бундан айвондаги аёлнинг ҳам, меҳмонхонада дастурхон учини ўйнаб ўтирган қизнинг ҳам юраги сиқиларди. Ниҳоят, Шаҳлонинг бардоши тугади. У секин ўрнидан туриб, гипсли оёғини эҳтиёткорлик билан босиб эшиккача борди. Юриш  унга  анча  қийинчилик туғдирар эди. Сабаби, битта оёқда лўкиллаб юролмасди. Пол гурсиллаб кетарди. Синган оёғини полга босса, гипси эзилиб кетаётган эди.

— Ойижон, — деди у эшик рахига суяниб. Фотима опа бирдан ўзини ичкарига олди. Шошилганча меҳмонхона тарафга бораётиб, Шаҳлога кўзи тушди.

— Сизга ҳали-бери юриш мумкинмас-ку, қизим… Яхшиси, ётоқхонадан жой қилиб бераман, озроқ дамингизни оласиз, — деди.

— Мен кетаман. Сизларга юк бўлишни истамайман.

— Нималар деяпсиз, қизим? Ким сизни бизга юк бўлади деб айтди? — деди ҳайратини яширолмаган Фотима опа.

— Ташвиши кўп қизман. Балки ойим келиб қолсалар…

— Бир гап бўлар. Ниятимиз ёмонмас-ку, Худонинг ўзи марҳамат кўрсатар. Ҳали ҳеч нарса кўрмагандай бўп кетасиз. Ойингиз билан ҳам келишиб оламиз. Бундан бу ёғига кетишни эсингиздан чиқаринг. Чунки оиламиз аъзосига айландингиз.

— Ойижон! — дея йиғлаб юборди Шаҳло ва оқсоқланганча бориб Фотима опани қучоқлаб олди. Худди шу пайт эшикдан Мурод кириб келди. Қайнона-келиннинг бир-бирларини қучоқлаб туришганини кўриб, қувончдан кўзлари порлаб кетди.

— Бўларкан-у, — деди Мурод.

Фотима опа билан Шаҳлонинг юзида табассум пайдо бўлди.

— Сен нима деб ўйловдинг? — дея кесатди Фотима опа.

— Менинг қорним очқаб кетди. Келинингиз бирон нима пишириб берсин, — деди Мурод эркаланган киши бўлиб.

— Ҳозирча биронта муллани олиб келиб никоҳ ўқитмагунингча Шаҳло сенга бир таниш қиз ҳисобланади. Шунчаки яқинлик юзасидан тайёрлаб бериши мумкин. Аммо жуфти ҳалолинг бўлолмайди.

— Унда бориб бирорта мулла топиб келайин, — деб Мурод ортига бурилган эди, Фотима опа уни тўхтатди.

— Шаҳлохонга осонгина эришаман, деб ўйлаяпсанми? Бекорларни айтибсан. Аввал оёғини тузатасан, сарпо-суруқ қиласан. Ундан сўнг тўй қилиб, элга ош берасан. Ундан кейин никоҳ ўқитасан. Шу ишлар охирига етмагунча, Шаҳло синглингга дугона бўлиб, у билан бирга ётиб туради. Келишдикми?

Шаҳло қизариб кетди. У секин Фотима опанинг орқасига ўтиб, Муродга ўғринча қаради ҳамда ўзига термилиб турган йигитга: “Ана энди, айтганларини қилинг”, дегандек кўзлари билан ишора қилиб қўйди. Бир зумгина уни ғам-ташвиш холи қолдирди. Озгина муддат у хурсанд бўла олди. Юраги севинчга лиммо-лим бўлди.

— Унда сизлар билан бир нарсани келишиб олайин. Ойи, айтганларингизнинг ўзи бўлмайди-ку, тўғрими? Менга Ўктам бир иш таклиф қилди. Қисқаси, битта фирма бор экан. Шуни юрғазишим керак эмиш. Ҳар қандай ишни қилиб кетавераман-у, лекин буниси сал бошқачароқ экан. Хуллас, тикиш-бичиш…

— Зўр-ку! — деб юборди Шаҳло кутилмаганда. — Менинг орзуимдаги иш. Ҳам тикувчиликка, ҳам дизайнерликка… — Шаҳло гапираётганида Фотима опа билан Мурод унга тикилиб туришди. Шу боисдан у уялиб кетди. Бошини эгиб, паст товушда: — Ўқигандим-да, — деб қўйди.

— Демак, — деди Мурод кулиб, — иккинчи хоним менинг шу фирмада ишлашимга рози. Биринчи хоним нима дерканлар?

— Шошманглар, — деди Фотима опа нима деярини билмай, — яхшиси, ўтириб гаплашайлик. Сен нима гап-нима сўзлигини тушунтир. Ундан кейин маслаҳатлашамиз. Қани, меҳмонхонага киринглар-чи.

Ўктам нимаики деган бўлса, Мурод ҳаммасини бирма-бир сўзлаб берди. Сўнг ойиси Шаҳлога қаради. Шаҳлонинг ичи ёниқиб кетаётган эди. Чунки агар Мурод шу ишни бошлайдиган бўлса, жон-жон деб ёрдам берар, бунинг натижасида эрта бир кун бойиб кетишларига кўзи етарди. Айни чоғда, у бойишни сира истамасди. Чунки оиласининг пароканда бўлиб бораётганига айнан мана шу бойлик сабабчи эди. Шунингдек, унинг бу фикрига: “Ойи, мана кўриб қўйинг, ҳар қандай одам ҳаракат қилса бойиб кетиши мумкин. Сиз бекордан-бекорга Мурод акамни ҳақорат қилдингиз. Мана, бу кишининг қандай тадбиркорлигини кўриб қўйинг”, деган ўй қаршилик қилиб турарди.

— Ўктам ёмон боламас, — деди Фотима опа анча вақт мулоҳаза қилиб, — Сени жарликка етакламаса керак. Майли, бир уриниб кўр. “Уддалолмасанг, бемалол кетаверасан”, дебди-ку?! Фақат, болажоним, йўқ жойдан бир дунё қарз бўйнингга илиниб қолмасин. Эҳтиёт бўл. Бу — бир томони. Иккинчидан, қўлингда анави пулинг бор. Шуни ишлатгин-да, Шаҳлохонни никоҳлаб олгин. Худо ярлақаб, ишинг юришиб кетса, бир-икки ойда тўй ҳам қиламиз… Қолгани бир гап бўлар.

Шаҳло уятдан ерга кириб кетай деди. Муроднинг ҳам боши эгилди. Чунки Фотима опа сўнгги гапи билан нима демоқчилигини икковигаям билдириб қўйганди. Дарҳақиқат, Хонзода билан тил топишишнинг ўзи бўлмасди. Унинг қизини келин қилиш учун одам ё амалдор ёки яхшигина бой бўлиши лозим эди.

* * *

Уколдан кейин роса ухлаган, ўзига келгач, бир муддат карахтланиб ётган, сўнг бўлиб ўтган воқеалар хотирасига келиб, кўзидан ёш оққан Хонзода ўрнидан туриб, эри ва қизидан хабар олишни хаёлига ҳам келтирмай, касалхонадан ташқарига чиқди. Айни чоғда, қизининг тақдири уни мутлақо қизиқтирмаётганди ҳам. Унинг юрагини ўртаётган нарса — ютқазиб қўйгани эди. Яна келиб-келиб камбағал, ўз таърифи билан айтганда, ялангоёққа ютқазгани суяк-суягигача ўтиб кетди.

Нажотни яна отасидан қидирди. Аввал унинг қўл телефонига қўнғироқ қилди. Ўчирилган. Алам қилди. “Ҳар доим қидирганимда тополмайман”, дея кўз ёшини кафти билан артди. Телефонини сумкачасига солиб, тез-тез юрганча касалхона дарвозасидан чиқиб, такси тўхтатди. Ота уйининг манзилини айтиб, орқа ўриндиққа ўтирди. Кета-кетгунча йиғлади. Такси ҳайдовчиси бир неча марта ажабланиб, кўзгу орқали унга қараб қўйди. Аммо Хонзода эътибор қилмади. Кўзидан ёшини оқизиб кетаверди. Ора-чора бурнини тортиб қўярди. Гўё атрофида ҳеч ким йўқдай, ёлғиз ўзи ўтиргандай эди.

— Тинчликми? — сўради ҳайдовчи охири сабри чидамай.

Хонзода жавоб қилмади. Сумкачасидан рўмолчасини олиб юз-кўзини артди.

— Кўзингиз қизариб кетибди, — деди кўзгудан нигоҳ ташлаган ҳайдовчи.

— Аҳвол шунақа бўладиган бўлса, қизармаган жойим қолмайди, — деди алам билан Хонзода.

— Бирор ёрдамим керак эмасми?

— Нимаям ёрдам берардингиз? Энди ҳеч нарсани ўзгартириб бўлмайди.

— Ўлимдан бошқа ҳар нарсанинг давоси бор. Кўринишингиздан истарали аёлга ўхшайсиз. Сиздай аёлни шу даражада хафа қилишга кимнинг ҳадди сиғди?

— Топиларкан шунақалар ҳам. Уйимга, рўзғоримга яхши бўлсин деб, қанча югурсам ҳам, биров билмади. Қайтанга ҳаммага кулги бўлганим қолди.

— Биров алдаб кетдими?

— Ундан беш-баттар бўлди.

— Унда уйингизга борсангиз, эрингиз аҳволингизни кўриб, пичоқ яланғочлаб чиқса керак?!

— Нималар деяпсиз? Қанақанги эр? У ётибди оёғини осмондан қилиб. Парвойи фалак. Менинг ўлиб кетганим билан иши йўқ. Ҳозир дадамнинг ёнига бораяпман. Яхшиям шу дадам бор эканлар. Бўлмаса, ўлиб кетаверсам ҳам бўларди.

— Ҳозир дадангизникига бораяпсизми?

— Ҳа.

— Нима бўлган тақдирдаям бу аҳволда боришингиз яхши эмас. Сал ўзингизга келволиб, кейин борсангиз маъқулроқми дейман.

— Қаергаям борардим? Кимнинг кўзи учиб турибди?

Ҳайдовчи энди аёлга яхшилаб қаради. Унинг бўйнидаги қалин тилла занжирга кўзи тушди. Шу биргина деталнинг ўзи унинг камбағал эмаслигидан далолат берарди. Бунинг устига оппоққина. Ёши ўттизлардан (Хонзода анча ёш кўринарди. Уни кўрган одам ҳечам қирқдан ошган деб ўйламасди. Бунинг учун у мағрурланарди ҳам. Давраларда кибр билан юрар, ўзидан анча ёш эркакларга-да эҳтиросли нигоҳ ташлаб қўйишни унутмасди. Шу билан у дугоналарининг ичини куйдиришни яхши кўрарди) ошган. Бундай пайтда аёл эридан ранжийдиган бўлса, албатта, бошқа бировнинг юпатишига эҳтиёж сезади. Ҳайдовчи Нажимнинг фикри шунақа эди.

— Битта кафе бор. Шовқин-суронсиз жойда. Яна элитний. Салқин. Биров халақит бермайди. Ўтириб озгина дам олсангиз, ҳозирги дилхиралигингиз тарқармиди… Нима дейсиз? — дея савол қотди Нажим.

— Майли, ҳайданг. Тўғриси, шу аҳволимда дадажонимнинг ёнларига борсам, эримни ўлдиртириб юбориши мумкин.

Унинг гапидан Нажим бир қалқиб тушди. Ахир ҳозирги замонда бировни ўлдиртириб юбориш осон иш эмас. Бу ишни қилган одамнинг томири бақувват бўлади. Қўпориб ташлашга унча-мунчанинг тиши ўтмайди. Бундай аёл билан боғланиш бир тарафдан яхшилик олиб келса, иккинчи томондан одамни майиб қилиши ҳам мумкин. Ҳар қалай, эҳтиёт бўлган маъқул.

Нажим ўзи мўлжал қилган жойга Хонзодани олиб борди. Аёл ҳеч нарсага эътибор қилмади. Икки кишилик хонага кириб, оромкурсига ўтирди-ю, уларнинг олдига келган хизматчи йигитга:

— Илтимос, биз меньюни кўриб бўлгунимизча, муздай пиво олиб келинг. “Балтика-9”дан, — деди.

У пиво ичмагунча гапирмади. Нажим ҳам жим ўтирди. У ўзича бўладиган ўтириш неча пулга тушишини ҳисоб-китоб қиларди. Ахир бор-йўғи таксичи бўлса. Куни билан итдай ишлаган тақдирда ҳам қирқ мингдан зиёд тополмайди. Ҳозир бир ўтиришда бунинг барини сарфлаб юбориши мумкин. “Нималар қилиб қўйдим? Индамай уйига обориб қўйиб, пулини олиб кетавермайманми? Йиғласа, эзилса, ундан нарига ўтиб кетмайдими?” — дея хаёл сурар эди у.

Нуриддин ИСМОИЛОВ

(Асарнинг кейинги қисмларини яқин соатларда ўқийсиз)

Аввалги қисмларни ўқиш учун қуйидаги ҳаволаларни босинг:

Мафия сардори (1-қисм)

Мафия сардори (2-қисм)

Мафия сардори (3-қисм)

Мафия сардори (4-қисм)

Мафия сардори (5-қисм)

Мафия сардори (6-қисм)

Мафия сардори (7-қисм)

Мафия сардори (8-қисм)

Мафия сардори (9-қисм)

Мафия сардори (10-қисм)

Мафия сардори (11-қисм)

Мафия сардори (12-қисм)

Мафия сардори (13-қисм)

Мафия сардори (14-қисм)

Мафия сардори (15-қисм)

Мафия сардори (16-қисм)

Мафия сардори (17-қисм)

Мафия сардори (18-қисм)

Мафия сардори (19-қисм)

Мафия сардори (20-қисм)

Мафия сардори (21-қисм)

Мафия сардори (22-қисм)

Мафия сардори (23-қисм)

Мафия сардори (24-қисм)

Мафия сардори (25-қисм)

Мафия сардори (26-қисм)

Мафия сардори (27-қисм)

Мафия сардори (28-қисм)

Мафия сардори (29-қисм)

Мафия сардори (30-қисм)

Мафия сардори (31-қисм)

Мафия сардори (32-қисм)

Мафия сардори (33-қисм)

Мафия сардори (34-қисм)

Мафия сардори (35-қисм)

Мафия сардори (36-қисм)

Мафия сардори (37-қисм)

Мафия сардори (38-қисм)

Мафия сардори (39-қисм)

Мафия сардори (40-қисм)

Мафия сардори (41-қисм)

Мафия сардори (42-қисм)

Мафия сардори (43-қисм)

Мафия сардори (44-қисм)

Мафия сардори (45-қисм)

Мафия сардори (46-қисм)

Мафия сардори (47-қисм)

Мафия сардори (48-қисм)

Мафия сардори (49-қисм)

Мафия сардори (50-қисм)

Мафия сардори (51-қисм)

Мафия сардори (52-қисм)

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here