КАЛАМУШНИНГ ИНИ МИНГ ТАНГА ТУРМАЙДИ…

0

 

Мен ватангадо эмасман

Мен ҳалол каламушман. Жияним сичқонбойга ўхшаб бировларнинг ҳақини ўғирлаб емайман. «Фақир киши панада» деганларидек, уйларнинг остиданми, ахлатхона бурчаклариданми ўзимга кўримсизгина бўлсаям ин қуриб тинчгина умргузаронлик қиламан. Тўғри, уйларнинг остидаги иним тепасидан қанақадир трубалар айланиб ўтган. Мана, ҳозир ҳам чакка оқиб турибди. Трубаларнинг ўша алмисоқдан қолган тешикчаларини беркитишга кўп уриндим. Қўл қурғур калталик қилди. Худо шундай савлатни бераётганда, қўлимизниям сал узунроқ қилиб юбормаган экан-да! Ҳа майли, чидайман, шу ин ҳам бўлмаганда, қишли-қировли кунларда хотин-бола чақани қаерга судраб борардим? Сичқонбой жиян ўзига етгунча калондимоғ, миннат қилиши мумкин. Худо кўрсатмасин, тилим қисиқлиги панд бериб менга буйруқ бериб қолса, бир бало қилиб қўйишим мумкин у жинқарчани…

Кўчада

Ие, анави паҳмоқ мушукми? Керилишини қаранг! Худди бир балога тўйволган хўроздай кеккаяди-я, мақтанчоқ! Тўғри-да, бировларнинг оёғига суйкалиб, раҳмини келтириб, ёлғондакам хушомадлар билан қорин тўйдиради. Кўришиб қолсанг, оғзини тў-ўлдириб мақтанади. Аслида бир чақага арзимайди. Башарасига тупуриб қочардим-у, тирноғидан қўрқаман-да!..

— Ие, ие, солейкў-ўм, паҳмоқбой оға! Саломатлик яхшими, оға? Мош янгам тузук юрибдиларми?..

— Ҳа, каламуш, сенмисан? Намунча сасиб кетибсан? Мундай ўзингга қараб юрсанг ўласанми, хумпар?

— Ҳа, энди, оға, биз кичкина одам бўлсак, инимиз ҳалигидай шунақа-да! Илтимос, меҳмонга ўтинг, топганимни баҳам кўраман!

— Кулгимни қистатма! Энди бир камим каламушникига меҳмонга боришмиди? Пишириб қўйибдими? Нима билан сийламоқчисан? Сичқонинг борми? Йў-ўқ, кўрдингми, тағин катта кетасан-а, вей!

— Оға, бизнинг жиянларга тил теккизманг, илтимос! Ҳарқалай, жигарим!..

— Ҳе жиянингдан ўргилдим, сассиқ! Тур йўқол!..

— Бўпти-и, тавба қилдик, оға, оғзимиздан чиқиб кетди-да!..

Ҳаммага тўй, бизга аза экан-да!

Паҳмоқбой оға «настринэна»ни бир пул қилгандан кейин аламимга чидолмай яна алмисоқдан қолган инимга келдим. Шунақа-да, мушук ўзига тўқ, хоҳласа ҳақорат қилади, хоҳласа, масхаралайди. Қўлни кўксимга қўйишдан бўлак илож ҳам йўқ…

Қуриб кетсин, ўғилчамга бирор егулик олиб келишим керак эди. Энди нима қилдим? Ҳе падар лаънат, тағин анави трубадан елкамга сув томчиладими? Буям етмагандай, қўшни домда тўй бўляпти шекилли. Маша опа деган мушук турмушга чиқяпти дейишувди. Буларни қара, бор йўғи турмушга чиқишади-ю, миёвлаши мияни ўйволай дейди-я! Шунча ваҳима кўтариб тўй қилиш шартмикан? Тўхта, тўйхонага аста мўраласам-чи? Биров мени урармиди? Сичқонбой жиян кўриниб қолса, илтимос қилиб кўрардим. Йўқ, ўлсам ҳам унга ялинмайман. Бир бўлак колбасами, гўштми, ўзим ҳам топа оламан. Топсам, зўр бўларди. Менинг каламушбойим ҳам ойда-йилда бир зиёфат еса ебди-да!..

Бе, гўшт, колбаса деганим нимаси? Тўйхонада балонинг уруғиям йўғакан-ку! Пешонамга бундай емишлар битмаганини билардим! Умримда ҳатто, чучварани яқиндан кўрмаганман-ку, хом санаб қўйибман-а! Ҳа-а, ҳозирги мушуклар қурумсоқ бўлиб кетишибди. Ҳеч вақосиз тўй ўтказишади. Келин томон ҳам ғирт анқов экан-да! Борига кўниб кетаверса-я! Ҳа майли, ўзимизнинг емишдан қўймасин. Бизга ким қўйибди шоҳона дастурхонни? Барибир тиқилиб ўламиз. Ўғлимга тўкилган-пўкилган бирор совун бўлагими, тухумми, омадим келса, ёнғоқми топиб берарман, тешиб чиқмайди! Асосийси, сув сероб-ку! Каламуш учун сувдан қимматлиси йўқ.

Ғийбатчи

Биз каламушлар ҳеч қачон тўп-тўп бўлиб яшай олмаймиз. Бир дастурхон атрофига ўтирдик дегунча бир-биримизга ҳасад қила бошлаймиз. Кимдир кимнингдир насибасига кўз олайтиради, нарироқ кетса, ғийбатини қилади. «Сендан мен камми?» қабилида ортидан тош отади. Кўрибсизки, тишлашиб қоламиз.

Ким билсин? Ит-мушуклар, ҳатто майда-чуйда сичқон жиянларгача аҳил, иноқ яшайди. Бир-бирларини ялаб-юлқайди. Мен бўлсам, сарсон-саргардонликда бировларнинг уйи атрофларини, ертўлаларни кезганим-кезган. Аламимни бетон тешишдан, аллакимларнинг ризқи жойланган қопларни йиртиб қочишдан оламан. Бир жиҳатдан тўғри қиламан. Нега энди сичқон бемалол квартираларни айланиб чопиши, ёввойи мушукка ем бўлмай, насибасини териб ейиши кераг-у, мени қувиб солишлари, мендан ҳазар қилишлари керак? Қачонгача паҳмоқбой оғага қуллуқ қилиб яшайман? Ким бўлибди? Мендан қаери ортиқ? Қайси юмушни қойиллатиб қўйибди? Ғирт текинтомоқ-ку! Эркак бўлса, эгасининг тиззасига суйкалиб, аёлдай буралмасди. Бир бурда нон учун номусини ерга урмасди. Мен-чи? Мағрурман. Ҳеч кимдан тилим қисиқ ерим йўқ. Ҳатто кир совунниям ҳалоллаб ейман. Ҳеч кимга таъзим қилмайман. Биров тутволиб ўлгудай калтаклаган тақдирдаям бошимни баланд кўтариб яшайман. Чунки менинг узоқ қариндошларим ҳозир нақ қаҳрамон. Улар дунёни остин-устун қилар даражада ажойиб ишлар қилишяпти. Манаман деган олимлар қариндошларимни ҳашаматли уйларга олиб кириб, янги дориларини ичиришяпти. Негаки, билишади, каламушнинг жони тошдан қаттиқ. Ҳар қандай заҳарни тап тортмай ича олади.

Фақат шунисиям баъзида алам қилади. Ҳеч кими йўқ деб заҳар ичиришларини ўйласам, қариндошларимга, умуман каламуш бўлиб туғилганимга ачиниб кетаман. Ё ноҳақманми? Ўзингиз ўйланг, нега ўша янги дорисини, заҳарини итгами, мушукками ичиришмайди. Ҳа-а, уларнинг бошида эгаси бор-да-а? Эҳ, нима қилсам экан? Нервларим тишимни синдиргудай қўзғолон қиляпти. Бошимни олиб бир ёқларга кетиб қолайми-а? Кетайми?..

Кетиб бўпман. Ертўладаги уйим-чи? Уни ёлғиз ташлаб кетолмайман, ахир! Нима? Сот? Кимга? Қанчага? Минг тангага? Устимдан кулманг! Каламушнинг уйи сичқонники каби минг танга турмайди, ока!

Олимжон ҲАЙИТ

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here