КУН КУЛГИСИ… (Марҳум қизиқчи Рустам Ҳамроқулов бисотидан)

0

 

Бизнинг қишлоқда яшайдиган бир акахон ярим кечаси уйига ичиб “мантировка” бўлиб кепти. Ташқарида ёмғир қуйяпти. Икки этигининг ҳар бирида уч килодан лойминан кириб кепти. Костюмининг биринчи тугмаси тўртинчи тешикка қадаб қўйилибди. Бош кийим қаерда қолган, ҳеч ким билмайди. Шу аҳволда уйига кириб, этикдаги олти кило лойминан гиламнинг устига чиқиб, тик турган ерида хуррак отаётганмиш. Ошхонада эса олинганига 24 йил бўлган эски “Саратов” музлаткичи тариллаб ишлаб кетибди.

— Дир-дир-дир-дир-дир-р-р-р!!!

Акамиз бу товушни эшитиб, кўзларини каттароқ очиб аста ошхонага ўтибди-да, музлаткич эшигини очиб дебди:

— И-илтимос, ш-шаҳаргача кетволайлик!..

Бир пайт қараса, музлаткичда бир бўлак колбаса турган экан. Колбасани кўриб ғўлдираб музлаткич эшигини ёпибди.

— Ҳм-м, “мясавўз”ми? Узр, б-бошқасини т-тўхтатамиз!..

Тағин гилам устига қайтиб ухлаб турса, яна музлаткич ишлаб кетибди.

— Дир-дир-дир-р-р-р-р!!!

Қайта ошхонага ўтиб музлаткич эшигини очиб дебди:

— И-илтимос-с, ш-шаҳаргача кетволайлик!

Кейин қараса, музлаткичда идиш тўла қатиқ турган экан. Ғўлдираб эшикни ёпибди.

— И-ие, бу “малакавўз”ми? М-майли, бошқасини…

Гапини тугатмай, ичкаридан хотини чиқиб қолиб койина кетибди.

— Ҳай, хўжайин, дадаси, ўз уйингиздаси-из! Уч соат бўлди-ку келганингизга! На ўтирасиз, на ётасиз! Хода ютиб келганмисиз, жон дадаси? Шунақаям ичасизми? Бутилкага ўхшаб қопсиз-ку ўзингизам! Ҳа ўзим ўргилай, хўжайин, иссиқ жойларни тўшаб қўйганман. Кириб ётинг, жон хўжайин!

Хотини шундай деб эрининг икки юзига шапатилаб-шапатилаб ташлаган экан, акамиз сал ўзига келиб, кўзлари очилиб қараса, рўпарасида хотини турганмиш. Хотинининг қулоқ чаккасига бир тарсаки тушириб қичқирибди:

— В-вей, ярим кечаси “астанўпка”да нима қилиб юрибсан?

О. ҲАЙИТ тайёрлади

 

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here