Мафия сардори (54-қисм)

0

Хонзода пивони ичиб бўлганидан кейин ҳақиқатан ҳам бироз бўшашди. Миясини эзғилаётган ташвишлар бироз узоқлашгандай бўлди. Оч қоринга даражаси юқори пиво ичганидан ҳатто кайфи ҳам ошди. Илжайиб, рўпарасидаги ўзидан бир-икки ёш катта одамга қарагач:

— Нега мени бу ерга олиб келдингиз? — дея сўради.

— Кайфиятингиз жуда ёмон экан. Озгина дардингиз енгиллашсин, дегандим.

— Раҳмат, унда танишайлик, менинг исмим Хонзода, — деб аёл эркакка қўл узатди.

Нажим унинг қўлини кафтлари орасига олиб сиқиб қўяркан, исмини айтди ва танишганидан ниҳоятда хурсандлигини яшириб ўтирмади.

— Кўнглимни кўтардингиз. Агар сиз бўлмаганингизда давлениям ошиб, бирон жойда ағанаб қолишим ҳеч гап эмасди.

— Нима бўлди? Эрингизнинг шундай ажойиб хотини бор экан, қандай қилиб бу даражада хафа қилишга ҳадди сиғди? — дея сўроқни давом этказди Нажим.

Хонзода қўл силтади. Сўнг исиб кетаётганини айтиб, нимчасини ечиб қўйди. Лямка кўйлагининг кўкрак қисми кенг очиқлиги боис, эркак зотининг эҳтиросини қитиқлайдиган, хаёлини олиб қочадиган оппоқ, бўлиқ икки “жоду” Нажимнинг кўзини ўйнатиб юборди. Хонзода ундаги ўзгаришни дарров сезди. Хаёлан Содиқни яниди. “Сен ўкситган бўлсанг, бошқа биров кўнглимни кўтаради. Ҳатто мен учун ҳар қандай ишни қилишга тайёр туради”, дея ўйлади.

— Сиз жудаям малоҳатли экансиз. Айниқса, юзингизда табассум бўлса. Кичкинагина илтимосим, ҳечам хафа бўлманг. Дунё остин-устун бўлиб кетсаям парвойингизга келтирманг. Шунда ҳозирги ёшлигингиз, гўзаллигингиз доим дугонангиз бўлиб юради.

Хушомад Хонзодага хуш ёқди. Уялинқираган киши бўлиб деди:

— Оширвордингиз, қирқдан ошган аёлда чирой нима қилсин? Лекин барибир сизга раҳмат.

— Шошманг, қирқдан ошган дедингизми? Очиғи, ёлғон сизга сираям ярашмаскан. Бошқа ҳар қандай нарсани айтишингиз мумкин, лекин қирқдан ошганман, десангиз ҳеч ким ишонмайди. Узоғи билан ўттизлар атрофидасиз.

Хонзода қиқирлаб кулди. Беш-олти кун бадалига илк маротаба.

— Майли, қўйинг бу гапларни, Нажим ака. Яна биттадан пиво ичайлик. Слабийроғидан. Йўқса, мен маст бўлиб қоламан. Кейин кўтариб олиб кетишингизга тўғри келади.

— Сиздай аёлни машинада эмас, қўлда кўтариб кетса ҳам арзийди.

— Қаерга?

— Дунёнинг нариги бурчагига бўлса ҳам.

— Мен ўзига тортадиган, чиройли аёлманми?

— Ҳеч шубҳа йўқ.

* * *

Шоҳруҳ ўрнидан ирғиб турди. Унинг ранги докадай оқариб кетган эди.

— Бир нарса бўлганга ўхшайди. Телефонга жавоб бермай қўйди. Бориш керак. Оксанага нимадир бўлган! — деб бақириб юборди.

— Бироз кутайлик. Балки бошқа нарса учун жавоб бермагандир. Қизи айтганини қилмагани учун унга шунақа бақиргандир, — деди уни йўлдан қайтармоқчи бўлган Юлдуз.

Агар бошқа пайт бўлганида эди, қиз унинг гапини дарров қўллаган ва ўзи ҳам шерик бўлган бўларди. Лекин ҳозир нимадир унинг юрагини ғашлар, Роман Фёдоровичникига боришга оёғи тортмаётганди.

— Йўқ, Роман Фёдоровичга ўхшаган одамлар биров билан гаплашаётганида иккинчи бир одамнинг сўзини эшитмайди. Кўнглим сезиб турибди, бир гап бўлган.

Қўйиб берса, Шоҳруҳнинг учгудай чоғи бор эди. Унинг хатти-ҳаракатидан қизнинг жаҳли чиқди. Ҳеч бир сўз демай, шахт ўрнидан туриб ташқарига чиқиб кетди. Шоҳруҳ унинг ортидан анграйганча қараб қоларкан, эшик ёпилиши билан: “Бир нарса бўлган бунга”, деди паст овозда. Кейин шоша-пиша пинжагини кийди.

У Роман Фёдоровичникига етиб борганида банкир ўзига келган, роса асабийлашганидан тинимсиз сигарета чекарди.

Унга Шоҳруҳнинг келганини айтишганида, аввалига қўл силтади. Кейин худди уйқудан уйғонгандай:

— Ким?! — деди бақириб.

— Анави бола-чи, ярим кечаси келиб оромингизни бузган, — жавоб қилди шотири.

— Тез чақиринглар, — дея Роман Фёдорович қўлидаги сигаретасини кулдонга босиб ўчирди-да, стол  устидаги  коньякни шишаси билан кўтариб ичди. Сўнг хонанинг у бошидан бу бошига бориб келиб, Шоҳруҳни интиқлик билан кута бошлади. Кутгани эшикдан кўриниши билан қучоғини очди.

— Менинг ёш дўстим, сени кўриб турганимдан бошим осмонда, — деди.

Унинг юзидаги табассумни кўрган Шоҳруҳнинг кўнгли таскин топди. У ҳам жилмайди.

* * *

Оксана сумкачасидан телефонини оламан деб, итини ерга тушириб юборган эди. Бундай бўлишини унинг жони умидида келганлар мутлақо кутишмаганди. Шу боисдан сўнгги тугмачани босишди. Ерга тушган Петка ғингшишгаям улгурмади. Бирдан портлаш содир бўлиб, кучукчанинг боши учиб кетди. Унинг бўйнидаги ҳалқадан учиб чиққан темир парчаларининг иккитаси қизнинг нозик оёқларини ялаб ўтди. У портлашни кўриши билан бақириб, қўлидаги телефонини тушириб юборди. Қўрққанидан ёнига йиқилиб ўзидан кетди. Бирпасда ҳамма ёқда қий-чув бошланиб кетди. Тезда милиционерлар, шифокорлар етиб келишди ҳамда Оксанани касалхонага олиб кетишди.

Роман Фёдорович бир муддат ўзини йўқотиб қўйгач, дарров телефонини қўлига олиб: “Алло, алло”, дея бир неча марта қичқирди. Бироздан сўнг бегона одам телефонга жавоб қилди. У кучукчанинг калласи узилганини, қиз озгина яраланган эса-да, жони омон қолганини айтди. Шундан кейингина бироз ўзига келган банкир Москвадаги танишларига қўнғироқ қилди.

* * *

— Қизингиз соғ-омонми? Телефонда бақирганингизни эшитиб, капалагим учди, — деди Шоҳруҳ Роман Фёдорович билан кўришгач.

— Сенга жудаям катта раҳмат. Агар вақтида хабар бермаганингда, ёлғизгина зурриёдимдан айрилган бўлардим. Кейин бойликларимнинг ҳам кераги йўқ эди. Умуман яшамасам ҳам бўларди… Кучукчаси Петканинг бўйнидаги ипга бомба ўрнатишган экан. Қизим вақтида кучукчасини ерга қўйибди… Ҳозир Оксана касалхонада. Кечки рейсда учиб келади. Айтарли зиён етмаган унга, — деди Роман Фёдорович Шоҳруҳга ўтириш учун оромкурсини кўрсатар экан.

— Тирик қолганидан хурсандман. Лекин мени сизнинг совуққонлигингиз ҳайрон қолдираяпти. Кеча сизга бўлажак хунрезликни айтдим. Аммо ким шунақа иш қилишга тайёргарлик кўраётганини бир оғиз ҳам сўрамадингиз. Ўшанда мен қизингизнинг тақдири билан қизиқмасангиз керак, деб ўйлагандим ҳатто.

— Менинг ўзимга ҳам ёқмайдиган одатим бор. Ҳамма нарсани ўзим билиб олгим келаверади. Бироқ, мана кўриб турибсиз, ўша одат гоҳида панд ҳам бериб қўяр экан. Эҳ, менинг ёшгина дўстим, аслида, Оксананинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида уни Швейцарияга жўнатгандим.

— Хўш, душманларингизга ким ёрдам берган деб ўйлайсиз? Ҳар қалай, уларнинг ўзлари қизингизнинг кучукчаси бўйнига бомба ўрнатиб кетишмагандир?

— Унинг ўлигини йигитларим шаҳар чеккасига обориб кўмиб келишди.

— Кимнинг ўлигини?

— Буниси сир бўла қолсин. Ундан кўра менга айт, ўша эшаклар нега ўзимнинг эмас, қизимнинг жонига қасд қилишди?

— Бу саволларни беришга анча кеч бўлди. Энди яхшилаб ўйлаб кўринг. Ахир кимгадир ёмонлик қилганингизни эсингиздан чиқармаган бўлсангиз керак? Қолаверса, ўша айбдорни ўлдиришдан аввал сўроқ қилгандирсиз?..

Роман Фёдорович бир муддат кўзларини юмиб ўтирди. Қошларининг сезилар-сезилмас қимирлаб қўяётганини ҳисобга олмаганда, у худди мурдадек қотган эди.

— Мен кўп ўйладим. Охирги марта ким Петкага қараган бўлса, ўшани гумондор билдим. Сўроқ қилишга сабрим чидамади. Қандай қилиб тўппончамни олиб, пешонасидан отганимни ўзим ҳам сезмай қолибман. Бунинг учун афсусланиб ўтирибман.

— Мабодо бегуноҳ одамни ўлдирган бўлсангиз-чи?

Шоҳруҳ шундай дейиши билан Роман Фёдоровичнинг кўзи олайиб кетди. Ранги ҳам бироз оқарди. Аммо у дарров ўзини қўлга олди.

— Сезгиларим шу пайтгача алдамаган, — деди.

— Майли, ихтиёрингиз.

— Сенга қанча қарз бўлдим?

— Агар пул билан ўлчайдиган бўлсак, банкдаги пулларингиз етмайди. Ўзингиз айтдингиз-ку, Оксанани ўлдиришганда бойликларимнинг кераги йўғиди деб. Сизга керак бўлмаган нарсанинг менга нима кераги бор? Лозим бўлса, истаганча топа оламан. Сиз билан дўстлашмоқчиман, холос.

— Шуми?

— Шу.

— Бекоргамасдир?

— Балки. Вақт кўрсатади… Келинг, сизни йўқотмоқчи бўлганларни биргаликда излаймиз.

— Эвазига… — дея Роман Фёдорович ўткир нигоҳини Шоҳруҳга қадади.

— Айтдим, шекилли.

— Унақада келишолмаймиз. Мен нима иш қилаётганимни билишим керак. Шунчаки бирон нима қилмайман. Яхшиси, қанча беришимни айт. Шу билан орамиз очиқ бўлади.

— Начора, — деб Шоҳруҳ қўлларини икки ёнига ёзди, — сиз билан савдомиз пишмади.

У ўрнидан туриб, эшик томонга йўналди.

— Тўхта, — бирдан бақириб юборди Роман Фёдорович.

Шоҳруҳ тўхтаб орқасига ўгирилди-ю, қотиб қолди. Чунки банкир қўлидаги тўппончасини унга ўқталиб турарди.

— Сен ўзинг ҳаммасини ташкиллаштиргансан. Мени қўлга олиш учун шу йўлни танлагансан. Йўқса, бунақанги аниқ маълумотга эга бўлмасдинг. Битта одамни сўроқсиз отиб ташладим. Лекин сен билан бунақа бўлмайди. Албатта, кимга ишлаётганингни айтмагунингча роса азоблайман. Ундан кейин ўлдираман.

Шоҳруҳ мийиғида кулди. Сўнг пешонасидан чиққан совуқ терни артди.

Унинг бу хатти-ҳаракати ҳам банкир учун  шубҳали  туйилди ва у сал бўлмаса “ёш дўст”ини отиб қўяёзди. У Шоҳруҳга қимирламасликни буюриб, кўрсаткич бармоғини тепкининг устига яхшироқ жойлаштирди.

— Менинг ўлимим сизни асраб қололмайди. Қолаверса, тилимни суғуриб олган тақдирингизда ҳам қониқарли жавоб ололмайсиз. Чунки аслидаям ҳеч нарсани билмайман. Тағин битта душман орттирасиз. Яъни менинг одамларим сизни соғ қўйишмайди. Бошқа рақибларингизга қўшилиб, албатта, қизингиз иккалангизни йўқ қилишади.

— Қўрқитмоқчи бўлаяпсанми?

— Сиздай одам менинг пўписамдан қўрқиб қолмаса керак?

— Саша! — қичқирди Роман Фёдорович эшик томонга.

Унинг овози ҳавога сингиб улгурмасидан қотмадан келган, серсоқол бир йигит эшикни очиб ичкарига мўралади.

— Мановини, — деди Роман Фёдорович томоғи йиртилгудек бўлиб, — Кушковадаги уйга қамаб қўйинглар! Ҳаммасининг тагига етгунимча, ана ўша ерда ўтиради.

— Унда битта телефон қилволишимга рухсат беринг, пулларнинг хўжайини. Ўзимникиларга сиз билан бирга зарур ишни ҳал қилиш учун Питерга кетганимни айтиб қўяйин. Йўқса, уйингизга бомба ёғдирилади. Ҳазиллашмаяпман, — деди юмшоқлик билан Шоҳруҳ.

Унинг дадил туриши, хаёлига келган нарсани бировдан чўчимай гапириши Роман Фёдоровичдай давра кўрган одамни ҳам довдиратиб қўйди. “Қўрқоқлик қилаяпман-ку, — дея ўйлади у. — Ҳеч бир қуролсиз, тансоқчисиз ёлғиз келган йигитчадан қўрқиб ўтирибман. Яна тўппонча билан уни тўхтатиб турибман… Ҳа, мен стресс ҳолатидаман. Ўтиб кетади, ўтиб кетади. Бир соат, икки соатдан кейин аввалги ҳолимга қайтаман. Илгаригидай дипломатик йўл билан бунинг ҳам ишини тўғрилаб қўяман”. У тўппончасини туширди.

— Обориб қама, — деди шотирига паст овозда. — Уйимиз бомба тагида қолганини кўриш, менимча, завқли бўлса керак.

Нуриддин ИСМОИЛОВ

(Асарнинг кейинги қисмларини яқин соатларда ўқийсиз)

Аввалги қисмларни ўқиш учун қуйидаги ҳаволаларни босинг:

Мафия сардори (1-қисм)

Мафия сардори (2-қисм)

Мафия сардори (3-қисм)

Мафия сардори (4-қисм)

Мафия сардори (5-қисм)

Мафия сардори (6-қисм)

Мафия сардори (7-қисм)

Мафия сардори (8-қисм)

Мафия сардори (9-қисм)

Мафия сардори (10-қисм)

Мафия сардори (11-қисм)

Мафия сардори (12-қисм)

Мафия сардори (13-қисм)

Мафия сардори (14-қисм)

Мафия сардори (15-қисм)

Мафия сардори (16-қисм)

Мафия сардори (17-қисм)

Мафия сардори (18-қисм)

Мафия сардори (19-қисм)

Мафия сардори (20-қисм)

Мафия сардори (21-қисм)

Мафия сардори (22-қисм)

Мафия сардори (23-қисм)

Мафия сардори (24-қисм)

Мафия сардори (25-қисм)

Мафия сардори (26-қисм)

Мафия сардори (27-қисм)

Мафия сардори (28-қисм)

Мафия сардори (29-қисм)

Мафия сардори (30-қисм)

Мафия сардори (31-қисм)

Мафия сардори (32-қисм)

Мафия сардори (33-қисм)

Мафия сардори (34-қисм)

Мафия сардори (35-қисм)

Мафия сардори (36-қисм)

Мафия сардори (37-қисм)

Мафия сардори (38-қисм)

Мафия сардори (39-қисм)

Мафия сардори (40-қисм)

Мафия сардори (41-қисм)

Мафия сардори (42-қисм)

Мафия сардори (43-қисм)

Мафия сардори (44-қисм)

Мафия сардори (45-қисм)

Мафия сардори (46-қисм)

Мафия сардори (47-қисм)

Мафия сардори (48-қисм)

Мафия сардори (49-қисм)

Мафия сардори (50-қисм)

Мафия сардори (51-қисм)

Мафия сардори (52-қисм)

Мафия сардори (53-қисм)

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here