Мафия сардори (55-қисм)

0

* * *

Юлдуз Шоҳруҳни кечгача кутди. Аммо ундан дарак бўлмади. “Барибир келади. Иш-пиши чиқиб қолгандир, хабар беришнинг имкони бўлмаётгандир”, дея ўзини-ўзи алдаб ўтирди. Шу билан бирга девордаги соатга тез-тез кўз ташлаб қўяверди. Ичини нимадир кемирар, тоқатсизланганидан бир неча марта ўрнидан туриб дераза ёнига борар, ҳовлидаги дов-дарахтларни томоша қилган бўлар, сўнг яна жойига келиб ўтирарди-да, нигоҳини соат милларига қаратарди.

Охири сабри чидамай, ташқарига чиқди. Бекка кўзи тушди. У бекорчиликдан арраланиб ғўла ҳолига келтирилган ўтинларни ёриш билан овора эди. Ҳаваси келди. Ўғил бола бўлиб туғилмаганига афсусланди. Ва бир-бир қадам ташлаб, унинг ёнига борди-да:

— Ҳорманг, йигит! — деди.

Бек ишини тўхтатиб унга қаради-да, илжайди.

— Қишлоғимиз эсимга тушиб кетди. Қиш келди дегунча, ўтин ёриш билан овора бўлардим. Четдан қараганда оғирдай туйилади-ю, лекин одам маза қилади. Бизда биров болта урсанг, ёрилиб кетадиган ғўлача тайёрлаб қўймайди, — деди.

— Менга болтани беринг. Ҳечам ўтин ёриб кўрмаганман, бекорчиликда бир кўрай, — дея Юлдуз у томонга қўл чўзди.

— Қандай бўларкан, бармоқларингиз нозик. Қавариб кетадими, деб қўрқаман-да…

— Кўриниши нозик. Лекин шундай ишларни қиладики…

— Айниқса, биров билан муштлашаётганда, — деб оғзидан гапини олди Бек.

Юлдуз талай муддат болтага термилиб турди. Кейин битта ғўлани тикка қилиб, болтани энди ҳавога кўтарган эдики, машина товуши эшитилди. Қиз болтани ташлаб юборди ва юзига табассум эниб, машина келаётган тарафга ўгирилди. Юзидаги табассум бирдан йўқолди. Чунки йўл ўйдим-чуқур бўлишига қарамасдан, катта тезликда яқинлашиб келаётган иккита қоп-қора “Мерс” бегона эди.

— Тез қуролларни олиб чиқинг! — деб бақирди Юлдуз Бекка.

Бек уй тарафга югурди. Юлдузнинг овозини эшитган ҳовлидаги йигитлар ҳам ҳаракатга тушиб қолишди.

Елдай учиб келган уловлар уйнинг тўғрисида, темир панжара нарисида тўхтади. Бир муддат ундан ҳеч ким тушмади. Юлдуз Бек тутқазган тўппончани секин ўқлади. Унинг юраги гупиллаб урар, кутилмаган сукунат ичида қандайдир даҳшатли нарса борлигини сезиб турарди. У машиналар салонига қанчалик тикилмасин, қорайтирилган ойналар ортида кимлар борлигини билолмасди.

Олдинги машина ҳайдовчининг ёнидаги эшик очилди. Ундан қора кўзойнак таққан, қоп-қора костюм-шим кийган, йигирма бешларга бориб қолган йигит тушди. Қоп-қора сочларини бармоғи билан тараб қўйди-да, иржайди. Битта-битта қадам босиб, машина юкхонаси тарафга ўтди. Юкхона автоматик тарзда очилди.

— Уни кўздан қочирманглар, озгина ортиқча ҳаракат қилиши билан отиб ташлайсизлар, — деди Юлдуз ёнида турган Бекка.

Ўз навбатида Бек нарироқда, уй ёнида турганча шубҳали ҳаракатланаётган чақирилмаган меҳмонга қуролларининг стволини тўғрилаб турган йигитларга қараб, кўрсаткич бармоғида ишора қилди. Бу: “Мен буйруқ беришим билан отасизлар”, деган маънони билдирар эди.

Қора кўзойнак юкхонадан қандайдир узун қопни суғуриб олди-да, ерга ташлаб юборди. Қопнинг бироз букланиб тушганидан Юлдуз сездики, унинг ичида одамнинг мурдаси бор. Хаёлига бирдан лоп этиб, Шоҳруҳ келди. Унинг юраги гупиллаб уриб, кўкраги тез-тез кўтарилиб тушар, вужудини титроқ босиб, кўзи каттариб кетганди. “Наҳотки?!” — дея пичирлади унинг лаблари. Шу заҳоти кўзидан ёш қуйилди. У турган жойида қотиб қолганди. Шунинг учун ҳам қора костюм-шимнинг бемалол машинага минишига имконият яратиб қўйганди.

Машинанинг мотори ўт олди. Қопдаги мурда эканини сезган Бек ортиқ чидаб туролмади. Чунки улар шу тахлит яна бир неча сония туришса, иккала машина ҳам кетиб қолади.

— Отинглар! — дея бақирди у йигитларига.

Бирдан тасир-тусур бошланиб кетди. Машинадагилар ҳам шунчаки томошaга келмаганликларини тинимсиз ўқ отиш билан исботлашди. Яхшиямки Бек вақтида Юлдузнинг белидан қучоқлаб ерга ўтқизди. Йўқса, унинг нозик баданини бир нечта ўқлар тешиб ўтиши аниқ эди.

Келгиндилар қочишга тушишди. Аммо жуфтакни ростлаш фақат битта машинага насиб этди. Иккинчисининг бензин бакига эса кетма-кет иккита ўқ тегиб портлаб кетди.

Афтидан, Шоҳруҳ ва унинг одамларини чув тушириш умидида келганлар бундай бўлишини хаёлларига ҳам келтирмаган бўлишса керак. Машинада нечта одам борлигини ҳеч ким билмайди. Чунки кучли портлашдан кейин машина бутунлай ёниб, ичидагилар кулга айланди. Биров унинг ичида нечта одам борлиги билан қизиқмади. Юлдуз шоша-пиша бориб, қолдирилган қопнинг ичини очиб кўрди: у танимайдиган бутунлай бошқа одамнинг мурдаси. Қулоқ, бурун, лаблар кесиб олинганидан уни ваҳшийларча ўлдирганликларини билиш қийин эмасди. Юлдузнинг оёқларидан мадор қочди, кўз олди қоронғилашиб, атрофини туман қоплади. У нималар содир бўлаётганига тушунолмай қолди, ҳатто йиқилаётганини, ўн қадамча наридан унинг аҳволини кўриб, бақирганча югуриб келаётган Бекнинг овозини ҳам англамади. Ерга қаттиқ тушиб, қуруқ арча шохи биқинига ботди. Бироқ қиз буни ҳам сезмади. Ўзини худди кўрпа устига йиқилгандай ҳис этди.

У ярим тунда ўзига келди. Кўзини очиб, тепасида Бекни кўрди.

— Нима бўлди? — деб сўради.

— Яхши бўп қолдингизми? Мен сизга ўқ тегдими, деб қўрқиб кетгандим, — деди Бек унинг оппоқ қўлини тутиб.

— Нега менга ўқ тегар экан? Ким у… — дея бир неча сония ўйланиб турган Юлдузнинг хаёлига бирдан бўлиб ўтган воқеалар келиб, сўзлашдан тўхтади. — Мурда кимники экан? — деди гапириш учун оғиз жуфтлаган Бекка нигоҳини қадаб.

— Мурда… Анави итлар олиб келган мурдами? Уни аниқлашнинг сираям иложи йўқ экан, издеватса қилиб ташлашибди. Қошларигача кесиб олишибди. Лекин биз иззат-икром кўрсатиб кўмдик. Яхшиям болалар ичида жаноза ўқийдигани бор экан.

— Мошинадагилар кимлигини билдингларми?

— Йўқ.

Бек гарчи ўзини ҳозир ҳар нарсани билувчи, ер остида илон қимирласа сезувчидек ҳисобласа-да, аллақачон фақат чизиқ чизилгандагина ўша чизиқ бўйлаб юрадиган одамга айланиб қолганини сезмасди. Сезган тақдирда ҳам тан олмасди. Шоҳруҳ бўлмаса, у ўзини эркин ҳис этар, бошқалардан ақллидай ғоз юрар, Юлдуз билан ҳам эмин-эркин муомала қиларди.

У Рамиз-Февзининг қитиқ-патига тегишганини хаёлига ҳам келтирмаётганди. Кўп қаватли уйнинг хонадонларидан бирига бостириб киришгани, пул, наркотика, компьютер ва ҳоказоларни ўлжа қилиб олиб келишганлари унинг ёдидан кўтарилганди.

Ҳозир Рамиз-Февзи қутуриб кетганди. Компьютерни ўғирлаганлар унинг ичидагилар нима эканлигини билиб олишолмайди, деган ўта хом хаёлга борган эди. Шу боисдан Шоҳруҳ билан унинг йигитларига Роман Фёдоровичнинг уйи ёнидан кетишларига имкон яратди. Чунки, банкирни чўчитиб қўйишдан қўрқди. Аммо Шоҳруҳнинг ортидан қўйган одамлари “ўлжа”нинг аниқ манзилини билмай қайтганларидан кейин ғазаб отига минди. Бу сафар бошини эгиб кириб келганларни отиб ташламаган эса-да, хуморидан чиққунча тепкилади. Бир муддат ўтиб, иккинчи омадсизлигини эсидан чиқарди, бутун диққат-эътиборини Роман Фёдоровичнинг қизини йўқ қилишга қаратди ва яна бир омадсизликка дуч келди. Қон босими ошганидан томирлари кенгайди. Аламига устма-уст пиво ичди. Ундан кейин ёрдамчиларини сўкди. Ора-орада меъёрдан ошиб кетаётганини, йигитларининг бардоши сўнгги нуқтага яқинлашиб қолаётганини хаёлининг бир четига ҳам келтирмади.

— Ўша мараз кетган тарафдаги ҳар битта уйнинг тит-питини чиқарасанлар, ифлосни топиб келасанлар! — дея ўкирди аъёнларига.

Бироқ унинг йигитлари у айтганчалик шовқин кўтаришмади. Чунки айтганидай қиладиган бўлишса, томи кетган чол сўзидан қайтиб, яна бир-биридан хунук сўзларни устларидан ёғдириш билан бирга, бир-иккитасини яшатмай қўйиши ҳам аниқ эди. Шу билан мақсадга етишишди. Шоҳруҳнинг йигитлари сабрсизлик қилиб кузатувни сусайтирганлари ва бир кишини қолдириб, шаҳарга кетиб қолганлари, қоровул йигит ўзини шу ернинг эгасидай тутиб, катта кўчада бемалол дайдиб юргани уларга қўл келди. Аввал унинг ёнида тўхташди. Одамга ўхшаб салом-алик қилишди. Санқиётган йигитнинг тили рус тилига нўноқлигини билганларидан сўнг, дарров учтаси машинадан отилиб тушиб, кутилмаганда тепкилашди. Қоровул бола шунчалик анқовлик қилдики, улар машинадан тушиб, унинг ёнига келгунларича чўнтагидаги тўппончани олиб улгурмади. Йигит мажбурлаб машинага ўтқазилгач, унга азоб беришди. Жон оғриғи қоровулнинг тил тугунини бутунлай ечиб юборди ва у маконнинг қаердалигини ипидан-игнасигача айтиб қўйганини ўзи ҳам сезмади. Мукофот… Мукофотига даҳшатли “совға” олди. Аниқроғи, ҳам “гуллади”, ҳам тили, бурни, қоши ва кўзини мукофотга бериб юбориб, юрагини ханжарга топширди.

“Осонликча Шоҳруҳни қўлга туширамиз”, дея хаёл қилган Рамизнинг шотирлари “ўлжа” ёнига яқинлашганларидан кейин бутунлай бошқача манзаранинг гувоҳи бўлишди. “Буқоқ” лақабли гуруҳ каттаси нима мақсадда Юлдузнинг кўз ўнгида мурдани юкхонадан чиқариб ташлашга буйруқ берганини ўзи ҳам тушунмади. Ва оқибатда ўзининг тўртта йигити ва битта машинасидан айрилиб жуфтакни ростлашга мажбур бўлди.

Бироқ Рамизга йўқотишлар айтилмади. Фақат Шоҳруҳнинг макони топилгани хушхабари етказилди.

— Хайрият, — деди бирозгина юзи ёришган Рамиз-Февзи, одатига хилоф қилмаган ҳолда, янги пиво очиб, шишанинг оғзидан қулқуллатиб ичаркан (илгари ҳақиқий Рамиз шундай қилар эди. Янгиси асллигини билдириш учун у каби пиво ичавериб, охири ўзи ҳам ўрганиб қолди). Сўнг шишани стол устига тўқ этказиб қўйди ва тамаки қутисидан бир дона сигаретани олиши билан шотирларидан бири гугурт ёқиб, хўжайинининг сигаретасини тутатиб берди.

— Шу сафар уддаладинглар, бўлмаса яна  битта-иккитангнинг бошингни олишимга тўғри келарди. Тезда тўртта мошина тайёрланглар! Агар одам кўп бўладиган бўлса, шунчаки жон беришмайди. Икки кундан кейин, кечаси соат уч яримда бостириб борасизлар. Бирортасини ҳам тирик қолдирмайсизлар. Чунки ўша битта уруғлик вазифасини бажариши мумкин.

Рамиз-Февзи ўзининг нутқини шу билан якун қилди ва шотирларига қўли билан ишора қилиб, чиқиб кетишларини буюрди. Улар кетганидан кейин илжайди. “Зўр гапирдим. Калласини китобдан кўтармай олим бўлганлар ҳам бу даражада ақлли гап айтолмасалар керак. Қойил!” — дея хаёлидан ўтказди у ва шишани кўтариб қулқуллатиб пиво ичди.

Нуриддин ИСМОИЛОВ

(Асарнинг кейинги қисмларини яқин соатларда ўқийсиз)

Аввалги қисмларни ўқиш учун қуйидаги ҳаволаларни босинг:

Мафия сардори (1-қисм)

Мафия сардори (2-қисм)

Мафия сардори (3-қисм)

Мафия сардори (4-қисм)

Мафия сардори (5-қисм)

Мафия сардори (6-қисм)

Мафия сардори (7-қисм)

Мафия сардори (8-қисм)

Мафия сардори (9-қисм)

Мафия сардори (10-қисм)

Мафия сардори (11-қисм)

Мафия сардори (12-қисм)

Мафия сардори (13-қисм)

Мафия сардори (14-қисм)

Мафия сардори (15-қисм)

Мафия сардори (16-қисм)

Мафия сардори (17-қисм)

Мафия сардори (18-қисм)

Мафия сардори (19-қисм)

Мафия сардори (20-қисм)

Мафия сардори (21-қисм)

Мафия сардори (22-қисм)

Мафия сардори (23-қисм)

Мафия сардори (24-қисм)

Мафия сардори (25-қисм)

Мафия сардори (26-қисм)

Мафия сардори (27-қисм)

Мафия сардори (28-қисм)

Мафия сардори (29-қисм)

Мафия сардори (30-қисм)

Мафия сардори (31-қисм)

Мафия сардори (32-қисм)

Мафия сардори (33-қисм)

Мафия сардори (34-қисм)

Мафия сардори (35-қисм)

Мафия сардори (36-қисм)

Мафия сардори (37-қисм)

Мафия сардори (38-қисм)

Мафия сардори (39-қисм)

Мафия сардори (40-қисм)

Мафия сардори (41-қисм)

Мафия сардори (42-қисм)

Мафия сардори (43-қисм)

Мафия сардори (44-қисм)

Мафия сардори (45-қисм)

Мафия сардори (46-қисм)

Мафия сардори (47-қисм)

Мафия сардори (48-қисм)

Мафия сардори (49-қисм)

Мафия сардори (50-қисм)

Мафия сардори (51-қисм)

Мафия сардори (52-қисм)

Мафия сардори (53-қисм)

Мафия сардори (54-қисм)

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here