Агар қулоқларингиз оғриса…

0

Маълумки, қулоқ оғриғи ҳам тиш оғриғидек гап. Унинг азоби жонингизга озор беради. Айниқса, болалар бу касалликдан азият чекса, тинимсиз йиғлаб, безовталанади. Каттаю кичикни бирдек безовта қиладиган бу хасталик отит деб аталади.

Қулоқда яллиғланиш бўлса, бошга ҳам таъсир қилиши мумкин, дейишади. Ҳақиқатан ҳам, шундайми? Тез-тез тумов безовта қилиши ҳам қулоқ касалликларини келтириб чиқарадими? Унинг қандай турлари бор? Шу каби саволларга жавоб олиш учун малакали шифокор Хуршиджон ҚУРБОНОВга мурожаат қилдик.

ОТИТ ҚАНДАЙ
ЮЗ БЕРАДИ?

— Қулоқнинг яллиғланиши кўп ҳолларда ташқи эшитув йўлига инфекция кириши, шунингдек, қашиниш ёки ҳашарот чақиши туфайли яраланиш, совуқ уриши, учли нарсалар билан қулоқ ичини кавлаш оқибатида келиб чиқади. Бунда дастлаб қулоқ қичишади, кейинчалик оғриқ пайдо бўлади, эшитиш қобилияти бироз пасаяди. Қулоқ яллиғланиши ва йирингли отит дастлаб дори-дармонлар билан даволанади. Агар касаллик ривожланиб кетган бўлса, жарроҳлик усули қўлланилади.

Қулоқ жуда нозик аъзо саналишини, афсуски, ҳамма ҳам билавермайди. У нафақат эшитув аъзоси, балки бош мияга ҳам даҳл қилиши билан ниҳоятда жиддий эътиборни талаб қилади. Ушбу соҳадаги яллиғланиш кўпинча оғриқ ва бошқа безовталиклар билан юзага келиб, тиббиёт вакиллари уни ўрта қулоқ яллиғланиши, яъни отит номи билан аташади.

КАСАЛЛИКНИНГ ТУРЛАРИ

Замонавий тиббиётда аниқланишича, қулоқ касаллигининг ташқи, ўрта ва лабиринтит турлари мавжуд.

ТАШҚИ ОТИТ

Ташқи отитга ташқи эшитув йўлига инфекция кириши, шунингдек, ҳашарот чақиши оқибатида пайдо бўладиган яллиғланиш, куйиш, совуқ уриши, бирор нарса билан қулоқ кавлаш кабилар сабаб бўлади. Бунда қулоқ қичишиб, босиб кўрилганда оғриқ сезилади. Эшитиш қобилияти бироз пасаяди. Шифокор кўрсатмалари ва тозаликка риоя қилинса, батамом соғайиб кетади. Ташқи отит қайталаниши ҳам мумкин.

ЎРТА ОТИТ

Ўрта отит кўпроқ ёш болаларда учраб,ф бирмунча оғир кечади. Қулоқ қаттиқ оғрийди. Ҳарорат кўтарилади ва эшитиш анча пасаяди. Мия ва унинг пардасига асорат бериши мумкин. Ўрта отитга кўпинча юқори нафас йўлларининг яллиғланиши билан кечадиган юқумли хасталиклар — грипп, ўткир респиратор касалликлар, қизамиқ сабаб бўлади. Бунда яллиғланиш жараёни бурун ҳалқумидан эшитиш найи орқали ноғора бўшлиғига ўтади. Ҳосил бўлган йиринг баъзан қулоқ пардасини тешиб, ташқи эшитув йўлидан оқиб чиқади.

Ўрта отитнинг пайдо бўлишида адиноид, полип, бурун бўшлиғининг қийшайиши кабилар ҳам сабаб бўлиши мумкин. Муҳими, касалликнинг илк аломатлари кўриниши билан шифокорга мурожаат қилиш лозим. Ўз вақтида тўғри даволанса, бемор бутунлай тузалиб кетади. Эшитиш қобилияти ўз ҳолига қайтади. Баъзан сўрғичсимон ўсиқ катаклари ва улар оралиғидаги тўсиқларнинг яллиғланиши каби асоратлар юзага келиши ёки касаллик сурункали шаклга ўтиши мумкин.

СУРУНКАЛИ ОТИТ (ЛАБИРИНТИТ) ЯНАДА ХАВФЛИ

Сурункали отитда вақти-вақти билан йиринг оқиб туради, эшитиш қобилияти пасаяди. Сурункали отит хавфли касаллик, айниқса, холестеатома ҳосил бўлиши жуда хавфли. Унда аста-секин суяк емирилади. Йиринг ички қулоққа ўтиб, лабиринтит юзага келади. Бунда бош айланиши, кўнгил айниши, қусиш, мувозанат бузилиши каби аломатлар кузатилади.

Сурункали отитга хос аломатлар пайдо бўлиши билан дарҳол шифокорга мурожаат қилиш лозим. Ўз вақтида даволанмаса, менингит, сепсис, ҳатто мия тўқимаси абцесси каби асоратлар рўй беради. Бу касалликда қулоқ пардасида доимий тешик мавжудлиги туфайли қулоққа сув кирганда дард зўраяди.

Шунинг учун чўмилганда ва бош ювганда пахтани вазелин ёки бошқа ўсимлик ёғига шимдириб, қулоққа тиқиб қўйиш керак. Қулоқдаги оғриқларга томоқ ва бурун соҳасидаги касалликлар сабаб бўлади. Чунки юз соҳасидаги асаб толалари бир-бири билан узвий боғлиқ.

Кўпинча отитнинг бу тури билан хасталанган кишида кучли оғриқ,  эшитиш қобилиятининг пасайиши, ҳарорат кўтарилиши кузатилади.

ФОЙДАЛИ ТАВСИЯЛАР:

* Соғлом турмуш тарзига мунтазам риоя қилинг.

* Қулоқда бирор оғриқ ва безовталик юзага келса, ўз вақтида шифокорга мурожаат этинг.

* Тумов бўлганда бурунни қаттиқ қоқманг. Бу ҳам отит келиб чиқиш сабабларидан биридир.

* Қулоғингиз оғриганида иссиқ компресслар ёки турли малҳамлардан фойдаланманг.

* Қулоқни махсус тозаловчи чўпчалар ёрдамида кавлайверманг.

Қулоқдан суюқлик ажралаёганини кўришингиз билан мутахассисга мурожаат қилинг.

 

ЭШИТИШ ПАСАЯДИМИ?

Отит катталарга қараганда болаларда оғирроқ кечади. Қулоқнинг қаттиқ оғриши, тана ҳароратининг кўтарилиши, эшитишнинг пасайиши билан бирга мия ва унинг пардасига асорат бериши ҳам мумкин. Бу эса кучли бош оғриғини келтириб чиқаради.

ТУЗАЛАДИМИ?

Ўрта қулоқ яллиғланишида муолажани шифокор белгилаши лозим. Ўз билганингизча турли даво чораларини қўлламанг. Йўқса, қулоқ пардасига зарар етиши мумкин. Дори препаратлари ёрдамида бажариладиган муолажа ҳар бир бемор учун индивидуал тарзда бўлади. Ўрта қулоқ ёки ички қулоқ бўшлиғидан йиринг оқиши қулоқнинг хавфли касаллиги ҳисоблангани боис вақтида даволаб, қулоқдан йиринг оқишини тўхтатиш лозим. Ана шундагина бу касаллик тузалади.

ЎЗБОШИМЧАЛИК БИЛАН ТОЗАЛАМАНГ!

Баъзи одамлар деярли ҳар куни ташқи қулоқ йўлини сочиқ учи билан, гугурт чўпига пахта ўраб ёки соч тўғнағичи билан тозалашади. Натижада тиқинни ишлаб чиқарувчи безлар таъсирланиб, уларнинг фаолияти кучаяди. Бундан ташқари, қулоқ ичини тозалаётганда йиғилган кир тиқинни ичкарига итариб юборади. Натижада унинг ташқарига силжиб чиқиши бузилади ёки умуман чиқмай қолади. Шуни ҳам айтиб ўтиш керакки, ювинганда ёки чўмилганда ташқи қулоқ йўлидаги кир совун таъсирида юмшаб, суюқ ҳолатга келади ва ташқи қулоқ йўлининг ички қисмига силжийди. Қулоқни ювиб бўлгандан кейин, тозалаб артиб олиш шарт. Ташқи қулоқ йўлини ҳар куни кирдан тозалаб туриш ҳам мумкин эмас. Ҳафтада бир-икки марта бажариш кифоя.

ТОЗАЛАШ
МУОЛАЖАСИ

Қулоқ битиб қолиши тахмин қилинганда шифокор назоратида тозалаш муолажаси бажарилади. Бунда турли эритмалар ёки томчи дорилар ёрдамида тозаланади. Ювишдан олдин бемордан илгари қулоғидан йиринг оққани ёки оқмаганлиги сўралади. Қулоқ ювдириш неча марта бажарилиши ва неча кун давом этиши индивидуал тарзда бўлиб, даволовчи шифокор томонидан вақти ҳамда муддати белгиланиши мумкин. Одатда, муолажа яхши ўтса ва ҳеч қандай ножўя ҳолатлар кузатилмаса, такрорий амалиёт учун эҳтиёж қолмайди.

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here