Мафия сардори (56-қисм)

0

* * *

Роман Фёдоровичнинг қони қайнади: “Вой, ярамас, вой, ақлсиз-эй! Ҳали яшаб нимани кўрдинг? Тепкини битта боссам, ўлиб кетасан-ку, жувонмарг бўласан-ку, нега кеккаясан? Тилингни тийсанг, бир жойинг камайиб қоладими? Фалон пул берасан, де. Кўнглимдаги хавотир йўқолсин. Йўқ, сен бошқа нарсани истайсан. Яна шунақанги мавҳумки истагинг, одамнинг қонини қайнатади. Агар қизимни ўлдирмоқчи  бўлганларга  озгина  аралашган  жойинг бўлсаям, ўлдиртириб юбораман. Ҳеч қанақа сўроқ бўлмайди”, шуларни хаёлидан ўтказганча хонанинг у бошидан бу бошига бориб-келиб юрди. Кейин ўзининг бу аҳволидан жаҳли чиқди. “Қаердаги тирранчанинг гапларини ўйлаб ўтириш мендай ақлли, бой одамнинг иши эмас”, деган хулосага келди. Иш ҳақида ўйлади. У даромаднинг янги йўлини топганди. Банк хизматини аввалгидай мижозларга яхлит кўрсатмасдан, бўлакларга бўлиб, яна ҳар бир бўлакка ярим фоизнинг учдан бир қисмини қўшган ҳолда кўрсатишни режалаштирганди. Ўшанда сумма одамнинг кўзига жуда кам кўринади. Албатта, турни кўпайтириб юбориш ҳам мижозни зериктириб қўяди. Шу боисдан орага «текин» деб номланадиган бандлар ҳам қўшиб, кўзни чалғитиш лозим.

Йўқ, Роман Фёдорович кўнглидагидай иш тўғрисида ўйлаёлмади. Барибир “ёш дўст”ининг гаплари  хаёлини  чулғаб олаверди.

Шу пайт унга хабар келди: “Оксана бир соат олдин самолётга чиқибди”.

— Нега? — деди ҳайрон бўлган Роман Фёдорович. — Нега шу пайтгача билмадинглар? Ҳали келмаслиги керак эди-ку?!

— Оксана касалхонадан қочиб кетибди. Буни ҳеч ким сезмай қолибди. Тахминимизча, милиционерларнинг сўроқлари жонига тегиб кетган. Аэропортга келибди-ю, чипта олибди. Аксига олиб, худди шу маҳал самолёт бор экан. Ярми бўш, — деди хабарчи йигит худди айб иш қилгандай киприкларини пирпиратиб.

— Лекин тўғри иш қилибди, — дея илжайди банкир, — юрагимга қил сиғмаётганди. Қанча врач бўлса, шу ерда топилади. Мен ўзим аэропортга чиқиб кутиб оламан.

Роман Фёдоровичга иккита машина шериклик қилди. Бири олдинда, иккинчиси орқада қўриқчилик қилиб кетди. Авваллари у сираям бунақанги қилиб юрмасди. Қўриқчиси бор бойваччаларни кўрганда, ғижиниб: “Қуён юраклар”, деб қўярди. Энди эса ўзи ҳам худди шу аҳволда кетаяпти. Лекин ўша айтган гаплари эсигаям келмайди.

Кутилмаганда олдинги машина тўхтади. На чорраҳа бор эди ва на одамлар ўтадиган йўлак.

— Падар лаънатилар, нима гап? — дея бақирди Роман Фёдорович ойнадан бошини чиқариб.

Унинг овозини эшитган нариги машинадагилар бирин-кетин сакраб тушишди ва имиллаб ўтаётган қандайдир аравакашни сўкишга тушиб кетишди. Бу пайтда Роман Фёдорович ўтирган “Мерс”нинг орқасида иккита алкаш муштлашаётганди. Бири машинанинг тагига кириб кетган, иккинчиси уни суғуриб олиш билан овора эди. Шунингдек, ора-чора шишадошининг биқинига тепиб ҳам қўярди. Машина остидаги пиёниста жони оғриганидан бақирар ва калтакдан қутулиб қолиш учун янаям ичкарилашга ҳаракат қиларди.

Роман Фёдоровичнинг жони ҳалқумига келди. Аламидан ўкириб, “Мерс”нинг эшигини очиб сакраб тушди-да, шими остига қистирилган тўппончасини олди. Бу пайтда орқа уловдаги йигитлар ҳам машинадан тушишган, зўравон пиёнистани икки-уч мушт уриб, қонига белашга улгуришганди.

Агар орқа тарафда машиналар тизилиб қолмаганида, бири қўйиб, бошқаси сигнал чалмаганда, қони қайнаган банкир иккала пиёнистани ҳам қўлидаги қурол билан илма-тешик қилиб ташларди.

— Маразларни йўл четига чиқариб ташланглар! — деб бақирган Роман Фёдорович машинага ўтирди-да, — Газни бос! — деди ҳайдовчига.

У Оксанани кўрганидан кейин йўлдаги воқеани унутди. Қизини маҳкам бағрига босаркан:

— Ҳеч жойинг лат емадими? — деди тинимсиз йиғлаётган Оксананинг сочини силаркан.

— Й-ў-қ, — деди ўпкаси тўлиб йиғлаётган Оксана, — Петкадан бир умрга ажраб қолдим! Унинг ўлганини ўз кўзим билан кўрдим, дадажон, ўз кўзим билан! Бечора дунёга тўймай кетди. Мени асрайман деб, ўзи ўлди. Энди нима қиламан?!

— Ҳечқиси йўқ, бошқасини обераман. Ўзинг танлайсан энг чиройлисини, энг ақллисини, — дея уни юпатган бўлди Роман Фёдорович.

— Унақаси бошқа йўқ. Менга фақат ўзимнинг Петкам керак. Ўзимники! Тушуняпсизми?

— Яхши, яхши, уйга борайлик. Ҳамма бизга қараяпти.

— Қараса қарайверсин. Қарамаганда Петкам тирилиб келармиди?

— Тисс, уйга борайлик, юр, — деб Роман Фёдорович қизини ташқарига етаклади.

Энди машина ёнига етганларида қизнинг кўзи беш-олти қадам нарида худди унинг Петкасига ўхшаб кетадиган итни етаклаб кетаётган аёлга тушди.

— Вой, Петка! — қичқириб юборди кўзи қинидан чиққудай бўлиб Оксана.

Роман Фёдорович ялт этиб унга юзланди, сўнг у тикилиб турган томонга қаради. Дарҳақиқат, аёлнинг етовидаги кучукча Петкага қуйиб қўйгандай ўхшарди.

— Дадажон, меники, меники, дарров берсин, — дея кўз ёшини оқиза бошлади Оксана.

Банкир шотирларига имо қилди. Улар аёл томонга югуришди. Оксана чидаб туролмади. У йигитларнинг ортидан чопди. Борибоқ кучукчани қучоқлаб, кўтариб олди. Юзларидан ўпди. Ит бунга жавобан ғингшиб безовталанди.

— Нима қилаяпсиз? — деди қўрқиб кетган итнинг эгаси ҳайрон бўлиб, бир итни ялаб-юлқаётган қизга, бир унинг олдини тўсиб чиққан барзангиларга қараб. — Нега менинг Бодрингчамга тегинаяпсиз, хоним?

— Дада, худди менинг Петкамга ўхшар экан. Айт, берсин, — деди Оксана етиб келган Роман Фёдоровичга.

— Қанча туради? — дея итнинг эгасига юзланди банкир.

— Вой, нималар деяпсиз? Мен Бодрингчамни ҳеч кимга сотмайман, ўзимга жудаям керак, — деди ранги докадек оқарган аёл.

— Сенга жон керакми, ит? — деди унинг рўпарасида турган барзангилардан бири.

— Ҳалиги, — дея кўзлари жовдираганча атрофга боқиб милицияни қидирди аёл.

— Ҳеч ким ёрдам беролмайди. Сиз ўзингизга бошқасини сотволасиз, — деб Роман Фёдорович ён чўнтагидан бир даста бели букилмаган доллар чиқариб аёлнинг қўлига тутқазди.

Пулнинг кўплигини кўрган аёл ҳаяжонланиб кетди. Ахир бунча пулга бунақанги итдан йигирматасини беради.

— Бодрингчам ниҳоятда ақлли. Нима айтсангиз, ҳаммасини қилади. Ўзиям шунақанги тартиблики, қўяверасиз, — дея итини мақташга тушиб кетди у.

Роман Фёдорович мийиғида кулди.

— Қолганини Оксананинг ўзи ўргатиб олади. Сизга раҳмат, — деб қизининг қўлидан ушлаб юришга ундади.

Ота-боланинг машинага ўтиришларини аэропорт эшиги ёнида уч киши интиқлик билан кутиб турарди. Уларнинг қўлларида масофадан бошқарадиган мослама бор эди. Роман Фёдорович билан қизи қоп-қора, сўнгги моделдаги “Мерс”га ўтиришлари билан қўлларидаги асбобнинг мурватини бурашади, шу билан немисларнинг дунёга машҳур улови осмонга сапчийди. Пулдор ва унинг эркатойидан зумда ном-нишон қолмайди. Эвазига барзангилар Рамиз-Февзидан яхшигина мукофот олишади. Яна қўшимчасига рағбат.

Афсуски, бечораларнинг бу сафар ҳам омадлари юришмади. Кутилмаганда, махсус машинада бошларига каска кийган, қўлларида автомат, юзларига ниқоб тортган омончилар келиб қолишди. Улар бирин-сирин машинадан ўқдай тушарканлар, аэропорт ичкарисига югуришди. Учала барзангининг ҳам кўзи қинидан чиқиб кетай деди. Қўлларида портлатиш мосламаси. Бурашса, тамом, ҳозиргина машинага ўтирган банкир билан қизининг кули кўкка совурилади. Шундай имконият қўлдан бой берилаяпти. Улар бир-бирларига қарашди. Биттаси кўзи билан “Бура!” деган ишора берди. Лекин асбобни ушлаб турган барзанги ундай қилмади. Секин оқ “Шевролет” томон кетди. Йўл-йўлакай шерикларига:

— Орқасидан тушиб, шаҳар ичида портлатиб юборамиз, — деди ва қадамини тезлатди.

Бу пайтда омончилар уларнинг ёнларидан ўтиб бўлишганди.

Катта шаҳарда кундуз куни битта машинанинг орқасидан етиб олиш анчайин мушкул. Чунки машиналар шунчалик кўпки, битта қизил чироқда тўхтаб қолсанг, олдиндаги машина анча илгарилаб кетиши мумкин. Агар масофа узоқлашса, табиийки, асбобни ерга тоблаб урсанг ҳам, фойдаси йўқ.

“Мерс” уларнинг уловига нисбатан илгарироқ жойидан жилди ва бирдан тезлик олди. Буни кўрган барзангиларнинг бирдан кайфиятлари тушди. “Шевролет” қанчалик учқур бўлмасин, барибир “Мерс”ни кўздан қочирди.

Оксана уйга етиши билан итини қучоқлаганча ювиниш хонасига кириб кетди. Петкасини қандай ювинтирган бўлса, Бодрингчани ҳам шундай чўмилтирди. Сўнг ўзининг фенида қуритиб, атир сепди, ҳидлади.

— Ўзимнинг Петкам, — деди қувончдан кўзи порлаб, — сен ўлмагансан, тириксан.

Жавобига ит ғингшиди ва қизга суйкалиб қўйди. Бундан Оксана шунақанги хурсанд бўлиб кетдики, кетма-кет итнинг тумшуғидан ўпишдан ўзини тийиб туролмади. Фақат шундан кейингина отасининг ёнига борди.

— Сени хурсанд кўрганимдан бошим осмонда. Ўзингга келтиролмай қийналсам керак, деб ўйлаган эдим, — деди унга пешвоз чиққан Роман Фёдорович қизининг қўлидаги итнинг юнгини бармоқлари билан тараркан.

— Бахтинг бор экан, дада, агар мана шу ширингинамни учратиб қолмаганимда, сендан бир умрга хафа бўлган бўлардим.

— О-о-о, бунинг учун сизга катта раҳмат, — дея итнинг тумшуқчасидан ушлаган Роман Фёдорович қизига юзланиб сўради: — Дарвоқе, бунинг исми нима экан?

— Адашмасам, анави аёл: “Бодрингчам”, деди.

— Хўш, биз ҳам шундай атаймизми?

— Ихтиёринг, агар сенга ёқса, шундай деб атай қол.

— Энди юр, овқатланамиз, қорнинг ҳам роса очқаб кетгандир?

— Нимасини айтасан, ўлиб қолаёздим. Ҳозир қанча овқат бўлса, барини еб ташлайман. Кечадан бери туз тотганим йўқ.

Улар ҳар хил егуликлару мева-чевадан тортиб, ичимликларгача қўйилган стол ёнига боришди. Оксана қовурилган гўштга қўлини узатди. Роман Фёдорович эса шишани оча бошлади.

— Менгаям ароқ қуй, — деди Оксана оғзидаги гўштни чайнаркан.

— Бугун сенга рухсат. Асабларинг эртароқ жойига тушишини истайман.

— Ўзимнинг бебаҳо дадажоним, — деб Оксана лабларини чўччайтирганча ҳаво орқали отасидан ўпич олди.

Банкир қизи билан бир соатлар чамаси овқатланди. Шу муддат ичида бир шиша ароқ тугади, қизнинг кайфи анча ошиб қолди. У хурсандлигидан кучукчасини эркалар, қайта-қайта дадаси билан қадаҳ тўқиштирарди.

— Бўлди, бошқа ичмаймиз, — деди гарчи ароққа эндигина иштаҳаси очилган бўлса ҳам ўзини босишга уринган банкир.

— Дада, яна озгина. Ўтган икки кунни ҳаётимдан бутунлай ўчириб ташламоқчиман.

— Ортиқчалик қилади. Шундай бўлсаям, азбаройи сени жудаям яхши кўрганим учун яна бир қадаҳ ичишингга розиман. Фақат ортиқ сўрамайсан.

Роман Фёдорович қизига қадаҳ тўлдираётганда қулқуллаб оқаётган суюқликка термилиб турган Оксана:

— Мени шунақа ўлдиришларини қаердан билдинг? — деб сўраб қолди.

Банкир ароқ қуяётган жойида тўхтади. Қизига бир муддат жим қараб турди. Шундан сўнг ўзининг идишидаги ароқни бир кўтаришда ичиб юборди-да, сўнг деди:

— Тунда келган йигитни эсингдан чиқармаган бўлсанг керак. Ўша йигит қўнғироқ қилиб айтди. Лекин жуда вақтида айтган экан. Озгина кечикканида борми?..

— Мен ҳозир қабристонда ётган бўлардим. Рўпарангда эса дўстларинг ўтиришарди. Сен худди ҳозиргидай ароқ ичаётган бўлардинг.

Оксананинг кўзи ёшга тўлди. У чуқур ўксик нафас олганидан кейин идишни қўлига олди ва бир кўтаришда унинг ичидагини худди отаси каби ичиб тугатди.

— Ҳозир ўша бола қаерда? — деди ундан кейин бурнини кафтининг орқаси билан артаркан.

— Қамаб қўйганман.

— Нега? — деди ҳайрон бўлган Оксана. — Мукофот бериш ўрнига…

— Атайин уюштирган бўлиши ҳам мумкин мени кўпроққа тушириш мақсадида. Бўлмаса бунақа ишонч билан бехато айтолмасди.

— Аниқ билмайсан-ку, дада?!

Оксана ўрнидан турди ва отасига қарамаган кўйи:

— Қаерда? — деб сўради.

— Йигитлар оборишади.

— Фойдасиз йигитларингнинг биронтаси ҳам кераги йўқ. Ўзимнинг мошинамда кетаман.

— Бу аҳволда бормайсан. Обориб қўйишади. Кейин, майли, ёлғиз ўзинг кириб гаплашавер.

Оксана индамай ташқарига чиқди. Йўлакда хизматкор аёлга дуч келди. Аёл қизни кўриши билан ранги оқариб кетди. Ҳаяжон босиб тез-тез, чуқур нафас олаётганидан кўкраги кўтарилиб туша бошлади. Аммо қиз ундаги бундай ўзгаришга эътибор бермади. Кайфининг зўрлиги халақит берди.

Унинг ортидан ҳовлига чиққан йигит тезда бориб Оксананинг машинасига ўтирди-да, ўт олдирди.

Қизнинг кўзидан ёш оқарди. У ўзи билан ўзи овора бўлиб, итини унутганди. Бироқ ҳозир уни кўришни истамасди. Отасини ёмон кўриб кетиб, онаси ҳақида хаёл сураётганди. Унга айтишларича, Елизаветта Прокофевна — унинг онаси, автоҳалокат туфайли оламдан кўз юмган эди. Бироқ ҳозир унинг бунга сираям ишонгиси келмаётганди. Отасининг пуллари ва хотиржамлигининг қурбони бўлгандай туйилаётганди қизга. «Мен ҳам шунинг учун ўлиб кетишим мумкин эди. Бир сафар омон қолдим. Лекин кейинги гал вақтида огоҳлантирадиган одам бўлармикан? Йўқ, бўлмайди. Бақиришга-да улгурмай, ҳаётга тўймасдан қазо қиламан. Дадамнинг одамларию пуллари кўп бўлишига қарамасдан, барибир мени сақлаб қолишолмайди. Чунки падаримнинг душманлари ундан-да кучли… Пулнинг қурбонлари. Кетаман. Тупурдим ҳаммасига. Швейцарияда Петка билан тинчгина яшайман», дея ўйлади у. Бу ўйлар унга вақт ўтганини мутлақо сездирмади. Гўё машинага эндигина ўтиргандай эди у. Бироқ Роман Фёдоровичнинг шотири машинага тормоз бериб тўхтатганча орқасига ўгирилиб турибди. Бу манзилга етганликдан далолат берарди.

— Анави йўлакдан тўғрига борасиз… — деди йигит қўли билан икки қатор шиферли девор оралиғини кўрсатиб.

— У ёғини айтмасанг ҳам, ўзим яхши биламан, — дея Оксана ўқрайиб қараб қўйди-да, юриб кетди.

Нуриддин ИСМОИЛОВ

(Асарнинг кейинги қисмларини яқин соатларда ўқийсиз)

Аввалги қисмларни ўқиш учун қуйидаги ҳаволаларни босинг:

Мафия сардори (1-қисм)

Мафия сардори (2-қисм)

Мафия сардори (3-қисм)

Мафия сардори (4-қисм)

Мафия сардори (5-қисм)

Мафия сардори (6-қисм)

Мафия сардори (7-қисм)

Мафия сардори (8-қисм)

Мафия сардори (9-қисм)

Мафия сардори (10-қисм)

Мафия сардори (11-қисм)

Мафия сардори (12-қисм)

Мафия сардори (13-қисм)

Мафия сардори (14-қисм)

Мафия сардори (15-қисм)

Мафия сардори (16-қисм)

Мафия сардори (17-қисм)

Мафия сардори (18-қисм)

Мафия сардори (19-қисм)

Мафия сардори (20-қисм)

Мафия сардори (21-қисм)

Мафия сардори (22-қисм)

Мафия сардори (23-қисм)

Мафия сардори (24-қисм)

Мафия сардори (25-қисм)

Мафия сардори (26-қисм)

Мафия сардори (27-қисм)

Мафия сардори (28-қисм)

Мафия сардори (29-қисм)

Мафия сардори (30-қисм)

Мафия сардори (31-қисм)

Мафия сардори (32-қисм)

Мафия сардори (33-қисм)

Мафия сардори (34-қисм)

Мафия сардори (35-қисм)

Мафия сардори (36-қисм)

Мафия сардори (37-қисм)

Мафия сардори (38-қисм)

Мафия сардори (39-қисм)

Мафия сардори (40-қисм)

Мафия сардори (41-қисм)

Мафия сардори (42-қисм)

Мафия сардори (43-қисм)

Мафия сардори (44-қисм)

Мафия сардори (45-қисм)

Мафия сардори (46-қисм)

Мафия сардори (47-қисм)

Мафия сардори (48-қисм)

Мафия сардори (49-қисм)

Мафия сардори (50-қисм)

Мафия сардори (51-қисм)

Мафия сардори (52-қисм)

Мафия сардори (53-қисм)

Мафия сардори (54-қисм)

Мафия сардори (55-қисм)

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here