Мафия сардори (57-қисм)

0

* * *

Шоҳруҳни шаҳарнинг бошқа бурчагига олиб бориб ташлашди. Кўримсизгина (бошқача қилиб айтганда, пиёнисталаргина яшайдиган уйга ўхшаб кетадиган, узоғи билан бир сотихча келадиган жойга каталакдай келадиган уй қурилганди. У ерга машина бормас, тор йўлакдан яёв кириш мумкин эди) уйга қамашди. Шундан кейингина у тақдири ҳақида ўйлади. Бироз қўрқди ҳам. Яна ўша акасининг уйидан қочиб чиққанидаги ниятини эслади. Ич-ичида ўкиниш пайдо бўлди. Ғазаб билан деворни муштлаб сувоғини кўчириб юборди. Шунинг билан бирга ўзининг қўлини синдириб олаёзди. Шундан сўнггина полга ўтириб, тиззалари орасига бошини суққанча сочини ғижимлади. Аллақанча вақт шу зайлда ўтирганидан кейин каравотга, юмшоқ ўриндиққа ҳам чиқиб ётмасдан, полга чўзилиб ухлаб қолди. Узоқ ухлади. Алғов-далғов тушлар кўрди. Фақат Оксана келишидан бор-йўғи беш дақиқа олдин  қорни  очқаб  уйғонди. Хона ичидаги ювиниш жойидаги жўмракни очиб, бошини сувга тиқди. Тани яйради. Бир муддат шу тахлит турганидан кейин сочиққа юзини артди-да, каравотга бориб ўтирди ва бирор банда киришини кута бошлади.

Ниҳоят эшик очилди. Барзангининг ўрнига сулув Оксана кириб келди. Унинг кўзлари қизариб кетганидан йиғлагани билиниб турарди.

— Сизни кутмагандим, — деди мийиғида кулган Шоҳруҳ ўрнидан туриб, — бутун бошли Москвадан бунча тез етиб келишингиз хаёлимга келмаган экан.

— Кўриб турибсиз, дунёнинг нариги бурчагидан бўлса ҳам, агар лозим бўлса, вақтида келоламан, — деди жилмайишга ҳаракат қилган Оксана.

— Тасанно! Лекин чиройли кўзлар нега бунча ғамгин?

— Сабабини ўзингиз яхши биласиз. Хуллас, сиз билан бирорта ресторанда бирга ўтирсам девдим.

— Менимча, бунинг иложи йўқлигини ўзингиз ҳам кўриб турибсиз. Биринчидан, башарамга қараб бўлмайди. Кўрган одам беш-олти қадам наридан ўтиб кетади. Касал деб ўйлайди. Яна юқумли, вабо десам сираям адашмайман. Иккинчидан, шунчалик очқаганманки, официант иккинчи овқатни олиб келгунича столни бўм-бўш қилиб қўяман. Шундай очофат билан ўтириш сиздай нозиктабиат аслзодага уят. Учинчидан…

— Учинчидан, мени ҳеч нарса қизиқтирмайди. Агар бутун бошли шаҳарнинг овқатини еб қўйган тақдирингизда ҳам.

— Пули-чи, менинг чўнтагимда ҳемириям йўқ.

— У ёғидан хавотир олманг. Кейин мен эркакларнинг нозланишини сираям ёқтирмайман. Нозланиш аёллар учун чиқарилган. Сизни ташқарида кутиб тураман.

Оксана чиқиб кетди. Шоҳруҳ унинг ортидан қараб қоларкан: “Отаси буни қандай йўриғига солиб юрибди экан?” — дея хаёлидан ўтказди.

Қиз Шоҳруҳдан сираям ирганмади. Қўлини қучоқлаб олди. Шунда йигит билдики, бу оқбилагойимнинг анчагина кайфи бор. “Сабаб бу ёқда экан-да. Шароб, жойи келса, тиконни ҳам кўзга гул қилиб кўрсатиб қўяди”, дея хаёлидан ўтказди. Бироқ ўзига ҳам, кимсан, Роман Фёдоровичнинг эркатойи қучоқлаб олгани ёқди. Кўрганларнинг, албатта, ичидан зил кетади. Ахир бу нозик-ниҳол-у, унинг бойвачча отасининг пулларига ошиқ бўлганлар озми?

Оксана Шоҳруҳни шаҳарнинг энг қиммат ресторанининг алоҳида хонасига олиб борди. У ерда ҳамма шароит муҳайё эди. Ҳатто чўмилиш хонаси, маълум муддат мизғиб олиш учун алоҳида икки кишилик юмшоқ каравот, қўйинг-чи, одам бир муддат овқатланиб кетиши у ёқда турсин, бемалол яшаши мумкин бўлган имконият бор эди. Шоҳруҳ биринчи марта бунақанги жойга келгани боис оғзи очилиб қолди. Бироқ ўзини бемалол тутишга ҳаракат қилар, гўё бунақанги маскан унинг учун эскидай, аввал ҳам ўнлаб марта овқатланган одамдай кўрсатарди ўзини. Аммо битта нарса уни жудаям ўйлантираётганди. Яъни, бир марталик ташриф неча пулга тушиши. Буни Оксанадан сўраса, сири очилиб қолади. Қизнинг олдида хизматчидан сўраш ноқулай.

Улар ўтирган емакхонага бирин-кетин бешта қиз кириб келди, ҳаммаси бир-биридан гўзал. Сарвқоматлигининг эса таърифига тил ожиз. Яна уларнинг устидаги либос ҳам жуда ўзгача, кўйлакларининг кўкрак қисми керагидан ҳам ортиқ очиқ. Юзларидаги табассумни кўрсанг, эсдан оғасан. Хуллас, фариштанинг ўзгинаси.

— Хўш, — деди уларга беэътибор назар ташлаб қўйган Оксана, — қайси бири хизмат қилсин?

— Танлаш сизнинг ихтиёрингизда. Мен бунақа жойларда аёллардан ўтиб бирон нима деёлмайман, — деди лаб-лунжини йиғиштиролмаган Шоҳруҳ.

— Яхши, — деб Оксана бешта қизга бир-бир қараб чиқаркан, ўртадаги энг сулувини танлади. Агар унинг ўрнида Шоҳруҳ бўлганида, бундай гўзаллик қаршисида чалкашиб қолган бўларди.

— Сиз аслида ўғил бола бўлиб дунёга келишингиз керак экан. Дидингизни кўрган ҳар қандай эркак тан бермасдан иложи йўқ, — деди Шоҳруҳ қизни мақтаб.

— Эркаклар орасида юрганингдан кейин назаринг ҳам эркакникига ўхшаб қоларкан, мен бундан жудаям афсусдаман. Шунинг учун кўришмаганимизга беш йилдан ошган бўлса ҳам, битта одамни аҳмоққа ўхшаб севиб юрибман. Бу ёқда эса энг гуллаган ёшлик чоғим ўтиб кетаяпти… Майли, буларни қўя турайлик. Хизматчи қиз сизга ёқдими?

— Менимча, ким хизмат қилсаям, егулик келтиришдан нарига ўтмайди, — жавоб қилди Шоҳруҳ.

— Адашдингиз. Чунки ҳали олдинда интим таъминоти бор. Ахир уч минг долларни шунчаки бир марта қорин тўйғазиш учун бериб кетмаймиз-ку, тўғрими?! — деб Оксана хизматчи қизга қаради ва кўзи билан ишора қилди. Қиз ўта назокат, майинлик билан бош силкиб, “хўп” ишорасини қилди ва столни айланиб ўтиб, секин Шоҳруҳнинг елкасини силай бошлади.

* * *

— Шу гапларни эримдан эшитсам бўлмасмиди?.. Эшитардим, анча аввал бундан ҳам зўрларини эшитганман. Содиқ акам еру кўкка ишонмасди. У киши ўша пайтлари анча камбағал эди… Йўқ, мен адашган эканман. У мени эмас, дадамни еру кўкка ишонмаскан. Унинг пуллари учун ардоқларкан. Мана энди ҳаммаси ойдинлашди… Эҳ, Содиқ ака, бунчалик ғўрсиз-а?! Озгина пул кўришингиз билан…

Хонзода кутилмаганда бирдан чўчиб тушди. У бир неча сония ичида ўзини ёлғиз ҳис этган, атрофида ҳеч ким йўқ деб ўйлаганча ўзига-ўзи гапирмоқда эди. Беихтиёр Нажимга кўзи тушиб, шундоғам ичкиликдан қизарган юзига баттар қизиллик югурди.

— Кечирасиз, — деди ноқулайликдан чиқиш учун, — одамнинг сал кайфи ошса нималар демайди?..

— Мен сизни жуда яхши тушуниб турибман. Ҳаммаси жойида, хавотир олманг. Қайтанга сизга қизиқиб қолдим, — деб тиржайди ҳайдовчи Нажим.

— Турайлик, — деб жилмайди Хонзода, — сиз билан ҳали жуда кўп учрашамиз.

Нажим аёлнинг ичида нимадир безовта қилаётганини сезиб турарди. Шу боисдан ортиқча мулозамат қилмади. Қолаверса, анча пул ёнида қоладиган  бўлиб  турибди.  Бошқа пайт харажатини камроқ қилиб мақсадига етишни мўлжаллаб қўйди. Қолаверса, бир кўргандаёқ аёлларга ёпишиб қоладиган эркаклар тоифасига кирмасди у. Арқонни узун ташларди.

— Кўринишингиз жудаям безовта. Майли, ўзингиз мўлжаллаган ишни бажариб кўнглингизни хотиржам қилинг. Айтганингиздай, ҳали қалинлашиб, дўст бўлиб қоламиз. Фақат, кўп сиқилаверманг. Келишдикми? — деди у.

— Хавотир олманг, ҳаммаси айтганингиздай бўлади.

Отасининг дарвозасини кўриши билан Хонзоданинг кўзига ёш қалқиди. Ўпкаси тўлиб, йиғлаб юборишдан ўзини зўрға тийиб турди. Шу боисдан машина тўхташи билан эшикни очди.

— Телефон рақамингизни қолдирмадингиз-ку?! — деди Нажим.

Хонзода бир муддат гапиролмай қолди. Оғзидан биронта сўз чиқса, кўзидаги ёш оқиб кетишидан қўрқди. Чунки бу кўз ёшлар ҳали унга кўп керак. Отасининг ёнида шунчалик йиғласинки, падарининг ичи эзилиб кетсин. У чуқур-чуқур нафас олгач, телефон рақамини зўрға айтди. Сўнгра эшикни ёпди-ю, орқасига ҳам қарамай югуриб кетди.

Қайта-қайта чалинган қўнғироқларга ичкаридан жавоб бўлавермади. Аёлнинг жаҳли чиқди. “Нима бало, кўчиб кетганми булар?” дея ғўлдиради. Дарвозанинг тугмачасини ғазаб билан янада қаттиқроқ боса бошлади. Шундан кейин орадан беш дақиқалар ўтиб:

— Ким? — деган ёш боланинг овози келди ичкаридан.

— Ирода, менман, амманг, — деди қизариб-бўзариб кетган Хонзода.

— Аммажон, ҳозир, — дея ичкаридаги қизалоқ амаллаб зулфакни тортиб, дарвозанинг кичик табақасини очди.

— Вой-бўй! — деди амма ичкарига кириб бақираркан, сал бўлмаса, беш яшар қизалоқнинг юрагини ёраёзиб. — Уйда сендан бўлак ҳеч ким йўқми?!

Қизалоқ довдираб қолди. У аммасига тикилганча бошини қимирлатди.

— Бир ўзингни ташлаб кетишдими?

Хонзода кичкинагина жиянчасидан яна тасдиқ ишорасини олди.

— Шунақаям бўладими одам дегани, қани юр-чи! — деб Ироданинг қўлидан ушлаганча ҳовлига етаклади у.

Хонзода ошхонага кирди. Юмшоқ диванга ўзини ташлаб, бир муддат кўзларини юмиб ўтирди. Сўнг музлаткичдан муздеккина шарбат олиб ичди. Тани бироз яйради ва бояги жойига бориб ўтираркан, шу пайтгача унинг хатти-ҳаракатини кузатиб турган Иродага юзланиб жилмайди:

— Кел, жоним, ўзимнинг ёнимга кел, булар сени ёлғиз ташлаб кетишибдими, келишганидан кейин ўзим гаплашиб қўяман. Қаерга кетишди ўзи? — дея жиянининг сочини силади.

Қизалоқ аввал елкасини қисди. Сўнг аммасига қаради-да, узун киприкларини пирпиратиб:

— Уларнинг ҳаммаси шошиб кетишди. Кимдир телефон қилди. Ойимла трубкани олдила, кейин бирдан ранглари оқариб кетдила-да, бувижонни ёнларига югуриб бордила. Кейин… Кейин, — дея Ирода тутилиб қолди.

— Кейин, кейин нима бўлди? Ойинг бувижонингга нима деди? — сўради кўнгли қандайдир нохушликни сезган Хонзода сабрсизлик билан.

— Додамла касалхонага тушиб қоптила… Ҳаммалиги югуриб кетишди. Ман боролмадим. Ойимла эшикни ёпиб қўй, дедила, — бўлган воқеани соддалик билан гапириб берди қизалоқ.

— Додангла?! — деди капалаги учиб кетган Хонзода. — Нега касалхонага тушади?! Қайси касалхонага?

Бу саволларга жавоб беришга қизалоқ ожиз эди. Шу боисдан аммасига термилиб тураверди.

— Уфф, — дея ўрнидан туриб кетди Хонзода, — нима бўлаяпти ўзи? Нега бунча ҳамма бало бошимизга ёғилаяпти?!

У кўзидаги ёшни артаркан, сумкачасини очиб, телефонни олиб рақам терди. Лекин келини кўтармади. Тўғрироғи, унинг телефони ўчирилган эди. Ойисига қўнғироқ қилиб кўрди. Бўлмади. Укасининг телефони эса хизмат доирасидан ташқарида экан.

— Тавба, буларга нима бўлган ўзи? Биронтасиям ишлатиб қўймайди матоҳини! — деб бақирди у ва телефонини отиб юборди-да, икки қўллаб сочларини ғижимлади. Боши айланди. Йиқилиб тушмаслик учун эҳтиёткорлик билан диванга ўтирди.

— Аммажон, дори опкелиб берайми? — деди бироздан кейин Ирода.

Кўзидан ёши селдай оқаётган Хонзода унга қаради. Меҳри жўшиб кетди. Қўлидан ушлаб ўзига тортиб қучоқлади.

— Ойимлани дориларини биламан қаердалигини, — деди бир муддат жимликдан кейин Ирода.

— Бора қол, унгача мен музлаткичдан сув олиб тураман.

Хонзодага дори таъсир қилмади. Сабаби, ичкилик ичганди. Ҳозир унинг кайфи тарқаётганди, шунинг учун ҳам боши оғриётган эди. Буни унинг ўзи ҳам яхши биларди. Аммо кўзлари меҳрга тўла Ироданинг ёнида музлаткичдаги ароқдан бир стакан қуйиб ичишга уялди. Ҳа, мана шу кичкинагина қизалоқнинг боқиши унинг нафсини, хоҳишини жиловлай олди.

У ҳовлига чиқди. Ёз охирлагани боис, кун ҳар доимгидан бирмунча салқинроқ эди. Хонзода ўпкасини тўлдириб нафас олди. Лекин бу ҳам унга енгиллик беролмади. Тағин ошхонага кирди-да, Иродани ўйнагани ҳовлига чиқариб юборди. Ўзи эса, стаканни тўлдириб ароқ ичди. Шундан кейин бирдан бош оғриғи қолди.

Диванда ўтириб хаёл сурмоқчи бўлди, лекин уйқунинг зўридан ўтирган кўйи пинакка кетди.

Ошхонада бирдан пайдо бўлган шовқин Хонзодани мизғишга қўймади. У кўзини очиб, ойиси билан келини Дилафрўзни кўрди.

Ўпка-гинасини тўкиб солмоқчи бўлиб оғиз жуфтлаган эди, ундан олдин ойиси гап бошлади:

— Сизларни ҳам фарзанд деб улғайтирувдик. Вақти келиб коримизга ярайди, деб ўйлагандик. Лекин тарбияни шунчалик ёмон берибмизки, қиз чиқариб, ўғил уйлантирадиган ёшга етсанглар ҳам, бошимиз ташвишдан чиқмаяпти, — деди у.

— Ойи, — деб ўрнидан туриб кетди Хонзода, — менинг келганимга…

— Икки соатдан ошиб кетди, шундайми?! — дея бирдан унинг гапини бўлди Ойсара опа.

Хонзода ойисининг тиниқ юзига, дона-дона гапларига ўрганиб қолганди. Яна Ойсара опа ҳар доим қошига ўсма қўйиб юрарди. Бу ҳам ҳамма учун кўникма эди. Хонзода волидасининг юзида ҳозир бутунлай бошқа нарсаларни кўрди: алам, ўкинч, қайғу, қарилик. Буларнинг бари жам бўлиб, Ойсара опани мункиллаган кампир ҳолига келтириб қўйганди.

— Қизим, дадангни кимлардир роса калтаклаб кетишибди. Юзига қараб бўлмайди. Сочлари бутунлай оқариб кетган. Тушуняпсанми? Дўхтирлар зўрға ўзига келтиришди.

— Нега, ойи? Ким калтаклайди дадажонимни? Милиса…

— Сенларни деб бўлди. Бир кун бўлсаям шу кунгача уйингда тинчлик бўлдими, қизим?!

Ойсара опанинг лаблари титраб кетди.

— Уйингга бориб, — деди бир муддат  тўхталишдан  кейин гапини давом этказаркан, — бирортангни ҳам тополмадим. Қўшниларингнинг оғзида минг хил миш-миш. Шаҳло қани?!

Хонзоданинг боши эгилди. Кўзидан битта-битта ёш тома бошлади.

— Ойи, мен уни бошқаролмадим. Қаердаги ялангоёқни топиб…

— Ҳаммасига ўзинг айбдорсан. Сенинг кимлигингни яхши биламан-ку?! Эринг ким эди-ю, ҳозир ким бўлди? Эсингдан чиқдими?.. Ҳамма гапни эшитдим. Отанг сенларнинг касрингга қолган. Лекин буниси ҳали аниқмас. Агар аниқ бўлса, кечаман сендайин қиздан!..

Хонзода сумкачасини олди-да, худди маст одамдай тебраниб эшик тарафга кета бошлади.

— Дадангга қорангни кўрсатма! — деди Ойсара опа таҳдидли оҳангда.

Нуриддин ИСМОИЛОВ

(Асарнинг кейинги қисмларини яқин соатларда ўқийсиз)

Аввалги қисмларни ўқиш учун қуйидаги ҳаволаларни босинг:

Мафия сардори (1-қисм)

Мафия сардори (2-қисм)

Мафия сардори (3-қисм)

Мафия сардори (4-қисм)

Мафия сардори (5-қисм)

Мафия сардори (6-қисм)

Мафия сардори (7-қисм)

Мафия сардори (8-қисм)

Мафия сардори (9-қисм)

Мафия сардори (10-қисм)

Мафия сардори (11-қисм)

Мафия сардори (12-қисм)

Мафия сардори (13-қисм)

Мафия сардори (14-қисм)

Мафия сардори (15-қисм)

Мафия сардори (16-қисм)

Мафия сардори (17-қисм)

Мафия сардори (18-қисм)

Мафия сардори (19-қисм)

Мафия сардори (20-қисм)

Мафия сардори (21-қисм)

Мафия сардори (22-қисм)

Мафия сардори (23-қисм)

Мафия сардори (24-қисм)

Мафия сардори (25-қисм)

Мафия сардори (26-қисм)

Мафия сардори (27-қисм)

Мафия сардори (28-қисм)

Мафия сардори (29-қисм)

Мафия сардори (30-қисм)

Мафия сардори (31-қисм)

Мафия сардори (32-қисм)

Мафия сардори (33-қисм)

Мафия сардори (34-қисм)

Мафия сардори (35-қисм)

Мафия сардори (36-қисм)

Мафия сардори (37-қисм)

Мафия сардори (38-қисм)

Мафия сардори (39-қисм)

Мафия сардори (40-қисм)

Мафия сардори (41-қисм)

Мафия сардори (42-қисм)

Мафия сардори (43-қисм)

Мафия сардори (44-қисм)

Мафия сардори (45-қисм)

Мафия сардори (46-қисм)

Мафия сардори (47-қисм)

Мафия сардори (48-қисм)

Мафия сардори (49-қисм)

Мафия сардори (50-қисм)

Мафия сардори (51-қисм)

Мафия сардори (52-қисм)

Мафия сардори (53-қисм)

Мафия сардори (54-қисм)

Мафия сардори (55-қисм)

Мафия сардори (56-қисм)

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here