Мафия сардори (58-қисм)

0

Хонзода юришдан тўхтади. Секин ортига ўгирилди. Унинг кўз ёшга ювилган юзини кўриш она учун аянчли эди. Лекин Ойсара опа ўзини ушлади. “Қизим”, дея Хонзодани бағрига босишдан зўрға ўзини тийиб турди. Хонзода онасининг кўзлари тубидаги меҳрни кўролмади. Кўрганида ўзини ерга ташлаган, уввос солиб йиғлаган, шу билан овутишлар оғушига шўнғиган бўларди. Бироқ у бундай қилолмади. Ҳовли тарафга юрди.

— Ойи, — деди Дилафрўз ўзини тутиб туролмай, — ўзларини бир бало қилиб қўядилар.

Ойсара опа “қайтар” қабилида ишора қилди. Аммо шу лаҳзадаёқ ўзи диванга ўтириб қолди. Дилафрўз қайнонасининг ихтиёрсиз ўтирганини кўрмади. Шошганча Хонзоданинг орқасидан югурди. Дарвозахонада қувиб етди. Маҳкам қучоқлади.

— Опажон, ойижонимдан хафа бўлманг, аччиқ устида гапириб қўйдилар. Юринг, тўрдаги уйга киринг, бироз дам олинг. Жудаям чарчагансиз…

У гапини давом этказолмади. Ироданинг:

— Бувижо-о-о-н!!! — деган чинқириғи эшитилди. Унинг овозидан ҳар икки жувон  ҳам  сесканиб  тушишди.  Дилафрўз Хонзодани унутиб ошхонага югурди.

Остонадаёқ Ойсара опанинг оғзидан кўпиги келиб ётганини кўрди-ю, юраги орқага тортиб кетди.

— Ойи! — бақирди у ҳам худди қизидай.

Унинг ортидан Хонзоданинг қичқириғи ҳам эшитилди.

Ойсара опа тезда ўзига келавермади. Иккала жувон ҳарчанд унинг юзига сув сепмасин, турткиламасин, кўзини очавермади. Чақирилган “Тез ёрдам”дан эса дарак йўқ. Аслида дўхтирларга қўнғироқ қилишганига кўп бўлмаганди, узоғи билан икки дақиқадан зиёдроқ. Аммо Дилафрўз ҳам, Хонзода ҳам “Нега бунча имиллашади?” дейишдан ўзларини тиёлмасдилар. Бу орада уйга Хонзоданинг кичик укаси Султонмурод ҳам келди. Ойисининг аҳволини кўриб унинг ҳам юраги ёрилаёзди…

Орадан йигирма дақиқача ўтиб, хусусий “Тез ёрдам” етиб келди. Қилинган уколдан кейингина Ойсара опанинг нафас олиши бироз мўътадиллашди.

— Эҳтиёт бўлиб машинага чиқаринглар, — деди оқ халатли шифокор, — инфаркт аломатлари бор.

— Шуям пешонамизда бормиди?! — дея ўкириб йиғлаб юборди Хонзода.

Лекин унинг чинқириғига биров эътибор бермади. Ҳамманинг диққати Ойсара опада эди.

Аёл орадан уч соат ўтгач ўзига келди. Шундан кейингина шифохонада Султонмуроддан бошқа ҳамма тарқади.

Ҳайҳотдай ҳовли Хонзодани ютиб юборай деди. “Кимга кераги бор бу уйнинг?” — дея ўзига-ўзи гапирди у юмшоқ ўриндиқли чет элдан келтирилган икки кишилик ҳалинчакда ўтирар экан. Шу пайт бирдан хаёлига ўғли Жаҳонгир келди. Ахир уни неча кундан бери кўрмайди. Бола ўзи билан ўзи овора. Қаерда, нима қилиб юрибди, Худо билади. Хонзода илк маротаба ўзидан ўзи хафа бўлиб кетди.

— Жаҳонгир! — дея овоз берди ўзи эшикни калит билан очгани эсидан чиқиб.

Жавоб бўлмади. Шунда унинг бирдан юраги гупиллаб уриб кетди. Охирги марта ўғлини қачон кўрганини хотирлаш учун хаёлини титкилай бошлади. Эслаёлмади.

— Худо уриб қўйибди-ку! — деб ҳалинчакдан сакраб тушди-да, югуриб уйга кирди. Ўғлининг хонасига кириб бирдан бўшашиб кетди.

Жаҳонгир каравотида пишиллаб ухлаб ётарди. Аммо хонанинг ўртасидаги стол устида иккита ароқ шишаси бўш турарди. Ёнидаги кулдон ичида ўнлаб сигарета қолдиқлари… Хона одам нафас ололмайдиган даражада сасиб кетган эди. Хонзода кирган заҳоти аксириб юборди ва бирдан бурнини кафти билан бекитиб:

— Нима балолар қилиб ташладинг, Жаҳонгир?! — деди ва шоша-пиша деразаларни очиб юборди.

Ана ундан сўнг эндигина ўн бешга кирган боласининг қилган ишларини идрок этди. Жаҳли чиқди. Бориб ўғлини турткилади.

— Тур ўрнингдан, ярамас! — деб бақирди. — Нима балолар қилиб ташладинг?! Ҳали шу ёшингдан ароқ ичиб, сигарет чекадиган бўлдингми?! Компьютерхонага йўқ бўлиб кетаётганингга индамаётгандим. Энди…

Хонзоданинг қолган гаплари ичида қолди.

— Нималар деб валдираяпсиз, ойи? — деди Жаҳонгир уйқусираб.

Хонзода тарашадай қотиб қолди. Нафаси бўғилди. Ўғлига термилганча Жаҳонгирнинг гапларини такрорлади.

— Валдираяпсиз?! Ҳали валдирайдиган бўп қолдимми? Дадангдан эшитмаган гапларни сендан эшитаяпманми? Ё тавба! Вой ўлмасам! Қанақа бола дунёга келтирибман?!

У Жаҳонгирнинг сочини ғижимлади ва уч-тўрт марта аямасдан тортди.

— Вой! Вой! — дея бақирганча ўрнидан сакраб турди ўғли.

Шундагина Хонзода унинг бўйи анча чўзилиб қолганини кўрди.

— Нима?! — бақирди Жаҳонгир. Унинг оғзидан бадбўй ҳид келар, қовоқлари шишиб, кўзи қизариб кетган эди. Қарашидан махлуқ қўрқарди.

* * *

Нозик, юмшоқ қўл Шоҳруҳнинг елкасини силаётганида, у Оксанадан кўзини узмай қараб турди. Жилмайди.

— Қорин очлигида бундан ҳам гўзал қиз бошқа ишларни қилган тақдирда ҳам, одам қочиб кетади, — деди.

Унинг гапига Оксана ҳам кулди ҳамда хизматчи қизга ишора қилди.

— Биласизми? — деди у кетганидан кейин Шоҳруҳ рўпарасидаги банкирнинг қизига. — Ўзимни жудаям ноқулай ҳис этаяпман. Ижозат берсангиз, егуликларни олиб келишгунча чўмилиб чиқсам. Ювинмагандан кейин одам оғир бўлиб қоларкан.

— Ихтиёрингиз, — деди Оксана ва сумкачасидан сигарета қутисини олиб стол устига қўйди.

Чўмилиб чиққан Шоҳруҳ артиниш, кийиниш баҳонасида, оромхоналарнинг ҳаммасини бирма-бир кўздан кечириб чиқди. Чунки бунақанги жойга таклиф қилиш баҳонасида, Роман Фёдорович бошқа нарсаларни ҳам режалаштирган бўлиши мумкин эди. Албатта, бу сафар қизи орқали.

Шубҳали ҳеч нима кўрмаганидан кейин Шоҳруҳ жойига қайтиб келиб ўтирди. Бу пайтда столнинг усти турли егуликлару, Франциядан келтирилган коньяклар билан бир қаторда, Россиянинг энг тоза ароғи билан тўлдирилганди.

— Чўмилишдан кейин иштаҳа очилишини яхши биламан. Ўзим ҳам сувнинг тагига тушгим келаяпти-ю, лекин эринчоқлигим панд бераяпти, — деди Оксана Шоҳруҳ ўтирганидан кейин жилмайиб боқаркан.

— Аслида шундоғам иштаҳам очиқ эди. Тўғриси, нима бўлса еб ташлашим ҳеч гап эмасди. Лекин ўзимни қандайдир оғир ҳис қилдим, — дея Шоҳруҳ чиройли қилиб тарелкага кесиб қўйилган помидор бўлагини оғзига солди-да, ҳузур қилиб чайнай бошлади.

Оксана эса қадаҳларга ароқ тўлатди.

— Қани, — деди ўзининг улушини қўлига олиб, — танишганимиз учун битта-битта олайлик.

Шоҳруҳ эътироз билдирмади.

— Сиз учун, — деб қадаҳини Оксананикига тўқиштирди-да, бир кўтаришда ичиб юборди. Сўнг ўзгача иштаҳа билан, қовурилган жўжа, колбаса, хуллас калом, дастурхон устидаги бор егуликларни бирма-бир оғзига тиқа бошлади.

Унинг тановулига Оксананинг ҳаваси келди. У зўр иштиёқ билан йигитнинг овқатланишини томоша қилиб ўтирди.

Агар ора-чора Шоҳруҳнинг қизга қараб қўйганини ҳисобга олмаганда, деярли беш дақиқача бош кўтармади.

— Ҳай-ҳай, — деди қиз мийиғида кулиб, — бу аҳволда столни ҳам еб қўясиз, яна эллик грамм ичиб юборинг. Кейин очофатликни давом этказасиз.

Шоҳруҳга унинг гапи хуш ёқди. Шу боисдан маза қилиб кулди. Сўнгра қадаҳини Оксана томон узатди.

Иккинчи қадаҳ унинг бошини анча қизитди. Роман Фёдоровичдан аччиқланган эди. Бир муддат бу нарса эсидан чиқди.

— Хизматчи қиз мендан мафтункорми? — сўраб қолди Оксана санчқи билан қўл артадиган қоғозчани эринмасдан бирма-бир тешар экан.

— Сизнинг тенгингиз йўқ. Қизиқ, нега мени бу ерга олиб келдингиз? Бошқа холироқ жойга борсак, бемалолроқ гаплашиб ўтирармидик?..

— Шу ер ҳам холи. Истасак, биров халақит бермайди. Мен дадамнинг қарзини узишим керак.

— Дадангиз кимдандир қарздорми?

— Ҳа. Сиздан. Мени қутқариб қолганингиз учун. Иккинчиси, шубҳаланиб…

— Унинг ўрнига мен бўлганимда ҳам шундай қилардим. Сизни қутқарганимга келсак… Сабаби оддий: дўстлашмоқчийдим. Албатта, сизнинг борлигингизни билмаганим боис, дадангиз билан…

— Демак, манфаат юзасидан.

— Фақат пул масаласида эмас.

— Суриштирса, охири шунга бориб тақалади.

— Балки.

— Мен жуда ёмон кўраман, — деб Оксана ўзининг қадаҳини ароққа тўлдирди.

— Ана, кайфингиз ошиб қолганга ўхшайди. Бошқа ичмасангиз яхши бўлармиди, — деди унга термилиб ўтирган Шоҳруҳ.

— Нималар деяпсиз? Айрим гапларингиз худди дадамникига ўхшаб кетаяпти. Назаримда, бир хил одамсизлар. Пул, мол-давлат, қават-қават иморатлар, шахсий самолёт… Лекин, лекин… — Оксана қадаҳини бўшатди. Сўнг лабини кафти билан артиб, стол устида турган тамаки қутисидан бир дона сигарета олиб, лабига қистириб тутатди. Тутунни шунақанги мириқиб ичига ютдики, кўзлари юмилиб кетди. Унинг қилиғидан Шоҳруҳнинг ғаши келди. Бироқ ҳеч нима демади. Бир бўлак колбасани ликопча устига қўйиб, майдалай бошлади.

— Лекин, — дея гапида давом этди Оксана, — сизларни деб кўп одам ўлиб кетади. Шунисини сираям ўйламайсизлар. Сизларнинг тоифангиздаги одамлар ҳаддан зиёд ўзларини яхши кўришади. Шунинг учун ҳам бирорта аёлнинг ёнига яқинлашишмайди. Яқинлашган тақдирларида ҳам, сохталик билан яна ўз манфаатни ўйлаб яқинлашади. Мана, дадам. Ойимнинг ўлганларига олти йилдан ошди. Лекин бирорта бошқа аёл билан яқин муносабатда бўлмади. Агар яқинлашса, мол-мулкининг бир қисми кимгадир ўтиб қолиши мумкин. Ана шундан қўрқади. Ҳатто… Йўқ, айтмайман! Сизнинг ҳам дадамдан мутлақо фарқингиз йўқ!

У кутилмаганда бақириб юборди. Жаҳл билан столни муштлади. Аламидан сигаретасини кулдонга эзғилади.

Шоҳруҳ ўрнидан турди. Столни айланиб ўтиб, Оксананинг қўлини ушлади. Бироқ қиз қўлини бирдан тортиб олди. Шоҳруҳнинг ҳам ўжарлиги тутиб, қизнинг елкасидан тутиб, ўрнидан турғазиб маҳкам қучоқлади. Оксана аввалига унинг қучоғидан чиқиш учун бир-икки марта типирчилади. Кейин бирдан бўшашди ва ўзи йигитнинг бўйнидан маҳкам қучоқлаб йиғлаб юборди.

— Ҳаммаси изига тушади. Мен мутлақо дадангизга ўхшамайман, — деди уни юпатиш учун Шоҳруҳ.

— Гапирманг. Жим. Ўтиб кетади дарров.

Шу маҳал хизматчи қиз кириб келди. Қўлида патнис, унинг устида буғи чиқиб турган тустовуқ димламаси.

У бир-бирини қучоқлаб турган йигит билан қизга эътибор ҳам бермади. Шошилмасдан лаганни столнинг ўртасига қўйди-да, ачомлашаётганларнинг ёнида туриб қолди. Нигоҳи қизнинг кўзидаги ёшга тушди. Сездики, ўзининг ёрдами керак. У Оксананинг елкасини нозик қўллари билан силай бошлади. Оксана беихтиёр кўзини юмди. Шунда хизматчи қиз унинг орқа томонидан жуда яқин келиб, бўйнидан, қулоқларидан бир-бир бўса ола бошлади. Унинг лаблари Оксананинг вужудига гоҳ жудаям нозик тегса, гоҳ унинг нафас олиб-чиқаргани қулоғига чалинарди. Оксана бутунлай эриб кетди. У хаёлан лаззат домига чўмиб кетганидан аста-секинлик билан Шоҳруҳнинг томоғидан ўпа бошлади.

Манзарадан Шоҳруҳ даҳшатга тушди. Бундай кўринишу хатти-ҳаракат ҳар қандай эркак зотининг ақлини оларди. Бироқ шу дамда хаёлига Юлдуз келди. Унинг майин боқишлари, гўзал жилмайиши кўз олдидан ўтди. Кейин ўзи севган қизнинг Бек билан ёнма-ён ўтирганини ҳам эслади. “Ҳозир у ҳам худди шундай, бошқа бир эркакнинг қучоғида бўлса-чи”, деган ўй ўтди хаёлидан. Изидан: “Бунақанги майнавозчиликни йиғиштиришим керак. Эртароқ кетмасам бўлмайди”, дея ўйлади. Бу пайтда Оксананинг эҳтироси жунбушга келганди. Ҳозир уни ҳеч нарса қайтаролмасди. Қачонки қониқса (у ўзининг Петкаси билан бир неча марта бунақанги висол онларини ўтказганди бошидан. Ҳозир ҳам қўмсаётганди. Қўмсаганда ҳам унча-мунчамас…), шундагина хаёли жойига тушарди. Ва албатта, бунга ичкиликнинг ҳам ҳиссаси қўшилганди. Унинг ҳолатини хизматчи қиз жуда яхши англаб турарди. Ахир улар айни шу ишни амалга ошириш учун дугоналари билан озмунча шуғулланишганми?

— Ётоққа боришимиз керак, — деди хизматчи қиз.

Унинг бу гапи Оксананинг қулоғига йигитнинг оғзидан чиққандай туйилди. У баттар Шоҳруҳга ёпишди…

Нуриддин ИСМОИЛОВ

(Асарнинг кейинги қисмларини яқин соатларда ўқийсиз)

Аввалги қисмларни ўқиш учун қуйидаги ҳаволаларни босинг:

Мафия сардори (1-қисм)

Мафия сардори (2-қисм)

Мафия сардори (3-қисм)

Мафия сардори (4-қисм)

Мафия сардори (5-қисм)

Мафия сардори (6-қисм)

Мафия сардори (7-қисм)

Мафия сардори (8-қисм)

Мафия сардори (9-қисм)

Мафия сардори (10-қисм)

Мафия сардори (11-қисм)

Мафия сардори (12-қисм)

Мафия сардори (13-қисм)

Мафия сардори (14-қисм)

Мафия сардори (15-қисм)

Мафия сардори (16-қисм)

Мафия сардори (17-қисм)

Мафия сардори (18-қисм)

Мафия сардори (19-қисм)

Мафия сардори (20-қисм)

Мафия сардори (21-қисм)

Мафия сардори (22-қисм)

Мафия сардори (23-қисм)

Мафия сардори (24-қисм)

Мафия сардори (25-қисм)

Мафия сардори (26-қисм)

Мафия сардори (27-қисм)

Мафия сардори (28-қисм)

Мафия сардори (29-қисм)

Мафия сардори (30-қисм)

Мафия сардори (31-қисм)

Мафия сардори (32-қисм)

Мафия сардори (33-қисм)

Мафия сардори (34-қисм)

Мафия сардори (35-қисм)

Мафия сардори (36-қисм)

Мафия сардори (37-қисм)

Мафия сардори (38-қисм)

Мафия сардори (39-қисм)

Мафия сардори (40-қисм)

Мафия сардори (41-қисм)

Мафия сардори (42-қисм)

Мафия сардори (43-қисм)

Мафия сардори (44-қисм)

Мафия сардори (45-қисм)

Мафия сардори (46-қисм)

Мафия сардори (47-қисм)

Мафия сардори (48-қисм)

Мафия сардори (49-қисм)

Мафия сардори (50-қисм)

Мафия сардори (51-қисм)

Мафия сардори (52-қисм)

Мафия сардори (53-қисм)

Мафия сардори (54-қисм)

Мафия сардори (55-қисм)

Мафия сардори (56-қисм)

Мафия сардори (57-қисм)

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here