Мафия сардори (59-қисм)

0

Шоҳруҳнинг томоғидан ҳеч нарса ўтмай қолди. Нуқул ароқ ичди. Ҳаттоки Оксананинг сигаретасидан бир дона олиб тутатди. Тўғри, тутунни ичига ютмади. Шунчаки оғизга олиб, кейин пуфлаб турди. Шу туфайли ҳам қизга кулги бўлди.

— Кўриб турибман, — деди Оксана, — сенга ёқмадим. Эҳтимол, сен жудаям бошқачасини кўргандирсан. Лекин нима бўлган тақдирда ҳам, асабларим озгина жойига тушди. Шунинг учун ҳам сенга раҳмат.

— Менинг яхши кўрадиган қизим бор, — деди унга бир қараб қўйган Шоҳруҳ.

— Нима қипти? Менинг ҳам йигитим бор. Сен билан менинг алоқамга муҳаббатнинг мутлақо дахли йўқ. Бир нарсани сендан илтимос қилсам майлими?

Шоҳруҳ жавоб қилмади. Бунинг  ўрнига  қадаҳини  навбатдаги марта тўлдирди.

— Бўлди, — деди бу сафар Оксана унинг қадаҳини олиб қўйиб, — сен ҳам бизнинг алкашларга ўхшама… Дадам билан қалин бўлиб олишингга ўзим ёрдам бераман. Аммо бу қалинлик севган қизингнинг ўлимига сабабчи бўлмасин.

Шоҳруҳ ҳеч нимани тушунмади.

— Севган қизимнинг бунга нима алоқаси бор? — сўради у ҳайрон бўлиб.

— Ойимнинг, менинг ҳам алоқамиз йўқ эди… Бўпти, майдалашмайлик. Нима қилдик энди?

— Роман Фёдоровичнинг ёнига борамиз. У билан гаплашиб олишим керак, — деб Шоҳруҳ сигаретани симираётиб озгина тутун ютиб юборди. Шунақанги қаттиқ йўтал тутдики, аксираверганидан кўзларидан ёш чиқиб кетди.

Худди шу пайт Оксананинг қўл телефони жиринглаб қолди. Қиз эринибгина кийим илгичда осилиб турган сумкачасини ковлаб, “сотка”сини олди.

— Дадам, — деди беихтиёр ва кўк тугмачани босиб телефонни қулоғига тутди-да, ўта эринчоқлик билан, — Алло! — дея Шоҳруҳга қараб қўйди.

— Оксан, — деди Роман Фёдорович ваҳимали овозда, — қаердасан?!

— Дада! — бақирди жаҳли чиққан қиз. — Ўз ҳолимга қўясанми-йўқми?

— Қизим, ҳозиргина менинг мошинам портлаб кетди. Сендан хавотирдаман, — деди Роман Фёдорович шошиб.

— Нима?! Нега портлайди? Ким портлатади?! Ўзингга ҳеч нарса қилмадими ишқилиб?! — дея ўрнидан туриб кетди қиз.

— Мен соппа-соғман. Мабодо бехавотир жойда бўлсанг, қимирлама. Йигитларни жўнатаман. Ўзлари олиб келишади. Шаҳар ташқарисидаги дала ҳовлимизда кутаман.

— Дада, ўзим бораман. Сен бемалол кетавер, — деб Оксана телефонни ўчирди.

Шоҳруҳ унга термилиб турарди. Оксана гаплашиб бўлиши билан:

— Қанақанги портлаш? — дея сўради.

— Билмадим. Нафақат мени, дадамни ҳам ўлдиришга чоғланишган кўринади, — деди Оксана.

Шоҳруҳ чўнтагидан телефонини олиб ёқди. Бирдан тинимсиз SMSлар кела бошлади. “Шоҳруҳ ака, қаерларда юрибсиз?” деган хабарнинг ўзидан учта экан. Бундан ташқари, “Кимлардир бизга ҳужум қилишди”, “Тезроқ етиб келинг”, “Қанақанги одамсиз ўзи?”, “Тирикмисиз?” ва ҳоказо шу каби кесатиқ ва совуқдан-совуқ хабарлар ҳам бор эди. Шоҳруҳ уларни шоша-пиша ўқиб чиққанидан кейин рақам терди-да, гўшакни олган йигитдан:

— Қаердасан? — дея сўради.

— Сизлар кирган ресторан тўғрисида, йўлнинг бериги томонидаман, — жавоб қилди йигит.

— Эшикнинг ёнига келиб тур, ҳозир чиқамиз, — деди Шоҳруҳ.

Бунақа бўлишини Оксана мутлақо кутмаган эди. Шоҳруҳнинг одамлари у билан изма-из юриши унинг хаёлига ҳам келмаганди. Ичида Шоҳруҳни ўзича қамаб қўйган отасининг устидан кулди.

Дала ҳовли шаҳардан ўн беш чақиримча  узоқликда,  дарёнинг қирғоғида жойлашганди. Албатта, замонавий услубда қурилган, атрофини ям-яшил футбол майдонининг майсалари ўраб турарди. Девори эса қизил пишиқ ғиштдан эди. Шоҳруҳ деворга назар ташлар экан: “Бу хитойларникидан қолишмайдиган деворга қанча маблағ сарфланган экан?” — дея хаёлидан ўтказиб қўйди.

Уларни Роман Фёдоровичнинг шахсан ўзи кутиб олди. Ранги озроқ синиққан, қарашлари ғазабнок эди.

— Оксанани кўнг-лингдагидай ўлдиролмаганингдан менга ўтдингми? — сўради у Шоҳруҳ яқинлашиши билан.

Оксана юришдан тўхтаб, дадасига термилди. Лаблари титради.

— Дада, нималар деяпсан? У мутлақо сен ўйлаган одам эмас. Агар ёмонлик қилмоқчи бўлганида, сендан сўрамаган, аллақачон ишини битирган, сен билан мени қора ерга тиқиб, ўзи кайфу сафо қилиб юрган бўларди! — деди.

— Сен айтганча ҳам бўла қолсин. Унда нега бу хизмати эвазига сариқ чақаям олмади? Хўш, нега? Оксана, кўп нарсаларга ҳали ақлинг етмайди. Ўзимиз бу ёғини гаплашиб оламиз, шундайми, йигитча? — дея Роман Фёдорович ўткир нигоҳини Шоҳруҳга қадади.

— Албатта. Лекин сизга бир нарсани айтиб қўяй. Менинг сизга хусуматим йўқ, — деди унга жавобан Шоҳруҳ.

— Демак, гап бошқа нарсада. Сен Оксанани севиб қолгансан. Унга етишиш, яъни кўнглини олиш учун майнавозчилик қилаяпсан!

— Дада, яна хато ўйладинг. У эмас, мен унга аллақачон етишдим. Шунинг учун у билан бирга ишлашингни таклиф қиламан. У мени севмайди. Ўзининг севгани бор. Шу пайтгача бирор марта бўлсин, менинг айтганимни қилмадинг. Ҳеч бўлмаганда, битмас-туганмас бойликларингнинг ягона меросхўри айтган биттагина илтимосни бажар. Шоҳруҳ билан жиддий гаплашиб кўр.

Роман Фёдорович қизини таниёлмай қолди. Ахир унинг йигити бор эди. Яқин ойлар ичида тўйи бўлиши керак эди. Нимага бирдан ўзгариб қолди? Ёшликда ҳар қанақанги адашиш бўлиши мумкин. Ишқий мавзуда ҳам. Буни Роман Фёдорович яхши тушунади. Ўзи ҳам уйлангунича, агар хотираси панд бермаса, беш-олтита қизга “сабоқ” берган. Ҳатто хотини борлигида ҳам иккита “мушукча”си бор эди. Лекин уларнинг ҳеч бири нигоҳидагисига алоқаси бўлмаган. Оксана бир марталик ишқий саргузаштни деб, нефть гегемонининг ўғлидан воз кечмаслиги керак эди.

— Яхши, — деди банкир қизига ён босиб, — биз гаплашиб оламиз. Сен бориб, дамингни олиб тур.

Қиз Шоҳруҳга бир нигоҳ ташлаб қўйганидан кейин узоқлашди.

“Қойил, — ўйлади Шоҳруҳ, — қизи беш-бегона йигит билан бўлиб келаётганини очиқдан-очиқ айтиб турса-ю, ота ғинг демаса!.. Бунақанги қизларни отиб ташласа ҳам, отанинг ҳақи кетади-ку!”

— Қани, йигитча, менинг хонамга борайлик-чи, қизимнинг гапини ерда қолдиришни истамайман. Шу боис, икки соатлардан сўнг нима бўлишидан қатъи назар, орани очиқ қилайлик, — деб Роман Фёдорович Шоҳруҳни юз қадамча наридаги муҳташам иморатга бошлади.

Роман Фёдорович ўзининг кутубхонасига кирди. Хонанинг тўрт томони китоб қўйишга мўлжалланган шкафлардан иборат эди. Жавонларнинг ҳаммаси турли-туман  китоблар билан лиқ тўла эди. Шоҳруҳнинг оғзи очилиб қолди. Зеро, у банкирнинг китоб ўқишини тасаввур ҳам қилолмасди.

— Мақсадга кўчайлик, — деди Роман Фёдорович ҳали-ҳамон китоблардан кўзини узолмай турган Шоҳруҳдан.

— Шуларнинг ҳаммасини ўқиб чиққанмисиз? — сўради Шоҳруҳ.

— Йўқ. Айримларини. Фақат иқтисодга тааллуқли бўлганларини. Қолганларини шунчаки этика учун олиб келганман.

— Ўзим ҳам шундай деб ўйлаган эдим. Бу китоблар орасида сиз қотилликка қўл уролмайсиз.

— Нега?

— Уяласиз.

Роман Фёдорович баттар жиддийлашди.

— Дала ҳовлидан чиқишинг билан ўрмон. Исталган жойга олиб бориб, ўлдириб юборишим мумкин.

— Тўғри. Лекин сиз бундай қилолмайсиз. Айниқса, китоблар орасидан чиққанингиздан кейин. Мақсадга кўчайликми? Марҳамат. Мен анчадан бери бозордан жой олиш учун ҳаракат қилиб юрибман, — деб Шоҳруҳ жавондан семиз китобни олди-да, секин варақлай бошлади.

— Майда ишларга мутлақо аралашмайман, — деди банкир унга хўмрайганча.

— Биламан. Лекин менинг ишим сиз ўйлаганчалик майда эмас. Яъни айтмоқчиманки, бозорга истаган жойимдан, истаган миқдорда мол олиб келиб сотишни хоҳлайман. Яъни қишлоқ хўжалик молларини.

— Аниқроқ гапир.

— Менга жуда катта тўсиқ қўйилаяптими, демак, қилмоқчи бўлган ишим ҳам кичкина эмас…

— Помидор, бодринг ва ҳоказолар шунчаки кўргазма. Аслида тагида бошқа нарса ётибди. Унақа ишлар билан шуғулланаётганларни яхши биламан.

— Сизга биронтасининг иши тушганмиди? — дея Шоҳруҳ банкирга синовчан тикилди.

— Ҳа, бўлган.

— Ёрдам берганмидингиз?

— Аввалига рози бўлиб, кейин кўнмаганман.

— Энди тирик қолишни истаяпсизми? Агар айтганлари бўлмаса, улар ўзларини ниҳоятда камситилган ҳисоблашади. Сизнинг олдингизда иккита йўл турибди. Биттаси, уларнинг айтганларини қилиб берасиз, иккинчиси, қизингиз билан бирга нариги дунёга равона бўласиз.

— Нималар деяпсан? Уларнинг бирорта ҳам ҳужжати тўғри эмас. Пулларни хорижга чиқариб юборсам, эрта бир кун ҳукумат барибир қўймайди. Бошқача айтганда, бу ҳам ўлим билан тенг. Учинчи йўлни айт.

— Чиновниклар билан яқиндан таништириб қўясиз. Қиладиган ишингиз шу, холос. Мақсадим шу.

— Эвазига сен мени доимий равишда қўриқлайсан.

— Мен бунақа демадим. Мен ишимни битирдим. Қизингиз тирик. Сизга ҳам жин ургани йўқ. Иккала портлашнинг ҳам зиёни тегмади. Менинг олдимда қарздорсиз.

— Улар билан сенинг олди-бердинг борми? — сўради бир нуқтага термилиб қолган Роман Фёдорович.

— Йўқ. Тасодиф туфайли маълумот қўлимга тушиб қолди. Ва бундан усталик билан фойдаланиб қолишни режалаштирдим… Демак, чиновниклар билан танишамизми? Фақат самимий. Уларга таништираётганингизда, яқин дўстингиз эканлигимни айтишни унутмаган ҳолда, муомалани ҳам классик даражага чиқаришингиз керак, — деб Шоҳруҳ чўнтагидан бир парча қоғоз чиқариб Роман Фёдоровичга узатди, — ҳар эҳтимолга қарши телефон рақамимни ёзиб қўйган эдим. Агар таклифим маъқул келса, қўнғироқ қиларсиз. Энди эса, вақтим тугади. Яхши қолинг.

Шоҳруҳ эшик тарафга юрди. Роман Фёдорович унинг ортидан гарангсиган ҳолда термилиб қолди.

Ҳовлига чиққан йигит чуқур нафас олди. Ўпкаси тоза ҳаво билан тўлиб, унга ўзгача роҳат бахш этди. “Ҳурматли банкир, энди қўлимдан ҳеч қаёққа қочиб қутулолмайсан”, дея хаёлидан ўтказди ва бир текисдаги кўм-кўк майсаларни босиб, эртаклардаги каби антиқа қилиб қурилган, қизғиш рангли уйдан узоқлаша бошлади. Ҳозир ташқарига чиқади, машинага ўтиради, кейин Юлдузга қўнғироқ қилиб… Шоҳруҳнинг юзи бирдан жиддийлашди. Унинг хаёлига Юлдуз жўнатган SMS келган эди. “Ҳужум”, дея ўзига-ўзи гапирди ва қадамини секинлатди. “Ким бўлиши мумкин? Наҳотки бизнинг қаерга жойлашганимиздан хабар топишган бўлса… Бир марта безовта қилишдими, демак, бу нарса яна такрорланади. Тўхта, бирдан ҳамма ёқнинг алғов-далғовини чиқарган бўлишса-чи?.. Шошилишим керак. Шунча хабарларни ўқиб, яна Оксана билан бирга келдим-а! Зарурмиди шу менга? Бошқа пайт келсам ҳам бўларди-ку молпараст банкирнинг ёнига…” — дея ўйлаётган Шоҳруҳнинг яна ўз-ўзидан қадами тезлашди. У шунчалик тез қадам босардики, ортидан югурмасдан унга етишнинг иложи йўқ эди.

Нуриддин ИСМОИЛОВ

(Асарнинг кейинги қисмларини яқин соатларда ўқийсиз)

Аввалги қисмларни ўқиш учун қуйидаги ҳаволаларни босинг:

Мафия сардори (1-қисм)

Мафия сардори (2-қисм)

Мафия сардори (3-қисм)

Мафия сардори (4-қисм)

Мафия сардори (5-қисм)

Мафия сардори (6-қисм)

Мафия сардори (7-қисм)

Мафия сардори (8-қисм)

Мафия сардори (9-қисм)

Мафия сардори (10-қисм)

Мафия сардори (11-қисм)

Мафия сардори (12-қисм)

Мафия сардори (13-қисм)

Мафия сардори (14-қисм)

Мафия сардори (15-қисм)

Мафия сардори (16-қисм)

Мафия сардори (17-қисм)

Мафия сардори (18-қисм)

Мафия сардори (19-қисм)

Мафия сардори (20-қисм)

Мафия сардори (21-қисм)

Мафия сардори (22-қисм)

Мафия сардори (23-қисм)

Мафия сардори (24-қисм)

Мафия сардори (25-қисм)

Мафия сардори (26-қисм)

Мафия сардори (27-қисм)

Мафия сардори (28-қисм)

Мафия сардори (29-қисм)

Мафия сардори (30-қисм)

Мафия сардори (31-қисм)

Мафия сардори (32-қисм)

Мафия сардори (33-қисм)

Мафия сардори (34-қисм)

Мафия сардори (35-қисм)

Мафия сардори (36-қисм)

Мафия сардори (37-қисм)

Мафия сардори (38-қисм)

Мафия сардори (39-қисм)

Мафия сардори (40-қисм)

Мафия сардори (41-қисм)

Мафия сардори (42-қисм)

Мафия сардори (43-қисм)

Мафия сардори (44-қисм)

Мафия сардори (45-қисм)

Мафия сардори (46-қисм)

Мафия сардори (47-қисм)

Мафия сардори (48-қисм)

Мафия сардори (49-қисм)

Мафия сардори (50-қисм)

Мафия сардори (51-қисм)

Мафия сардори (52-қисм)

Мафия сардори (53-қисм)

Мафия сардори (54-қисм)

Мафия сардори (55-қисм)

Мафия сардори (56-қисм)

Мафия сардори (57-қисм)

Мафия сардори (58-қисм)

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here