Мафия сардори (61-қисм)

0

* * *

Мурод Ўктамнинг ёнига бориб, фирмада ишлашга розилигини айтди. Ўктам гўё ҳайрон бўлгандай аввалига унинг юзига термилиб турди. Сўнг жилмайиб, елкасига қўлини қўяркан:

— Рози бўлишингни билардим, — деди.

Бу гапнинг орқасида:  “Ўзинг зўрға кун кўраяпсан.  Уйингда бир ҳафтада бир марта гўшт ейсанми-йўқми, Худо билади. Ўзингни аввалига ноз қилиб, сўнг худди мен мажбур қилаверганимдан кейин ноилож кўнган одам қилиб кўрсатмоқчимисан?” — деган фикр ётмаяптимикин, деб ўйлади Мурод. Тикув цехига борганидан кейин Ўктамнинг жон куйдириб ҳамма нарсани ипидан-игнасигача тушунтира бошлаганини кўриб, юқоридаги ўйидан ўзи хафа бўлиб кетди.

Ўша куни ярим тунгача ишлашига тўғри келди. Чунки, тикув машиналари, хом ашё ва бошқа ашқол-дашқолларнинг ҳаммасини бирма-бир кўздан кечириб чиқиши, ҳар бирини ҳисобга олиши зарур эди.

У куннинг ярмини бозорда, қолганини ишхонасида ўтказар, тинимсиз бозорбоп мол ишлаб чиқаришга уринарди. Аввалига иши ҳақида Шаҳлога лом-мим демади. Эрталаб кетди, ярим кечада ҳориб-толиб қайтиб келди. Иш эса, қанчалик изланмасин, барибир изига тушиб кетавермади. Бозорда хариди яхши бўлган икки-уч хил кўйлакни цехда тиктириб, савдогарларга олиб бориб берди. Аммо уларнинг биронтаси ҳам сотилмади. Сабаби, унақаси бозорда қалашиб ётарди. Фасони яхшимас, тикилиши бошқача, ранги тўғри келмайди ва ҳоказо.

— Уфф, — деди бир куни уйга келганидан кейин олдига қўйилган бир коса маставага қараб ҳам қўймасдан, — жонимга тегиб кетди. Ўзи асли кўнглим тортмаганди шу ишга. Мана, қўлимдан ҳеч бало келмаслиги аён бўлиб қолди.

Айни шу куни Фотима опа уйда йўқ эди. Синглисиникига кетган ва шу ёқда ётиб қолишини айтганди. Шаҳло овқатни сузиб келди. Ўзи ҳам Муроднинг рўпарасидаги столга ўтирди.

— Мурод ака, сиз сираям шошилманг. Иш бошлаганингизга бор-йўғи бир ҳафта бўлди. Дарров руҳингизни туширманг. Ҳаммаси яхши бўлиб кетади, — деди ва ўрнидан туриб, ҳеч ким йўқлигидан фойдаланиб, ўзи севган йигитининг юзидан ўпиб қўйди.

— Қани, овқатингизни енг. Мен томоша қилиб тураман, — деди жилмайиб.

— Фақат узоқроқ турасан-да, — дея косани қошиқ билан кавлаштира бошлади Мурод.

— Нега? — сўради ҳайрон бўлган Шаҳло.

— Очлигимдан сени ҳам қўшиб еб қўйишим мумкин.

Иккаласи ҳам бирдан кулиб юборишди.

Овқатни охирлатиш йигитга насиб этмади. Тўрт-беш қошиқ оғзига солганидан кейин ўз-ўзидан кўзи юмилиб кетаверди.

— Дўхтирлар, — деди у луқмасини чайнар экан, — тўқ қорин билан ухлашни зиён дейишган. Шу косадаги овқат шундай турсин, эрталаб тушириб ташлайман. Ҳозир ухламасам, столдан ерга гурсиллаб ағанаб тушаман. Кейин хуррак отиб ухлаб қоламан. Сен мени ётоғимга оборолмайсан. Қуруқ тахтанинг устида ухласам, баданимга ботиб кетади.

У гапира туриб юзига фотиҳа тортди. Сўнгги гапини айтаётганида у ошхона эшиги ёнига етиб бориб қўйган эди.

— Яна адашиб, бизнинг хонага кириб кетманг. Синглингиз яқиндагина ухлаган эди, қўрқитворасиз, — деб Шаҳло чаққонлик билан ўрнидан турди-да, Муроднинг қўлидан ушлади. Қиз йигитнинг юришига ёрдамлашаркан, ўзининг оқсоқланаётганини билдирмасликка ҳаракат қиларди. Ва уддасидан чиқди ҳам. Чунки бўлажак куёв жудаям чарчаган ва қизнинг оёғи гипсланганини эсидан чиқарганди. Бўлмаса, Шаҳло унга овқат сузаётганида кўзи тушди. “Бечора қиз қийналиб кетди”, деб ўйлади ҳам. Бироқ чарчоқ зўрлик қилди.

Улар биргалашиб Муроднинг ётоғига киришди. Йигит жойига ётаркан, ортига бурилиб кетмоқчи бўлган Шаҳлонинг қўлидан ушлаб қолди.

— Сенга бир нарса айтмоқчиман, — деди.

— Айтаверинг, бемалол.

— Қулоғингга, — деб Мурод қизни ўзига тортди ва бироз энгашган Шаҳлонинг юзидан ўпиб, белидан қучоқламоқчи бўлди.

— Мумкинмас, — деди типирчилаб ундан ўзини олиб қочишга уринган қиз, — ойижонимнинг айтганларини қилмагунингизча…

— Ойим кўп нарсани билмайдилар-ку?!

— Барибир. Ўзимга-ўзим ваъда берганман. Илтимос, қийнаманг.

— Бўпти, лекин вақти келса, ўзингни ҳам ялинтираман.

— Кўрамиз, — деб Шаҳло эшик томон юрди ва хонадан чиқиб кетаётиб, чироқни ўчирди.

Мурод тезда уйқуга кетди. Алламбало тушлар кўрди. Қанақангидир баландликда учиб юрганмиш. Кейин бирдан шаҳарнинг тепасида пайдо бўлармиш-у, юраги ҳаприқармиш. Чунки ундан-да тепада жуда катта қувватга эга бўлган электр симлари бормиш. Кимдир уни қувмоқчи бўлибди. У қочмоққа шайланганида, ўша кимдир йўқолиб қолибди. Ана шундай тушлар оғушида қандайдир баҳайбат аждаҳо пайдо бўлибди. Муроднинг атрофида одам жуда кўп эмиш-у, лекин аждаҳо фақат уни ютишга чоғланармиш. У чўчиб уйғониб кетди. Кўрганларининг ҳаммаси туш эканлигини билиб бўшашди ва пешонасидаги терни артди. Бу пайтда тонг отиб қолган, хонанинг ичи анча ёришганди. У ортиқ ухлолмаслигига кўзи етгач, ўрнидан туриб керишиб қўйди-да, ювиниш хонасига кетди. Қайтаётиб меҳмонхонада ғалати манзарани кўрди. Шаҳло юмшоққина ўринда ётишдан воз кечиб, столга бошини қўйганча ухларди. Мурод ҳайрон бўлди ва секин овоз чиқармасдан юриб, унинг ёнига бориб, столнинг устидаги дафтарга кўзи тушди. Олиб кўрди. Турли-туман кўйлакларнинг фасонлари чизилган эди. У мийиғида кулди ва дафтарнинг қолган бетларини ҳам варақлади. Турли ўлчамлар, ранглар, номлар, яна рақамлар. Мурод Шаҳлонинг туни билан ухламаганини сезди. Чунки тўрт-бешта кўйлакнинг ўлчамини чизиб чиқиш ўзи бўлмайдиган иш. Унинг қалбида қизга нисбатан меҳр икки ҳисса ошди. Шаҳлони уйғотиб юбормаслик  учун  секингина  сочларидан ўпиб қўймоқчи бўлди-ю, аммо қўполроқ ҳаракат қилиб қўйди. Шаҳло бирдан бошини кўтарди ва киприкларини пирпиратиб йигитга қараркан:

— Вой, шу ерда ухлаб қолибманми? — деди.

— Хонангга кириб, юмшоққина ўринга ётмайсанми? Қани энди тур, чизма чизаман деб кечаси билан ухламаганга ўхшайсан, кўзларинг қизариб кетибди, — деб Мурод унинг қўлидан ушлади.

— Йўқ, — деди кўзларини ишқалаб Шаҳло, — уйқуга тўйибман. Ишимни охиригача етказолмадим. Эркатойлигим тутиб кетди-да, — деб Шаҳло оқсоқлана-оқсоқлана ювиниш хонасига кета бошлади.

Унинг ортидан термилиб турган Муроднинг юрак-бағри эзилиб кетди. Ўзини шунақанги ёмон  кўрдики, ҳатто  дунёга келганига пушаймон еди. Ахир Шаҳло шу пайтгача мутлақо кам-кўстсиз яшаган, қийинчилик нималигини билмаган. Мурод эса уни йўлдан урди. Энди эса, азоб исканжаси томон етаклаяпти.

— Ишим юришмаётганини унга бекор айтибман, — дея пичирлади.

Бироздан кейин Муроднинг синглиси  Наргиза ҳам  уйғонди. Ювиниб келиб, акасининг ёнидаги бўш столга ўтирди ва Шаҳлога қараркан:

— Иккалаларинг ҳам ухламасдан гаплашиб чиқдингларми, нима бало? — деди.

У гўзалликда Шаҳлодан қолишмасди. Айниқса, қадди-қомати шунақанги келишган эдики, йигитларнинг кўзини ўйнатарди. Киприклари узун. Юзида кулгичи бор. Бунинг устига, қиз тушмагур, усталик билан ойиси ва акасига сездирмасдан қошини ингичкалатиб, чиройини икки ҳисса оширарди.

Ҳозир у Шаҳлога ола қараш қилаётганди. Хаёлида тўйсиз, никоҳсиз уйларига келиб олган бу ойимча ойисининг йўқлигидан фойдаланиб, туни билан акасини силаб-сийпаб чиққан, деган фикр бор эди. Шунинг учун ҳам гарчи Шаҳлонинг ёнидаги стул бўш бўлса ҳам, унинг ёнига ўтирмади.

— Мен-ку, тошдай қотдим, — дея энди гап бошлаган Муроднинг гапини Наргиза давом эттириб кетди:

— Бўлажак кеннойим тепангизда ухлашингизни томоша қилганлар.

Шаҳло ялт этиб Наргизага қаради. Ранги бирдан оқарди.

Мурод пиёлани тўқ этказиб стол устига қўйди-да, ўрнидан турди. Тез-тез юриб, меҳмонхонадан Шаҳлонинг дафтарини олиб келиб Наргизанинг қўлига тутқазди.

— Бир очиб кўр-чи, — деди жаҳл билан.

Акасига ўқрайиб қараган Наргиза секин дафтарни варақлади ва кўзи турли кўйлаклар чизмасига, моделларига тушди.

— Бунча чиройли! — деб юборди беихтиёр. — Қаердан олиб келдингиз бу чизмани, ака?

— Сен пишиллаб ухлаётганингда, бўлажак кеннойинг мижжа қоқмай чизиб чиққан.

Наргиза бирдан Шаҳлога қаради ва ҳозиргина ўзи силтаб ташлаган қизни боши эгик ҳолда кўрди.

— Узр, — деди паст овозда, — мен билмабман.

— Ҳечқиси йўқ, — деб Шаҳло Наргизага юзланди, — аста-секин кўникаяпман. Фақат ўзимдан кўпроқ хафа бўляпман. Чунки бошқалар нотўғри ўйлашини ҳисобга олмабман.

Наргизанинг устидан биров муздай сув қуйиб юборгандай бўлди. Юзи қизарди. Хаёлида бу қиз барибир алдаётгандай туйилаверди.

— Вақти келса, ҳунарингизни мен ҳам ўрганиб оламан… Тўғрироғи, ўргатасиз, хўпми? Мен ҳам бировларнинг уйига борганимда кечаси билан ухламай, ҳаммасини қойил қолдираман, — деди у.

— Бўлди, бас. Тез чойингни ич-да, бориб ишингни қил, — деди унга ўқрайиб қараган акаси.

Мурод ишга Шаҳлонинг чизмаларини олиб кетди. Эшикдан чиқаётиб унга кўзини қисиб:

— Энди ишимиз зўр бўлиб кетади, кейин никоҳдан ўтамиз, — деб кулиб қўйди.

Жавобига қиз табассум ҳадя қилди. Айни чоғда энтикканидан қизнинг кўзларига ёш тўлганди-ю, бироқ буни Мурод кўрмади. Чунки у ўгирилиб, шошганча зинадан тушишга улгурган эди.

Мурод фирмада ишлаётган қизларга бошқа ҳамма юмушларини йиғиштириб, Шаҳлонинг кечаси билан чизиб чиққан андозалари асосида кўйлак тикишни буюрди. Ўзи ҳеч қаёққа бормай, ҳали у тикувчининг, ҳали бунисининг тепасида тикилаётган кўйлакларни кузатиб турди. Ўша куни кечгача ўнта кўйлак битди. Эртасига Мурод уларни бозорга олиб борди. Бироқ савдо барибир яхши бўлмади. Биринчи куни зўрға икки донасигина сотилди. Кайфияти бутунлай тушиб кетган Мурод уйига келиб омадсизликдан бошини эгиб ўтирди. Уни кўрган Шаҳлонинг юраги эзилди. Келиб Муроднинг рўпарасидаги столга ўтирди.

— Бўлмадими? — сўради севгилисига ачиниб.

Мурод бошини чайқади ва кираверишдаги эшик ёнида турган сумкани кўрсатди. Шаҳло ўрнидан турди, аммо уни очиб кўришга улгурмади. Ундан аввал хонасидан чиқиб келган Наргиза: “Нима бу?” — дея сумкани титкилай бошлади. Ҳаво ранг кўйлакни қўлига олди. У ёқ-бу ёғини кўрганидан кейин кўзи ёниб кетди.

— Вой-бўй, намунча чиройли! — деди.

Мурод унга ялт этиб қаради.

— Лекин биров сўрамади. Ҳеч кимга кераги йўқ экан, — деди у аламли товушда.

— Йўғ-э?! Бунақанги фасондаги кўйлак, менимча, ҳали бозорда бўлмаса керак. Бунинг устига, бичимининг чиройлилигини қаранг. Кўрган қиз ёпишиб қолади, — деди кўйлакни кўздан кечиришда давом этган Наргиза.

— Агар туркча моделдаги кўйлак билан бу ёнма-ён қўйилса, қайси бирини танлардинг? — сўради акаси ундан.

— Биринчидан, турецкий билан бизникининг орасида осмон билан ерча фарқ бор. Улар кийган аёллар кўйлагини бизникилар кийишмайди. Бизникини эса улар. Мабодо кийишганда ҳам, мен худди мана шу кўйлакни танлаган бўлардим. Буни мен сизга акам бўлганингиз учун айтмаяпман. Шунчаки ўзимнинг холис фикрим… Шошманг, сотилмади, дедингизми? Хўш, акажон, агар сотиб берсам, мана шу қўлимдаги менга совғами?

— Совға, — деди Мурод.

— Ўғил бола сўзидан қайтмайди. Буни уйда қолдираман. Қолганини, ҳозир айни муддао, Гуляникига обораман. Уларникида опасининг “гап”и бўлаяпти, — дея ўзига-ўзи гапирган Наргиза шошганча хонасига кириб, ҳаво ранг кўйлакни қўйиб чиқди. Сўнг акасидан кўйлакларнинг нархини сўраб билгач, сумкани кўтариб ташқарига чиқиб кетди.

Мурод билан Шаҳло эса унинг ортидан ҳайрон бўлиб қараб қолишди. Бир муддат ўтиб, уй ҳовлисида гаплашиб ўтирган Фотима опа кириб келди.

— Нима бўлди? — сўради у эшикдан кирар-кирмас. — Наргиза қоп кўтариб чиқиб кетди. Сўрасам, «Гуляларникига», дейди.

— Мен опкеган кўйлакларни «Сотиб бераман», деб чиқиб кетди. Бозорда ўтмади. У бўлса ўртоқларига кўрсатиб, дарров сотворармиш, — дея Мурод стол устидаги чойдан ҳўплаб қўйди.

Унинг гапи Шаҳлога жудаям оғир ботди. Титраган кўйи оқсоқланаркан, деворни ушлаганча хонасига кирди. Ўзини каравотга ташлаб, ҳўнграб йиғлаб юборди. Овозини чиқармоқчи эмасди. Аммо чидолмади. Ичидаги ингроқ товуш торларини чертиб юборди.

Нуриддин ИСМОИЛОВ

(Асарнинг кейинги қисмларини яқин соатларда ўқийсиз)

Аввалги қисмларни ўқиш учун қуйидаги ҳаволаларни босинг:

Мафия сардори (1-қисм)

Мафия сардори (2-қисм)

Мафия сардори (3-қисм)

Мафия сардори (4-қисм)

Мафия сардори (5-қисм)

Мафия сардори (6-қисм)

Мафия сардори (7-қисм)

Мафия сардори (8-қисм)

Мафия сардори (9-қисм)

Мафия сардори (10-қисм)

Мафия сардори (11-қисм)

Мафия сардори (12-қисм)

Мафия сардори (13-қисм)

Мафия сардори (14-қисм)

Мафия сардори (15-қисм)

Мафия сардори (16-қисм)

Мафия сардори (17-қисм)

Мафия сардори (18-қисм)

Мафия сардори (19-қисм)

Мафия сардори (20-қисм)

Мафия сардори (21-қисм)

Мафия сардори (22-қисм)

Мафия сардори (23-қисм)

Мафия сардори (24-қисм)

Мафия сардори (25-қисм)

Мафия сардори (26-қисм)

Мафия сардори (27-қисм)

Мафия сардори (28-қисм)

Мафия сардори (29-қисм)

Мафия сардори (30-қисм)

Мафия сардори (31-қисм)

Мафия сардори (32-қисм)

Мафия сардори (33-қисм)

Мафия сардори (34-қисм)

Мафия сардори (35-қисм)

Мафия сардори (36-қисм)

Мафия сардори (37-қисм)

Мафия сардори (38-қисм)

Мафия сардори (39-қисм)

Мафия сардори (40-қисм)

Мафия сардори (41-қисм)

Мафия сардори (42-қисм)

Мафия сардори (43-қисм)

Мафия сардори (44-қисм)

Мафия сардори (45-қисм)

Мафия сардори (46-қисм)

Мафия сардори (47-қисм)

Мафия сардори (48-қисм)

Мафия сардори (49-қисм)

Мафия сардори (50-қисм)

Мафия сардори (51-қисм)

Мафия сардори (52-қисм)

Мафия сардори (53-қисм)

Мафия сардори (54-қисм)

Мафия сардори (55-қисм)

Мафия сардори (56-қисм)

Мафия сардори (57-қисм)

Мафия сардори (58-қисм)

Мафия сардори (59-қисм)

Мафия сардори (60-қисм)

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here