Мафия сардори (62-қисм)

1

Ошхонага кирмоқчи бўлган Фотима опа қизнинг йиғисини эшитиши билан бирдан тўхтади. Эти жимирлади. Кейин бир-бир босиб, бошини эгганча пиёлани айлантириб ўтирган Муроднинг ёнига келди. Унга бироз термилиб тургач:

— Шаҳлога нима бўлди? — дея сўради.

— Билмадим, — жавоб қилди йигит эрмагини давом этказаркан.

— Йиғлаяпти-ку?!

Мурод бошини кўтарди, онасига қаради.

— Нега? — сўради гўё ҳайрон бўлиб.

— Негалигини сендан сўрамоқчиман, болам.

— Кўйлакларни у чизган андоза бўйича тиктирувдим, бозорда ўтмади. Шунга алами келган бўлса керак-да.

— Ҳеч нима демаганмидинг?

— Йўқ.

Бир муддат ўғлига термилиб турган Фотима опа қизи билан Шаҳлога ажратилган хонага кирди ва каравотнинг бир четига омонатгина ўтирди. Шаҳло хонага кимдир кирганини сезиб, бирдан ўрнидан турди-да, шоша-пиша кўз ёшини артди.

Фотима опа ўғлига тикилгани каби унга ҳам нигоҳ ташлади. Шаҳлонинг юзига тушиб турган бир тутам сочини тўғрилаб қўйди.

— Ойижон! — деганча Шаҳло кўнгли бўшаб яна йиғлаб юборди.

— Қўйинг, қизим, йиғламанг. Ҳали ҳаммаси изига тушиб кетади, — дея уни юпата бошлади аёл.

Шаҳло бирдан унинг бағрига ўзини ташлади. Ҳиқиллаб йиғлашдан тўхтамади.

— Шу кўйлакни деб, йиғлаш яхшимас. Бу сафар бўлмаса, кейингисида бозорнинг олди бўп кетади, қизим. Йиғламанг. Ундан кўра, юринг, биргалашиб чой ичамиз. Муродниям ўзим яхшилаб таъзирини бериб қўяман.

Шаҳло Фотима опани ҳар доимгидан-да кўпроқ яхши кўриб кетди ва дарров ўрнидан турди.

Қайнона бўлмиш қизнинг қўлидан ушлаб олган эса-да, Шаҳло оқсоқланарди. Юриши эриш туйилиб, ўзига-ўзи ёқмай кетаётган эди.

Улар ҳали бир пиёладан чой ичиб улгурмасларидан, ҳовлиққанча Наргиза кириб келди уйга.

— Ака! — бақирди у бўсағада туриб.

Мурод бирон кор-ҳол бўлдимикин, деган хаёлда ўрнидан дик этиб турди ва кўча эшиги томон югурди.

— Тинчликми?! Қоронғи тушиб қолганида бало борми сенга кўчада?! — деб бақирди у синглисини кўрар-кўрмас.

— Вой, нималар деяпсиз? Кўйлаклардан яна борми? Етмади. Гапдагилар талашиб қолишди, — деди югуриб келганидан ҳансираб нафас олаётган Наргиза.

— Йўғ-э?! — деди ҳайратдан кўзи олайган Мурод.

— Рост, мана, — деб бир сиқим пул кўрсатди Наргиза.

— Унда, ўзингга олиб қўйган кўйлагингни обориб сотиб кел. Мен сенга эртага бошқасини тиктириб бераман.

— Бекор айтибсиз. Ўзим эртага кийиб, қизларнинг кўзини ўйнатаман, — деди Наргиза ва Шаҳлога қараб, — кеннойи, минг-миллион марта раҳмат, — дея дарров оёғидаги крассовкасини ечиб ичкарига кирди-да, телефоннинг ёнига бориб рақам терди. Кейинги йўлакдаги қўшнисига кўйлак тугаб қолганини, эртага, албатта, олиб келиб беражагини айтди.

Шаҳлонинг юраги гупиллаб урар, ҳаяжондан ўзини қўярга жой тополмасди. Наргиза топиб келган хабар худди унинг тушида бўлаётгандай эди.

Стол устига қўйилган пулнинг чўғи анча баланд эди.

— Биронтаси адашиб кўпроқ бериб юбордими? — сўради Мурод.

Қўшнилар кўйлакларни кўришгач қандай ҳайратланишганини, иккитаси битта кўйлакни деб уришиб қолаёзганларини ойиси билан Шаҳлога гапириб бераётган Наргиза бирдан сўзлашдан тўхтади.

— Ака, мени гўл деб ўйлаяпсизми? Нима, айтган нархингизда сотиб келишим керакмиди? Устига ўзимнинг ўн фоизимни қўйганман. Беш минутда битта кўйлакка эга чиқдим, ҳам битта соткали бўлволдим. Қалай, боплабманми? — деди у ғўдайиб.

Ҳамма унга анграйиб қолди.

— Вой, пишиғ-эй! Қойил! — дея бошини сарак-сарак қилди Мурод. — Балки ҳақиқатан ҳам кўйлакнинг ўзини олиб қоларсан, эртага…

— Йўқ-йўқ. Яна бир марта йўқ. Насияни шайтон чиқарган. Эркак бўлсангиз, сўзингизда туринг… Эртанги заказниям олиб келишни эсингиздан чиқармассиз? — деб Наргиза ёнида турган Шаҳлонинг елкасидан қучоқлади. — Сизга ко-о-о-тта раҳмат.

* * *

Бек саросималанди. Юзи қизарди. Шоҳруҳга тик қаролмай кўзини олиб қочди. Юлдуз эса ўрнидан туриб ўтирди. Аразламоқчи эди, бўлмади. Барибир юзида табассум пайдо бўлди. Шоҳруҳ буни бошқача тушунди. Яъни унинг назарида, айбини яширмоқчи бўлиб, атайин жилмаяётгандай эди қиз.

— Хайрият, — деб аввал сўз бошлади Бек, — кутавериб кўзимиз саккиз бўп кетди-ку!

— Шуни маслаҳат қилаётганмидинглар ёнма-ён ўтириб? Мен бўлсам ҳовлиқиб келибман, битта-яримта бемаза Бекнинг шаънига ёмонроқ гап айтиб қўйдимикин, деган хаёлда.

Юлдузнинг жаҳли чиқиб кетди. У нима умидда Шоҳруҳни кутганди-ю, кутгани келиши билан қаёқдаги гапларни айтаяпти.

— Ташқаридан келдингизми ёки осмондан тушдингизми? — сўради у кесатиқ аралаш Шоҳруҳдан.

Шу гап ҳам Шоҳруҳга таъсир қилди. Назарида, бу олифта қиз кўзбўямачилик қилаётгандай эди.

— Тушундим. Кутилмаганда келишим озгина ноқулайлик туғдирганга ўхшайди. Қойил, қаердан келганимни ҳам сезмабсиз-а, хоним?

— Ташқаридаги тўполонни кўрмадингизми? — деди Шоҳруҳдан мутлақо бунақанги гапни кутмаган Юлдуз. — Ҳаммамиз қирилиб кетишимизга озгина қолди-ю, сиз бўлсангиз қаёқдаги гапларни гапирасиз!

Шоҳруҳ қизга бир муддат термилиб қолди. Сўнг шахт билан хонадан чиқиб кетди.

Йигитлар унинг чиқишини кутиб туришган экан, шекилли, бирдан атрофини ўрашди. Шоҳруҳ ҳайрон бўлиб ҳар бирига қараб чиқди.

— Нима бўлди ўзи? — сўради жаҳл билан.

Ҳеч кимдан садо чиқмади. Йигитларнинг бари мум тишлагандай эди гўё. Уларнинг жим туришлари Шоҳруҳни баттар асабийлаштирди.

— Ким ўлди, нима портлади? Гапиринглар, тилларинг борми? — деди у жаҳл билан.

— Унда эшитинг, — деди Юлдуз.

Шоҳруҳ миқ этмай, жаҳл қилиб чиқиб кетгани Юлдузни қаттиқ ранжитганди.

— Ким деб ўйлаяпти бу ўзини? — дея унинг ортидан сапчиб туриб, шоша-пиша кийимларини кийиб, ташқарига югурганди. Таралмаганидан унинг сочлари тўзиб ётарди.

Шоҳруҳ бирдан ортига ўгирилди.

— Сиз кетганингиздан кейин иккита мошинада биз билмайдиган, танимайдиган нусхалар бостириб келишди. Улар кимнингдир ўлигини ҳам олиб келишибди. Биз унинг шахсини аниқлолмаган бўлсак-да, ўз юртимизданлигини ранг-рўйидан билиб олдик. Отишма бўлди. Битта мошинани йўқ қилдик. Лекин иккинчиси қочишга улгурди. Бахтимизга йигитларимиздан биронтаси ҳам яраланмади. Шунинг учун сизнинг келишингизни кутаётгандик. Чунки бу ерда бошқа қололмаймиз.

Юлдуз киприк қоқмай Шоҳруҳга термилиб турарди. Бунинг устига, сўзларида дўқ оҳанги ҳам бор эди. Ана шу нарса унинг ғашига тегди. “Бек билан бунинг орасида нимадир бўлган”, деган ўй ўтди хаёлидан.

— Аллақачон бир қарорга келиб қўйган экансизлар-ку, — деди у иккала қошини бир-бирига яқинлаштириб, — ҳожати йўқ эди мени кутишнинг.

— Шундай қилсак ҳам бўлавераркан. Мен ўтган вақтимизга ачина бошладим.

— Наҳотки?! Мен мазмунли ўтказган бўлсангиз керак, деб ўйлаган эдим.

— Нима демоқчисиз?

— Шундай ақлли қизнинг тушунмаганига ҳайронман.

Юлдуз қизариб кетди. Лаблари титради. Бир хаёл Шоҳруҳнинг юзига тарсаки тортиб юбормоқчи ҳам бўлди. Аммо шаштидан қайтди.

— Сиз билан ичкарида гаплашиб олсак. Менимча, ўзингизга тегишли бўлган гапларни ҳам уялмасдан ҳамманинг олдида вайсаяпсиз! — дея бақирди Юлдуз.

— Шунақами? Бемалол.

Улар ичкарига киришди. Юлдуз ўзини қўярга жой тополмасди. Гоҳ каравотнинг, гоҳ тошойнанинг ёнига борар, ўзича бир нималарни гапирарди.

— Қулоғим сизда, хоним. Қани, нималарни менга айтмоқчийдингиз? — деди Шоҳруҳ.

— Ўйлаб гапираяпсизми ўзи? Нималар деб валдираганингизни биласизми? Сизда бет борми?!

Юлдуз сўзлаётганида титраб кетди. Кўзларидаги ёшни оқизмаслик учун зўрға ўзини босиб турарди у.

— Бегона эркакнинг ёнида бемалол ётишга сизнинг бетингиз чидайди-ю, лекин менинг бетим бўлмайди, шундайми? Бу ерни шунчалик ағдар-тўнтар қилиб кетишган экан, нега бамайлихотир, гўёки байрам бўлиб ўтгандай…

— Бас! — қиз ортиқ чидаб туролмади, ўзини каравотга ташлаб, йиғлаб юборди. Алам билан ўксиниб-ўксиниб йиғларди у.

— Тушунарли. Демак, нозик жойингизга тегиб кетибман-да?! Бир кун бўлмаганимга…

Буниси ошиб тушди. Юлдуз жойидан туришга, Шоҳруҳнинг ёнига келиб унинг юзига шапалоқ тортиб юборишга мажбур бўлди. Йигит турган жойида тарашадай қотиб қолди.

— Нима десангиз денг, лекин Бек билан орамизда сиз ўйлаган нарса бўлгани йўқ. Бемаза ўйлар ҳатто хаёлимга ҳам яқинлашмаган! Сиз бўлсангиз…

— Унда, — деди қўллари мушт бўлиб тугилган Шоҳруҳ, — у номаъқулни еб ўтирганмиди?!

Қиз бошини эгди. Чуқур нафас олди. Сўнг йигитнинг юзига боқди.

— Сиз ҳақсиз, — деди ҳазин овозда, — аёл кишининг ёнида бегона эркакнинг ўтириши мумкинмаслиги хаёлимга келмаган экан. Мени кечиринг!.. Менинг ўйларим ҳам жисмим каби тоза. Ишонинг!..

Янгаси Хонзода Шоҳруҳнинг қўйнига кирмоқчи бўлганди. Агар Шоҳруҳ озгина ўзини бўш қўйганида, нималар содир бўлмасди. Кейин Шоҳруҳнинг егани олдида, емагани кетида бўларди. Кеннойисининг раъйини қайтарди. Ўзига яқинлаштирмади уни. Оқибатда, акаларидан калтак еди. Ўлар ҳолга келди. Энди минглаб километр узоқликда, тушига ҳам кирмаган ишлар билан шуғулланиб юрибди. Юлдуз Бекни «Ярамас!» деди. Қўйиб берса, ҳозир уни балчиққа белаб ташлайди. Ўзи эса бир чеккада оппоққина бўлиб тураверади. Аёллар ўзи шунақа. Бошқача бўлиши мумкин эмас. Ахир, Оксана бунга яна битта мисол бўлиб турибди-ку!

Шоҳруҳ ўй суриб, Юлдуз уни қучоқлаганини сезмади. Қиз уни ўпишга ҳам улгурди. Аввалига силтаб ташламоқчи бўлди. Кейин миясига бошқа ўй келди. Ўйига исбот топиш учун қизнинг елкаларини, томоқларини ҳидлади. Лекин ўзи қидирган исни тополмади. Бунинг натижасида қиз билан ярашганини ҳам билмай қолди. Ярашмади, балки ҳисоб-китобни кейинроққа сурди. Сабаби, ҳозир бу ердан мумкин қадар тезроқ кетиш керак эди. Рашк бир томондан, иккинчи томондан, иш унинг хаёлини олган эди.

— Хонанггаям кирмасин энди, — деди у.

— Нима десангиз — шу.

Юлдуз жилмайди ва Шоҳруҳнинг юзидан ўпди.

— Нима бўлган тақдирда ҳам, барибир ичимда хурсанд бўлдим. Чунки сиз мени қизғанасиз, — деди у.

Албатта, бу гапларини йигитга ёқсин деб айтди. Бироқ ҳозир унинг ҳар битта ҳаракати-ю сўзлари Шоҳруҳга акс таъсир қилаётганди.

— Шаҳарга бирга борамиз-да, яхшироқ квартирани ижарага оламиз. Йигитларнинг бир қисми шу ерга жойлашади. Қолгани шаҳардан ташқарида бўлади. Ҳозир келаётганимда, қурилиш бўлаётган бир жойдан ўтдим. Бошлиғи билан гаплашаман. Қолган болаларни шу ерга жойлаштириб қўяман. Кейинги ишлар Роман Фёдорович орқали битади, — деди Шоҳруҳ.

Юлдузнинг йигитга нисбатан қаттиқ гапиргани Бекка мойдай ёққанди. Агар иккаласи келишмай қолса, сўзсиз, Шоҳруҳ кетади. Юлдуз унга қолади. Қизни эса бир амаллаб кўнглини олса бўлади. Ҳар қалай, қўлини ушлади-ку. Қўлини ушлатган қиз, вақт ўтиб, кўнглини бериши ҳам ҳеч гап эмас.

Аммо у нияти амалга ошмаганлигини қиз билан йигит уйдан жилмайиб чиққанларидан кейин билди. Аввалига, уй ичкарисидан бақир-чақирлар эшитилганди. Мабодо Шоҳруҳ сўкинадиган ёки шунга ўхшаш гап қиладиган бўлса, Бек ичкарига бостириб кирмоқчи ва у билан ўзи гаплашиб қўймоқчи ҳам бўлганди. Энди эса ҳафсаласи пир бўлди.

— Ҳамма ҳозирча ўзининг иши билан шуғулланиб турсин. Фақат эҳтиёт бўлинглар, бирорта ҳам бегона машинани бу ерга яқинлаштирманглар, — деб буйруқ берди Шоҳруҳ ташқарига чиқишгач.

Сўнг қаёққа кетаётганини айтмай, машинага ўтирди-да, уни ўт олдирди. Юлдуз унинг ёнидан жой олди.

Нуриддин ИСМОИЛОВ

(Асарнинг кейинги қисмларини яқин соатларда ўқийсиз)

Аввалги қисмларни ўқиш учун қуйидаги ҳаволаларни босинг:

Мафия сардори (1-қисм)

Мафия сардори (2-қисм)

Мафия сардори (3-қисм)

Мафия сардори (4-қисм)

Мафия сардори (5-қисм)

Мафия сардори (6-қисм)

Мафия сардори (7-қисм)

Мафия сардори (8-қисм)

Мафия сардори (9-қисм)

Мафия сардори (10-қисм)

Мафия сардори (11-қисм)

Мафия сардори (12-қисм)

Мафия сардори (13-қисм)

Мафия сардори (14-қисм)

Мафия сардори (15-қисм)

Мафия сардори (16-қисм)

Мафия сардори (17-қисм)

Мафия сардори (18-қисм)

Мафия сардори (19-қисм)

Мафия сардори (20-қисм)

Мафия сардори (21-қисм)

Мафия сардори (22-қисм)

Мафия сардори (23-қисм)

Мафия сардори (24-қисм)

Мафия сардори (25-қисм)

Мафия сардори (26-қисм)

Мафия сардори (27-қисм)

Мафия сардори (28-қисм)

Мафия сардори (29-қисм)

Мафия сардори (30-қисм)

Мафия сардори (31-қисм)

Мафия сардори (32-қисм)

Мафия сардори (33-қисм)

Мафия сардори (34-қисм)

Мафия сардори (35-қисм)

Мафия сардори (36-қисм)

Мафия сардори (37-қисм)

Мафия сардори (38-қисм)

Мафия сардори (39-қисм)

Мафия сардори (40-қисм)

Мафия сардори (41-қисм)

Мафия сардори (42-қисм)

Мафия сардори (43-қисм)

Мафия сардори (44-қисм)

Мафия сардори (45-қисм)

Мафия сардори (46-қисм)

Мафия сардори (47-қисм)

Мафия сардори (48-қисм)

Мафия сардори (49-қисм)

Мафия сардори (50-қисм)

Мафия сардори (51-қисм)

Мафия сардори (52-қисм)

Мафия сардори (53-қисм)

Мафия сардори (54-қисм)

Мафия сардори (55-қисм)

Мафия сардори (56-қисм)

Мафия сардори (57-қисм)

Мафия сардори (58-қисм)

Мафия сардори (59-қисм)

Мафия сардори (60-қисм)

Мафия сардори (61-қисм)

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

1 ТА ФИКР

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here