Мафия сардори (63-қисм)

0

Улар худди оддий севишганларга ўхшашарди. Шоҳруҳ машинани бошқариб кетар, Юлдуз эса унинг елкасига бошини қўйиб олганди. Суҳбатлари ҳам фақат севги ҳақида эди. У ёғи бўлса, нечта фарзанд кўришади, уларни қандай тарбиялашади ва ҳоказо.

Иш тўғрисида сўз очилмади. Чунки Шоҳруҳ шуни истади. Бўлмаса, Юлдуз қаерга боришларини, қанақа уй танлашларини сўраган эди. “Боргандан кейин кўрамиз. Унгача шу падар лаънати бош оғриқлар тўғрисида гаплашмайлик”, дея жавоб қилди Шоҳруҳ. Ва айни пайтда елкасига бош қўйган соҳибжамолнинг муҳаббатга лиммо-лим сўзларини эшитса-да, унинг Бек билан битта хонада ўтиргани сира хаёлидан кетмаётган эди.

Ниҳоят шаҳар бошланди. Шоҳруҳ тез-тез йўл четига нигоҳ ташлаб қўяверди.

— Бирон нима ахтараяпсизми? — сўради ундан Юлдуз.

— Газета сотадиган дўкон қидиряпман. Уйни эълонлардан қидириб кўрамиз. Шунда ишимиз осон битади, — жавоб берди Шоҳруҳ.

Ижарага уй тез топилди. Европача таъмирланган, барча жиҳозларга эга бўлган тўрт хонали уй Юлдузга дарров ёқди. Фақат нархи бироз қиммат эди. Ойига беш юз доллар. Албатта, аввалги ҳолатлари бўлганида, улар яна бошқа квартира қидирган бўлишарди. Энди эса бемалол қурблари етади.

Олдиндан пул тўлангач, ижарачи калитни Шоҳруҳнинг қўлига тутқазди. Юлдуз йигитларни чақириш учун рақам тераётганида Шоҳруҳ унинг ёнига келиб:

— Навбатма-навбат қоровуллик қилишсин. Эртага ўзимиз бориб олиб келамиз, — деди.

Унинг гапини боши билан тасдиқлаган қиз гўшакни кўтарган йигитга ҳамма нарсани тушунтирди.

Кўп ўтмай қоронғи тушди. Шунча кундан бери тинчлик нималигини билмаган Шоҳруҳ чўмилиб чиқиб, егуликлар учун дўконга бориб келди. Сўнг телевизор қаршисига михланди. Юлдуз овқат тайёрлади.

Стол усти мўъжазгина безалди. Юлдуз ёш келинлар каби севгилисини ўзи овқатлантирмоқчи эди. Лекин Шоҳруҳнинг ўзи иштаҳа билан тамадди қилишга тушиб кетди.

— Ҳай-ҳай, менгаям қолсин, — ҳазиллашди Юлдуз.

— Қолмаса кераг-ов! Чунки бунақанги ширин овқатни ёлғиз ўзим ейишни яхши кўраман-да. Айниқса, мана шундай димлама жону дилим, — деди Шоҳруҳ унга жилмайиб қўяркан.

Ваҳоланки, у Юлдузга қарамаслик учун шундай қилаётганди. Чунки қанча уринмасин, Бекнинг башарасини кўз олдидан кетказолмаётганди. Бунинг устига, Оксана икковининг саргузашти ҳам ҳали-ҳануз ўзини эслатиб турарди. Аслида ана шу сабаб Шоҳруҳ Юлдуз тўғрисида бошқача хаёлга бораётганди.

— Энди ўзингиздан кўринг, — деб Юлдуз йигит томондаги картошкаларни қошиғи билан ола бошлади.

Ҳазил-ҳузул, қизғанишлар билан кечки овқат ниҳояланди.

Олдинда бутун бошли тун турарди. Шоҳруҳ ички туйғуси орқали нималар содир бўлишини туяр, айни пайтда уни истар, ҳам қўрқарди. Бунга эса сабаб ахтариб тополмасди. Кўнглида ишқ олови бор эди. У ўчмайдиган бўлиб, мангуга ёнган. Бироқ унинг гуркираб кетишини ҳозирдан истамаётгандай эди. Албатта, бунга Оксана билан бўлган лаҳзалар ҳам маълум маънода таъсир қилаётганди. У ҳозир тез-тез Оксананинг қарашлари, эркаланишларини эслар, бунга ўз-ўзидан Бекнинг Юлдузнинг ёнида ўтиргани қўшилиб кетаверарди.

Шоҳруҳ ана шундай кайфиятда турганда, телевизорда ошиқ-маъшуқларнинг ишқий саргузаштларини кўрсатиб қолишди. Бунга қизнинг ҳам, йигитнинг ҳам нигоҳи тушди. Сўнг улар бир-бирларига қарашди. Юлдузнинг юзига қизиллик югурди. У секин стол устида турган чойнакни олиб ошхона тарафга кетди.

Бир муддатдан кейин ошхона томондан жўмракнинг очилгани ва сувнинг шилдирагани эшитилди. Шоҳруҳ қулоқ тутди. У қиз тезроқ идишларни ювиб бўлишини кутаётганди. Негадир сув оқишида ўзгариш сезилавермади. Ўрнидан турган Шоҳруҳ ошхонага борди.

Юлдузнинг қўлида ликопча. У сувга термилганча ўй сурмоқда эди.

Шоҳруҳ унинг елкасига қўлини қўйди. Қиз шу заҳоти унга ўгирилди. Нигоҳлар тўқнашди. Сўнг лаблар бир-бирига жипслашди.

* * *

— Нима дединг? — деди титраб кетган Хонзода ўғлига нафрат билан қараркан. — Ким мараз?!

Жаҳонгир унга бепарво қараб турди-да, бурнини жийирди. Сўнг қўлидаги шишадан яна бир қултум ароқ ютди. Шайтон сувининг аччиқлиги унга мутлақо таъсир қилмади. У ҳўл бўлган лабини енгига артаркан:

— Аслида, — дея кўзини сузди Жаҳонгир, — бундан баттарига лойиқсиз-у, ойим бўлганингиз учун айтмадим-да.

У ғирт маст эди. Бироқ сўзлари дона-дона, гаплари равон чиқди.

Хонзода тарашадай қотиб қолди. На бирорта хатти-ҳаракатга ва на бирон нима демоққа тили айланарди унинг. Гўё эшитгани-ю, кўраётгани тушида кечаётгандай эди. Қараши маънисиз, тирик жонникига сираям ўхшамасди.

Жаҳонгир шишасини гилам устига қўйди. Сўнг ўзи ҳам чордана қуриб ўтирди. Ундан кейин амаллаб чўнтагидан бир дона сигарета олиб тутатди. Мириқиб тутунни ичига ютди. Шунгачаям Хонзода қаққайиб тураверди.

— Қақ…қақ… қаққаймай, салат-палат қилиб берсангиз ўласизми? — деди Жаҳонгир.

Энди ғўлдираб қолганди. Ҳар-ҳар замон кўзи юмилиб кетаётган эди. Лекин у эндиги гапи билан ойисини ўзига келтирган эди. Ва шунинг билан бирга гиламга ағанаб хуррак ота бошлаган, қўлидаги сигарета эса гиламни куйдираётганди.

Хонзоданинг жони ҳалқумига келди.

— Ярамас! Эшак, ит, ҳайвон! — дея чинқирди у ва ўғлининг қўлидаги сигаретасини олиб ташқарига улоқтириб юборди. Кейин эса аямасдан тепкилашга тушиб кетди. Лекин унинг тепкилари Жаҳонгирга зиғирча бўлсин таъсир қилмади. Гоҳ у томонига, гоҳ бу томонига ағдарилар, лекин кўзини очай демасди. Аммо қўлидаги шишани қўйиб юбормас, ароқ эса қулқуллаб тўкилмоқда эди.

Хонзода шишани деворга уриб, чил-чил синдирди, сўнг кўзига кўринган бошқа буюмларни ҳам улоқтира бошлади. Уларнинг орасида, албатта, ўзининг сумкаси ҳам бўлиб, ичидаги барча нарсаси сочилиб кетди. Аёл булар билан ҳам қаноатланмади. Натижада ошхонадаги, меҳмонхонадаги идишлар ҳам турли томонга улоқтирилди. Шиша, чинни идишлар бўлакларга бўлиниб кетди. Ундан сўнг навбат пардаларга етди. Йўқ, булар ҳам унинг жазавасини босолмади. “Ҳозир! Ҳозир!” — деди у бақириб ва югурганча ертўлага тушди-да, идишдаги бензинни олиб чиқиб, аввал ўғлининг устидан сепди. “Ана! — деди у ғолибона қичқириб. — Тўрт соатда қийналиб туққан бўлсам, энди бир минутда йўқ қилиб юбораман! Сен нима деб ўйловдинг? Қўлидан ҳеч нарса келмайди, деганмидинг?! Келганини кўриб қўй! Кейин биласан кимнинг ярамас эканлигини!!!”

Биринчи қаватдаги ҳамма хоналарга шошганча бензин сепиб чиққан аёл ошхонага кириб қўлига гугурт олди. Уни айнан ўғлининг тепасида ёқишни ният қилиб югуриб чиқаётганида, қандайдир эркак кишига урилиб кетди.

— Қоч йўлимдан! — дея чинқириб, халақит бераётган одамни суриб ташламоқчи бўлди-ю, бироқ кучи етмади. — Ғажиб ташлайман! — деб елкаларидан маҳкам ушлаб турган кишининг бақувват қўлларини тишламоқчи бўлди. Аммо шу пайт юзига қаттиқ тарсаки тушиб, орқага тисарилди ва унга ким қўл кўтарганини билиш учун рўпарасига қаради. Қаршисида қайноғаси Бўронни кўрди.

— Мулла ака, қаердан келиб қолдингиз? — сўради ҳайрон бўлиб.

— Келин, томингиз кетиб қолдими?! Нима балоларни бошламоқчисиз?! — деди қошлари чимирилган, қовоқлари уйилган Бўрон.

— Нима қилибман?

— Уйга қўшиб Жаҳонгирни ҳам ёқмоқчимисиз?!

Хонзоданинг бошига биров тўқмоқ билан ургандай бўлди.

— Нега ёқарканман, мулла ака?! — деб гилам устида ғўлдираб ётган ўғлига қаради. Зумда Жаҳонгирнинг айтган гаплари ёдига тушди. Қолганини эслаёлмади. Қўлидаги гугуртни ташлади-да, йиғлаб юборди.

— Мен тамом бўлдим, мулла ака! Тамом бўлдим! Ишонган яккаю ёлғиз ўғлимнинг аҳволини кўраяпсизми? Укангиз касалхонага ётволган, Шаҳлоям, билмадим, қайси гўрга йўқолган! Бир ўзим нима қилай?! Айтинг, нима қилай?! — деб ўкирди.

— Содиққа нима қилди?!

— Авария, мулла ака, авария. Ҳа, худди шундай бўлди. Мошинанинг дабдаласи чиқиб кетган, укангиз бир ўлимдан қолган, жиянларингизнинг биттаси қочиб кетган, иккинчиси алкаш бўп қолган. Воҳай бола, жо-он бола, ўйнаб-ўйнаб, ўйнаб-ўйнаб, қиё боқиб, ошиқларинг, маъшуқларинг ўтда ёқиб! — дея Хонзода қолган гапларини қўшиққа айлантириб юборди ва рақсга тушиб кетди. Шу аснода ҳали ҳам қўлида турган гугурт донасини чақишга урина бошлади. Бўроннинг кўзи олайиб кетди. Бирдан аёлнинг қўлидан гугуртни тортиб олди. Хонзода бўлса шу заҳоти унинг сочига чанг солди. Бўрон қараса, аҳвол чатоқ, келинининг юзига аямасдан  кетма-кет  тарсаки  туширди.  Сочлари тўзиб кетган Хонзоданинг бурнидан қон оқди. У ўтириб қолганча юзини кафтлари билан бекитиб, ўкириб йиғлашга тушди. Бўрон бутунлай довдираб қолган эди.

— Нима бўлди сизга, келин?! Нималар қилаётганингизни биласизми?!

Хонзода унинг гапларини эшитадиган аҳволда эмасди. У нияти амалга ошмай қолганидан жазавага тушаётганди.

Бўрон ёнидан телефонини олиб, аввал хотини Фароғатга қўнғироқ қилди. “Тез етиб кел”, деб тайинлади. Кейин ўзининг шаънига бир-биридан хунук қарғишларни ёғдириб ошхонага кирган Хонзоданинг ортидан борди. Шу қисқа муддат ичида келини газ мурватларини бураб улгурган экан. Бўрон тағин Хонзодани уялтирди. Сўнг унинг қўлларини орқасига қилиб боғлаб ташлади.

Бу пайтда Жаҳонгирнинг бироз кайфи тарқаган ва ўрнидан амаллаб турганди. У амакиси ойисининг қўлларини боғлаётганини кўрди. Қизарган, киртайган кўзларини базўр очиб атрофга термилди. Амакиси нега бундай қилаётганига сираям ақли етмади. Билишича, Бўрон амакиси укаларининг хотинларига жудаям хушмуомала эди, доим сизлаб мурожаат қиларди. Энди бўлса, амакиси ойисини чинқиртириб унинг қўлларини боғлаш билан овора.

Бўрон ишини битиргунича у қараб турди. Ҳартугул, маст бўлса-да, ўйлагани амалга ошмаганидан кўнгли бироз таскин топди. Кейин:

— Амаки, нега ойимни боғлаб ташладингиз? — деди турган жойида тебраниб.

Бўроннинг қони қайнади. Бир хаёл, муштдай бошидан пиёнисталикни касб этган жиянини обдан калтакламоқчи бўлди. Бироқ шаштидан қайтди. Ғазабини ичига ютиб:

— Шаҳло қани? — дея сўради.

Жаҳонгир худди бир нима еяётган одамга ўхшаб кавшанди. Сўнг атрофига аланглаб ниманидир қидирган бўлди. У қидираётгани бир неча бўлакларга бўлиниб ётганини кўриб, йиғлаб юбораёзди.

— Амаки, — деди аламдан титраб, — нега шишани синдирдингиз?!

Унинг иккала кўзи ҳам ёшга тўла эди. Бўрон даҳшатдан қотиб қолди. Жаҳонгир ёшлик қилиб озгина ичиб қўйган бўлса керак, деб ўйлаган эди. Ваҳоланки,  жиянининг  сочлари ҳурпайгани, кийимларининг яғири чиқиб кетгани, қовоқлари шишгани мутлақо бошқа нарсадан далолат бериб турарди.

— Вой аблаҳ-эй! — дея беихтиёр бақириб юборди у ва чидаб туришга ортиқ бардоши етмай, жиянига мушт тушира кетди. Онасининг урганлари чивин чаққанчалик таъсир қилмаганди Жаҳонгирга, лекин амакисининг калтагига чидаб туролмади. Ҳар мушт текканида, зорланиб йиғлар, қочмоқчи бўлар, аммо шуниям уддасидан чиқолмас: “Урманг, амакижон, урманг!” — дея ялинарди, холос.

Бўрон ҳансираб қолганидан, тез-тез нафас олиб, оғзига келган гапни гапиролмади. Сўнг жиянининг сочидан ғижимлаб ювиниш хонасига олиб борди-да, устидан совуқ сув қуйди. Шу тахлит бир қанча вақт ушлаб турди, кейин қайтариб олиб чиқди.

— Жонингиз ачирмиди бировнинг боласига, ўлдириб ташланг, ўлдиринг! Барибир укангиз миқ этолмайди! — деб бақирарди Хонзода ётган жойида.

Бўрон камарини ечиб, жиянининг қўллариниям боғлаб ташлади. Сўнг ташқарига чиқиб, хотини келгунча сигарета чекди. Биттасини тугатиб, иккинчисини тутатди. Негадир юраги эзилиб кетаверди. Узоғи билан бир соатлар ичида унинг бир дона ҳам сигарети қолмади. Ҳовлини эса сигарета қолдиқлари тутиб кетди. Бу вақт оралиғида у неча бор укаси ва унинг хотинини сўкиб олди. Келиши чўзилаётган Фароғат ҳам четда қолмади. Унинг ҳам ота-онасини “сийлов”дан ўтказди. Ниҳоят пешонасига тер тепчиган Фароғат кириб келди.

— Шу пайтгача қайси гўрда эдинг?! — ўкирди Бўрон.

Хотини унга тузук-қуруқ жавоб қайтаролмади. Шу сабаб ҳам уч-тўрт сўкиш билан сийланди.

— Қара, овсининг ҳамма ёқнинг абжағини чиқариб ташлабди! — бақирди Бўрон худди айбдордай қаршисида бош эгиб турган аёлига.

Айнан шу гапни кутиб турган Фароғат ўзини ичкарига урди ва Хонзоданинг қўли боғланган ҳолда уввос тортиб йиғлаётганига гувоҳ бўлди. Унинг капалаги учиб:

— Нима бўлди?! — дея сўради.

— Айтсам, тилим куяди,  айтмасам, дилим! — деб  чинқирди Хонзода. — Озгина қолди сиз билан кундош бўп қолишимизга, овсинжон!

Фароғат бир қалқиб тушди. Орқага тисарилди. Қошлари чимирилди.

— Нега унақа дейсиз?! — деди вужудига титроқ кириб.

— Уйда ёлғизлигимдан фойдаланиб… Қандай айтсам экан?.. Тилим бормаяпти… Мана, кўнмаганимдан кейин не аҳволга тушдим! Боламнинг аҳволиниям кўрдингизми?! Бу шармандаликка қандай чидайман?! Қандай?!

Ана шу маҳал уларнинг ёнига кўзлари кўкарган, қўллари орқасига боғланган Жаҳонгир келди. Уни кўрган Фароғатнинг кўзи чиқиб кетай деди. Овсинини ўрнидан турғазиш, кишандан озод қилиш ўрнига ташқарига югурди. Ҳали-ҳамон укасининг бўшанглигидан ғазаби келиб, унинг номига ҳақоратлар ёғдириш билан машғул бўлган Бўрон хотинининг ранги оқарганча чопиб чиққанини кўриб, қўрқиб кетди.

— Ўзини ўлдириб қўймабдими?! — деди шошиб.

— Да… да… Дадаси…

— Гапир чайналмай! — дея ўкириб юборди Бўрон.

— Нималар қилиб қўйдингиз?! Келиб-келиб, одам қуригандай, овсинимга ёпишдингизми?! — деди кўзидан ёши дув-дув оқаётган Фароғат.

— Ни-ма?! Нима дединг, сен итдан тарқаган?! Томинг кетиб қолдими?!

— Хонзода ўлолмай ётибди! Мени ерга тиқибсиз-ку! Бундай яшагандан ўлиб кетсам бўлмасмиди?! Шунақаям одам бўладими?!

Нуриддин ИСМОИЛОВ

(Асарнинг кейинги қисмларини яқин соатларда ўқийсиз)

Аввалги қисмларни ўқиш учун қуйидаги ҳаволаларни босинг:

Мафия сардори (1-қисм)

Мафия сардори (2-қисм)

Мафия сардори (3-қисм)

Мафия сардори (4-қисм)

Мафия сардори (5-қисм)

Мафия сардори (6-қисм)

Мафия сардори (7-қисм)

Мафия сардори (8-қисм)

Мафия сардори (9-қисм)

Мафия сардори (10-қисм)

Мафия сардори (11-қисм)

Мафия сардори (12-қисм)

Мафия сардори (13-қисм)

Мафия сардори (14-қисм)

Мафия сардори (15-қисм)

Мафия сардори (16-қисм)

Мафия сардори (17-қисм)

Мафия сардори (18-қисм)

Мафия сардори (19-қисм)

Мафия сардори (20-қисм)

Мафия сардори (21-қисм)

Мафия сардори (22-қисм)

Мафия сардори (23-қисм)

Мафия сардори (24-қисм)

Мафия сардори (25-қисм)

Мафия сардори (26-қисм)

Мафия сардори (27-қисм)

Мафия сардори (28-қисм)

Мафия сардори (29-қисм)

Мафия сардори (30-қисм)

Мафия сардори (31-қисм)

Мафия сардори (32-қисм)

Мафия сардори (33-қисм)

Мафия сардори (34-қисм)

Мафия сардори (35-қисм)

Мафия сардори (36-қисм)

Мафия сардори (37-қисм)

Мафия сардори (38-қисм)

Мафия сардори (39-қисм)

Мафия сардори (40-қисм)

Мафия сардори (41-қисм)

Мафия сардори (42-қисм)

Мафия сардори (43-қисм)

Мафия сардори (44-қисм)

Мафия сардори (45-қисм)

Мафия сардори (46-қисм)

Мафия сардори (47-қисм)

Мафия сардори (48-қисм)

Мафия сардори (49-қисм)

Мафия сардори (50-қисм)

Мафия сардори (51-қисм)

Мафия сардори (52-қисм)

Мафия сардори (53-қисм)

Мафия сардори (54-қисм)

Мафия сардори (55-қисм)

Мафия сардори (56-қисм)

Мафия сардори (57-қисм)

Мафия сардори (58-қисм)

Мафия сардори (59-қисм)

Мафия сардори (60-қисм)

Мафия сардори (61-қисм)

Мафия сардори (62-қисм)

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here