Мафия сардори (64-қисм)

0

* * *

Тонг энди оқариб келаётганда, Шоҳруҳ уйғониб кетди. Танасидаги чарчоқ тарқамаганди. Уйқуга кетаётганида, соат ўнларгача уйғонмасам керак, деб ўйлаганди. Лекин нимагадир бирдан уйқуси қочди ва ногоҳ кўзи ички кийимда, сочлари тўзғиганча ойнадан ташқарига қараб турган фаришта мисол бир қизга тушди. У ҳали бирор марта қиз бола билан бирга тонг оттирмаганлиги боис, қизнинг кимлигини билолмади. Бир неча сония шу тахлит ётгач, кечаги воқеалар ёдига тушиб, ўрнидан турди-да, бориб қизнинг елкасидан қучди.

— Уйғотиб юбордимми? — деди Юлдуз. Унинг овозида қандайдир ўкинч бор эди. Аслидаям Шоҳруҳ унинг кўзидаги мунгни бир неча марта кўрганди. Лекин сабабини сўрамаган, Юлдуз ҳам ўзидан билиб айтмаганди.

— Йўқ, ўзим уйғондим. Нега бу ерда турибсан?

— Ўзим.

— Хафамисан?

— Йўқ.

— Нега маҳзунсан?

Юлдуз унга ўгирилди. Бўйнидан маҳкам қучди.

— Ҳаммаси тўйдан кейин бўлишини истаган эдим. Сизни севаман!

Бу қизнинг чин юракдан айтган сўзлари эди. Юлдуз гапираётганида, андак титради. Тўғрироғи, сўзлари томоғидан узилиб-узилиб, майин, нозик торни чертиб ўтгандай бўлди. Шунда иқрорининг таъсир кучи бир неча марта ошди. Йигит бағридаги гўзал хилқатни маҳкамроқ қучди. Ич-ичидан ўзига-ўзи ваъда берди: “Сени кўз қорачиғимдай асрайман”.

— Бугун, — деди у пичирлаб, — бирорта мулла топаман. Ҳар қалай, бу ерлардаям мусулмонларнинг масжидлари бўлса керак.

— Раҳмат.

— Нега раҳмат айтаяпсан?

— Билмадим. Лекин никоҳдан ўтишимизни жудаям истайман. Майли, тўйни кейинроқ қилармиз.

— Гапларингдан бошқа нарса тушунаяпман. Худди мени ташлаб кетади, деган хаёлга бораётгандайсан.

— Йўқ. Унақа деб ўйламадим. Лекин никоҳдан ўтишимизни истаб юрардим. Айниқса, қачон айтаркансиз деб кўп кутгандим. Балки шунинг учун ҳам бирон жойда узоқроқ қолиб кетсангиз, ўзимни қўярга жой тополмай қолсам керак, — деб кулиб юборди Юлдуз. — Гапларим пойинтар-сойинтар бўлиб кетди, — деб кейин ўзини оқлади.

Шоҳруҳ никоҳни тушдан кейинга қолдирди. Шунгача йигитлари келишади. У эса Роман Фёдорович билан яна бир гаплашади.

Шоҳруҳ шошилиб нонушта қилди. Юлдуз чойни қайтаришга улгурмасидан, учта қовурилган тухумни паққос туширди.

— Нима бало, орқангиздан ёв қуваяптими? — деди унинг қилиғидан ҳайрон бўлган Юлдуз.

— Роман Фёдоровични топиш қийин. Ҳозирги шароитда ишхонасига киргизишлари жудаям мушкул. Ҳамма ёқда портлаш бўп ётибди. Балки у ишга келмасаям керак, — деди Шоҳруҳ.

— Бугунги режангиз бошқача эди-ку?!

— Ҳалиям ўзгартирганим йўқ. Соат иккиларга…

— Шунчаки бориб, ўқитиб келамиз. Бўлдими, шу, холосми? — дея Юлдуз унга тикилди.

— Нега “шу, холос” бўларкан? Кечқурун ресторанда йигитлар билан бирга нишонлаймиз. Ўзимизникиларга кейинроқ айтса ҳам бўлаверади. Лекин Роман Фёдоровичнинг ёнига бориш керак. Албатта, сен билан бирга.

— Яъни тўйга айтгани борамиз, бошқа иш юзасидан эмас.

— Худди шундай.

Юлдузнинг жиддийлашиб бораётган юзи бирдан ўзгариб, чеҳрасига табассум ёйилди.

У аввал Шоҳруҳнинг кийинишига ёрдам берди, сўнг ўзи ҳам шоша-пиша кийимларини устига илди. Айни чоғда унинг қувончи ичига сиғмаётган эди. Тўғри, бировлардай тўй кунини ойлаб кутмади, алоҳида тайёргарлик кўрмади. Бироқ барибир турмушга чиқаяпти. Севганининг жуфти ҳалолига айланаяпти. Ана шунинг ўзи уни хурсанд қилаётган эди.

Шоҳруҳ банкка бориб Роман Фёдорович ишга чиқмаганлигини билгач, унинг дала ҳовлиси томон рулни бурди. Масофа анча олис эди.

— Сизга қойилман, — деди Юлдуз масофанинг ярмидан кўпини босиб ўтганларидан сўнг, — мен бу ерларга келганимга бир неча йил бўлган бўлса ҳам, шаҳарниям, унинг атрофиниям сизчалик билмайман. Бир жойга келиб қайтаверган эканман.

— Мен бўлсам жаҳонгашталикни яхши кўраман. Кўриб турибсан, бир жойда сираям туролмайман, — дея Шоҳруҳ жилмайиб қизга нигоҳ ташлаб қўйди. Йўлга қараши билан катта тезликда келаётган иккита қоп-қора машинага кўзи тушди. “Ким бўлди?” деди ўзига-ўзи гапиргандай.

— Танишми? — сўради Юлдуз.

— Танишга ўхшайди. Янаям билмадим. Роман Фёдорович оқ машинада юради. Тағинам Худо билади.

У машинанинг тезлигини сусайтирди. Секин-секин тормоз бериб тўхтатди. Сўнг машинадан тушди. Худди шу пайтда рўпарадан келаётган машиналар елдай Шоҳруҳнинг сочларини тўзғитиб ўтиб кетишди. У орқадаги “Жип”нинг ортидан бир муддат тикилиб тургач, яна рулга ўтирди. Кўнглини хавотир эгаллади. Хаёлан минг бир кўчага кириб чиқди. Аммо буларнинг бари бекор экан, Шоҳруҳ билан Юлдуз Роман Фёдоровичникига кириб боришганида, у дала ҳовлининг ўртасида гольф ўйнаш билан овора эди. Ёнида қизи. Ота-бола бараварига Шоҳруҳ билан Юлдуз тарафга ўгирилишди. Роман Фёдорович мийиғида кулди ва қўлидаги таёқни ташлаб, майса устига ўтирди.

Ҳозир унинг кайфияти чоғ эди. Бир неча кунлик дилхиралик аригандай эрталабдан руҳи тетик бўлиб юрди. Ҳеч ким унга хушхабар айтмади. Кўпинча, у ўзининг ҳисобига бирон жойдан кутилмаган пул келиб тушганида кайфияти кўтариларди. Ана шундай воқеа ҳаётида уч марта содир бўлган. Ишга борса, шахсий рақамида йўқ жойдан қўшимча беш юз минг доллар турибди. Аввалига шошди. Кейин билса, нефть компаниясидаги акцияларидан келган даромад экан. Бундай бўлишини у олдиндан биларди. Аммо пулнинг айнан шу куни келиб қолиши унга янгиликдай туйилди. Ҳар қалай, одамлар ундан сўрамасдан пул ўтказибди. Ана шунинг ўзи қувонтирди уни.

Бундан ҳам олдин онаси велосипед олиб берган, уям кутилмаганда бўлганди. Кейинчалик, мактабни битираётганида, Лолитта исмли қиз (Роман Фёдорович у билан бешинчи синфдан бери бирга ўқирди. Уни яхши кўрарди. Лекин унинг ўзига бу ҳақда бирон марта айтмаганди) муҳаббат изҳор қилган: синфхонада, ҳамманинг кўз ўнгида. Роман Фёдорович ҳаяжонланиб кетганди ўшанда.

Ҳозир айнан шунақанги кайфият зоҳир эди. У хаёлан хурсандчилигига сабаб бўлиши мумкин бўлган бир неча вариант ўйлади. Лекин тополмади. Пул масаласида миллиардер бўлишига бироз бор. Бошқа ҳар қандай ҳодиса уни қувонтиролмайди. Бирорта аёлни севишга эса қарилик қилади. Агар шундай бўлган тақдирда ҳам, у барибир аввалгидай қувонолмайди.

Хўш, унинг учун янгилик даражасига етиши мумкин бўлган нарса нима бўлиши мумкин? Ана шу саволга жавоб топиш учун у қизини ёнига чақириб ўзи билан бирга гольф ўйнашни таклиф қилди. Оксана ҳам дарров рози бўлди. Улар турли мавзуларда гаплашишди. Аммо Роман Фёдорович барибир ўзи қидирган нарсага жавоб тополмади. Ва кутилмаганда, куни кеча жаҳл билан (эҳтимол, қандайдир муаммо туфайли асаби бузилгандир, бу ёғи Роман Фёдоровичга қоронғи) чиқиб кетган Шоҳруҳ кириб келди. У бу йигитча тўрт-беш кун қорасини кўрсатмаса керак, деган хаёлга борганди.

Оксананинг қошлари чимирилди.

— Қаранг-а, ким келди? — деди у.

— Ким бўларди? Сен бир неча марта ёнини олган Шоҳруҳ аллақандай қизни етаклаб келибди. Мана шу, бошқа ҳеч қанақанги янгилик йўқ, — деди унга жавобан Роман Фёдорович.

Шоҳруҳ билан Юлдуз аста-секин ота-боланинг ёнига яқинлашишди. Ҳар икковининг ҳам юзида табассум (Шоҳруҳ Юлдузга жилмайиб юришни айтган эди).

— Роман Фёдорович, — деди Шоҳруҳ гольфчилар ёнига яқин қолганда, — ҳар доимгидай сюрприз билан келаяпман.

— Кўриниб турибди. Менимча, ёнингдаги қайлиғинг бўлса керак.

Отасининг гапидан Оксана бир қалқиб тушди. Томоғига нимадир келиб тиқилди.

— Адашмадингиз. Лекин мен яна кутилмаганда пайдо бўлганимни назарда тутаётгандим.

— Буниси мен учун янгилик эмас, — деб Роман Фёдорович ўрнидан туриб, кўришиш учун ўзининг ёш дўстига қўл узатди.

Шоҳруҳ у билан саломлашганидан сўнг Юлдузни таништирди. Ва айни чоғда Оксананинг ким эканлигини Юлдузга айтишни ҳам эсдан чиқармади.

— Мен сиз тўғрингизда кўп эшитганман, ўйлаганимдай мафтункор экансиз, — деди Юлдуз Оксанага.

— Сизни менга йигитингиз таърифлаб берганди. Ниҳоятда чиройли бўлса керак, деб ўйловдим ўшанда. Буни қарангки, мен ҳам адашмабман, — дея мафтункор жилмайди Оксана ҳам.

— Хонимлар бир-бирларини ғойибдан танишар экан. Бу эса яхшилик белгисидир. Қани, юринглар ичкарига, йўлдан толиқиб келган бўлсаларинг керак, битта-биттадан пиво ичамиз, — деб Роман Фёдорович меҳмонларни уй томонга етаклади.

Гарчи Шоҳруҳга ёнидаги қизни “қайлиғинг бўлса керак”, дегани ва бунинг тасдиғини олгани билан, Роман Фёдоровичнинг дилида ҳам қандайдир хиралик пайдо бўлган эди. Зеро, Оксана бир марта кун бўйи Шоҳруҳ билан бирга йўқ бўлиб кетганида, йигитга нисбатан қизида қизиқиш пайдо бўлган, деб тушунганди. Фикрининг тасдиғини кеча Шоҳруҳ кетаётганида, Оксананинг югуриб унинг ортидан чиққанида ҳам сезувди. Тўғри, қизининг Петка исмли йигити бор. Шу болага турмушга чиқажагини Оксана унга ҳам айтган. Бироқ Шоҳруҳ пайдо бўлганидан кейин қизи ўзгарган. Илгари Петка тўғрисида ҳар куни бир неча марталаб оғзидан бол томиб гапирарди. Мана, уч кундирки, бўлғуси куёвининг номи тилга олинмайди. Бунинг ўрнига Оксана гоҳ-гоҳида ўйга толиб қолади. Ҳозир Роман Фёдорович “хонимлар бир бирларини танирканлар”, дейишининг тагида бошқа бир нарса ётарди.

— Мен Юлдузга ўз хонамни кўрсатаман. Ўша ерда иккаламиз шампань виноси ичамиз, — деб Оксана Шоҳруҳнинг маҳбубасини ўзи билан бирга олиб кетди.

— Начора, бизга ҳам сизларнинг кетишларинг маъқулроқ, — деб Роман Фёдорович оромкурсига ўтирди. Унинг қўлига шотирлари дарров пиво тутқазишди.

— Қани, менинг ёш дўстим, нима янгилик билан келдинг? Ахир сенинг шунчаки келмаслигингга кўникиб қолдик-ку! Лекин бир илтимосим бор. Қайғу ҳақида оғиз очма, майли, мени кимдир йўқ қилишга чоғланаётганини сезиб қолгандирсан ёки пулларимга қирон келишини башорат қилмоқчидирсан. Майли, нима бўлса бўлар. Фақат яхши хабар айт, йўқса, ажалимдан беш кун бурун ўлиб қоламан. Сен менинг ўлишимни истамайсан-ку, тўғрими?

Нуриддин ИСМОИЛОВ

(Асарнинг кейинги қисмларини яқин соатларда ўқийсиз)

Аввалги қисмларни ўқиш учун қуйидаги ҳаволаларни босинг:

Мафия сардори (1-қисм)

Мафия сардори (2-қисм)

Мафия сардори (3-қисм)

Мафия сардори (4-қисм)

Мафия сардори (5-қисм)

Мафия сардори (6-қисм)

Мафия сардори (7-қисм)

Мафия сардори (8-қисм)

Мафия сардори (9-қисм)

Мафия сардори (10-қисм)

Мафия сардори (11-қисм)

Мафия сардори (12-қисм)

Мафия сардори (13-қисм)

Мафия сардори (14-қисм)

Мафия сардори (15-қисм)

Мафия сардори (16-қисм)

Мафия сардори (17-қисм)

Мафия сардори (18-қисм)

Мафия сардори (19-қисм)

Мафия сардори (20-қисм)

Мафия сардори (21-қисм)

Мафия сардори (22-қисм)

Мафия сардори (23-қисм)

Мафия сардори (24-қисм)

Мафия сардори (25-қисм)

Мафия сардори (26-қисм)

Мафия сардори (27-қисм)

Мафия сардори (28-қисм)

Мафия сардори (29-қисм)

Мафия сардори (30-қисм)

Мафия сардори (31-қисм)

Мафия сардори (32-қисм)

Мафия сардори (33-қисм)

Мафия сардори (34-қисм)

Мафия сардори (35-қисм)

Мафия сардори (36-қисм)

Мафия сардори (37-қисм)

Мафия сардори (38-қисм)

Мафия сардори (39-қисм)

Мафия сардори (40-қисм)

Мафия сардори (41-қисм)

Мафия сардори (42-қисм)

Мафия сардори (43-қисм)

Мафия сардори (44-қисм)

Мафия сардори (45-қисм)

Мафия сардори (46-қисм)

Мафия сардори (47-қисм)

Мафия сардори (48-қисм)

Мафия сардори (49-қисм)

Мафия сардори (50-қисм)

Мафия сардори (51-қисм)

Мафия сардори (52-қисм)

Мафия сардори (53-қисм)

Мафия сардори (54-қисм)

Мафия сардори (55-қисм)

Мафия сардори (56-қисм)

Мафия сардори (57-қисм)

Мафия сардори (58-қисм)

Мафия сардори (59-қисм)

Мафия сардори (60-қисм)

Мафия сардори (61-қисм)

Мафия сардори (62-қисм)

Мафия сардори (63-қисм)

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here