Мафия сардори (65-қисм)

0

Шоҳруҳ кулди. Яхшилаб оромкурсига жойлашиб олди. Ўзига аталган қадаҳдан бир қултум пиво ичди.

— Бу сафар ҳақиқатан ҳам яхши хабар айтиш илинжида келдим. Ишонаверинг. Ва буни топишмоқ ҳам қилмоқчи эмасман. Юлдуз билан бугун тўйимизни ўтказишни режалаштирдик. Аслида тўй десак, жа ошириб юборган бўламиз-у, лекин никоҳимизни нишонлашни бошқа нима деб аташни билмаяпмиз. Сиз ҳам иштирок этиб, азиз меҳмонимиз бўлишингизни жудаям хоҳлардик, — деди у.

— О-о-о, шунақами?! Нега унда хонимларнинг бошқа хонага чиқиб кетишига рухсат бердик? Тўйни ҳозироқ бошлашимиз керак эди.

— Майли, улар бир-бирлари билан яқиндан танишиб олсинлар.

— Буям яхши фикр, — деб Роман Фёдорович пиво ичди ва чўнтагидан сигарета олар экан, бир муддат ўйланиб қолди.

Шоҳруҳ унинг хаёл суришига халақит бермади. У ҳам пивосини бир-бир ҳўплаб қўяр экан, хонани томоша қилиш билан овора бўлди.

— Сен, — деди Роман Фёдорович алланималарни мулоҳаза қилиб бўлгач, — хизматинг эвазига шаҳар корчалонлари билан таништириб қўйишимни илтимос қилган эдинг. Мен бўлсам, бошқа бўлмағур хаёлларга бориб юрибман. Лекин бугун хатомни тўғрилайман. Сен истаган одамларни тўйингга олиб бораман. Улар, албатта, нозик одамлар. Шундай экан, гарчи ўзинг яхши билсанг-да, айтиб қўяй, рестораннинг тузукроғини танла… Шошма-шошма, нега энди ресторан? Уларнинг кунлари ресторанда ўтади. Яхшиси, мана шу ерда, яъни менинг дала ҳовлимда ўтказамиз тўйингни. Нима дейсан?

— Мурувватингиз учун раҳмат. Лекин биз жудаям тор доирада…

— Унақа гапни қўй. Билишимча, сизларда эркаклар ҳар куни хотин алмаштиравермайди бизга ўхшаб. Тўғри, мусулмонларда тўрттагача хотин олишга рухсат берилганини биламан. Бунинг менга ёққан томони, иккинчи хотинга уйланаётганингда биринчисини қўйиб юбормайсан. Бизда шу ишни қилиб кўр-чи? — деб кулиб юборди Роман Фёдорович. — Хуллас, айтмоқчи бўлганим, тўйингни яхшилаб ўтказамиз. Барибир отанг узоқда. Унинг тўйга етиб келиши даргумон. Шунинг учун ота вазифасини ўзим бажарайин. Нима дединг?! Фикрим даҳшатми?!

— Сизга қандай миннатдорчилик билдиришни билолмаяпман.

— Керагиям йўқ. Нега шундай, биласанми? Билмайсан. Билмаганинг ҳам маъқул. Бу — биринчи томони, иккинчиси эса, мендайин одам ҳар куни ҳам бундай ҳотамтойлик қилавермайди, — деб Роман Фёдорович ёшига ярашмайдиган чаққонлик билан сакраб ўрнидан турди ва пивосининг қолганини ичиб, идишни стол устига тўқ этказиб қўйди-да, қизи билан Юлдуз кириб кетган хона тарафга шошганча юриб кетди. У қизининг хонасига кирганда эшикни очиқ қолдирди, шу боис ҳам гаплари бемалол Шоҳруҳга эшитиларди.

— Юля, — у Юлдузнинг исмини худди шундай қилиб ўзига мослаштириб олди, — наҳотки шундай янгиликни айтмай, ичингизда сақлаб юрган бўлсангиз? Бошқа одам бундай қилолмаган бўларди. Чин юракдан табриклайман.

Роман Фёдоровичнинг шу гапидан кейин ўпич товуши эшитилди. Шоҳруҳ жилмайиб ўтирганди, бирдан жиддий тортди ва ўрнидан турди.

Кейинги гаплар Оксанага тегишли бўлди. У ҳам ҳазил аралаш Юлдуздан ўпкалаган бўлди. Табиийки, гапларида ўзгача оҳанг бор эди. Яъни қандайдир қизғанишга, рашкка ўхшаш бир нарса. Чунки, унинг йигити бошқа бўлса-да, Шоҳруҳни ёқтириб қолганди. Айни шу сабабдан ҳам ихтиёрини бир марта унга топширганди. Кеча йигит кетганидан кейин ярим тунгача ухлаёлмаганининг ҳам боиси шу эди. Бугун эса у ёқтириб қолган йигит бутунлай бошқа — қорасочу қоракўз қизга уйланмоқчи. Эҳтимол, ана шунинг учун ҳам унинг сўзлари-ю, Юлдузнинг юзидан олган ўпичи қандайдир сохта чиқди. Зийракликда ҳар қандай қизни ортда қолдириб кетадиган Юлдуз ундаги ўзгаришни сезмай қолмади. Тўғрироғи, бундан бирмунча бурун, Роман Фёдорович Шоҳруҳдан: “Ёнингдаги қайлиғингми?” — деб сўраганида Оксананинг юзи билинар-билинмас қизарганини кўрганидаёқ, малласоч қизга нисбатан кўнглида номаълум шубҳа пайдо бўлганди. Энди эса, гарчи отасининг соясида тўкин-сочин яшаётган эса-да, оддий одамларга нисбатан ҳам анчагина содда бўлган Оксана ҳаммасини очиқ-ойдин кўрсатиб қўйди. Юлдуз: “Бу қиз Шоҳруҳ акамга нисбатан бефарқ эмаскан”, деган қатъий қарорга келди.

— Хоним, — деб Шоҳруҳ хонага кириб келди ва худди чет элликлар каби Юлдузнинг белидан қучди, — Роман Фёдорович иккимизга оталик қилишни истади.

— Жудаям хурсандман, — деди жилмайиб Юлдуз, — бугун ҳаммадан олдин ресторанга сиз бораркансиз-да?!

— Йўқ, тўй шу ерда ўтказиладиган бўлди. Биз Шоҳруҳ билан шунга келишдик. Демак, ҳозирдан тайёргарлик кўришимиз керак. Айниқса, меҳмонларга эртароқ хабар бермасак, тўйни фақат ўзимиз ўтказишимизга тўғри келади. Қани, ҳамма ташқарига!

Роман Фёдорович ҳаммадан олдин ўзи ҳовлига чиқди. Йигитларига зарур кўрсатмаларни берди. Шоҳруҳ билан Юлдуз эса шаҳарга бориб келадиган бўлишди. Уларга Оксана ҳам қўшилди. “Келиннинг дугонаси ўзим бўламан. Шундай экан, мен ҳам тўй либосини олишим керак”, деди у.

Тўй ҳақидаги хабардан Бек бир қалқиб тушди. У бунақа бўлишини мутлақо кутмаганди. Шундоғам, Шоҳруҳ билан Юлдузнинг шаҳарда бир уйда ёлғиз қолажакларини эшитиб, юрагини алам кемира бошлаган эди. Ҳаммасидан кўз юмди. Нима бўлган тақдирда ҳам Юлдузни севажагини ич-ичидан ўзига-ўзи уқтирди ва ажойиб бир кунда унга уйланишни ният қилиб қўйди.

Бироқ бу ниятининг умри бир кундан нарига ўтмади. У бўшашиб қолди. Ғазаби жўшди. Аммо буларнинг барини ичига ютди. Куни келиб қизни Шоҳруҳдан тортиб олишни кўнглига тугди. Албатта, бунинг учун рақиби яшамаслиги керак. У ҳаёт бўлар экан, агар Юлдуз ўз инон-ихтиёри билан уники бўлган тақдирда ҳам, Бек тинчгина яшолмайди. Кўнглининг бир чети барибир ғаш бўлаверади. Демак, у ёвузлик қилади. Вақтини, жойини топиб, унинг баҳридан ўтади. Буни шунчалик айёрлик, усталик билан амалга оширсинки, мукофотига ёлғиз қолишдан чўчиган қиз шу куниёқ унга тегишни ўйласин. Эски анъана жуда яхши. Яъни ака қазо қилса, унинг мол-мулки бегоналарга ўтиб кетмаслиги учун, ука акасининг аёлини маҳрамликка олади.

У шаҳарга етгунларича шу ҳақда ўйлади. Рақиби билан севган қизи бир тунни ўтказган уйга кирганларидан кейин ишқий саргузаштга алоқадор далил ахтарди. Тополмади. Шунақанги хурсанд бўлдики, қўшиқ айтиб юбораёзди.

Ётоқхонага кириш мумкин эмасди. Бу ҳақда айтилмаганди. Бек эса кирди. Чунки Юлдуз ёлғиз ётган бўлса керак, деб хаёл қилганди.

Болишда икки-учта узун соч толаси ётарди. Бирини қўлига олиб кўраётганида, бошқа болишда калта қора сочга кўзи тушди-ю, жон-пони чиқиб кетди. Хаёлида қиз билан йигитнинг бир-бирларини қандай эркалаганлари гавдаланди. Қўллари мушт бўлиб тугилди. “Тўй бўлмайди. Ўрнига аза бўлади. Шоҳруҳнинг мурдасини уйига жўнатамиз”, дея пичирлади унинг лаблари.

* * *

Бўрон хотинининг гапидан жинни бўлиб қолаёзди. Довдираб қолганидан тилиям калимага келмади. Рангида ранг қолмаган, кўзлари чақчайган кўйи Фароғатга бир муддат тикилиб турди. Сўнг кўзини чирт юмиб бошини қимирлатди.

— Ҳаммангнинг эсинг оғиб қолган!!! Жиннихонага топшириб юбориш керак! — дея томоқ томирлари бўртиб бақирди.

Сўнг хотинининг қўлидан ушлаб судраганча ичкарига олиб кираркан, бўсағада ароқ олиб келиш учун дўконга отланган жиянини туртиб юборди. Хонзода сумкасини улоқтирганда ичидаги пуллари сочилиб кетганди. Жаҳонгир уларни териб олган ва айни дамда юзига қувонч югурганди. Ҳозир ўша пулларни олиб дўконга шошилганида амакиси уни туртиб юборди.

Йиқилган жиянига Бўрон эътибор ҳам бермади. Ваҳоланки, Жаҳонгир қалтис йиқилиб, қўлини қайириб олган, оғриқнинг зўридан инграб ётарди.

— Нималар деб вайсадинг, шаллақи?! — бақирди Бўрон Хонзодага.

— Мулла ака, овсиним ҳамма нарсани билгани маъқул. Агар овсиним рози бўлса, мен сизнинг айтганларингизга кўнаман. Бунинг учун қўлимни боғлаш, Жаҳонгир бечорани савалаш шартмас. Бечора боламнинг айби уйга бевақт келиб қолганими?! — деди кўзларидан шашқатор ёш оқаётган Хонзода.

Бўрон ортиқ ўзини ушлаб туролмади. Аямасдан келинини тепкилашга тушиб кетди. Агар хотини ажратиб қолмаганда, уриб ўлдириб қўйиши ҳам ҳеч гап эмасди. Бўрон ҳаллослаганча ҳовлига чиқиб, дўхтирларга қўнғироқ қилди. Сўнг уйни тарк этди.

Фароғат айланиб-ўргилиб овсинининг қўлини ечди. Сўнг юз-кўзларини ювди. Эри учун кечирим сўради. Хуллас, ҳозирча уни бироз ўзига келтириш ташвишида эди. Аммо дўхтирлар етиб келгач, Хонзоданинг оғзидан бутунлай бошқа гап чиқди. Буни кўрган Фароғат унинг ақлдан озганига тўла амин бўлди. “Мана, булар, — деб бақирди Хонзода овсинига қўлини бигиз қилиб, — бизни хонавайрон қилишди. Уйимизга, мол-дунёмизга эга чиқмоқчи бўлишди. Қаршилик қилувдик, она-болани эр-хотин роса дўппослашди! Бу падар лаънатиларга кучи етадиган одам борми-йўқми бу дунёда? Одам ўзининг қариндошини ҳам шунчалик хўрлайдими?!” Дўхтирлар ан-қайиб қолишди. Фароғат ҳайратдан ёқасини ушлади.

— Боягина мулла акангиз тегажоқлик қилганини айтгандингиз-ку, овсинжон, энди дарров гапни бошқа ёққа бураяпсизми? — деди жаҳли чиқиб.

— Қўявер, жиннихонада ақли киради бу хотиннинг, — деди эшикдан кириб келган Бўрон.

У ҳовлидан чиқиб тўғри дўконга борган, сигарета олиб, уйга келгунича қарийб ярим қутисини чекиб бўлганди. Шу билан бирга ўзини анча босиб олганди.

У дўхтирни қўлтиқлаб ташқарига етаклади ва келинининг қилган қилиқларини бирма-бир гапириб, унинг жинни бўлиб қолганини айтди.

— Сизлар уни ўзига келтираверинглар, мен унинг нима сабабдан шу аҳволга тушганини аниқлайман. Ҳали укам касалхонада эмиш, жияним ҳам аллақачон алкашга айланибди. Ҳали униям дўхтирга обориш керак. Хуллас, укамнинг оиласига бир бало бўлган, — деди алам билан ва чўнтагидан яна сигарета олиб тутатди.

Дўхтир “тушундим” дегандай бош ирғади ва ҳалигача оғзи тинмай, овсини-ю қайноғасини қарғаётган Хонзоданинг билагига ҳамшира ёрдамида нина санчди. Игна этига кираётганда аёл бир бақирди-да, сўнг бирдан жимиб қолди. Орадан озгина вақт ўтар-ўтмас уйқуга кетди.

Шундан сўнг дўхтирлар уни асаб касалликлари шифохонасига олиб кетишди. Бўрон жиянининг ҳалигача жойидан турмай ётганига энди эътибор берди. Уни ўрнидан турғазгач, чап қўли синганини кўрди.

— Сенинг алкашлигингни тузатаман десам, бу ёқда қўлниям абжағини чиқарибсан-ку! — деди афти буришиб Бўрон, сўнг хотинига ўгирилди-да:

— Бориб қара-чи, бирорта тузукроқ кийими бормикан бу алкашнинг? — деди.

— Ҳечам-да! Йўқ жойдан, ҳали уйига кирмасимдан онаси мени ўғрига чиқарди. Хонасига кирсам нима дейди? — деди Фароғат эрига жавобан.

— Онангни эшшак тепгур, бор, топиб кел! — ўшқирди Бўрон.

Фароғат эрининг навбатдаги сўкишига ҳожат қолдирмади. У илгаридан Жаҳонгирнинг хонасини биларди. Пилдираб иккинчи қаватга кўтарилди-да, кўп титкилашлардан кейин шим билан кўйлак олиб тушди. Бўрон жиянини ювинтирди, кейин кийимларини кийгизиб, дўхтирга олиб бориб қўлини гипслатганидан сўнг, наркология марказидаги таниш дўхтирига олиб борди. Вазиятни тушунтириб, тўрт-беш кун Жаҳонгирни олиб қолиб даволашини илтимос қилгач, чўнтагига битта юз купюралик доллар солиб қўйди. Сўнг укасининг уйига қайтиб келди. Бу пайтда Фароғат синглиси билан телефонда гаплашар эди. Суҳбат шунчалик қизиб кетдики, у эрининг келганини ҳам сезмай қолди.

— Аслида, — дерди у оғзидан бол томиб, — ҳаммасига қайнукамнинг ўзи айбдор. Роса бўшанг одам. Акасиям ундан қолишмайди-ю, озгина фарқ қилади. Тўғриси, пул топиб келгани учун мен ўзим уни эркин қўйганман. Пули озгина камайсин, шунақанги ўйнатаманки, эркаклигиниям эсидан чиқариб қўяди…

Бўрон унинг қолган гапларини эшитишга сабр қилолмади.

— Нима қиласан?! — деди хотинига еб қўйгудек тикилиб.

Бирдан ёнига ўгирилиб Бўронни кўрган Фароғатнинг юраги товонига тушиб кетаёзди. У синглисига жавоб беролмай, эрига қараганча анграйди.

— Нима қиласан? — қайта сўради Бўрон.

— Дадаси, — деди кутилмаганда юзига қон югурган Фароғат, — қўрқитиб юбордингиз. Ким эмиш дебман…

— Гапни чалғитма, пул топиб келмасам нима қиласан мени?! — деди овозини бир парда кўтарган Бўрон.

— Қанақа пул? Мен синглимга бошқа нарсани айтаётувдим. Пул…

— Башарангни бузаман, манжалақи! Уйга йўқол! Қорангни кўрсатма, сўяман!

Фароғат гўшакни жойига қўйишни унутди. Юрагини ҳовучлаганча дарров уйдан қочиб чиқди. У шунчалик қўрқиб кетгандики, ҳатто орқасига ҳам қарашга ботинолмасди.

Нуриддин ИСМОИЛОВ

(Асарнинг кейинги қисмларини яқин соатларда ўқийсиз)

Аввалги қисмларни ўқиш учун қуйидаги ҳаволаларни босинг:

Мафия сардори (1-қисм)

Мафия сардори (2-қисм)

Мафия сардори (3-қисм)

Мафия сардори (4-қисм)

Мафия сардори (5-қисм)

Мафия сардори (6-қисм)

Мафия сардори (7-қисм)

Мафия сардори (8-қисм)

Мафия сардори (9-қисм)

Мафия сардори (10-қисм)

Мафия сардори (11-қисм)

Мафия сардори (12-қисм)

Мафия сардори (13-қисм)

Мафия сардори (14-қисм)

Мафия сардори (15-қисм)

Мафия сардори (16-қисм)

Мафия сардори (17-қисм)

Мафия сардори (18-қисм)

Мафия сардори (19-қисм)

Мафия сардори (20-қисм)

Мафия сардори (21-қисм)

Мафия сардори (22-қисм)

Мафия сардори (23-қисм)

Мафия сардори (24-қисм)

Мафия сардори (25-қисм)

Мафия сардори (26-қисм)

Мафия сардори (27-қисм)

Мафия сардори (28-қисм)

Мафия сардори (29-қисм)

Мафия сардори (30-қисм)

Мафия сардори (31-қисм)

Мафия сардори (32-қисм)

Мафия сардори (33-қисм)

Мафия сардори (34-қисм)

Мафия сардори (35-қисм)

Мафия сардори (36-қисм)

Мафия сардори (37-қисм)

Мафия сардори (38-қисм)

Мафия сардори (39-қисм)

Мафия сардори (40-қисм)

Мафия сардори (41-қисм)

Мафия сардори (42-қисм)

Мафия сардори (43-қисм)

Мафия сардори (44-қисм)

Мафия сардори (45-қисм)

Мафия сардори (46-қисм)

Мафия сардори (47-қисм)

Мафия сардори (48-қисм)

Мафия сардори (49-қисм)

Мафия сардори (50-қисм)

Мафия сардори (51-қисм)

Мафия сардори (52-қисм)

Мафия сардори (53-қисм)

Мафия сардори (54-қисм)

Мафия сардори (55-қисм)

Мафия сардори (56-қисм)

Мафия сардори (57-қисм)

Мафия сардори (58-қисм)

Мафия сардори (59-қисм)

Мафия сардори (60-қисм)

Мафия сардори (61-қисм)

Мафия сардори (62-қисм)

Мафия сардори (63-қисм)

Мафия сардори (64-қисм)

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here