Мафия сардори (66-қисм)

0

Укасининг ҳайҳотдай ҳовлисида Бўроннинг ёлғиз ўзи қолди. На кетишини билади ва на қолишини. Қандайдир куч келиб унинг кўкрагидан эзади. У талай муддат ҳовлида телбавор кезганидан кейин беихтиёр уйга кирди. Ҳаммаёқнинг тўс-тўполони чиқиб ётибди. Худди ўғри тушганга ўхшарди бу уйга. У аста-секин юқори қаватга кўтарила бошлади. Шу пайт ниманингдир қарсиллаган овози эшитилди. Бўрон чўчиб тушди. Аввал пастга, кейин юқорига қараб олди-да, кўтарилишда давом этди. Яна товуш эшитилди. Буниси бутунлай бошқача, илоннинг вишиллашига ўхшайди. Ваҳималидан-ваҳимали. “Газ ёқиқ қолдимикан?” деган хаёлга борган Бўрон дарров идиш-товоқлар сочилиб ётган ошхонага кирди. Газни кўздан кечирди. Ҳаммаси жойида. Ҳайрон бўлиб, иккинчи қаватга чиқиш умидида зина тарафга юрди. Ва яна аллақандай товушни эшитди. Бу аниқ: қандайдир идиш синди. У шошди. Тепада кимдир бор. Бошқача бўлиши мумкин эмас. Чунки оёқ товуши ҳам эшитила бошлаган эди-да. “Ўғри!” Ҳа, унинг хаёлига келган дастлабки ўй шундай эди. Чунки тўс-тўполондан ҳам фойдаланиб қолувчилар ҳақида у кўп эшитган. Бўроннинг назарида, бирорта қўли эгри одам йўлдан ўтаётиб оиладаги бесаранжомликдан хабар топиб қолган бўлса-ю, ҳеч кимга сездирмасдан (ахир, унинг уйга кириб келганини Фароғат сезмай қолди-ку! Ўғрилар бундай юмушларни кўз очиб юмгунча қилишади) кириб олиб, ҳаммани кетган хаёл қилиб, иккинчи қаватнинг ағдар-тўнтарини чиқараётган бўлиши ҳам эҳтимолдан йироқ эмасди.

У зиналардан илдамлик билан юқорилаётган эди-ю, аммо юраги қилиқ чиқариб қолди. Ахир, ўғирликка тушган одам ўзининг ҳимоясиниям ўйлайди. Ва албатта, ҳеч қурса, тиғи ўткир пичоқни чўнтагига солиб олади. У қўққисдан Бўрон билан дуч келиб қолса борми?.. Йўқ, ҳали унинг яшагиси келади. Арзимаган беш-олти сўмни деб, жувонмарг бўлишни истамайди. Бунинг устига, кетса, укасидан кетибди. Келининиям аллақачон томи кетган, агар вақтида Бўрон етиб келмаганида, уйи кулга айланган бўларди… Энди ўғри ўзининг ризқини олиб кетсаям майли, бунинг учун уни биров айблолмайди.

Зинанинг охиригача боришга барибир юраги дов бермади.

— Ҳов, ким бор?! — деб бақирди.

Ҳеч ким жавоб қилмади. Гурсиллатиб у ёқдан-бу ёққа қочган ўғрининг оёқ товушлари ҳам эшитилмади. Бўрон қулоғига кўпам ишонмади. Шу боис яна бир марта бақириб кўрди. Тағин жимжитлик.

“Ўл-а, қуён юрак! Нимадан қўрқаяпсан? Ўғри эмиш… Ўғрига бало борми? Ҳамма нарсадан шубҳаланадиган бўлиб қолибсан?” — дея у ўзини-ўзи яниди. Сўнг илдам юриб иккинчи қаватга чиқди-да, Жаҳонгирнинг хонасига кирди. Кирди-ю, тахтадай қотиб қолди. Полнинг устида бир парча қон!

* * *

Бек жаҳли чиққанидан ёстиқнинг устига мушт туширди ва ўгирилиб хонани тарк этди. Айвонга чиқиб бошқаларнинг назарида ён-атрофни томоша қилган киши бўлиб, сигарета тутатди. Аслида асабини тинчлантириб олмоқчийди, баттар бўлди. Чунки у пастга қараган ва машинадан тушаётган Шоҳруҳ билан Юлдузни кўрган эди. Машинадан тушиб, уйга кириб кетишганида ҳам майли эди. Аввал Шоҳруҳ тушди, кейин Юлдуз тушиб севгилисини қўлтиқлаб олди. “Бу нима бедодлик? Одам шунчаликка ҳам борадими? Севишимни Юлдуз сезмаганмиди? Сезувди. Сезганлиги учун ҳам қўлини берганди. Падар лаънати Шоҳруҳ келиб қолмаганда, лабидан бўса олган ва юрагимдаги гапни айтган бўлардим. Ҳа, шу ювуқсиз айбдор. Ўзи қайси гўрдан пайдо бўлди?” — дея хаёлидан ўтказган Бек қўлидаги сигарета қолдиғини улоқтириб юборди. Атайин, қиз билан йигитнинг устига тушсин, деб улоқтирди. Сўнг бирдан ўзини панага олди.

Юлдуз билан Шоҳруҳ ҳар доимгидан ўзгача эди. Иккови ҳам хурсандчилигини яширолмай юзда табассум билан кириб келишди.

Бек Юлдуз зарурат юзасидан унга турмушга чиқаяпти, деган ўйда эди. Шу боисдан ҳам қизнинг юзига тикилди. Ундан норозилик аломатларини қидирди. Аммо тополмади. Табассум, хурсандчилик… Ҳа, фақатгина шулар зоҳир эди унинг юзида. Бек пешонасига урмоқчи бўлганида, эшикдан ниҳоятда соҳибжамол, истарали қиз кириб келди.

Юлдуз ҳамма билан сўрашиб бўлгач, Оксанани кўрсатиб:

— Менинг дугонам Оксана. Роман Фёдоровичнинг арзандаси, — деди.

Шунда Оксана ним жилмайиб қўйди. Жилмайиш ортида бошқа бир нарса ётгандай туйилди Бекка. Афсус, у бирданига нотаниш қизни (дарвоқе, уни Бек танирди. Шоҳруҳ ишкал чиқариб ҳаммаёғи кўкариб кетганида, Роман Фёдоровичнинг йигитлари уни обдан калтаклаганларида узоқдан кўрувди. Қадди-қомати эсида эди-ю, аммо юзини яхши кўролмагани боис хотирасида сақланмаганди) кўнглидагидай кузатолмади. Хаёли бузилди. Чунки Шоҳруҳ ҳеч тортинмай, Юлдузнинг кўз ўнгида Оксананинг елкасидан қучди.

— Келиннинг дугонаси, дадасининг арзандаси, демак, бизнинг ҳам эркамиз бўлади, шундайми? — деб у Юлдузга қаради. Шоҳруҳнинг айни дақиқада бутун диққати Бекда эди. Ундаги ўзгаришни кутаётганди. Сабаби аниқ. У айнан шу Бекдан Юлдузни қизғанади. Бир марта уларнинг бир-бирларига тиқилиб ўтирганларини кўрган бўлса, иккинчисида, у уялмасдан тўшагида ётган қизнинг ёнига ўтириб олганининг гувоҳи бўлганди. Айни дамда шунинг учун ҳам Оксананинг елкасидан қучди. Бу қилиғини Юлдуз оддий ҳол деб қабул қилишини Бекка кўрсатиб қўймоқчи бўлди. Аммо шу ондаёқ Бек билан қайлиғини қандай ҳолда кўрганини эслаб, дарров қўлини бегона қизнинг елкасидан олди. Қўрқувдики, Юлдузнинг қовоғи осилиб қолади деб. Аммо бундай бўлмади.

— Бўлмасам-чи! — деб унинг гапини маъ-қуллади Юлдуз ҳам. Унинг юзида ял-ял табассум пайдо бўлди. — Энди гапни кўпайтирмайлик-да, ҳаммамиз тўйга тайёргарлик кўрайлик. Шоҳруҳ ака, болалар ҳозирданоқ кетаверишсин. Биз кейинроқ борамиз, хўпми? — деди у гапини давом этказиб.

Кейин улар иккиси ётоқхонага киришди. Оксана айвонга чиқди. Ўша ерда келин-куёвларни кутадиган бўлди.

Ётоқхонада Юлдуз Шоҳруҳнинг белидан чимчиди.

— Воҳ! Нима қилдим? — деди Шоҳруҳ аразлаган киши бўлиб.

— Агар яна бир марта бегона қизга қўлингизни теккизсангиз, мендан кўрадиганингизни кўрасиз! Аяб ўтирмайман, тушундингизми? — дея қиз унинг кўзларига тикилди.

— Хўп бўлади. Хўп! — деб жилмайди Шоҳруҳ.

Шу билан қиз рашкчи эканлигини билдириб қўйди. Албатта, ҳазил-ҳузул билан. Аслида Шоҳруҳ Оксанани қучганида жон-пони чиқиб кетганди унинг.

Улар машинага ўтиришгач, Оксана уйларидаги хизматчи аёлга қўнғироқ қилиб, тезда йигитларнинг биронтаси билан дала ҳовлига етиб боришни тайинлади.

Унинг мана шу гапи Шоҳруҳга ёқмади. Тўғри, у хизматчи аёлнинг кимлигини билмасди, лекин негадир Оксана хизматчисини таклиф қилганидан кўнгли хижил бўлди. У дўконга бориб, Юлдуздан аввал ўзига кийим-бош танлаб бўлганидан кейин ҳам, негадир хизматчи аёл тўғрисида ўйлади. Унинг келишини истамаётган эди. Шоҳруҳ ҳатто у аёлни эслаш буткул кулгили деб ҳам хаёлидан кечирди. Чунки хизматчи аёл ким-у, у ким? Келса келибди. Коса-товоқ ташиса, ташибди. Шу билан нима ўзгариб қоларди? Шундай хаёлда у бир-икки марта мийиғида кулиб ҳам қўйди. Аммо барибир яна эсига тушаверди.

Юлдуз оппоқ либосда ниҳоятда очилиб кетди.

— Мен бунга чидолмайман, — деди у қиз кўйлакни кийиб тошойна қаршисида у ёқ-бу ёғини кўраётганида, — бошқа жўнроғини танла. Бўлмаса, рашкдан юрагим ёрилиб кетади. Чунки ҳаддан зиёд гўзаллашиб кетдинг.

— Ана, холос! — деди Оксана унинг гапига кулиб. — Унда ўзларингдаги каби устига паранжи ёпиб қўйишимизга тўғри келади. Чунки бу қизга ҳамма кўйлак ярашади.

Оксана ҳозир рашкни унутди. Самимий гапирди. Юлдузга жудаям ҳаваси келганидан шундай деб юборганини ўзи ҳам сезмай қолди.

— Яна битта йўли бор, — деди у бир неча сония ўтказиб, — ўрнига мен ўтириб тураман. Юляни бирорта хонага қамаб қўямиз. Тўй тугаганидан кейин яна икковларинг бирга қолаверасизлар.

— Оксана, мен чидолмайман! — деб кулди Юлдуз.

— Унда куёвинг сенинг очилиб кетганингга ва гўзаллигингни ҳамма кўришига чидашга мажбур.

— Ҳа, бир неча кунлаб мени ёлғиз ташлаб кетгани учун бу унга жазо!

— Мен таслимман! — деб иккала қўлини ҳам юқорига кўтарди Шоҳруҳ.

Кулги кўтарилди.

— Энди мен бу ерда ортиқ туролмайман, яхшиси, сизларни машинада кутаман, — деб дўкондан ташқарига чиқиб кетди.

Бир неча дақиқалик дилхушлик дарров уни тарк этди. У ҳозир Оксананинг уйига қўнғироқ қилганини ва хизматчи аёлга тезда дала ҳовлига боришини тайинлаганини унутганди. Аммо кўнглининг хиралиги тағин пайдо бўлди. Шу боисдан Бахтиёрга қўнғироқ қилди-да, Роман Фёдоровичнинг дала ҳовлисига етиб боришлари билан банкирнинг одамларига сездирмасдан ҳаммаёқни кўздан кечириб чиқишларини тайинлади.

Унинг хавотири бежиз эмасди. Оксана хизматкорга қўнғироқ қилиб ҳамма гапни айтганидан кейин, қўрқувдан ранги докадек оқариб, нима қиларини билмай ўтирган аёлнинг бирдан юзига қувонч югурди. Ва Рамиз-Февзининг шотирларига қўнғироқ қилиб, бўлажак тантана ҳақида уларни огоҳлантирди. Орқасидан: “Илтимос, энди менинг болаларимни тинч қўйинглар. Сизларнинг ҳамма ишларингни қўлимдан келганча бажараяпман”, деди.

— Лекин бари халтура, бизга натижа муҳим. Агар арзандани ўлдирсанг, жаннат оёғинг остида. Мабодо, шу сафар ҳам у тирик қолса, унинг ўрнига нариги дунёга сен сафар қиласан, уруғ-аймоғинг билан бирга, — деди дўриллаган овоз соҳиби. — Беш дақиқадан кейин яна қўнғироқ қил, сенга кўрсатма берамиз.

Омадсизлик Рамиз-Февзининг жонига тегиб кетди. Агар ҳамма ишлари кўнгилдагидай якунланганида, у хорижга чиқиб кетмоқчи ва шу билан қайтиб келмоқчи эмасди. Унинг олган хабарларига қараганда, Голландияда наша чекиш расман рухсат этилган экан. Бу унинг наркобизнесни у ёқларда давом эттириши учун айни муддао. Бу ерда қандайдир майда-чуйда (у бутунлай ўзининг кимлигини унутганди) одамлар билан ҳисоб-китоб қилиш жонига тегиб кетганди.

Йилига камида икки-уч юз кг марихуана сотса, олам гулистон. Пичоғи мой устидан бери келмайди. Лекин бунинг учун пулларини Кипр банкига ўтказиши керак. Шу оддийгина ишни қандай бажаришни у ўйлаб тополмаётган эди. Ваҳоланки, шотирларига бир оғиз айтса, тамом, ҳамма йўл-йўриқдан хабардор қилади. Шунда банкирни, унинг қизини ўлдиришнинг ҳам ҳожати қолмайди. Аммо у бундай қилолмасди. Орттирган пулларини бошқаларга билдиргиси йўқ эди. Чунки шотирларига ишонмасди. Тўғри, уларнинг баъзилари Рамиз-Февзининг ҳисоб рақамида катта суммадаги пул борлигини билишарди. Бироқ, бу ерда борлигини билган бошқа, хориждагисини билган бошқа. Унинг яна битта ниҳоятда аҳмоқона иши (ахир буни деб қанча одамларидан айрилди) Роман Фёдоровичнинг қизини йўқ қилиб, унинг отасини қўрқитиб қўйишда эди. Мабодо Оксана ўлдириладиган бўлса, Роман Фёдоровичнинг мутлақо ожиз жойи қолмаслигини у ҳатто ўйлаб ҳам кўрмасди.

Навбатдаги хушхабарни эшитганида, у ҳар доимгидай бир нуқтага термилганча пиво симириш билан овора эди.

Шотири банкирнинг қизини тинчитишнинг яна бир имкони пайдо бўлганини тўлиб-тошиб гапириб бераётганида, у гўё қулоғи кар одамдай қўшиқ хиргойи қилди. Йигити сўзлаб бўлгач, ёнидан тўппончасини олиб столнинг устига қўйди.

— Мана шунинг ичида, — деди у қуролини кўрсатиб, — бешта патрон бор. Агар бу сафар ҳам қовун туширадиган бўлсанг, ҳаммасини сенинг танангга санчаман. Тушунгандирсан! Энди ишни тамомлагач, олдимга келасан!

Йигити сертавозелик билан чиқиб кетди. У ўзига ишонганидан шундай қилди. Чунки бу сафар кампир амаллаёлмаса, уруғ-аймоғига қирон келади. Албатта, унинг ҳам умри тугаши мумкин. Буниси энди эҳтимолдан анча йироқ. Рамиз-Февзи шундай дегани билан, ишончли одамлари саноқли қолди. Уларни ҳам гумдон қилса, қўл-оёқсиз қолади. Италиялик ҳомийсининг ёнига қуруқ қўл билан боради. Бир-икки марта Рамизнинг лаллайишидан кўз юмган ҳомий, охири, унинг баҳридан ўтиб қўя қолиши ҳам ҳеч гапмас. Мана шуларни яхши билган Рамизнинг шотири хўжайинининг ёнидан чиқиши билан режа тузишга тушиб кетди.

Нуриддин ИСМОИЛОВ

(Асарнинг кейинги қисмларини яқин соатларда ўқийсиз)

Аввалги қисмларни ўқиш учун қуйидаги ҳаволаларни босинг:

Мафия сардори (1-қисм)

Мафия сардори (2-қисм)

Мафия сардори (3-қисм)

Мафия сардори (4-қисм)

Мафия сардори (5-қисм)

Мафия сардори (6-қисм)

Мафия сардори (7-қисм)

Мафия сардори (8-қисм)

Мафия сардори (9-қисм)

Мафия сардори (10-қисм)

Мафия сардори (11-қисм)

Мафия сардори (12-қисм)

Мафия сардори (13-қисм)

Мафия сардори (14-қисм)

Мафия сардори (15-қисм)

Мафия сардори (16-қисм)

Мафия сардори (17-қисм)

Мафия сардори (18-қисм)

Мафия сардори (19-қисм)

Мафия сардори (20-қисм)

Мафия сардори (21-қисм)

Мафия сардори (22-қисм)

Мафия сардори (23-қисм)

Мафия сардори (24-қисм)

Мафия сардори (25-қисм)

Мафия сардори (26-қисм)

Мафия сардори (27-қисм)

Мафия сардори (28-қисм)

Мафия сардори (29-қисм)

Мафия сардори (30-қисм)

Мафия сардори (31-қисм)

Мафия сардори (32-қисм)

Мафия сардори (33-қисм)

Мафия сардори (34-қисм)

Мафия сардори (35-қисм)

Мафия сардори (36-қисм)

Мафия сардори (37-қисм)

Мафия сардори (38-қисм)

Мафия сардори (39-қисм)

Мафия сардори (40-қисм)

Мафия сардори (41-қисм)

Мафия сардори (42-қисм)

Мафия сардори (43-қисм)

Мафия сардори (44-қисм)

Мафия сардори (45-қисм)

Мафия сардори (46-қисм)

Мафия сардори (47-қисм)

Мафия сардори (48-қисм)

Мафия сардори (49-қисм)

Мафия сардори (50-қисм)

Мафия сардори (51-қисм)

Мафия сардори (52-қисм)

Мафия сардори (53-қисм)

Мафия сардори (54-қисм)

Мафия сардори (55-қисм)

Мафия сардори (56-қисм)

Мафия сардори (57-қисм)

Мафия сардори (58-қисм)

Мафия сардори (59-қисм)

Мафия сардори (60-қисм)

Мафия сардори (61-қисм)

Мафия сардори (62-қисм)

Мафия сардори (63-қисм)

Мафия сардори (64-қисм)

Мафия сардори (65-қисм)

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here