Барно Набизода – Исроил армиясида хизмат қилаётган ўзбек қизи

0

21 ёшли Барно Набизода Ўзбекистондан репатриация бўлганидан бир йил ўтгач, ЦАХАЛ (Исроил армияси) қутқарув бригадасининг ёш аскарлар курсини муваффақиятли тамомлади. Барно яҳудий эмаслигига қарамай, Исроилни яхши кўриб қолган ва армияда хизмат қилишга жазм этган, деб ёзади «MyTashkent.uz»га асосланиб Дарё нашри.

Фото: САХАЛ матбуот хизмати

Набизода Тошкентда туғилган. Унинг отаси озарбайжонлик яҳудий эди, онасининг келиб чиқиши мусулмон ва насронийларга тақалади. Қизалоқ 8 ёшга тўлганида онаси оилани ташлаб кетган. Шундан буён Барнони яҳудий бувиси тарбиялаган. Қиз 12 ёшида отасидан айрилган. Унинг вафотига Чернобиль атом электростанциясида юз берган авария оқибатларини бартараф этиш вақтида олинган нурланиш сабаб бўлган, дея тахмин қилинади.

9 ёшида Барно Тошкентдаги яҳудийлар мактабида ўқиган ва айнан шу ерда Исроил маданияти билан танишган. «Мен ўзимни доимо яҳудий сифатида ҳис қилганман», — дейди Барно.

Набизода уч йил фармацевтликка ўқиган, бироқ 18 ёшида бу соҳа унинг учун эмаслигини тушуниб етган. У бир вақтнинг ўзида «Сохнут» яҳудийлар агентлиги томонидан ташкиллаштирилган тадбирларда иштирок этган, ўқишни тугатгач эса «Таглит» дастури асосида Исроилга кетган.

Шундан сўнг Барно «Маса» дастури асосида яна икки марта Исроилга, университетда ўқиш учун келган. Исроил ва унинг аҳолиси билан танишган қиз шу ерда яшашни хоҳлашини англаб етган.

Барнонинг айтишича, у учта сабабга кўра ЦАХАЛ’га қўшилишга қарор қилди. Биринчидан, у ўзининг нимага қодирлигини тушуниб етиши учун бирор аҳамиятли иш қилишни хоҳлаган. Иккинчидан, у Исроил учун фойда келтиришни ва, учинчидан, доимо ҳаракатда бўлишни истайди. Барно 2015 йилнинг августида армияда хизмат қилишни истовчилар учун мўлжалланган «Сабар» дастури орқали Исроилга жўнаб кетди.

Шундан бери у Раънандаги ёлғиз-аскарларга мўлжалланган абсорбция марказида яшайди. «Мен одамларни қутқаришни ўргандим», — дейди Барно.

Фото: Facebook / Барно Набизода

Барно тутинган оиласи билан бирга яшаш учун Ҳайфага кўчиб ўтишни режалаштирмоқда. Бироқ у Ўзбекистонда қолган бувисини жуда соғинади. Яқинда бувиси набираси билан бирга яшаш мақсадида Исроилга репатриация бўлишга қарор қилди.

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here