Мафия сардори (68-қисм)

0

* * *

Бўрон ранги докадай оқариб ўтириб қолганини ўзи ҳам сезмади. Бир муддат полдаги қонга термилди. Сўнг кўзини юмди. Милклари жуда қаттиқ оғриб кетди. Бошларини беш-олти марта қаттиқ силтади. Шундан кейингина кўзини очди. Кўрсаки, қон аслида қон ҳам эмаскан, деразага қизил рангли хийлагина катталикдаги лупа қўйилган, унинг шуъласи эса полга тушиб турган экан. Бўрон жаҳл билан ўрнидан ирғиб турди. Лупани полга уриб чилпарчин қилди. Кейин ивирсиб, сасиб ётган хонани кўздан кечирди-да, чирт этказиб гиламнинг устига тупурди.

Укасининг хонасига кирганида хушбўй атир ҳиди гуп этиб юзига урилди. Асаб толалари бироз юмшади. Бу ерда ҳам гарчи Жаҳонгирнинг хонасидаги каби бўлмаса-да, бетартиблик бор эди. Шу пайт у иккинчи хотинини эслади. «Майли, — ўйлади у, — Жаҳонгирнинг хонасининг тартибсизлигини тушунса бўлади. Жанжал-тўполоннинг орқасидан бўлган, лекин эр-хотиннинг хонасида ҳамма нарса жой-жойида туриши керак-ку!» У шундай хаёлга боришга борди-ю, лекин биринчи аёли Фароғат ҳам Хонзодадан ортиқ эмаслиги эсига тушди. Унинг «фаҳм-фаросати ва меҳнаткашлиги» дастидан, қачон қарама, ҳамма нарса сочилиб ётади. Бўрон унга бир гапирди, икки гапирди… барибир бўлмади. Беш-олти марта сўкиб, бир сафар юзига шапалоқ ҳам туширди. Йўқ, букрини гўр тўғрилайди, деб бежиз айтишмаган экан. Фароғат сўкиш эшитган кунлари номигагина уйни йиғиштирадиган бўлди. Кейинги кунларда эса яна асл ҳолига қайтиб олди. Буни кўрган Бўроннинг қўл силташдан ўзга иложи қолмади. Чунки эшагу итни қанча тарбия қилганинг билан барибир одам бўлмас экан.

Дастлаб кирганида димоғига урилган мушк-анбар ҳиди йўқолгандай туйилиб, Бўрон хонадан пешонаси тиришиб чиқди ва бир-бир босиб пастки қаватга тушди.

Онасининг гапларини эслади: «Болам, сен фарзандларимнинг каттасисан. Ҳолларидан хабар олиб тур. Бирови қийналса, мен гўримда тинч ётолмайман», деганди у. Бироқ Бўрон Содиқ укасига қўшилиб Шоҳруҳни тепкилаганида она васиятини унутди. Ўшанда унинг ғазаби жунбушга келган эди ва, албатта, тепкиларни тарбиянинг бир усули деб ўйлаганди. Лекин буларнинг бари бесамар эканлиги унинг тушига ҳам кирмаган эди. Ҳозир эса эсига тушди. Шунда ҳам Шоҳруҳга озор бериб қўйгани учун онасининг руҳи безовталиги ҳақида эмас, Содиқ бўшанглик қилиб оиласини пароканда қилиб қўяёзгани учун у ўзини онасининг руҳи олдида айбдордек ҳис этди. «Эҳтимол, тўртта мардикор аёл олиб келиб, ҳамма ёқни тартибга келтириб қўйсам, онам мени кечирар», деб ўйлади. Шу мақсадда ташқари эшик ёнига борди. Бироқ бирдан телефон асабий жиринглаб, унинг хаёлини бўлиб қўйди.

— Алло, Шаҳлоларнинг уйими? — сўради қўнғироқ қилган қиз бирозгина нозли овозда.

— Ҳа, Шаҳлоларники. Мен амакиси бўламан, — жавоб қилди Бўрон бўғиқ товушда. У мутлақо бунақанги оҳангда гапирмоқчи эмасди. Чунки қандай аҳволга тушмасин, ўзини дадил тутарди. Аммо ҳозир негадир томоғини қириб, товушига дард бериб юборди.

— Анақа… Мен Шаҳлонинг дугонаси Севинч бўламан. Чақириб беринг, илтимос.

— Чақириб беролмайман. У ҳозир уйда йўқ. Кўриб қолсам айтаман, — деб Бўрон гўшакни қўйди ва ташқарига чиқиб кетди. Шу билан бирга уйни тозалатиш ҳам ёдидан кўтарилди. Аниқроғи, эринди.

* * *

Севинчнинг биргина: «Амакинг ғалатироқ гапирди», дегани Шаҳлони қўрқитиб юборди. У дугонасининг бошқа гапини эшитмади.

— Нима бало, қулоғинг том битдими? — деди Севинч сўроғига жавоб қайтавермагач.

— Ишқилиб, уйдагилар тинчмикан? — деди Шаҳло бироз ўзига келгач. — Нима бўпти? Айтишмадими?

— Ўзинг қаерларда юрибсан? Уйингга кетаётганингни айтгандинг-ку. Ёки яна қочиб чиқиб кетдингми?

— Ҳали ҳаммасини гапириб бераман. Сен менинг уйимдагилардан…

— Қаердасан?! — сўради Севинч Шаҳлонинг гапини бўлиб. — Боядан бери сўрайман, айтмайсан.

Шаҳло жавоб беришдан аввал Фотима опага юзланди.

— Ойижон, — деди унга умид кўзларини тикиб, — уйимизга бориб келсам майлими? Кирмайман. Дугонамни киритвораман, ўзим берироқда кутиб тураман. Нима бўлганлигини билиб, дарров қайтаман.

Севинч гўшакдан у кимнидир «ойижон» деганини эшитди. Одатда, бунақанги сўз қайноналарга нисбатан ишлатилади. Севинчнинг кўзлари каттариб кетди. Шаҳлонинг ўша аёл билан тезроқ гаплашиб бўлишини кутди.

Фотима опа ўйланиб қолди. У иккиланаётган эди. Ҳозир бунга жавоб бериб юборса… Биринчидан, ҳали оёғи тузалгани йўқ. Иккинчидан, Мурод нима дейди? Ҳозирча хотини эмас, лекин барибир унга тегишли…

— Қийналиб қолмайсизми, қизим? — деди Фотима опа.

— Йўқ, ойижон. Дугонамга айтаман, таксида келади. Шундоқ подъезддан олиб кетишади. Жудаям хавотир олаяпман, ойижон!

— Муродга айтиб қўйсак… Йўқ, майли, ўзим тушунтираман. Агар подъезднинг ёнидан олиб кетишса, боринг-у, қайтинг. Тағин мен Муроддан гап эшитиб юрмайин.

— Раҳмат, ойижон! — деди Шаҳло ва гўшакка қулоғини тутиб «Севинч» дейиши билан дугонаси:

— Нима дединг? Ким у ойижонинг?! — деб сўраб қолди.

Аммо бу сафар ҳам Шаҳло жавоб бермади, бунинг ўрнига:

— Дугонажон, таксида келгин, мен адресни айтаман, — деди шошиб.

— Бўпти, тайёр бўлиб тур. Ишқилиб, боргунимча қайнонанг айниб қолмасин, — деди Севинч Шаҳло берган манзилни кичкина қоғозчага ёзгач.

Шаҳло қизил тугмачани босиб телефонни ўчирганидан кейин Фотима опанинг ёнидан айбдорлардек бошини эгганча ўтди-да, ётоғига кирди. Шошилмасдан кийинди, ўзига оро берди. Шу маҳал осмондан тушдими, ердан чиқдими, хонада Наргиза пайдо бўлди.

— Кеннойи! — деди у кўзлари порлаб. — Дугоналарим ҳасаддан ўлиб қолишди. Бунақанги фасондаги кўйлакни ҳали умрларида кўришмаган экан, оғизлари очилиб қолди. Минг долларга бўлсаям тиктираман, деганлари бўлди. Кеннойи, бой бўлиб кетасиз!

Наргиза: “Хушхабарни эшитиб, Шаҳло қувончдан ирғишлаб кетса керак”, деб ўйлаган эди. Аммо Шаҳло жилмайибгина қўйди, холос.

Наргиза унинг аҳволини суриштириш учун эндигина оғиз жуфтлаганида, хонага Фотима опа кириб келди.

— Наргиза, яхши келдингми, қизим? Шаҳлохон билан бирга бир жойга ўтиб келинглар. Бир ўзи шу аҳволда бормасин, — деди.

Шаҳло Наргизанинг боришини ҳечам истамас эди. У ҳам борса, оиласининг аҳволини кўрса, кейин бирда бўлмаса, бирда юзига солмайдими?.. Лекин илож йўқ.

Севинч тезда етиб келди. Машинадан тушибоқ, дугонасини қучоқлади. Юзидан чўлпиллатиб ўпди. Шундан кейин Наргизани таништирди. Севинч Шаҳлонинг ёнидаги қизнинг кўйлагини кўриши билан энтиккан эди. Шу боисдан ҳам дугонаси билан кўришаётганида унга зимдан бошдан-оёқ разм солди.

— Муроднинг синглиси бўласизми? Жудаям хурсандман. Устингиздаги кўйлагингиз жудаям ярашиб турибди сизга, — деди озгина хушомад билан.

— Раҳмат, кеннойимларнинг хизматлари, — деб Наргиза кўйлагини сийпалаб қўйди.

— Унда кеннойингизга айтинг, битта заказ бор.

Шаҳло қизарди. Бир Наргизага, бир Севинчга кўз ташлаб қўйди-да:

— Тезроқ кетайлик, — деди.

Шу билан Наргизанинг мақтанишига, тўғрироғи, уни мақташига йўл қўймади.

Манзил яқинлашгани сайин Шаҳлонинг юраги безовта урар, ҳар-ҳар замон қимирлаб қўяр, чуқур-чуқур нафас оларди. Унинг аҳволини икки ёнидаги қизлар англаб турсалар-да, на униси ва на буниси чурқ этди. Ҳамманинг кўзи йўлда эди, гўё улар шу тахлит тикилиб кетмасалар, ҳайдовчи машинани бирон жойга уриб оладигандай ёки манзилдан адашиб кетадигандай.

Ниҳоят кўзланган жойда улов тўхтади. Қизларнинг учаласи ҳам машинадан тушишди.

— Сен боравер, — деди Шаҳло Севинчга, — биз Наргизахон иккаламиз шу атрофни айланиб турамиз. Ойимдан ҳол-аҳвол сўра. Фақат мен ҳақимда ҳеч нима дема. Адам, ойим, укам яхши бўлсалар бўлди. Тезроқ келгин. Юрагим ёрилиб кетай деяпти.

Севинч хўп дегандек бош силкиди ва илдам юриб кетди.

— Кеннойи, нима бўлди? — деди тоқати тоқ бўлган Наргиза Севинч узоқлашганидан кейин.

Бошқа пайт бўлганида, Наргизанинг оғзидан «кеннойи» деган сўз чиққанлиги учун Шаҳло уни маҳкам қучиб, юзидан ўпган бўларди. Ҳозир гарчи кайфияти ёмон бўлса-да, шуни ўйлаёлди.

Улар озгина юрганларидан кейин тўхташди. Чунки Шаҳло юришга жудаям қийналаётганди. Севинч ҳам узоқ қолиб кетмади. У югуриб қайтиб келди-да:

— Уйларингда ҳеч ким йўққа ўхшайди. Лекин дарвоза негадир очиқ. Қўнғироқни босдим. Биров жавоб бермади. Кейин эшикни итарсам, очилиб кетди. Киришга қўрқдим, — деди.

Шаҳлонинг кўзида ёш ҳалқаланди. У Наргизага суянган кўйи:

— Борайлик. Нимагадир юрагим безовта, — дея бир қўли билан юзига оқиб тушган ёшни артди.

Шаҳло оёғининг оғриғини унутди. Шахдам қадам босди. Кўп эмас, беш-олти метр. Кейин бирдан кўзи бир оёғининг гипсига тушди. Уйга дарвозадан аввал унинг ўзи кирди. Кираётганда титраб кетди. Гарчи Наргизанинг қўлидан маҳкам ушлаган эса-да, йиқилиб тушишига оз қолди. Наргиза уни белидан қучоқлади. Иккинчи тарафидан Севинч ҳам ушлади.

Уйга кираверишдаги зиналар бирма-бир босиб ўтилганидан кейин уйнинг эшиги очилди. Шаҳло ҳайратдан «Войдод!» дея қичқириб юборди.

* * *

— Ҳазилингиз жуда қўпол экан, тузукроғини ўйлаб топсангиз бўларди, — деди Шоҳруҳ ранжиганини яширмай.

— Менинг ёшгина дўстим, ҳазиллашмаяпман. Амалдорларни шундай деб чақирмасам, тўсатдан қилинган таклифга бирортаси ҳам рози бўлмайди. Натижада, сени таништиролмайман.

Шоҳруҳнинг ўзи бу сафар қадаҳига ароқни тўлдирди. Сўнг ичиб юборди-да:

— Қизингизга бошқа куёв топинг. Мен Юлдузни абгор қилмоқчимасман. Ниятингиз яхши эди. Лекин шу ниятнинг тагида бунақанги ифлослик ётибди, деб сира ўйламаган эканман. Раҳмат. Энди биз кетишимиз керак.

Роман Фёдорович Шоҳруҳнинг қўлидан ушлаб қолди. Иржайди. Кейин нарироқда турган қўриқчисига қаради. Қўриқчиси бошини қимирлатиб тасдиқлади. Аммо у нимани тасдиқлаганини Шоҳруҳ англаёлмади.

— Юля рози бўлибди. Ишонмасанг, юр, ўзим сенга кўрсатаман, — деб Роман Фёдорович Шоҳруҳни уй томон етаклади.

Банкир алдамаган экан. Оксана келинлик либосида ўзини кўзгуга солиш билан овора, ёнида эса Юлдуз. Қизнинг гоҳ кийимларини тўғрилайди, гоҳ сочларини тузатади. Ҳар-ҳар замон у ҳам кўзгуга боқиб, Оксананинг чиройини томоша қилади. Улар иккаласи бирга кўйлак танлашаётганларида Оксана худди шундай ҳавасланиб боққанди.

— Тушунмадим! — деди ҳайратланган Шоҳруҳ. — Нима ўйин бу?! Юлдуз!!!

Юлдуз чўчиб тушди ҳамда шоша-пиша овоз келган тарафга қаради. Сўнг жилмайиб:

— Оксанани бир кўринг, малика бўлиб кетди, — деди.

— Менга деса қиролича бўп кетмайдими?! Менга нима бўлаётганини айт! — дея Шоҳруҳ Юлдузнинг билагидан маҳкам ушлади.

— Оғриди, — деди Юлдуз пешонаси тиришиб.

— Баттар бўлсин. Гапир, нима бўлаяпти?!

— Қўлини қўйиб юбор, ўзим тушунтираман.

Нуриддин ИСМОИЛОВ

(Асарнинг кейинги қисмларини яқин соатларда ўқийсиз)

Аввалги қисмларни ўқиш учун қуйидаги ҳаволаларни босинг:

Мафия сардори (1-қисм)

Мафия сардори (2-қисм)

Мафия сардори (3-қисм)

Мафия сардори (4-қисм)

Мафия сардори (5-қисм)

Мафия сардори (6-қисм)

Мафия сардори (7-қисм)

Мафия сардори (8-қисм)

Мафия сардори (9-қисм)

Мафия сардори (10-қисм)

Мафия сардори (11-қисм)

Мафия сардори (12-қисм)

Мафия сардори (13-қисм)

Мафия сардори (14-қисм)

Мафия сардори (15-қисм)

Мафия сардори (16-қисм)

Мафия сардори (17-қисм)

Мафия сардори (18-қисм)

Мафия сардори (19-қисм)

Мафия сардори (20-қисм)

Мафия сардори (21-қисм)

Мафия сардори (22-қисм)

Мафия сардори (23-қисм)

Мафия сардори (24-қисм)

Мафия сардори (25-қисм)

Мафия сардори (26-қисм)

Мафия сардори (27-қисм)

Мафия сардори (28-қисм)

Мафия сардори (29-қисм)

Мафия сардори (30-қисм)

Мафия сардори (31-қисм)

Мафия сардори (32-қисм)

Мафия сардори (33-қисм)

Мафия сардори (34-қисм)

Мафия сардори (35-қисм)

Мафия сардори (36-қисм)

Мафия сардори (37-қисм)

Мафия сардори (38-қисм)

Мафия сардори (39-қисм)

Мафия сардори (40-қисм)

Мафия сардори (41-қисм)

Мафия сардори (42-қисм)

Мафия сардори (43-қисм)

Мафия сардори (44-қисм)

Мафия сардори (45-қисм)

Мафия сардори (46-қисм)

Мафия сардори (47-қисм)

Мафия сардори (48-қисм)

Мафия сардори (49-қисм)

Мафия сардори (50-қисм)

Мафия сардори (51-қисм)

Мафия сардори (52-қисм)

Мафия сардори (53-қисм)

Мафия сардори (54-қисм)

Мафия сардори (55-қисм)

Мафия сардори (56-қисм)

Мафия сардори (57-қисм)

Мафия сардори (58-қисм)

Мафия сардори (59-қисм)

Мафия сардори (60-қисм)

Мафия сардори (61-қисм)

Мафия сардори (62-қисм)

Мафия сардори (63-қисм)

Мафия сардори (64-қисм)

Мафия сардори (65-қисм)

Мафия сардори (66-қисм)

Мафия сардори (67-қисм)

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here