Мафия сардори (69-қисм)

0

Юлдузнинг кўзида бирдан ёш пайдо бўлди. У йиғлаб юбормаслик учун зўрға ўзини босиб турарди. Каратэ билан шуғулланаётганида икки марта қўли синганди. Бир марта оёғи чиқиб кетганди. Яна неча марта калтак еган. Лекин бирор марта ҳам йиғламаган. Ҳатто кўзига ёш келмаган. Аммо ҳозир Шоҳруҳнинг қилиғи ўтиб тушди. Аслида шундай бўлишини ҳам кутганди. Бироқ негадир ўзи азоб чекиши ҳақида ўйламаган экан.

Оксана ҳам қизариб кетганди. Шунчалик қизарган эдики, кўрган одамни қўрқитиб юборар даражада. Унга жудаям алам қилаётганди. Ахир бир марта гарчи ўз ихтиёри билан бўлса-да, Шоҳруҳ Оксанани бағрига босганди. У билан висол онларини ўтказганди. Нега энди бирдан у қўрқиб кетди? Мабодо ҳақиқатан ҳам шунақа бўлганида, ўзини-ўзи ўлдирар экан-да. Севган қизига шунчалик вафодор экан, Оксана қанақанги қилиқ қилмасин, уни ўзидан итариб ташлаши керак эди-ку! Лекин у буларни айни дамда йигитга айтолмайди. Азбаройи Юлдуз борлиги учун.

— Мен илтимос қилдим, — деди у Шоҳруҳни бироз четга тортиб, — чунки отам чиқиб бўлмайдиган ҳолатга тушиб қолди. Уни қутқаришим лозим эди. Йўли битта… Гўёки келин мен бўламан ва отам тўйимга мэрдан тортиб, прокуроргача бўлган одамларни таклиф қилади. Аслида, беш-олти кун аввал шунчаки чақчақлашиб ўтирамиз, деганида ҳам келишарди. Лекин ҳамма нарса бугун ҳал бўлди. Амалдорлар кутилмаган таклифга умуман боришмайди. Отам ҳам бормайди. Лекин уларнинг ҳаммаси мени танишади. Уйимизга келишганида отам таништирган. Демак, менинг тўйимга келишга, албатта, рози бўлишади…

— Шошма, — деди Шоҳруҳ бирдан қизни гапиришдан тўхтатиб, — унда бошқа бир куёв танласанг ҳам бўлавераркан-ку. Айтайлик, қўриқчилардан. Шунда ҳеч нарса ўзгармайди.

— Ўзгаради. Амалдорларнинг биронтасининг ҳам яқинига йўлолмайсан. Кейин ҳам улар сени қабул қилишмайди. Мақсадинг, улар билан танишиш эди, шундаймасми?

— Бунинг учун Юлдузни йиғлатишим, азоблашим керакми?

— Мен ўзим кўндим. Оксана шунчаки роль ўйнаб беради. Мен эса хотинингиз бўлиб қолавераман. Кейин ўзимиз тўй қиламиз, ҳамма қариндошларимиз, яқинларимиз билан.

— Лекин нега менга аввалроқ айтмадинглар? Шунчалик сир тутиб мени довдиратишларинг шартмиди?.. Бўпти, унда мениям битта шартим бор. Ён томонимда сен ўтирасан.

— Нима десангиз, ҳаммасига розиман. Фақат ишимиз битса бўлгани.

Улар рус тилида гаплашишаётган эдилар. Шу боисдан ҳам Роман Фёдорович ва унинг эркатойи Шоҳруҳнинг гапларини эшитиб жилмайишди. Банкир келиб Шоҳруҳни қучоқлади ва унинг қулоғига шивирлади:

— Менинг қандай аҳволга тушишимни тасаввур қилаяпсанми? Оксананинг тўйини ўзим ташкил қилдим. Сохта тўйни. Унинг Петкаси эшитса борми, бирдан воз кечиб юборади.

У шундай дея кулди. Кейин куёв боланинг эртароқ кийиниб тайёр бўлишини, ҳали-замон меҳмонлар келиб қолишини айтди-да, ташқарига чиқиб кетди.

Бу пайтда Бек худди оёғи куйган товуқдай ташқарида у ёқдан-бу ёққа бориб келарди. У гўё ҳеч нимани кўрмаётгандай эди. Ҳа, кўрмасди. Ичини алам куйдирарди. Бир неча марта банкирнинг уйига кириб, Шоҳруҳни отиб ташлашни ҳам ўйлади. Бироқ қўрқув уни бундай ҳаракат қилишига йўл қўймади. У оқибатини ўйлади. Чунки Шоҳруҳни ўлдирган тақдирда ҳам, Юлдузга эга чиқолмасди. Аввало ё ўзиникилар ёки Роман Фёдоровичнинг одамлари пешонасидан дарча очади. Ундай қилмаганларида ҳам, Юлдузнинг нафратига дучор бўлади. Бу эса, ундан бутунлай айрилиш дегани.

У столлардан бирига ўтирди ва беихтиёр ароқ шишасига қўл узатди. Икки марта кетма-кет ичганидан кейин боши қизиди. Атрофни теранроқ кўраётгандай туйилди ўзига. Хаёлан тўйнинг режасини туза бошлади. Ва кутилмаганда кўзи келин-куёвнинг столини безатаётган аёлга тушди. Унинг хатти-ҳаракатлари жудаям шубҳали эди. Чунки тез-тез ён-атрофга ўғринча қараб қўяётганди. Бек уни бир неча дақиқа кузатиб ўтирди. Аёл нимадир қилганидан кейин столдан узоқлашди. Бек ҳам ўрнидан турди ва унинг ортидан кета бошлаганида, уйдан Роман Фёдорович чиқди. Сал бўлмаса хизматчи аёл билан тўқнашиб кетаёзди. Илгарилари, тўғрироғи, бошқа ҳар қандай пайтда у олдидан чиқиб қолган хизматчини туртиб юборар ва албатта сўкарди. Шу боисдан ҳам, ҳамма ундан қўрқарди. Бу сафар эса индамади.

— Эҳтиёт бўлиш керак, хоним, — деди.

Бу пайтда дарвоза тарафда мэр кўриниш берди. Роман Фёдорович шошганча унинг истиқболига юрди. Шу билан Бекнинг хаёли чалкашиб, уйга кирган хизматчи аёлни унутди.

Мэр банкир билан қучоқлашиб кўришганидан кейин Оксанани кўришни истаб қолди. Ва анча йиллардан бери қадрдон бўлган Роман Фёдоровичнинг елкасидан қўлини ўтказиб, юзидаги табассумни йўқотмаган кўйи уй томон кела бошлади. Бек ўзини четга олди. Бутун диққат-эътиборини мэрга қаратди.

— Хаёлимда, Оксана жудаям ёш қиздай. Ахир у билан таништирганингда бешинчи синфда ўқиётган қизалоқ эди-да. Мана, кўз очиб юмгунча… Дарвоқе, бир ой аввал кўргандим. Мафтункор жононага айланган экан. Эсингда бўлса, онаси ҳам худди шунақа эди, — дея сўзлади мэр.

Унинг бўйи узун, овози дўрилдоқ эди. Ҳар-ҳар замон бошини бир ёнига силтаб оларди.

— Мен уни келин либосида кўриб, онасини эсладим. Ишонсанг, дўстим, йиғлаб юборай дедим.

Роман Фёдоровичнинг гапини эшитган Бек тахта бўлиб қолди. «Қанақасига унинг қизи келин бўлади? Бугун Юлдуз оқ либос кийиши керак эди-ку?! Ёки уларнинг тўйлари бугун эмасми? Нималар бўлаяпти ўзи? Тагига етишим керак. Аниқлашим шарт. Агар Оксананинг тўйи бўлса, Худонинг бергани шу. Бир ойга қолдирмай, орадан силлиққина қилиб Шоҳруҳни чиқариб ташлайман. Кейин Юлдузга ўзим уйланиб оламан. Унинг бутун борлиғи меники бўлиб қолади. Фақат меники», деб ўй сураётган Бекнинг кўзи Роман Фёдорович билан мэрда эди. Бир хаёл улар билан бирга уйга кирмоқчи ҳам бўлди. Аммо бунинг сира иложи йўқ эди. Чунки Роман Фёдоровичнинг эшик ёнида қўлларини орқага қилиб турган иккита қўриқчиси киришга қўймайди.

Унинг ичини ит тирнай бошлади. Нима қиларини билмаганидан қўлларини бир-бирига уриб, у ёқдан бу-ёққа бориб кела бошлади. Юриш унинг бесаранжомлигини босолмади. Қўриқчи йигитлардан сигарета олиб чекди. Вақтнинг ўтиши шунчалик қийин эдики, худди тўхтаб қолгандай.

Кетма-кет яна меҳмонлар келишди. Уларнинг ҳаммасини Роман Фёдоровичнинг ўзи кутиб олди ва столларга ўтқазди. Бир муддатдан кейин мэр ҳам чиқди уйдан ҳамда бориб элитага қўшилди. Келин-куёвдан эса сира дарак бўлавермади. «Ўзим кирмасам бўлмайди. Юрагим ёрилиб кетади», деб ўйлаган Бек баҳона қидирди. Аммо боши ҳам тузук-қуруқ ишламасди. Ҳамма вақт исталган нарсага сабаб тополадиган ақли шу сафар панд бериб қўйди.

Бир неча сониядан кейин эса уйга киришнинг ҳожати ҳам қолмади. Келин-куёвнинг ўзи чиқиб қолди. Шоҳруҳ қоп-қора костюм-шимда, ёнида… Ёнида… Бек кўзига ишонолмасди. Келин айнан Роман Фёдоровичнинг қизи эди. Келиннинг дугонаси эса, Юлдуз! Офарин! Яшасин! Омад сен томонда, Бек! Унинг қичқиргиси келиб кетди. Шодлиги ичига сиғмас, кўзига ишонгиси келмасди. Шу боис битта жойда қоққан қозиқдай туриб қолди.

Оксана ўтирганларга қўл силкиди. Шу пайт мусиқа янгради. Ҳамма ўрнидан турди. Келин-куёвни олқишлаб қарсак чалишди. Роман Фёдорович эса келиб қизини қучоқлади. «Оҳ, мана шу ҳақиқий тўйинг бўлишини жудаям истардим!» — деди пичирлаб қизига. «Хоҳишинг бажарилади, дада. Сен кўриб турганинг айни ҳақиқат, мен эрга тегаяпман! Ҳеч қанақа роль ўйнаётганим йўқ. Энди куёвингни ҳам табриклаб қўй!» — деди Оксана ҳам паст овозда отасига.

Уларнинг пичирлашлари Шоҳруҳга ёқмади. Шу боисдан норози қиёфада Юлдузга қаради. Юлдуз жилмайди ва кўзини қисиб қўяркан:

— Оригинал, — деди.

Роман Фёдорович келин-куёвни амалдорлар ёнига олиб борди.

— Оксанани ҳаммангиз яхши танийсиз, — дея гап бошлади у дўстларига қараб. — Унинг эри Шоҳруҳ. Тўғриси, унинг исмини айтишга мен ўзим ҳам қийналаман. Шунинг учун эртагаёқ қулайроқ исм беришга сизларга ваъда бераман.

Ўтирганлар кулиб юборишди ва қадаҳларини кўтаришди.

— Икки ёшнинг бахти учун ичамиз! — деди мэр.

Унинг гапини ҳамма қўллади.

Келин-куёв ўзлари учун ажратилган столга бориб ўтирди. Оғирроқ мусиқа тиниб, унинг ўрнига шўхроғи чалина бошлади ва унинг овози ғала-ғовурни босиб кетди.

— Шартмиди шунақанги майнавозчилик? — деди Шоҳруҳ Юлдузнинг қулоғига шивирлаб. — Исмимни ўзгартирармиш.

— Азизим, ҳаммаси жойида. Биз ютаяпмиз. Мана, ёнингизда ўтирибман. Оппоқ кўйлакдагиларнинг ҳаммаси ҳам келин бўлиб қолавермайди. Майли, бизга қараётганлар кўп. Оксана билан гаплашиб туринг, бошқаларнинг кўз ўнгида сизлар ҳақиқий келин-куёв бўлишларинг керак, — деб Юлдуз Шоҳруҳнинг қўлини ўзининг тиззасига қўйиб олди.

Шундан кейингина Шоҳруҳ бироз ўзига келди. Бу пайтда оғзи қулоғида бўлган Бек уларга яқинлашиб келмоқда эди. Унинг ўзида йўқ хурсандлигидан Шоҳруҳ ижирғанди. «Баччағар, жа кўнглингдаги иш бўлаётганидан ўзингни қўярга жой тополмай қолдингми?» — дея хаёлидан ўтказди у.

— Табриклайман, дўстим. Сўзсиз бахтли бўласан. Бир-бирларингга жудаям мос тушибсизлар! Сен ва Оксанахон учун юз-юз оламиз! — дея Бек келин-куёвнинг қадаҳини ароққа тўлдирди. Оксана билан Юлдузга эса шампан виносидан қуйди.

Оксанани ёшлигидан катта қилган хизматчи аёл Бекни кўрди-ю, кўзи олайиб кетди. Чунки у махсус заҳар суртилган қадаҳлардан бирини қўлида ушлаб турарди.

Хизматчи аёл бирдан Оксананинг қўлига қаради. Унинг қўлидаги қадаҳ мутлақо бошқа эди. Заҳар сурилган қадаҳларнинг бири куёвда, иккинчиси унинг рўпарасидаги йигитда эди. Агар улар лабларини шу идишларга теккизиб ичишса, тамом, беш дақиқага қолмай иккови ҳам йиқилади.

— Бу қанақа бедодлик? — деди тансоқчилардан бирининг ёнига борган аёл. — Одобсизлик ҳам эви билан-да! Анавига қара, — у қўли билан келин-куёв томонни кўрсатди, — ярамас бола Оксанамнинг идишида ароқ ичмоқчи. Бориб, қўлидан олиб қўй.

— Эй, кампиршо, бориб идишингни ювсанг-чи, — дея уни жеркиб берди йигит.

— Ахир мен Оксанамни гўдаклигидан катта қилганман. Чўқинтирган онасиман. Тўйини кўрмай ўлиб кетаман, деб қўрқувдим. Майли, сен шу ерда тур, мен ўзим бориб ҳаммасини ҳал қиламан, — деди хизматчи аёл.

Тансоқчи йигит уни яхши танигани учун олдини тўсмади. Шунчаки пилдираб кетаётган аёлнинг ортидан қараб турди. Аммо хизматчи негадир дарвоза тарафга шошарди.

— Кампирнинг томи кетиб қолганга ўхшайди, — деди йигит ва иржайиб қўйди.

Аёл келин-куёвнинг ёнига етиб боришга улгуролмаслигига кўзи етганди. Энди фурсат борида жуфтакни ростлаши керак. Йўқса, шунақанги қиёмат бошланадики, хизматчилар у ёқда турсин, ошпазлар ҳам соғ қолмайди…

Нуриддин ИСМОИЛОВ

(Асарнинг кейинги қисмларини яқин соатларда ўқийсиз)

Аввалги қисмларни ўқиш учун қуйидаги ҳаволаларни босинг:

Мафия сардори (1-қисм)

Мафия сардори (2-қисм)

Мафия сардори (3-қисм)

Мафия сардори (4-қисм)

Мафия сардори (5-қисм)

Мафия сардори (6-қисм)

Мафия сардори (7-қисм)

Мафия сардори (8-қисм)

Мафия сардори (9-қисм)

Мафия сардори (10-қисм)

Мафия сардори (11-қисм)

Мафия сардори (12-қисм)

Мафия сардори (13-қисм)

Мафия сардори (14-қисм)

Мафия сардори (15-қисм)

Мафия сардори (16-қисм)

Мафия сардори (17-қисм)

Мафия сардори (18-қисм)

Мафия сардори (19-қисм)

Мафия сардори (20-қисм)

Мафия сардори (21-қисм)

Мафия сардори (22-қисм)

Мафия сардори (23-қисм)

Мафия сардори (24-қисм)

Мафия сардори (25-қисм)

Мафия сардори (26-қисм)

Мафия сардори (27-қисм)

Мафия сардори (28-қисм)

Мафия сардори (29-қисм)

Мафия сардори (30-қисм)

Мафия сардори (31-қисм)

Мафия сардори (32-қисм)

Мафия сардори (33-қисм)

Мафия сардори (34-қисм)

Мафия сардори (35-қисм)

Мафия сардори (36-қисм)

Мафия сардори (37-қисм)

Мафия сардори (38-қисм)

Мафия сардори (39-қисм)

Мафия сардори (40-қисм)

Мафия сардори (41-қисм)

Мафия сардори (42-қисм)

Мафия сардори (43-қисм)

Мафия сардори (44-қисм)

Мафия сардори (45-қисм)

Мафия сардори (46-қисм)

Мафия сардори (47-қисм)

Мафия сардори (48-қисм)

Мафия сардори (49-қисм)

Мафия сардори (50-қисм)

Мафия сардори (51-қисм)

Мафия сардори (52-қисм)

Мафия сардори (53-қисм)

Мафия сардори (54-қисм)

Мафия сардори (55-қисм)

Мафия сардори (56-қисм)

Мафия сардори (57-қисм)

Мафия сардори (58-қисм)

Мафия сардори (59-қисм)

Мафия сардори (60-қисм)

Мафия сардори (61-қисм)

Мафия сардори (62-қисм)

Мафия сардори (63-қисм)

Мафия сардори (64-қисм)

Мафия сардори (65-қисм)

Мафия сардори (66-қисм)

Мафия сардори (67-қисм)

Мафия сардори (68-қисм)

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here