Мафия сардори (70-қисм)

0

Бек хурсандлигидан шайтон сувини охиригача сипқорди. Стол устига қадаҳни тўқ этказиб қўйиб, лабини артди. Шоҳруҳ эса ичмади. Чунки Роман Фёдорович билан бирга анча ичиб қўйганди. Яна ичса маст бўлади. Кейин тузган барча режаларини барбод қилиб қўйиши мумкин.

Анча кайфи ошиб қолган Бек столни айланиб ўтиб, ҳеч тортинмасдан Юлдузнинг қўлини ўпди. Унинг бу қилиғини мутлақо кутмаган Юлдуз карахт бўлиб қолди.

— Биз бахтли бўламиз, — деди Бек қаддини ростлаб. Шунда унинг боши айланиб йиқилиб тушаёзди. Яхшиямки, уларнинг яқинида қўриқчи йигитлардан иккитаси турарди. Дарров Бекнинг қўлтиғига киришди.

— Ўзим кетаман, — дея Бек уларни силтаб ташламоқчи бўлди-ю, уддалолмади. Кейин тақдирига тан бериб йигитларга осилди. Дарров уни даврадан олиб чиқиб кетишди.

— Тўй бошланмасидан маст бўптими? — сўради Шоҳруҳ ҳамон ўзига келолмай ўтирган Юлдуздан.

— Шунақага ўхшайди. Бўшашиб кетибмиз. Ҳечқиси йўқ. Тўй ўтсин, яхшилаб гаплашиб қўямиз, — деди Бекнинг ортидан қараб қолган қиз.

Бек ўзлари учун ажратилган столда ҳам ўтиролмади. Гоҳ боши бир томонга оғиб кетар, ҳали стаканни ерга тушириб юборса, ҳали газакни ғижимлар эди. Бошқалар уни маст бўлиб қолган деб ўйлашаётганди. Шу боисдан қўриқчи йигитларни чақириб, бирорта хонага киргизиб ётқизишларини илтимос қилишди.

Мэр Бекни уйга киргизаётганларини кўрди ва секин энгашиб Роман Фёдоровичнинг қулоғига:

— Кун бўйи тўй бўлдими дейман, тайёр бўп улгуришибди баъзилар, — дея пичирлаб уй тарафга ишора қилди.

Банкир кулди-да:

— Шунақага ўхшайди, — деб қўйди.

Бекнинг бутунлай маст бўлиб қолганини Юлдуз ҳам кўрди. Ичида ғижинди. “Ярамас, ичолмай юрганмидинг?” — дея хаёлидан ўтказди.

Бекни юмшоқ ўриндиққа ётқизишганларида унинг юзи докадай оқарган ва танаси музлаб бормоқда эди. Аммо қўриқчи йигитлар бунга эътибор қилишмади. Эшикни ёпишди-ю, чиқиб кетишди. Бек бир қимирлаб қўйди, сўнг боши ёнбошига қийшайиб қолди.

Бу пайтда сўз навбати прокурорга берилганди. Мусиқа тинган, ҳамманинг нигоҳи шапкасини олиб қўйган ялтир бошли басавлат кишида эди.

— Оксана, — деди у ва ёнидагиларга бир-бир қараб чиқди, — дадангни билганимга, бугун ҳисоблаб кўрсам, йигирма йил бўлибди. Ўшанда у оддий банк ходими эди. Сен туғилгач, унинг бошига омад қуши ҳам қўнди. Мана, орадан йигирма йил ўтиб банкирга айланиб турибди. Биласанми, қизалоғим, унинг ҳурмати акцияларининг кўплигида эмас, чин инсонлигида. Ва шундай одамнинг қизи, албатта, ақллиликда отасидан қолишмайди деб ўйлайман. Ёнингдаги йигитни, албатта, ўзинг танлагансан. Юрагингни унга бердингми, демак, у, албатта, ишончингни оқлаши керак ҳамда сизлар менга банкир эмас, бўлажак прокурорни дунёга келтириб берасизлар.

Унинг шу гапидан кейин ҳамма ўтирганлар бирданига “Во-о-о!” деб қийқириб юборишди. Илло, бундай буюртма ҳали бирорта базмда ҳам, тўйда ҳам берилмаганди. Бу фикрлар прокурорнинг миясида аввалдан ўйланган эди.

— Бунга ҳеч ким эътироз билдирмаса керак, — дея гапида давом этди прокурор бир муддат атрофидагиларга қараб ўзининг гапи қўллаб-қувватланаётганидан вужудига ажиб шодлик эниб, — ахир мен Роман Фёдоровичнинг набирасидан ўзимга шогирд тайёрлашим керак-ку?!

— Агар, — деди мэр прокурорга эшитилмайдиган қилиб паст овозда, — набира улғайгунча сен тирик турсанг.

— Шунинг учун оламиз!

Прокурорнинг сўнгги гапидан кейин яна қийқириқлар янгради. Барабанчилар таёқчаларини беш-олти марта асбобларига уришди.

— Шошманглар! — қичқирди прокурор бир қўлини юқорига кўтариб. — Горка!

Тўйга йиғилганларнинг бари бирдан оёққа турди. Худди келишиб олишгандай бир овоздан “Горка! Горка!” дея қичқира бошлади. Шоҳруҳ ҳангу манг эди. Юлдуз ўзини қаерга қўйишни билмасди. Шунчасига чидади. Бунисигаям чидайди. Аммо ўзи бошқа жойда бўлиши ва Шоҳруҳнинг бегона қиз билан ўпишаётганини кўрмаслиги керак. Айни чоғда… Яхшиси, унинг кўксига пичоқ уришсин, қийнаб ўлдиришсин. Шунда ҳам бу даражада азобланмайди.

— Ҳамма бизни кутаяпти, тур, жоним, — деб Шоҳруҳнинг қўлидан тортқилади Оксана.

Шоҳруҳ Юлдузга қаради. Қиз эса юзини бошқа томонга бурди.

— Дугона, — деди вазиятни тезда англаб етган Оксана, — ҳаммаси ёлғондан бўлади. Биз сираям ўпишмаймиз. Сен ўзинг ҳамма нарсани тушунасан-ку!

Юлдуз ғазаб билан у томонга ўгирилди.

— Бунинг учун сенга катта раҳмат! — деди.

— Иложим қанча?

Юлдуз қадаҳидаги винони ичиб юборди ва жилмайди:

— Горка! — деди алам билан.

Биров сочидан бураб тортгандай Шоҳруҳ зўрға ўрнидан турди ва келин томон юзланди. “Горка!!!” деган қичқириқ авжга чиқди. Шоҳруҳ шунчаки Оксананинг юзига лабини босиб қўймоқчи эди. Аммо келин чаққонлик қилди. Дарров ўзининг қип-қизил нозик лабларини куёвникига туташтирди. Тўйга йиғилганлар баттар қий-чув кўтаришди. Кейин “Бир! Икки! Уч!” дея бақиришди. Юлдуз ерга кириб кетгудек бўлди. Шоҳруҳ лабларини узолмай қолди. Айни вазиятдан усталик билан фойдаланган Оксана истеъдодини кўрсатишга улгурди…

Шоҳруҳ қайтиб жойига ўтирганида Юлдуз титрар эди. Кўзидан ёш тирқираб оқарди. Шоҳруҳнинг ҳам боши эгилди. Юлдуз пиқиллаб, рўмолчаси билан кўзидаги ёшни артиб куёвга қаради. Бир-иккита аччиқ-аччиқ гап айтмоқчи эди, аммо дарров ниятидан қайтди. Чунки боши эгилган йигитнинг чакка томирлари бўртиб кетганди. Бунинг устига, у шунақанги шалвираб қолгандики, одамнинг ичи ачирди.

— Бошингизни кўтаринг, — деди Юлдуз, — нима бўлса бўлди. Бошқалар ҳар хил ўйга боришмасин. Келишганимиздай, ҳаммаси табиий чиқиши керак.

Шоҳруҳ қизга юзланди ва секин қўлини ушламоқчи бўлганида, Юлдуз қўлини стол устига қўйди.

— Маза қилдингизми? Ширинмикан лаби? — деди.

Унинг гапи Шоҳруҳнинг суяк-суягидан ўтиб кетди. “Нималар деб валдираяпсан? Ҳамма томошани ўзинг ташкил қилдинг-ку! Энди мен айбдор бўп қолдимми?” — дея хаёлидан ўтказиб Юлдузга ўқрайиб қараб қўйди.

Бу маҳал давра қизигандан қизиб борарди. Кимдир рақсга тушган, яна кимдир ўрнидан туриб олиб алланималар деганча шароб тўла идишини лабига тутган, бошқалари ёнидагиси билан тинимсиз гаплашарди.

Шоҳруҳ деярли ҳаммани бирма-бир нигоҳидан ўтказиб чиқди. “Ишим чала қоляпти. Таниганим мэр бўлди. Шундаям озгина гаплашдим. Бу аҳволда амалдорларнинг бари хурмачаларини тўлдиради-да, жуфтакни ростлайди. Кейин яна бошидан бошлашим керак”, — дея атай бошқа нарса ҳақида ўйларди у. Мабодо Оксана билан ўпишганини, Юлдузнинг кўз ёшини эслайдиган бўлса, ўзи қийналади. Қийналгач, албатта, ичади. Ичдими, биронта “каромат” кўрсатади. “Каромат”ининг охири отишма билан тугайди. Чунки кўзига Роман Фёдорович итдай кўринаяпти.

Демак, маст бўлдими, тўй-пўйни эсидан чиқаради. Шартта ўрнидан туради-да, унинг ёнига бориб: “Қасамхўр, туллак”, деб ёқасидан олади. Бир-иккита мушт туширади. Табиийки, банкирнинг қўриқчилари қараб туришмайди. Бирдан Шоҳруҳга ёпишишади.

Буни кўрган Бахтиёр билан унинг ёнида ўтирганлар тўппончаларини ишга солишади (дала ҳовлига кираверишдаги қўриқчи йигитлар фақатгина Шоҳруҳнинг йигитларини текширувдан ўтказишмаганди. Роман Фёдорович ўзаро ишонч пайдо қилиш мақсадида атайин шунақа буйруқ берган эди). Қий-чув, дод-вой! Биров қочади, биров қонига беланади…

Шоҳруҳ жуда ўйга берилиб кетганидан, Роман Фёдорович рўпарасига озғингина бир кишини бошлаб келганини сезмай ҳам қолди. Оксана туртиб қўйганидан кейин ўзига келиб бошини кўтарди.

— Ҳар доим қандайдир режалар тузиб юрадиган менинг ёшгина дўстим, — деди Роман Фёдорович Шоҳруҳни кўрсатиб.

Шоҳруҳ дарров ўрнидан турди. Ўзига қўл узатиб турган одамнинг кафтини сиқди.

— Бу эса, — деб банкир ёнидаги одамнинг елкасига қўлини қўйди, — менинг энг қадрдон дўстим Виталий. Москванинг бойваччаси.

У шундай дейиши билан Оксана дик этиб ўрнидан турди.

— Виталий амаки, — деди қувноқ овозда, — бунча ўзгариб кетдингиз?! Илгари озғингина эдингиз, мўйловингиз ҳам йўқ эди!

Оксана гаплашиш баробарида столни айланиб ўтди ҳамда Роман Фёдоровичнинг қадрдонининг бўйнига осилиб, юзидан чўлпиллатиб ўпди.

— Менинг эркатойим, бунчалик очилиб кетдинг?! Кўрмаганимга ўн йилдан ошибди-я, — деди Виталий амаки ва банкирга юзланди: — Қизинг онасига ўхшабди. Жудаям гўзал.

У шундай деб Оксананинг лаби аралаш юзидан ўпди. Сўнг белидан қўлини ўтказиб:

— Қани, куёвнинг ёнида ўтиравермасдан бизнинг ҳам кўнглимизни овлаб кел-чи, — деди.

— Юля, — деди келин-куёв столи томонга ўгирилган Оксана Юлдузга мурожаат қилиб, — эркатойимни ўзинг зериктирмай тур.

Шу пайт банкир қизининг қулоғига алланималар деб шивирлади. Оксана билан бирга хохолаб кулиб юборишди.

Юлдуз уларнинг орқасидан шунақанги ғазаб билан қарадики, имкони бўлса бориб янчиб ташласа. “Падар лаънатиларда уят деган нарсанинг ўзи қолмаган”, — хаёлидан ўтказди у. Сўнг Шоҳруҳга юзланди ва куёв боланинг тикилиб турганини кўриб жилмайди.

— Бевафо, хотинчангиз сал узоқлашиши билан менга ёмон қараш қилаяпсизми? — деди.

— Хотинчам ёнимда. Агар хотинчамга биров шунақа муомала қилганида, уриб миясининг қатиғини чиқарардим, — жавоб қилди Шоҳруҳ.

— Унда сиз ўтириб туринг, мен бориб Оксананинг миясининг қатиғини чиқариб келайин.

Уларнинг иккови ҳам кулиб юборишди.

— Энди, анави дардисардан қуйинг, ичамиз. Фақат келин-куёвнинг қадаҳида эмас, оддий стаканда. Чунки шу қадаҳларни кўрсам қоним қайнаб кетаяпти.

— Нега қайнаркан?! Биттасини Бек дўрдоқ лаби билан тозалаб кетган, ўшанисини сенга бераман.

— Унақада, сизнинг лабингизни ҳам Оксанахон тозалаб қўйди, кир бўп қолган экан. Мен ҳам бериб қўяқолайин Оксанага…

— Ҳамма нарсага гап топилади.

— Ҳали шошманг, яхшилаб жазонгизни бераман, хотинбоз!

Шундай дея Юлдуз пиқирлаб кулди. Худди уларнинг гапини эшитиб тургандай, Виталий амакисининг қучоғида ён-атрофдагилари билан чақчақлашиб ўтирган Оксана ортига ўгирилди. Қўлини ҳавода силкитди. “Ҳозир бораман, зерикмай ўтир, жоним!” дея қичқирди. Унинг гапига ёнида ўтирганлар кулишди. Ундан кейин кимдир латифа айтди шекилли, қийқириқ бўлди. Келин кўйлакнинг орқаси бутунлай очиқ эди, Виталий амаки қўлини айнан ўша жойдан ўтказиб Оксананинг белидан қучганди. Буни узоқдан Шоҳруҳ кўриб ўтирарди. Аслида унга барибир эди-ю, аммо мабодо ҳақиқатан ҳам ҳозир унга уйланаётган бўлганида, шубҳасиз, қизни соғ қўймаган бўларди. Уни яна битта ажаблантирган нарса Роман Фёдоровичнинг миқ этмаётгани. Албатта, у қизига рўбарў ўтиргани боис, эҳтимол, Виталий ошнасининг қилаётган ишини кўрмаётгандир. Балки ўзини кўрмаётганга олаётгандир. Эҳтимол, бу улар учун оддий ҳолдир. Лекин барибир ғалати. Эс-ҳуши, эркаклик, оталик ғурури бор одам қизиниям, ошнасиниям, озгина бўлса-да, тартибга чақириб қўйиши зарур. Шуларни ўйлаб ғижиниб ўтирган Шоҳруҳни Юлдуз туртиб қўйди.

— Куёв боланинг рашки келаяптими? — деди жилмайиб.

— Нималар деяпсан?! Мен фақат сени рашк қиламан. Биров билан озгина ортиқча гаплашиб юборсанг, тепа сочим тикка бўлади, — деди Шоҳруҳ.

Шунда Юлдуз қаҳрамонлик кўрсатди. Юрак ютиб жилмайди-да (боягисидан чиройлироқ, мафтункорроқ):

— Шунинг учун сизни яхши кўраман-да, — деди.

Шу гап унинг оғзидан чиқиши билан, йигитнинг юзи кундай ёришиб кетди. Зеро, у навбатдаги кесатишни қабул қилишга тайёр эди. Шунинг билан ўзини жудаям ёмон кўриб кетди. Ахир шундай фариштанинг кўз ўнгида бошқа қиз билан ўпишди. Ёлғондакам эмас, ростдан. Аслида у ёлғондакам қилмоқчи эди, аммо ундай бўлиб чиқмади.

У ўйини охирлатгунча келин ўрнидан турди. Яна ўша маъшуққа ўхшаб кўринаётган Виталий амакисининг қучоғида. Шоҳруҳнинг ёнгинасига келиб ўтиргач, куёв боланинг қулоғига энгашди.

— Тўйимизни бутун умр эсимдан чиқармайман. Сен билан бахтли ҳаёт кечирамиз, худди жаннатдагидай, — деб ҳиринглади, унинг оғзидан ароқ иси анқир эди. — Азизим, — дея у гапини давом эттирди ҳиринглашдан тўхтар экан, — сен билан бугун тўйгунимизча ичишимиз керак. Бугун иккимизга ҳам рухсат этилган. Бизга, албатта, Юля ҳамроҳ бўлади.

— Меҳмонлар қарашяпти. Ўзингни бос, — деди унинг маст бўла бошлаганини сезган Шоҳруҳ.

— Тисс! — деб кўрсаткич бармоғини лабига босди Оксана ва ароқ шишасига узалаётиб, сузма солинган ликобчага енгини ботириб олди.

— Оббо, нима қилиб қўйдинг? — деб унинг қўлини ушлади Шоҳруҳ, кейин Юлдузга юзланди: — Тозалаш керак…

Унинг гапи чала қолди. Оксана қўлини тортиб олиб, енгига ёпишган сузмани Шоҳруҳнинг костюмига ишқаб қўйган эди.

— Хавотир олма, — деди у ҳиринглаб, — энагамиз бирпасда тозалаб қўяди. Ҳозир чақираман.

Оксана кўзи билан хизматчи аёлни қидирди, лекин ҳеч қаерда кўрмади.

Нуриддин ИСМОИЛОВ

(Асарнинг кейинги қисмларини яқин соатларда ўқийсиз)

Аввалги қисмларни ўқиш учун қуйидаги ҳаволаларни босинг:

Мафия сардори (1-қисм)

Мафия сардори (2-қисм)

Мафия сардори (3-қисм)

Мафия сардори (4-қисм)

Мафия сардори (5-қисм)

Мафия сардори (6-қисм)

Мафия сардори (7-қисм)

Мафия сардори (8-қисм)

Мафия сардори (9-қисм)

Мафия сардори (10-қисм)

Мафия сардори (11-қисм)

Мафия сардори (12-қисм)

Мафия сардори (13-қисм)

Мафия сардори (14-қисм)

Мафия сардори (15-қисм)

Мафия сардори (16-қисм)

Мафия сардори (17-қисм)

Мафия сардори (18-қисм)

Мафия сардори (19-қисм)

Мафия сардори (20-қисм)

Мафия сардори (21-қисм)

Мафия сардори (22-қисм)

Мафия сардори (23-қисм)

Мафия сардори (24-қисм)

Мафия сардори (25-қисм)

Мафия сардори (26-қисм)

Мафия сардори (27-қисм)

Мафия сардори (28-қисм)

Мафия сардори (29-қисм)

Мафия сардори (30-қисм)

Мафия сардори (31-қисм)

Мафия сардори (32-қисм)

Мафия сардори (33-қисм)

Мафия сардори (34-қисм)

Мафия сардори (35-қисм)

Мафия сардори (36-қисм)

Мафия сардори (37-қисм)

Мафия сардори (38-қисм)

Мафия сардори (39-қисм)

Мафия сардори (40-қисм)

Мафия сардори (41-қисм)

Мафия сардори (42-қисм)

Мафия сардори (43-қисм)

Мафия сардори (44-қисм)

Мафия сардори (45-қисм)

Мафия сардори (46-қисм)

Мафия сардори (47-қисм)

Мафия сардори (48-қисм)

Мафия сардори (49-қисм)

Мафия сардори (50-қисм)

Мафия сардори (51-қисм)

Мафия сардори (52-қисм)

Мафия сардори (53-қисм)

Мафия сардори (54-қисм)

Мафия сардори (55-қисм)

Мафия сардори (56-қисм)

Мафия сардори (57-қисм)

Мафия сардори (58-қисм)

Мафия сардори (59-қисм)

Мафия сардори (60-қисм)

Мафия сардори (61-қисм)

Мафия сардори (62-қисм)

Мафия сардори (63-қисм)

Мафия сардори (64-қисм)

Мафия сардори (65-қисм)

Мафия сардори (66-қисм)

Мафия сардори (67-қисм)

Мафия сардори (68-қисм)

Мафия сардори (69-қисм)

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here