Мафия сардори (71-қисм)

0

* * *

Хизматчи аёл дарвозадан чиқиб олгач, қадамини тезлатди. Беш дақиқада у ўрмонгача етиб олиши керак. Агар етолмаса, шўри қурийди. Чунки куёв бола заҳар сурилган идишдан ароқ ичади. Бироздан сўнг ўлиб қолади. Кейин шовқин-сурон кўтарилади. Уни қидиришади. Чиқиб кетганини билишса, орқасидан тушишади. Ялангликда дарров топишади. Ўрмоннинг ичкарисига кирса, марра уники. Яхшиямки, Ивановкадаги синглисиникига оиласидагиларнинг ҳаммасини жўнатиб юборгани. Бехавотир. Энди ўзи амаллаб етиб олса бўлгани… Бир ҳисобдан Оксананинг тирик қолаётгани ҳам яхши. Руҳан қийналмайди… Топшириқни у сидқидилдан бажарди. Оксананинг ажали етмаган бўлса у айбдорми? Йўқ, унақаси кетмайди. Энди сўхтаси совуқ, башарасини жун босган, махлуқнинг қиёфадоши Бомба уни ернинг тагидан ҳам тополмайди. Ажаб бўпти. Бир марта тайёр қилиб берганди. Ўзлари эплашолмади. Битта тугмачани эплаб босиш қўлларидан келмаган одамларга кекиришга бало борми? Йўқ, ҳаммаси жонга тегди. Бунақа давом эттириб бўлмайди. Оксананинг ўрнига куёвнинг ўртоғи заҳар сурилган қадаҳдан ароқ ичса у айбдорми?..

Марфа Степановна — Оксанани ёшлигидан катта қилган аёл ҳеч нарсани ўйламаётган эди. Қадамини тезлатганча дарвозадан чиқиб, юз қадамча юргач, орқасига ўғри мушукдай қаради. Кейин ўзига-ўзи гапиришни бошлаб юборди.

Унинг шундоққина ёнгинасида машина тўхтади. Юраги товонига тушиб кетган Марфа Степановна “Во-о-о-й!!!” дея бақириб юборди. “Жип”. Бу машинани у бир неча марта кўрган: Бомба айнан шу машинада келади доим. У исмини айтмаган, лақабини айтган, холос. Ўзиям бомбага ўхшайди. Башараси тасқара. Сочи жингалак. Бирдан осмондан тушгандек пайдо бўлади.

— Марфа Степановна, қаёққа кетаяпсиз?! — деганча машинадан тушиб аёлга яқинлашиб кела бошлади Бомба. У қўлидаги ханжарни айлантириб ўйнар, Марфа Степановнанинг кўзи пичоқда эди. Пичоқ билан бирга кўзи косасида айланарди.

— Мен ҳамма ишни бажардим. Айтганларингдай, келин билан куёвнинг қадаҳига берган заҳарингдан сурдим. Лекин… Лекин, — дея кампир йиғлаб юборди, — куёвнинг ўртоғи Оксананинг идишида ароқ ичиб қўйди. Менинг айбим йўқ-ку, тўғрими?!

— Бир оғиз ҳам ёлғон гапирмадинг, кампиршо! Шунинг учун ўлимдан омон қолдинг! Лекин куёв ўлгани йўқ, ўртоғи ўлди. Унинг ўлганини ит ҳам сезгани йўқ.

У энкайиб, башарасини Марфа Степановнанинг юзига теккизгудек бўлиб гапирарди. Оғзидан шунақанги бадбўй ҳид келардики, аёл қайт қилиб юборай деди.

— Ҳозир сенга атиргул совға қиламиз, сен бу совғани Оксанага берасан, тўйи билан табриклайсан. Кейин тугмачасини босиб узоқлашасан — олам гулистон! Шу пайтгача дағдаға билан ишимизни бажараётгандинг, энди манави мукофотини ҳам оласан! — деб Бомба қўйнидан бир даста бели букилмаган доллар чиқариб кампирнинг кафтига мажбурлаб тиқиштирди. — Ҳақиқий киллер бўлдинг, кампиршо! Энди машинага ўтир, йўқса, Роман Фёдоровичнинг дала ҳовлисига етиб боргунингча тўй тугайди, — деди у ва Марфа Степановнанинг билагидан ушлаб ўрнидан турғазди-да, машинага судради.

Аёл ҳамма кўрсатмани машинада олди. У атиргулларни Оксананинг қўлига тутқазаётиб, дастанинг тагидаги қизил тугмачани босиб қўяди ва беш сония ичида ундан узоқлашади. Қиладиган иши шу. Гўё арзимасдек туйилади. Ҳеч қанақанги хавотирли жойи йўқ. Гўёки, ҳаммаси ўз ўрнида қолади. Унинг жонсиз танаси ерга гурсиллаб тушмайди…

Марфа Степановна даҳшатли туш кўраётгандай эди. Тезроқ уйғонишни истар, бироқ сира уддасидан чиқолмасди.

Марфа Степановнани уч юз метрча берироққа ташлаб кетишди. Юраги дукиллаб ураётган аёл бир неча муддат жойидан жилмади. Қўрқди. Кўзидан дув-дув ёш оқди. Сўнг ўзига келди. Тўғрироғи, хаёлига: “Балки тирик қоларман”, деган ўй келганди. Шундан умид қилди ва улкан дарвоза сари илдам қадам босди.

Қўриқчи йигитлар унинг чиқишида ҳеч нимани суриштирмаганидек, кираётганида ҳам лом-мим дейишмади. Бемалол ичкарига кирган аёл тўғри келин-куёв столи томонга юрди. Назарида, бир неча ўнлаб кўзлар уни кузатиб тургандай эди. Аслида у ҳеч кимнинг эътиборида эмасди. Ҳамма ўзи билан ўзи овора эди. Фақат келин-куёв уни қидирарди. Оксана ёнига қўриқчи йигитлардан бирини чақириб Марфа Степановнани топиб келишни буюрди. Бироқ шу ондаёқ уни тўхтатди.

— Ана, ўзи келаяпти! Бир даста атиргул билан! Мен нега шундай кунимда йўқолиб қолди, деб хафа бўлаётгандим, у бўлса атиргулга кетган экан! — дея қичқирди Оксана ва ўрнидан туриб: — Ҳали ҳеч ким оппоқ атиргул совға қилмаганди! — деди қувониб.

* * *

Шаҳло сочларини ғижимлади. Бошқа бақиришга кучи етмади. Ўтириб қолди. Севинч ошхонага шошиб кирди-да, бир коса сув олиб келиб унинг юзига сепди.

— Қўрқитиб юбординг, Шаҳло! — деди бақириб.

Довдираб қолган Шаҳло унинг гапига мутлақо эътибор бермади. Ҳайрат билан сочилиб ётган идишларга қарар, шунинг билан бирга кўзидан тинимсиз ёш оқар эди.

— Ўғри тушганга ўхшайди, — деди Наргиза.

— Йўқ. Ўғри идиш-товоқни синдириб нима қилади? Ошхонанинг дабдаласи чиқиб ётибди, — дея Севинч гилам устида ётган лаб бўёғини қўлига олди ва уни айлантириб кўраркан, топағонлигини намойиш қилаётган эди.

Шаҳло иккала қизга маъносиз қаради. Сўнг Наргизага: “Илтимос, амакимга телефон қилиб юборинг, мен номерини айтиб тураман”, — деб ўзининг жажжигина қўл телефонини берди.

Бўрон тезда телефонини олавермади. Бу пайтда у ресторанда кичик хотини билан бирга ўтирарди. Унга бўлиб ўтган воқеаларни сўзлаб, ундан маслаҳат сўраётганди. Шунинг билан бирга: “Фароғатнинг ўрнига буни чақирсам бўларкан, ҳар қалай, тузукроқ фикр чиқарди. Шунда балки келиним Хонзодани жиннихонага топширмасмидим”, — дея ўйлаётганди ҳам. Айни дақиқада шароб тўла идишидан ҳўплаб қўяётганди. Фарангиз сўзлаш учун эндигина оғиз жуфтлаганида телефон жиринглади. У бир муддат эри телефонни олишини кутди. Аммо Бўроннинг ҳозир биров билан гаплашишга ҳуши йўқлигини сезгач:

— Телефонни ўчириб қўйинг, — деди.

Бўрон телефонни олиб экранига қаради-да:

— Таниш номерга ўхшайди, — деди ва яшил тугмачани босиб қулоғига тутди. Шаҳлонинг овозини эшитганидан кейин кўзини юмди.

— Шаҳло, қизим, — деди мумкин қадар юмшоқ овозда гапириб, — қимирламай ўтир. Ҳозир етиб бораман. Нима дейсан?! Ойинг… Боргандан кейин ҳаммасини сенга тушунтириб бераман.

Шаҳло яна йиғлади. Телефонни отиб юбориб, савол назари билан қараб турган қизларга:

— Ҳозир келарканлар, — дея ҳолсизланиб ўрнидан туришга ҳаракат қилди.

Наргиза Севинчга нисбатан илдамроқ ҳаракат қилиб, Шаҳлонинг қўлтиғига кирди. Азбаройи кеннойиси Севинчнинг олдида обрўсизланмаслиги учун шундай қилди. У Шаҳлони кўпам ёқтиравермасди. Гарчи у фасонини чизган кўйлаклар орқасидан тўрт-беш сўмли бўлгани, бошқаларга: “Мана, акамнинг хотини нималарга қодир!” — деб мақтангани билан, ич-ичидан: “Бу қиз эр топилмаслигига кўзи етгани учун акамга осилган. Акам уни хотин қилмаса, кўчадаги қизларга қўшилиб кетарди”, — деб ўйларди. Айни чоғда у ўта худбин эди. Бошқалардан бир қадам илгарироқ юрмаса, кўнгли таскин топмасди. Ҳозир ҳам Севинчдан аввал Шаҳлога ёрдамлашаётганида миясида шу ўй йўқ эмасди.

— Нима қиламиз? Амакинг уйни шу аҳволда кўрадиларми? — сўради Севинч дугонасига тикилиб.

— Амаким кўрганлар. Шундай бўлсаям, ҳеч бўлмаганда ошхонани тозалаб қўяйлик, — деди Шаҳло қандайдир ўксик, айни чоғда ялинчоқ товушда.

Шуни кутиб турган қизлар дарров ишга киришишди. Кўп ўтмай, ошхона аввалги ҳолига қайтди. Энди навбат биринчи қаватнинг йўлагига эди. Аммо Бўрон келди-ю, иккала қиз ҳам йиғиштиришдан тўхташди. Шаҳло амакисининг ёнидаги аёлга мутлақо эътибор бермади. Йиқилган ёш боладай йиғлайверди, йиғлайверди. Бўрон уни оталарча қучди. Пешонасидан ўпиб қўйди.

— Ҳаммаси изига тушиб кетади, қизим. Буям бир синов, — деди салмоқ билан гапираркан.

— Лекин, амаки, нега энди бирдан бутун оиламиз синовдан ўтиши керак? Буларни кўрганимдан кўра, ўзимни ўлдирганим яхшироқ!

— Қўй, бундай гапларни… Мана, иккита дугонангни бошлаб келибсан. Биргалашиб ҳамма нарсани жой-жойига қўйиб чиқасизлар. Қолган ишларни ўзим уддалайман. Даданг, ойинг, Жаҳонгир ҳам келади. Аввалгидай хушчақчақ яшайсизлар… Қани, меҳмонхонага… Йўқ, яхшиси, ҳовлида гаплашиб қўя қоламиз, юр, — деб Бўрон жиянини ташқарига етакламоқчи бўлганида, Шаҳло синган оёғини полга босди-ю, инграб юборди.

Бирдан ташвишга тушган Бўрон аввал қизнинг юзига, кейин оёғига разм солди. Пешонаси тиришди.

— Сени соғлом кўрдим деб қувонгандим. Нима аҳвол бу?! — дея бақириб юборди. Унинг овозидан бошқалар чўчиб тушишди. Икки қиз дарров ўзларини иш билан андармон кўрсатишга урина бошлашди.

— Секинроқ, — деди у билан бирга келган аёл, — ҳаммани қўрқитиб юбордингиз. Буям етмагандек, бечоранинг жонини оғритдингиз.

Бўрон бирдан қаҳр билан аёлга қаради. Аммо унинг юзидаги самимиятни, меҳрни кўриб дарров шаштидан тушди.

— Қаттиқ оғрияптими? — деб сўради Шаҳлодан.

— Йўқ, билмай босволибман, — деди пешонасига тушган сочларини тўғрилаган Шаҳло.

Улар ташқарига бориб, ҳалинчакли ўриндиққа ўтирганларидан кейин Бўрон чўнтагидан сигарета олиб чекди. У нима деярини билмасди. Аслида, Фарангиз Шаҳлога ким бўлишини айтмоқчи эди. Аммо қизнинг оёғини кўрганидан кейин каловланиб қолди. “Мавриди эмас, бирор кун ётиғи билан тушунтирарман. Ёки бошқа бировлардан эшитар. Умуман, билиши шартми?” — деб ўйлади ва қизнинг юзини силади.

— Манави аёл сен билан бирга қолади. Уйингдагилар келгунча қараб туради. Хўпми, она қизим? — деди.

Шаҳло ҳайрон бўлиб аввал амакисига, сўнгра аёлга қаради.

— Дўхтирмилар? — сўради у.

— Бир ўзинг битта уйда қўрқасан. Дугоналаринг дарров кетиб қолишса керак. Хуллас, шу аёл билан бирга ўтириб туринглар, мен хабар олиб тураман.

Бўрон бошқа ҳеч нима деёлмади. Тез-тез юриб кўчага чиқиб кетди. Шаҳло билан Фарангиз эса, бир-бирларига термилганча қолаверишди.

— Менинг исмим Фарангиз, — деди аёл қўлини қизга узатиб. — Мана, танишиб олдик. Энди ишни ҳамма ёқни уборка қилишдан бошлаймиз. Сиз ошхонада картошка артиб турасиз. Ишларимизни тугатганимиздан кейин ҳаммамиз ўтириб чой ичамиз.

Нуриддин ИСМОИЛОВ

(Асарнинг кейинги қисмларини яқин соатларда ўқийсиз)

Аввалги қисмларни ўқиш учун қуйидаги ҳаволаларни босинг:

Мафия сардори (1-қисм)

Мафия сардори (2-қисм)

Мафия сардори (3-қисм)

Мафия сардори (4-қисм)

Мафия сардори (5-қисм)

Мафия сардори (6-қисм)

Мафия сардори (7-қисм)

Мафия сардори (8-қисм)

Мафия сардори (9-қисм)

Мафия сардори (10-қисм)

Мафия сардори (11-қисм)

Мафия сардори (12-қисм)

Мафия сардори (13-қисм)

Мафия сардори (14-қисм)

Мафия сардори (15-қисм)

Мафия сардори (16-қисм)

Мафия сардори (17-қисм)

Мафия сардори (18-қисм)

Мафия сардори (19-қисм)

Мафия сардори (20-қисм)

Мафия сардори (21-қисм)

Мафия сардори (22-қисм)

Мафия сардори (23-қисм)

Мафия сардори (24-қисм)

Мафия сардори (25-қисм)

Мафия сардори (26-қисм)

Мафия сардори (27-қисм)

Мафия сардори (28-қисм)

Мафия сардори (29-қисм)

Мафия сардори (30-қисм)

Мафия сардори (31-қисм)

Мафия сардори (32-қисм)

Мафия сардори (33-қисм)

Мафия сардори (34-қисм)

Мафия сардори (35-қисм)

Мафия сардори (36-қисм)

Мафия сардори (37-қисм)

Мафия сардори (38-қисм)

Мафия сардори (39-қисм)

Мафия сардори (40-қисм)

Мафия сардори (41-қисм)

Мафия сардори (42-қисм)

Мафия сардори (43-қисм)

Мафия сардори (44-қисм)

Мафия сардори (45-қисм)

Мафия сардори (46-қисм)

Мафия сардори (47-қисм)

Мафия сардори (48-қисм)

Мафия сардори (49-қисм)

Мафия сардори (50-қисм)

Мафия сардори (51-қисм)

Мафия сардори (52-қисм)

Мафия сардори (53-қисм)

Мафия сардори (54-қисм)

Мафия сардори (55-қисм)

Мафия сардори (56-қисм)

Мафия сардори (57-қисм)

Мафия сардори (58-қисм)

Мафия сардори (59-қисм)

Мафия сардори (60-қисм)

Мафия сардори (61-қисм)

Мафия сардори (62-қисм)

Мафия сардори (63-қисм)

Мафия сардори (64-қисм)

Мафия сардори (65-қисм)

Мафия сардори (66-қисм)

Мафия сардори (67-қисм)

Мафия сардори (68-қисм)

Мафия сардори (69-қисм)

Мафия сардори (70-қисм)

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here