Бахт ортидаги тамға

0

— Мен боланинг туғилишига қаршиман.

— Эсингни еганмисан, Нодир? Ахир бу бола сенинг фарзандинг-ку!

— Мен биринчи фарзандимиз ўғил бўлишини истайман, аммо текширувлар унинг қиз эканлигини кўрсатди. Хуморага ҳомилани олдириб ташлашини тайинлаганман.

— Дўстим, кейин афсусланасан!

— Эркак киши қароридан афсусланмайди! — Нодир шундай деди-ю, хонадан чиқиб кетди.

Тўғриси, мен Нодир билан болаликдан бирга улғайган яқин дўст бўлсам ҳам, дўстимнинг баъзи қилиқларини сира тушунмасдим. Нодирнинг феълидаги инжиқлик ҳеч қайси табиат кўтаролмайдиган довулга ўхшарди. Елдек бостириб келади-ю, атрофни пайҳон қилиб кетади.

Коллежни битирган чоғимиз Нодир ҳарбий хизматга кетди. Орада хат ёзишиб, телефонлашиб юрдик. Фурсат дегани қушдек учиб ўтаверар экан. Дўстим хизматдан келиб, Хуморани учратди. Ота-онасининг етим қизни олиб бермаслиги ҳақидаги қаршилигига қарамай Нодир ўзи танлаган қиз уйланди. Ўшанда куёвлик тахтида ўтирган дўстимнинг қалбидаги туйғулари бахтнинг бўлаклари эмас, балки ғурур ва ўз «мен»ининг устунлик аломатлари эканини сезмагандим. Шунча юрагимга яқин олсам-да, кўпинча Нодирдан анча узоқда яшаган инсондек дўстимнинг кўп ишларини тушунмасдим. Ҳатто тўйимга кечикиб келганида, бўкиб ичиб, жанжал чиқарганида ҳам ўртамизга совуқчилик тушмаслигига уриндим. Хумора келинлик хизматини ортиғича адо қилар, ўз гўшасидан тополмаган меҳрни янги уйдан топишга интиларди. Хотиним Бегойим билан улар қалин дугона бўлиб кетишди.

Қуш каби учаётган фурсат онлари умр номли улкан кемани қайсидир манзилга бошлар, унинг йўловчилари турфа синовларга дош бериб яшашга мажбур экан. Нодир хотини билан уришиб қолган кезлари Хумора уйимизга келар, синглисидек бўлиб қолган Бегойим билан тонггача ҳасратлашиб чиқарди. Бу ҳасратлар онага айтилиши керак бўлган қалбнинг ички кечинмалари эканлигини, ўша дам кўнгилга ошуфта бир кўнгилнинг ҳамроҳлиги ўта муҳимлигини ҳис этардим. Ачинарлиси, Хумора ўзи йиллаб, балки бир умр излаган меҳрини янги уйидан ҳам тополмагани юракни ғашларди.

Институтдаги дарсларим тугамасданоқ телефоним жиринглади.

— Алло, дадаси, ошнангизга айтинг, Хуморани туғруқхонага олиб келдик.

Кутилмаган бу хабардан довдираб тезда манзил томон отландим. Йўл-йўлакай Нодирга телефон қиларканман, жавоб бермаётганидан жаҳлим чиқди. Туғруқхонага етиб келдим, хотиним ёш боламизни қўшнимизга ташлабди-ю, Хуморани бу ёққа элтибди.

— Беморнинг аҳволи оғир, жарроҳлик йўли билан туғдириб оламиз.

Докторнинг бу гапи қулоқларимизга ҳадикли эшитилди. Хотиним Худодан тинмай шифо сўрар, менинг ич-ичимда нотаниш ғалаёнлар исён қиларди. «Наҳотки, наҳотки дўстим тубанликнинг шу даражасига етган бўлса? Худо берган фарзанд азизлигини, ўғилми, қизми, ўз зурриёди бўлишини ҳис этмаса, майли, кўнгил қулфи занглаган тақдирда ҳам ақли барчасини англаши шарт эди-ку?»

Бардошим етмай Нодирнинг уйига бордим. Ҳашаматли қаср ёнида мадад кутаётган муҳтождек қотдим. Тақиллаган темир дарвозани анча вақт ўтиб очган уй эгасининг муносабатига қараб, бекор келганимни англагандек бўлдим.

— Менга қара, у мегажин сенга ким ўзи? Қаердаги бир етимчанинг тарафини оласан-а!

— Атиргул опа, набирангиз туғилиш арафасида…

— Ўчир овозингни, ўғлимнинг раъйига қарши чиққан нопоб келин ҳам, ундан туғиладиган боланинг ҳам менга кераги йўқ. Истасам, ўғлимни яна уйлантириб қўяман. Билиб қўй, хонадонимга кўз тикканлар тиқилиб ётибди.

Юзимга қарсиллатиб ёпилган дарвозага қараб, тилим калимага келмай қолди. Туғруқхонага келар чоғим Атиргул опа тили билан санчган тиканлари бутун вужудимни зирқиратар, оғриқдан сил бўлган юрагим «Дунёда шундай одамлар ҳам яшайдими?» дея тўхтовсиз савол берарди.

Атиргул опа ўз маҳалласининг «Ўзбекойим»и бўлиб, бирон тўй-маърака, туғилган кун, йиғин борми усиз ўтмасди. Ҳатто «Фалон боғда олма пишибди, териш керак», дейишса ҳам, маҳалланинг барча хотинлари Атиргул опадан рухсат сўрар, опанинг обрўси, бойлиги, заҳардан-заҳар тили қаршисида қад эгиб туришарди. Нодирбек дея осмонларга ҳам сиғдирмай катта қилган биттаю битта ўғли, уларнинг тилида айтганда «қаёқдаги етимвачча»га уйлангани Атиргул опанинг обрўсига путур етказмаса-да, маҳалладаги узунқулоқ ғийбатларга сабаб бўлди. Баъзида ўйланиб қолардим, «Ёшлар бахтли-саодатли яшаса бўлди-да, яна нима керак буларга?» Шундан буён маҳалланинг биронта аёли тагли-тугли, бой хонадондан келин қилса, Атиргул опанинг бағри қонланар, йиғинларда барчага тиканини санчиб гўё аламларини оларди. Мана, бугун ҳам ҳатто ўз ўғлининг зурриёдидан кечиб турибди. Бу қайсар феълининг табиатими ёки қасд қилишми? Уйида эса эри унинг сояси эди. Назаримда, Атиргул опага бу соя фақатгина «Бошида эри бор» деган таъкидга керак эди, холос. Мен кўп бор Нодир ҳам отасини жеркиб ташлаганига гувоҳ бўлганман. Бу табиий эди, ахир Атиргул опанинг тарбиясини олган ўғил -да.

— Алло, дадаси, тезроқ келақолинг ҳозир бола туғилади.

Хаёлларим зумда бузилди, бу хабарни эшитишим билан кўз олдим баттар қоронғулашди. Кўпроқ гўдакнинг кейинги тақдирини ўйларканман, у ҳам онасидек меҳрга ташна, бахтга муштоқ бўлиб ўтишидан қўрқардим. Хаёлимга келган кескин фикрдан ўзим ҳам гарангсиб қолдим: «Демак, бу ҳаётда бахтсиз бўлишида инсонларнинг ўзи айбдор экан-да?»

Тонг жуда ҳам оғир отгандек бўлди. Бегойим атала тайёрлаб келиш ва кичкинамизни эмизиш учун ҳам уйга кетди. Шу чоқ аёлимнинг меҳр тўла қалбидан фахрланиб кетдим. Ичимда Худога шукрона айтарканман, инсоннинг феълига қараб қисмат ёзишини англадим. Гўдакнинг  йиғиси хаёлимни бўлди. Доктор уни онасининг бағрига олиб кирди. Ҳаётни биринчи бор кўраётган кўзлар она бағрини, уни бошқа ҳеч кимда топилмас меҳри, қайноқ тафтини ҳис этди.  Худо ато этган шундай илоҳий инъомдан қандай юз буриш мумкин?

Хуморанинг меҳр билан саволлар қоришиб кетган, аросат йўлида қолган қалбини тушунардим. Қўлига олган гўдакнинг нозик вужуди бу дунёнинг ишларидан бехабар хотиржам сут эмарди. Бирдан қаттиқ чўчиб кетдим: «Мен биринчи фарзандимиз ўғил бўлишини истайман!» Бу овоз хонанинг бурчак-бурчакларидан, очиб қўйилган деразалардан кела бошлади. Ичимни эгаллаган ваҳимали қўрқув барча фикрларни занжирлаб ташлаб, чексиз зулмат гирдобига чўктириб юборди. Қаршимда боласини бағрига маҳкам қучган она бахтли ва айни дамда бахтсиз эди.

* * *

Ишларимни битириб, уйга кетдим. Қаттиқ толиққанимдан бошимни ёстиққа қўйишим билан ухлаб қолибман. Тушимда йиғлаётган чақалоқ атрофида дўстимнинг шарпаси тинмай айланарди. Ортидан бемаврид ёмғир ёғди. Қоронғу кўчаларда йиғи овози эшитилди. Чўчиб уйғонсам, кўчада ёмғир ёғарди. Кўнглим ғалати бўлиб кетди.

Туғруқхонага келгач, елкамдан тоғ ағдарилгандек бўлди. Ҳаяжондан чақалоқ ҳақида сўраш ёдимга ҳам келмабди. Энди унга исм ҳам танлаш керак. Наҳотки отаси кўришга келмаган бўлса? Нафас ростлаб, бахтли онадан хабар олишга кирдим. Худога беадад шукрлар бўлсинки, Унинг кенг карами ва чексиз марҳамати билан Хуморага ўғил фарзанд кўриш насиб этганди! Мен бахтиёрликдан сакраб юбордим. Афсуски, бу онлар узоққа чўзилмади…

Жуда хунук хабар эшитдим: Нодир билан онаси тунда уйидан чиққан ёнғин ичида қолибди. Титраб кетган қўлимдан телефон тушиб кетди…

 

Достонбек РАҲМАТУЛЛАЕВ

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here