ЭЗМА…

0

 

Врач кабинетига ногиронлар аравачасига ўтқазилган ўрта яшар эркакни олиб киришади. Тепакал, кўзойнакли, жуссаси букрироқ, ёши олтмишларга борган врач ўрта бўйли, қорачадан келган аёлга «чиқинг» ишорасини қилади-да, беморга яқинлашади.

Врач: — Хўш, ука, нима бўлди?

Бемор: — Ё-ёмон бўп кетяпман! Ж-жуда ёмон оғрияпти?

Врач: — Қаерингиз оғрияпти?

Бемор (кўксига муштлаб): — Манави ерим.

Врач: — Ҳм-м… Қачондан бери оғрияпти?

Бемор: — Анча бўлди.

Врач: — Бизга аниқ вақти керак.

Бемор (оғир-оғир йўталиб): — Кечадан бери.

Врач: — Қани, яктакни кўтаринг! Ўпкани эшитиб кўрайлик-чи!.. Ҳм-м, нафас, бемор, нафас! Нафас дедим!

Бемор: — Нафасим шундоғам қисиб турибди, д-дўхти-ир!

Врач: — Ҳа майли, яктакни тушираверинг! Хў-ўш… Ие, йўталяпсизми? Нега йўталяпсиз?

Бемор: — Билмайман.

Врач: — Менга қаранг, йўтал бошланишидан олдин нимани ҳис қиляпсиз?

Бемор: — Ичим қирили-иб кетади.

Врач: — Қандай қирилади? Капгирни қозонга ишқалагандайми ё семичка қовураётганда капгирни шов-шов қилгандақами?

Бемор: — Билмайман. Эсимда йўқ.

Врач: — Менга қаранг, бизга факт керак. Аниқ-аниқ гапиринг!

Бемор: — Йўтал бошланаётганда, томоғим хириллайди.

Врач: — Ҳм-м… Шунақа денг? Қани, давлинани ўлчаб қўяйлик-чи!.. Ҳм-м… Ўҳ-ҳў, 160 га 110 экан-ку! Доим шунақа кўтарилиб турадими давлинангиз?

Бемор: — Р-рабўчийси шунақа, дўхтир… Юракнинг мазаси йўқ, дўхтир, юракнинг!

Врач: — Шунақами? Оғрийдими?

Бемор: — Ҳа.

Врач: — Ёмон оғрийдими?

Бемор: — Ж-жудаям. Ҳар оғриганда жоним чиқиб кетгудай бўлади.

Врач: — Оғриганда симилла-аб оғрийдими, ё ари чаққандай чимиллайдими? Балки қиси-иб оғрир? Ёки хамирдан зувала узгандай чўзили-иб оғрийдими?

Бемор: — Б-билмайман… Вой-вой-эй, вой юраги-им!..

Врач: — Э, мунча ваҳима қиласиз? Ҳали абхўдни тугатмадик-ку! Сал ўзингизни босволинг-да!..

Бемор (сал тинчланиб): — Хўп, узр!

Врач (беморнинг касаллик варақаси билан обдон танишади ва хавотир аралаш бош кўтаради): — Ҳм-м… Хўш, бемор, манави ерда кўрсатилган дориларни ичяпсизми?

Бемор: — Ҳа, ичяпман.

Врач: — Масалан, манави таблэткани қандай тарзда ичасиз? Дорини бармоғингизга қисволиб узоқдан оғизга опкеласизми ё носвой отгандай шартта ташлаб қўя қоласизми?

Бемор: — Йўқ, астагина оғзимга соламан.

Врач: — Бир саволимга аниқ жавоб бермадингиз. Оғриқ қачон бошланган? Тўчний вақтини айтинг!

Бемор: — Кеча ярим тунда бошланди.

Врач: — Оғриқ хуруж қилар паллада нима қилаётгандингиз?

Бемор (сал энсаси қотиб): — Буниям тўчнийсини айтайми?

Врач: — Албатта. Бизга факт муҳим.

Бемор: — Ҳалиги… Хотиним билан ғижиллашаётгандим.

Врач: — Нега ғижиллашасиз? Сабаб?

Бемор: — Бунисини айтишим шартмас шекилли, дўхтир?

Врач: — Майли, оғриқ бошланишидан аввал нималарни ҳис қилдингиз? Манави жусса қай ҳолатдайди?

Бемор: — Ўнг томонимга ёнбошлаволгандим.

Врач: — Оғриқ турганда асаб томирлар қай аҳволга тушди? Лашкардай бостири-иб мияга урилдими, ё томдан тараша тушгандай таппа ташлаб қўя қолдими?

Бемор: — Билмайман. Эслолмайман.

Врач: — Оғриқ зўр келганда шартта энгашволдингизми ёки узала тушиб ётдингизми?

Бемор: — Узала тушиб ётдим.

Врач: — Кўз-чи, кўз? Ёшланиб кетдими? Оғиз қуруқшашга ўхшаш нарсалар бўлдими?

Бемор: — Ҳа.

Врач: — Нафас-чи, нафас? Қисдими?

Бемор: — Ёмон қисди. Хотиним тепамда турволиб роса елпиди.

Врач: — Ие, хотинингиз билан жиқиллашгандингиз-ку!

Бемор: — Қўрқиб кетди-да уям!

Врач: — Тушунарли-и-и!.. Яхши-и-и!.. Сиз, бемор, бўшашманг, тузатамиз! Хў-ўш… Ҳожат масаласи қандай?

Бемор: — Ёмонмас.

Врач: — Енгили-чи?

Бемор: — Енгилига оғриб қолганимдан бери тез-тез қатнайдиган бўлганман.

Врач: — Шунақами? Ҳар боргингиз келганда кўнглингиздан нима кечади? Эрини-иб, бурали-иб, бўшашиб борасизми ё аксинча даст ўрнингиздан туриб жўнаб қоласизми?

Бемор: — Шартта туролмайман, дўхтир. Ю-юрак қўймайди.

Врач: — Шунақа денг? Ҳа, тўғри, ҳақсиз. Айтганча, енгилига ҳар борганингизда миқдор қанча бўлади?

Бемор: — Б-билмадим… Ўлчаб кўрмаганман.

Врач: — Йўқ, бизга аниқ факт керак! Бошида айтдим-ку! Ҳеч бўлмаса, тахминан айтсангиз-чи миқдорни!

Бемор (азбаройи энсаси қотганидан, оғриққа чидолмаганидан, тоқати тоқ бўлганидан титрай бошлайди. Титроқ асносида аравани эшик тарафга буради-да, жонҳолатда қичқиради): — Рисола-ат! Мени опкет бошқа дўхтирга-а!!!

Шундай дейди-ю, қайтадан врачга юзланади ва ҳамшира кириб аравани ташқарига етаклай бошлагач, хириллаб, алам аралаш ҳайқиради:

Бемор: — Ҳе эзма!!!

Врач (ҳайрон бўлиб, ҳеч нарсага тушунмай беморнинг ортидан қичқиради): — Нима дедингиз? Эзма? Эзма дейишдан олдин кўнглингиздан нималар кечди? Асаб томирларингиз лашкардай бостириб келдими ё аста-секин қўзғалдими? Титроқ-чи? Титроқ қай гўрдан кучая қолди?.. Э товба-а, одамлар жа инжиқ, бесабр бўп кетибди-я! Ахир, ҳаммасини обдон суриштирмасам, ташҳисни қандай қўяма-ан?

Олимжон ҲАЙИТ

Олимжон Ҳайитнинг турли мавзулардаги хабарлари, мақолалари, ҳикоялари энди “Телеграмм” даги алоҳида каналда! Бизга қўшилинг, афсусланмайсиз!

t.me/olimjonhayit

 

 

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here