Мафия сардори (72-қисм)

0

Тахминан икки соатлардан кейин тўс-тўполони чиқиб ётган уй аввалги ҳолига қайтди. Лекин барибир Шаҳлонинг кўнгли ёришмади. Ликопчасидаги бир донагина картошка бўлагини санчқи билан майдалаганча, ер чизиб ўтираверди. Қизлар, Фарангиз ҳар хил кулгили гаплардан гапиришиб унинг хаёлини бошқа ёққа бурмоқчи бўлишди-ю, барибир эплашолмади.

— Фарангиз опа, амакимнинг қўл телефони номерларини билмайман. Мабодо сизда бўлса, беринг, илтимос, ойим қаердаликларини сўрамоқчиман, — деди Шаҳло бошини кўтариб аёлга термиларкан.

Фарангиз жилмайди. Табассуми шунчалик чиройли эдики, ҳаттоки учала қизнинг ҳам ҳаваси кетди. Аслида, Наргиза билан Севинч бу аёлни айлантириб сўроққа тутмоқчи эдилар, чунки Шаҳлодан: “Ким?” — дея сўрашганида, у елка қисиб қўйганди. Бўроннинг телефон рақамлари аниқ, дона-дона қилиб айтилганидан кейин билишдики, бу аёл унчалик ҳам бегона эмас. Демак, уни зимдан сўроққа тутиш ёш қизлар учун унчалик ҳам тўғри келавермайди.

Шаҳло амакисидан ойисининг қаердалигини билганидан кейин ёнидагиларга боришини айтди. Биров эътироз билдирмади. Қайтага маъқуллашди унинг гапини. Фақат Севинч бирга боролмаслигини, уйида зарур иши борлигини айтди.

Такси уларни шундоққина асаб касалликлари шифохонасининг дарвозаси ёнига ташлаб кетди.

Шаҳло ойисини кўриш учун анча тер тўкди. Илтимослари ўтмади. Фарангиз орага тушиб бир-икки сўм қистирганидан кейин қисқа муддатга кўришларига изн беришди.

Хонзоданинг сочлари тўзғиб кетган эди. Бир қарашда унинг ҳақиқий жиннидан фарқи йўқ эди. Лекин унинг ташқи кўриниши шундай эса-да, ақли-ҳуши жойида, ҳамма нарсани яхши фаҳмлайдиган даражада эди. Тўғри, уйида ҳар балоларни вайсади. Ўшанда у воқеага кимнидир сабабчи қилиб чиқиб кетиш нияти бор эди, аммо нияти амалга ошмай қолди.

Ҳозир ҳам Шаҳлони кўрганидан кейин уни гўрдан олиб, гўрга тиқмоқчи бўлди. Аммо шаштидан тушди. Агар озгина ножўя ҳаракатни бошласа, оқибати нима билан тугашини у яхши биларди, шу боис, қизини қучоқлаб йиғлади. Кечирим сўради. Омон-эсон шу ердан чиқса, ҳаётини бутунлай бошқача қуражагини ҳам яшириб ўтирмади. Кейин кўзи Фарангизга тушди ва бир муддат унга тикилиб қолди.

— Қизим, ким билан келдинг? — деди у Шаҳлони маҳкамроқ қучиб.

— Булар… — деб Шаҳло эндигина гап бошлаган эди, Хонзода бирдан уни гапиришдан тўхтатди.

— Мен бу аёлни кўрганман. Ҳа, эсладим. Бўрон амакинг билан бирга. Бўрон амакингнинг “любовница”си!

Шаҳлони яшин ургандай бўлди. У Фарангизни хизматкор ёки уй ишчиси бўлса керак, деб ўйлаганди. Аммо ўта жиддий амакиси ўзига шунақанги аёлни эп кўриши етти ухлаб тушига ҳам кирмаганди. У бир муддат довдираганча Фарангизга бошдан-оёқ қараб чиқди. Ўзини йўқотиб қўйган аёлнинг ранги оқариб кетганди. Шаҳло бировнинг эри билан юрадиган аёллар тўғрисида кўп эшитган ва унинг тасаввурида бунақангилар безбет ва фаросатсиз бўлиши керак эди. Сал ортиқча гапга йиғлаб юборадиган бу беозор аёлдан қанақа жазман чиқсин? Ана, ойисининг билиб-билмай қилган ҳақоратини эшитиб ерга кириб кетгудек аҳволга тушди-ку.

— Ойи, сиз адашаётганга ўхшайсиз. Фарангиз опамлар мутлақо сиз ўйлаган…

— Мен кўрганимга ишонаман, тушундингми, қизим?! — дея Шаҳлони жеркиб ташлади Хонзода. — Қандай қилиб бу енгилтак билан топишиб олдинг? Майли, аввалги қилиқларингдан кўз юмаман. Севган йигитингга турмушга беришгаям розиман; ич-ичимдан норози бўлсам ҳам. Аммо бузуқлар билан бирга юришингга қандай чидайман, жон қизим?!

Хонзоданинг кўзидан дув-дув ёш оқа бошлади. Шаҳлонинг боши ғувиллаб кетди. Бир неча сония кўзларини юмиб турди. Шундан кейингина амакиси ойисини нега жиннихонага ташлаб кетганини тушуниб етди. Демак, ҳақиқатан ҳам ойисининг ақли жойида эмас, у оғзига келганини қайтармайди.

— Ойи, биринчи навбатда соғайишингиз керак. Дадамлар касалхонада ётибдилар. Жаҳонгир ҳам қўлини синдириб олибди… Бу ёқда менинг оёғим гипсда. Хуллас, ҳаммамиз бир аҳволдамиз. Бошқа нарсаларни эсингиздан чиқаринг. Ором олиб, асабларингизни тинчлантиринг. Майда-чуйда гапларга умуман эътибор берманг.

Шаҳло деворга гапираётгандай эди. Хонзода қизига термилиб турган бўлса-да, хаёли бошқа жойда кезиб юрар, қизининг гапларини эшитмаётганди. Бу ёқда эса Фарангиз ҳайкалдай қотиб турарди. Ўкинч, ғазаб, алам — буларнинг бари бир бўлиб миясида ғужғон ўйнарди. Ҳозир у ҳам шулар билан андармон эди, Шаҳлонинг сўзларини у ҳам эшитмаётганди.

— Мени кўргани келганинг учун катта раҳмат, — деди Хонзода маълум муддатлик сукунатдан сўнг, — ҳаммамиз тузалиб чиқамиз. Лекин бир гапимни қулоғингга қуйиб ол. Бу хотин билан, — Хонзода қўлини бигиз қилиб Фарангизни кўрсатди, — умуман бирга юрма. Майли, мен адашган бўлайин. Майли, хотирам панд берган бўлсин. Майли, мени жинни деб ўйла, лекин барибир шу хотин ёнингга йўламасин. Жон қизим, ҳеч бўлмаганда шу сафар айтганимни қил!

У кафти билан ёшларини артди ва секин ортига бурилиб палатасига қайтди. Йўлда кетаётиб яна изига қайтгиси, овсинига кундош бўлаётган юзсизнинг (аслида, у овсинини жудаям ёмон кўрарди. Фақат шу аҳволга тушишида озми-кўпми хизмати сингганлиги учун эмас, илгаридан, илк келин бўлиб тушган пайтлариданоқ. Ҳа, Фароғат камбағал оиланинг қизи эди. Яна унда қўлига илинган нарсани онасининг уйига ташиш одати бор эди. Ҳатто бир сафар икки кило гўштни сумкасига солиб олиб кетаётганида раҳматли қайнонаси сезиб қолганди, бироқ индамади. “Келин, бу ишингиз яхшимас”, дейиш билангина чекланди. Фароғатга кўпам иш ёқавермасди. Албатта, танбалликда Хонзода ҳам ундан қолишмасди. Бироқ Фароғат катта келин бўлгани сабабли ўзининг юмушларини ҳам осонгина унинг бўйнига юклаб қўяверарди. Бунинг натижасида иккала овсин беш-олти марта “чўқишган”. Шу-шу Фароғат унинг кўзига балодай кўриниб қолган) сочларини юлмоқчи бўлди. Аммо шу заҳоти бу ниятидан қайтди. Чунки айни пайтда унинг гапига биров ишонмайди. Айбсиз айбдор бўлиб қолаверади. Кейин палатага олиб киришади-да, билган қийноқларига солишади. Зеро, у бир марта бунақанги азобни татиб кўрди. Қайноғаси кетганидан сўнг, ўзининг касал эмаслигини айтиб тўполон кўтарганида қўл-оёғини боғлаб ташлашди. Қандайдир укол қилишди. Унинг жони шунақанги оғридики, туғилганига пушаймон еди. Шартми шу азобни яна тортиши? Эсон-омон мана шу Худо қарғаган жойдан чиқиб олса, албатта, яхшилаб ҳисоб-китоб қилади. Бошқача йўл билан, албатта.

Сўнгги ўйи Хонзодага жудаям ёқиб тушиб, юзида табассум пайдо бўлди.

Унинг ортидан қараб турганлар эса ҳайрон эдилар. Айниқса, Шаҳло. У ойисини жинни деса жиннига ўхшамайди, соғ деса соғга.

— Кетдик, — деди унинг қўлидан ушлаган Наргиза.

Шаҳло кўз ёшларини артди ва бош ирғаб тасдиқ ишорасини қилди. Улар касалхона дарвозаси томон йўл олишди. Аммо Фарангиз жойидан жилмади. Унинг кўкси тез-тез кўтарилиб тушар, лаби титрарди. Дунёга сиғмаётганди у. Алами бўғзига тиқилганди. Кошки эди, бир нафас билан ташқарига чиқариб юборса, кейин ҳаммасини унутиб, боши оққан томонга кетса. Ҳеч ким уни тутиб олмаса ва ҳеч ким қидирмаса. Нима деган гап бу? Тўғри келган одам уни фоҳишадан олиб фоҳишага солаяпти. Унинг ўзи шундай бўлсин дебмиди? Ўзига қолса шундай йўл тутармиди?

“Фарангиз опа”, деган овоз эшитилди қулоғига. Аёл ўгирилиб Шаҳло билан унинг дугонасини кўрди. Шу икки қиз ҳам ундан бахтли. Ташвишлари бир дунё, лекин бахтли. Сабаби, уларнинг муаммолари эртами-кечми ҳал бўлади. Кейин эркин нафас олишади. У-чи?.. Унинг ташвиши бир умрлик. Ҳар куни елкасидан босади. Ҳар куни азоб беради. Ҳар куни…

— Нега туриб қолдингиз, Фарангиз опа? Юринг, — деди Шаҳло. Унинг кўзида бир олам мунг бор эди. Шу нарса аёлни юришга мажбур қилди.

Сўзсиз-сўроқсиз касалхонадан чиқишгач, таксига ўтиришларидан аввал Фарангиз Шаҳлони тўхтатди.

— Сизда гапим бор, — деди.

Наргиза унинг нима демоқчилигини тахминан биларди. Шу боисдан ҳам жаҳли чиқди. Аслида у Шаҳлонинг ойисини кўриб, унинг гапларини эшитганидаёқ ғалати бир аҳволга тушди. “Акам келиб-келиб шу жинни аёлнинг қизига уйланадими? Қанчадан-қанча дугоналарим акамнинг оёқлари остига пояндоз бўлишга тайёр туришибди. Бу қиз ҳам бир кун келиб аслига тортади”, дея хаёлидан ўтказди. Бирдан ҳали тузук-қуруқ танишишга улгурмаган Фарангизнинг уни тўхтатиши (албатта, Наргиза бу аёлни ҳам ёқтирмаётганди. Хонзоданинг гапларидан сўнг у ҳақдаги тасаввури ўзгарганди) ғашини келтирди.

— Майли, — деди Наргиза энсаси қотиб, — сизлар гаплашиб олинглар, мен сал нарироқда тоза ҳавода тураман.

Унинг сўзлари Шаҳлони ўқдай тешиб ўтди, лекин у тишини-тишига босиб, Фарангизнинг гапига қулоқ солиш учун тўхтади.

— Бир нарсани билиб қўйишингизни жудаям хоҳлардим. Тушунган қизга ўхшайсиз, — деди Фарангиз Наргиза узоқлашгач, — мен амакингизга ўйнаш эмасман.

— Биламан, — деди хижолат тортган Шаҳло, — ойимнинг гапларига эътибор берманг.

У йиғлай бошлади. “Бош кўтариб юролмайдиган бўлиб қолдим”, демоққа чоғланди-ю, дарров тилини тишлади.

— Сиз гапимни охиригача эшитинг. Мен амакингизнинг любовницаси эмасман, балки хотиниман.

— А-а? — ажабланди Шаҳло Фарангизга тикилиб. — Хотинисиз?..

— Ҳа, шундай… Ойингиз адашгани йўқ. Бирон жойда балки бирга кўргандир… Хуллас, чалкаш ишлар жудаям кўп. Гапирса, вақт етмайди… Гап-сўзларидан ойингизнинг ақлдан озганига ишонгинг келмайди. Бир-икки кун ичида уйларингга қайтиб боради.

— Сиздай аёл қандай қилиб?.. Ҳеч нарсага тушунмаяпман, — деди Фарангиздан нигоҳини узмаган Шаҳло.

— Шунақа бўп қолган. Лекин мен сира афсусланмайман. Худонинг иши бу.

— Йўқ, барибир тушунмадим. Чиройлисиз, ақл-ҳушингиз жойида, гапларингиз мулойим. Нега энди иккинчи хотин бўлишингиз керак? Ё амаким алдаб йўлдан урганмилар?

— Йўқ, бу тақдир. Мана, асосийсини билиб олдингиз, бошқалари шунинг атрофида. Ҳозирча шунисини билиб туринг, қолганини кейин гаплашамиз. Унгача баъзи нарсаларни ўйлаб кўрарсиз.

Шаҳлонинг боши шишиб кетганди. Бирон нимани идрок қилиш даражасида эмасди. Бир кунда шунча ташвиш, қай бирини кўтарсин? Яхшиямки ёш, соғлиғи жойида, йўқса, аллақачон қон босими ошиб, ағанаб қолган бўларди.

— Дугонангиз кутиб қолди, борайлик. Ҳар хил шубҳага бориб юрмасин, — деди Фарангиз вазиятдан чиқиш учун.

— У менинг дугонам эмас, — деди кутилмаганда Шаҳло ҳам, — бўлажак қайнсинглим.

Энди Фарангизнинг ҳайрати ошди. Бир нималарни сўрашга чоғланди-ю, аммо пайти эмаслигини англаб индамай қўя қолди. Шу боисдан ҳам қизнинг қўлидан етаклади.

Наргиза улар билан бирга кетмади. Иши борлигини важ қилиб ўз уйига боражагини айтди.

— Акамга сизнинг келолмаслигингизни етказиб қўяман. Хавотир олиб юрмасин акам, — деди кесатиб ва йўлнинг нариги тарафига ўтиб кетди.

Унинг ортидан Фарангиз билан Шаҳло қараб қолишди. Иккаласида ҳам сўз айтишга забон йўқ эди. Ҳар иккиси ҳам қизнинг аччиқ қилиб кетаётганини билишарди. Бироқ айни лаҳзада унинг қилиқ чиқариши икковига ҳам алам қилди.

— Мен ҳам, — деди Шаҳло оғир-оғир нафас оларкан, — унинг ўрнида бўлганимда шундай қилган бўлардим.

Унинг шу гапидан Фарангиз Шаҳлонинг қандай қизлигини билиб олди. Унинг ўрнига бошқа бўлганида, Наргизани гўрдан олиб, гўрга тиққан бўларди.

Нуриддин ИСМОИЛОВ

(Асарнинг кейинги қисмларини яқин соатларда ўқийсиз)

Аввалги қисмларни ўқиш учун қуйидаги ҳаволаларни босинг:

Мафия сардори (1-қисм)

Мафия сардори (2-қисм)

Мафия сардори (3-қисм)

Мафия сардори (4-қисм)

Мафия сардори (5-қисм)

Мафия сардори (6-қисм)

Мафия сардори (7-қисм)

Мафия сардори (8-қисм)

Мафия сардори (9-қисм)

Мафия сардори (10-қисм)

Мафия сардори (11-қисм)

Мафия сардори (12-қисм)

Мафия сардори (13-қисм)

Мафия сардори (14-қисм)

Мафия сардори (15-қисм)

Мафия сардори (16-қисм)

Мафия сардори (17-қисм)

Мафия сардори (18-қисм)

Мафия сардори (19-қисм)

Мафия сардори (20-қисм)

Мафия сардори (21-қисм)

Мафия сардори (22-қисм)

Мафия сардори (23-қисм)

Мафия сардори (24-қисм)

Мафия сардори (25-қисм)

Мафия сардори (26-қисм)

Мафия сардори (27-қисм)

Мафия сардори (28-қисм)

Мафия сардори (29-қисм)

Мафия сардори (30-қисм)

Мафия сардори (31-қисм)

Мафия сардори (32-қисм)

Мафия сардори (33-қисм)

Мафия сардори (34-қисм)

Мафия сардори (35-қисм)

Мафия сардори (36-қисм)

Мафия сардори (37-қисм)

Мафия сардори (38-қисм)

Мафия сардори (39-қисм)

Мафия сардори (40-қисм)

Мафия сардори (41-қисм)

Мафия сардори (42-қисм)

Мафия сардори (43-қисм)

Мафия сардори (44-қисм)

Мафия сардори (45-қисм)

Мафия сардори (46-қисм)

Мафия сардори (47-қисм)

Мафия сардори (48-қисм)

Мафия сардори (49-қисм)

Мафия сардори (50-қисм)

Мафия сардори (51-қисм)

Мафия сардори (52-қисм)

Мафия сардори (53-қисм)

Мафия сардори (54-қисм)

Мафия сардори (55-қисм)

Мафия сардори (56-қисм)

Мафия сардори (57-қисм)

Мафия сардори (58-қисм)

Мафия сардори (59-қисм)

Мафия сардори (60-қисм)

Мафия сардори (61-қисм)

Мафия сардори (62-қисм)

Мафия сардори (63-қисм)

Мафия сардори (64-қисм)

Мафия сардори (65-қисм)

Мафия сардори (66-қисм)

Мафия сардори (67-қисм)

Мафия сардори (68-қисм)

Мафия сардори (69-қисм)

Мафия сардори (70-қисм)

Мафия сардори (71-қисм)

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here