Мафия сардори (73-қисм)

1

Кўп ўтмай Наргиза таксига ўтирди-ю, жўнаб кетди. Шу маҳал Шаҳлонинг қўл телефони жиринглади. Бир қанча муддатдан бери йиғидан тийилиб келаётган қиз экранга қараши билан бирдан кўз ёш тўка бошлади. Ва шу кўйи:

— Мурод акам, — деди, — овозимни эшитсалар сиқилади. Дарров етиб келади. Ишлари қолиб кетади. Яхшиси, ҳозирча гаплашмайман.

Фарангиз унинг сочларини силади. Ёрдам беролмаётганидан ўкинди. Айни пайтда яхши кўриб кетди.

— Юринг, кетамиз, — деди.

Шаҳло уйига етгунича Мурод қарийб ўн марта қўнғироқ қилди. Аммо қиз бирор марта бўлсин унинг қўнғироқларига жавоб бермади. Кейин шу иши учун пушаймон еди. Чунки энсасини қотириб кетган Наргиза акасига ҳар балолар деб вайсаши мумкинлиги эсига тушди. Аслида ҳам шундай эди. Уйига шошиб бораётган Наргизанинг хаёли аллақачон ойисига айтиши керак бўлган гаплар билан тўлганди. “Қўлидан иш келади, деб қаердаги қизга уйланадими? Садқаи бойлик кетсин уларга. Уйни икки қаватли, ҳашаматли қасрга ўхшатиб қургандан кўра, оиласини эпласа ўлармиди? Нима қилиб бўлсаям акамни айнитаман. Жиннининг қизига уйланмайди акам. Ундан кўра, дугонам Заҳро минг марта афзал. Замонавий кийинади. Рўзғор ишлариниям боплайди. Ота-оналариям яхши одамлар”, дея ўйлар эди у.

* * *

Марфа Степановна келин-куёвга етишига беш-олти қадам қолганида тўхтади. Унинг бутунлай ранги ўчиб кетганди. Кўрган одам мурдага ўхшатарди. Тўйдагиларнинг эса деярли ҳаммасининг кайфи бор. Ҳаммаси ширингина бўлиб ўтиришарди. Оксананинг бақирганини эшитганлар эса ўринларидан туриб, келинни хурсанд қилгани учун хизматчи хотинни ол-қишлаб қарсак чалишарди. Уларнинг орасида, албатта, Роман Фёдорович ҳам бор эди. У ҳам бўлиши муқаррарга айланиб бораётган фожиадан бехабар, бошқаларга қўшилиб қарсак чалаётганди.

Шоҳруҳ эса ҳайратда эди. Одатда, хизматкорлар бунақанги тадбирларда хизматга шай туришарди. Ҳали маросим тугамасидан бирон жойга кетмас, қандайдир гул кўтариб келиш эса, одобсизлик эди. Чунки бошқаларнинг кўнглига оғир ботиш эҳтимоли бор эди. Яна хизматкор бошқа бировнинг эътиборини ҳам тортмаслиги керак эди. Бу аёл эса барига қўл силтаб, янги узилган оппоқ атиргулларни кўтариб келибди.

— Менга ёқмаяпти, — деди Юлдуз унинг қулоғига шивирлаб.

Шоҳруҳ унга қаради ва унинг афт-ангори қизнинг гапини тасдиқлаб турарди.

— Нега тўхтаб қолдингиз, Марфа Степановна? — қичқирди Оксана столни айланиб ўтаркан. Негадир хизматчи аёл ортига тисарилди. Унинг бармоғи тугмачанинг устида турарди. Босса, тамом! Бир неча сониядан кейин портлаш рўй беради. “Йўқ! Йўқ! Мен сира бундай қилолмайман. Оксанани гўдаклигидан катта қилганман. У менга ўз қизимдай бўп қолган. Унинг ўлимини кўриш… Оҳ, бунга қандай чидайман?.. Қизгина… Қизгина, асло ёнимга яқинлаша кўрма… Яқинлашма!” дея хаёлидан ўтказар эди Марфа Степановна. Оксана унинг хаёлини қаёқдан ҳам билсин? Энагаси томон шошар эди у.

Марфа Степановна ҳаммани ҳайратда қолдириб, ортига тисарилиб қоча бошлади.

— Нега у қочаяпти? — сўради Виталий амаки Роман Фёдоровичдан.

Банкир елка қисди ва жаҳли чиққанидан буйруқ кутиб турган қўриқчи йигитларга имо қилди-да, шароб тўла қадаҳни бир кўтаришда ичиб юбориб, ликопчадан газак олиб оғзига солди.

— Падар лаънатилар эркаланиб кетишибди. Яхшилаб таъзирини бериб қўйиш керак, — деди у оғзидаги луқмаси билан ғўлдираб.

Унинг қизи эса изза бўлганидан бир жойда қоққан қозиқдай қотиб турарди. Бир неча сония ўтиб, ҳеч ким кутмаган воқеа содир бўлди. Югуриб кетаётган хизматкор аёл қўриқчи йигитлар етиб олишларига озгина қолганида портлаб кетди. Гумбурлаган овоз қулоқларни қоматга келтирди. Аёлнинг жасади бир неча бўлакларга бўлиниб, атрофга сочилди. Улардан бир бўлаги уни қувиб кетаётганлардан бирининг юзига тегди.

Одамлар ўн дақиқача ўзларига келишолмади. Ҳамма ваҳимада, хавотирда эди. Қўриқчилар амалдорларни ўраб олишган, ёнларига бировни яқинлаштиришмасди.

Роман Фёдорович бўларича бўлди. Ҳали йигитларини у ёққа чоптирди, ҳали бу ёққа. Ҳеч қанақанги натижа йўқ. На девор ортида шубҳали одам учради, на ичкарида. Фақат мурда топилди. Тўй бошланганидаёқ ичиб маст бўлган Бекнинг қотиб қолган мурдасини ташқарига олиб чиқишди.

— Нималар бўлаяпти?! — деб бақирди Шоҳруҳ.

Жавоб йўқ эди. Мурда тепасига йиғилганлар ҳайронликдан ўзга нарса дейишолмасди.

Шоҳруҳ ғазаб билан Роман Фёдоровичга юзланди. Шундоқ ҳам ошна-оғайнилари олдида обрўси чил-парчин бўлганидан алам ўтида қоврилаётган банкир йигитнинг қарашидан ловиллаб кетди. Йўқ, у аччиғини Шоҳруҳга сочмади, балки нима қиларини билмай довдираб турган соқчи йигитлардан бир-иккитасини тепкилади. Бу пайтда келган меҳмонлар кетиш тараддудига тушиб қолишганди. Мэр, прокурор, суд раиси… Ҳаммаси ўз машинасига ўтириб жўнаб кетди. Биргина Виталий амаки қолди. У Оксананинг ёнида эди. Эсини йўқотаёзган қизнинг кўнглини кўтариш билан овора эди. Кетма-кет икки марта Оксананинг жонига қасд қилишди. Қиз бечора Петкасини йўқотганидан кейин уни унутиш учун ҳар қанақа ишлар қилиб юрганди. Шулардан бири ичкиликка ружу қўйгани эди. Кўнглига озроқ ёққан одамга бутун ихтиёрини бериб қўядиган даражага келиб қолганди. Иккинчи портлаш унинг хаёлларини бутунлай ал-ғов-далғов қилиб юборди. Дадасини жудаям ёмон кўриб кетди. Онасининг ўлимига айнан у сабабчи бўлган. Энди унинг ҳам қазоси яқинлашиб қолганга ўхшайди. «Йўқ, мен ортиқ чидолмайман! Дадамдан бутунлай узоққа кетаман. Унинг қорасини кўришни истамайман! Унинг нияти — мени йўқ қилиш. У фақат ўзини севади. Бошқа ҳеч кимни эмас. Майли, уни ўлдиришсин, керак эмас менга». Оксана ўйлаяпман, деган хаёлда эди. Аслида гапираётганди. Унинг гапларини тинимсиз юз-кўзларидан ўпиб, бағрига маҳкам босиб турган Виталий амаки эшитиб турганди. Айни дақиқада қизнинг оғзидан чиқаётган сўзлар унга мойдай ёқаётганди. Ахир Роман Фёдорович ўлдирилса, бор мол-мулки Оксанага қолади. Соддагина қизни авраб олиш ва бойликларига эга бўлиш унинг қўлидан келади.

— Оксана, ўзимнинг эркагинам. Сен ортиқ бу ерда қолмаслигинг керак. Сени менинг йигитларим олиб кетишади. Менинг қароргоҳимда бехавотирроқ бўласан. Сенга ҳеч ким тегмайди, яқинингга ҳам йўламайди, — дея Виталий амаки ўзига тегишли йигитларни имлаб ёнига чақирди-да, уларга қизни олиб кетишни буюрди. Ўзи эса чорасиз қолган Роман Фёдоровичнинг ёнига борди. Унга ҳам бироз далда берганидан кейин уйга киритиб юбориб, ҳамма бошқарувни қўлига олди.

Кўп ўтмай, омончилар бригадаси ва улар билан бирга тиббий тез ёрдам машинаси ҳам етиб келди. Дарров текшир-текшир бошланиб кетди. Дўхтирлар Бекнинг заҳарланиб ўлганини аниқлашди. Шубҳа остига олинганлар кўпчилик эди. Уларнинг орасида Шоҳруҳ ҳам бор эди. Шу боисдан у ҳам бўлинмага олиб кетилди. Ярим кеча прокурорнинг буйруғи келгандан кейингина қўйиб юборишди. Шунгача Юлдуз кўчада изғиди. Минг бир хаёлга борди. Воқеаларни ипидан-игнасигача хаёлида тиклади. Айбдорни қидирди. Бироқ тополмади. Демакки, ўзидан хафа бўлиши керак. Чунки эътиборсизлик қилди. Синчковликни унутди. У фақат бир нарсадан хурсанд эди. Яхшиям Шоҳруҳ ўзига ажратилган қадаҳдан ҳеч нима ичмагани… Акс ҳолда, ҳозир у ҳам Бекнинг ёнида ётган бўларди.

Шоҳруҳни қўйиб юборишаётганида Оксана қоп-қора “Мерс”да етиб келди. Уни кўриши билан Юлдузнинг жаҳли чиқди. Айниқса, Юлдуз шундоққина эшикнинг тагида ўтиришига қарамасдан, Оксана ўзини кўрмасликка олиб ўтиб кетаётганидан қони қайнаб кетди:

— Оксана! — деди унга еб қўйгудек тикилиб.

Шошиб кетаётган қиз бирдан тўхтаб ортига ўгирилди, илжайди ва қадрдон инсонини кўргандай келиб Юлдузни қучоқлаб, юзидан ўпди.

— Ярамаслар, аблаҳлар! Индамасанг, бошингга чиқиб олишади! Менинг мутлақо хабарим йўқ экан. Билганимда бир дақиқа ҳам ўтиришига йўл қўймаган бўлардим! — деди бақириб.

Худди шу пайт иккита милиционер ҳамроҳлигида ичкаридан Шоҳруҳ чиқиб келди.

— Жонгинам! — деб Оксана Шоҳруҳнинг бўйнига осилди.

— Бўлди! — деди унинг қўлини силтаб ташлаган йигит. — Театр тугади! Нима машмашани бошлаб келдинг бу ерга?!

Оксана бир муддат довдиради.

— Мен… Мен, — деди Шоҳруҳдан кўзини узмай, — кечирим сўрамоқчийдим. Кейин сизлар билан бирга келишиб оладиган иш ҳам бор. Кетдик.

У Шоҳруҳнинг қўлидан ушлаб етакламоқчи бўлганида йигит яна уни силтаб ташлади ва Юлдузнинг елкасидан қучди.

Оксана бундан бошқачасини бемалол ҳазм қилиши мумкин эди, лекин уни силтаб ташлаб, бошқа бир қизни қучоқлашларини ҳечам сингдиролмайди ўзига. Агар шу сонияларда Шоҳруҳ билан бирга келин-куёвлик вазифасини бажараётган маҳали Юлдузнинг кўз ўнгида ўпишгани ёдига келмаганида эди, шунақанги тўполон қилардики, Шоҳруҳ бир умрга эслаб юрарди. Ҳозир эса ўзида жилмайишга куч топди, холос.

— Қамалиб кетишингга бир бахя қолди-ю, маҳбубангни қучоқлаш билангина чекланасанми? Маҳкам бағрингга босиб ўпмайсанми? — деди ҳатто.

Сўнг зиналардан бир-бир тушиб машинага ўтирди. Ойнани тушириб, бир муддат Шоҳруҳ билан Юлдузга тикилди-да:

— Орқамиздан юринглар, — дея қоп-қора ойнани кўтарди.

Оксананинг ортидан боришга Юлдузнинг оёғи тортмади. “Яхшиси, бориб дам олайлик. Бугун жудаям оғир кун бўлди”, деди.

Лекин Шоҳруҳ унамади. Лом-мим демасдан машина рулига ўтирди-да, газни босди. Бир зумда олдинда кетаётган қора “Мерс”га етиб олди. Хаёли бузилди. Тезликни янада ошириб, «Мерс»ни пачақлаб ташлагиси келди. Аммо охирги дақиқаларда ўзини босди. Унинг юзи қизарган, пешонаси тиришган эди. Ёнида ўтирган Юлдуз ундаги ўзгаришни тез англади-ю, аммо унинг ҳам ўжарлиги тутди. “Билганингни қил. Қолаверса, зўр томоша бўлади”, деб хаёлидан ўтказиб қўйди. Бироқ машиналар тўқнашмади. Изма-из кетаверди. Ярим соатча шу тахлит юришди. Олдиндагиларнинг ҳам, орқадагиларнинг ҳам гўё тиллари боғланган эди. Бирови чурқ этмасди. Ҳаммаси ўзининг хаёли билан банд эди. Ҳаммаси ўзларича режа тузиш билан овора эдилар.

Нуриддин ИСМОИЛОВ

(Асарнинг кейинги қисмларини яқин соатларда ўқийсиз)

Аввалги қисмларни ўқиш учун қуйидаги ҳаволаларни босинг:

Мафия сардори (1-қисм)

Мафия сардори (2-қисм)

Мафия сардори (3-қисм)

Мафия сардори (4-қисм)

Мафия сардори (5-қисм)

Мафия сардори (6-қисм)

Мафия сардори (7-қисм)

Мафия сардори (8-қисм)

Мафия сардори (9-қисм)

Мафия сардори (10-қисм)

Мафия сардори (11-қисм)

Мафия сардори (12-қисм)

Мафия сардори (13-қисм)

Мафия сардори (14-қисм)

Мафия сардори (15-қисм)

Мафия сардори (16-қисм)

Мафия сардори (17-қисм)

Мафия сардори (18-қисм)

Мафия сардори (19-қисм)

Мафия сардори (20-қисм)

Мафия сардори (21-қисм)

Мафия сардори (22-қисм)

Мафия сардори (23-қисм)

Мафия сардори (24-қисм)

Мафия сардори (25-қисм)

Мафия сардори (26-қисм)

Мафия сардори (27-қисм)

Мафия сардори (28-қисм)

Мафия сардори (29-қисм)

Мафия сардори (30-қисм)

Мафия сардори (31-қисм)

Мафия сардори (32-қисм)

Мафия сардори (33-қисм)

Мафия сардори (34-қисм)

Мафия сардори (35-қисм)

Мафия сардори (36-қисм)

Мафия сардори (37-қисм)

Мафия сардори (38-қисм)

Мафия сардори (39-қисм)

Мафия сардори (40-қисм)

Мафия сардори (41-қисм)

Мафия сардори (42-қисм)

Мафия сардори (43-қисм)

Мафия сардори (44-қисм)

Мафия сардори (45-қисм)

Мафия сардори (46-қисм)

Мафия сардори (47-қисм)

Мафия сардори (48-қисм)

Мафия сардори (49-қисм)

Мафия сардори (50-қисм)

Мафия сардори (51-қисм)

Мафия сардори (52-қисм)

Мафия сардори (53-қисм)

Мафия сардори (54-қисм)

Мафия сардори (55-қисм)

Мафия сардори (56-қисм)

Мафия сардори (57-қисм)

Мафия сардори (58-қисм)

Мафия сардори (59-қисм)

Мафия сардори (60-қисм)

Мафия сардори (61-қисм)

Мафия сардори (62-қисм)

Мафия сардори (63-қисм)

Мафия сардори (64-қисм)

Мафия сардори (65-қисм)

Мафия сардори (66-қисм)

Мафия сардори (67-қисм)

Мафия сардори (68-қисм)

Мафия сардори (69-қисм)

Мафия сардори (70-қисм)

Мафия сардори (71-қисм)

Мафия сардори (72-қисм)

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

1 ТА ФИКР

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here