ҚАРОҚЧИ-2…

0

* * *

Далани тиккалаганча илдам юриб борарди-ю, Ниғматнинг вужуди титрашдан тўхтамас, ҳадеганда ортга бош буриб аланглаб олишни канда қилмасди.

Шу тобда у қаерга йўл олгани-ю, энди қандай йўл тутиши ҳақида умуман ўйламасди.

Қалбини чирмаб олган қўрқув ҳисси ўйлашга, фикрлашга қўймасди. Умар миробнинг мурдасини кўз олдига келтиргани сайин ваҳимага тушарди.

«Ўлик! Ўлик! — дея ҳайқирарди хаёлан у. — Мен одам ўлдирдим, одам! У қотиб қолганди. Нафаси чиқмаётганди. Энди нима қиламан? Мени тутиб олишса-чи? Қамаб қўйишса-чи? Қамаб бўпти! Қочаман! Ҳеч кимга тутқич бермайман. Аҳмоқ эмасман! Ниғмат аҳмоқ эмас!..»

Ниҳоят дала тугаб, қўшни қишлоқ уйлари бошланди. Ниғмат йўл четидаги тутлардан бири панасига ўтди-да, уст-бошини кўздан кечирди.

Енгига қон тегибди. Тупуги ёрдамида тозаламоқчи бўлди. Иложи бўлмади.

«Топдим, — дея бирдан ҳушёр тортди Ниғмат. — Йўли бор. Ҳозир Шавкат аканикига кираман. Йиқилиб тушдим деб айтаман… Ишонади. Ишонмасаям, Шавкат ака «мужик». Бировга гулламайди…»

Шу тахлит бош қотириб турганда ҳов наридаги каталакдеккина уйдан мункайган бир кампир чиқиб қолди.

Ниғмат қоронғида уни кўриб қолмасликларига ишонгани учун бир туки сесканмай олдинга юрди.

«Шу кампирникига кирсаммикан? — ўйлади шошилмасдан қадам ташларкан. — Адашмасам ёлғиз турарди. Оғзига маҳкаммикан ишқилиб? Аёл кишига ишониб бўлармиди?!. Йўқ, таваккал қиламан, таваккал. Кираман-у… Ҳа, кампир мени умрида кўрмаган. Танимайди. Шавкат акам уни кўзи яхши кўрмайди деганди…»

Ниғмат ўйи охирига етмай кампирнинг тахтадан тикланган кўримсизгина эшигига етиб қолганди. Пайпаслана-пайпаслана чўнтагидан қаламтарош пичоқча чиқарди.

Титроқларни босиш илинжида чуқур-чуқур нафас олди. Сўнгра пичоқни чап билагига босди-да, куч билан тортди. Шу заҳоти билагидан қон сизиб чиқди.

Оғриққа аранг бардош бериб бўлса-да, қонни кийимининг у ер, бу ерига, юзига, бўйнига суртди. Ана шундан кейин аста эшикни очди-ю, ўзини ерга ташлаб, эмаклаган кўйи ҳовлига кириб борди.

— Ё-ёрдам берингла-ар! — дея ёлғондан паст овозда хирилларди Ниғмат. — Ким бо-ор?.. Ў-ўляпман!..

Кампирнинг кўзлари яхши кўрмаса-да, қулоқлари динг эди. Ҳовлида бегона товушни эшитиб, инқиллаганча чиқиб келди.

— Ё-ёрдам берингла-ар! — кампирнинг қораси кўрингани ҳамоно овозини бир парда кўтариб ёлворди Ниғмат. — Ҳ-ҳаммаёғим оғриб кетяпти!..

— Вой шўрим қуриб қолди! — кампир югурганча келиб Ниғматни елкасидан тутди-да, кўтаришга уринди. — Худойим-эй, кучим етсайкан сени кўтариб олишга! Нима бўлди? Кимнинг боласисан ўзи?.. Ким сени бу кўйга солди, болам?

— Безорилар у-уриб кетишди, — дея бошини қайтадан ерга тираб олди Ниғмат. — П-пичоқлаб кетишди, пичоқлаб!

— Пичоқлаб? Вой Худойим!.. Тўхта, мен ҳозироқ мелиса чақиртираман! Ана, қўшнимиз Тўхтабойнинг машинаси бор. Баннисагаям оборади сени.

— Й-йўқ, — дея кампирнинг билагини маҳкам ушлаб олди Ниғмат. — К-керакмас, керакмас! К-кўчада безорилар бор. Улар келиб қолишади. И-илтимос, мени яширинг! Ўлдириб қўйишади! Сўйиб кетишади!..

— Нима?.. С-сўйиб? — кампир бу гапни эшитди-ю, капалаги учиб турган ерида айлана бошлади. — Энди нима бўлади, болам? Қ-қайга яшираман сени, қайга?..

— Б-билмадим, — Ниғмат атайин бошини қайтадан ерга тираганча ётиб олди. — Тезроқ яширинг, эна! У-улар ёмон одамлар! Жудаям ёмон одамлар!..

— Бўпти, қани, гавдангни кўтар унда! Кўтара оласанми? Менинг кучим етмаскан сенга, болажоним!

Ниғмат пичоқ кесган ери ачишиб турса-да, эътибор бермасликка ҳаракат қилиб, оҳиста ўрнидан қўзғалди.

У энди Умар мироб билан бўлган ишларни ҳийла унута бошлаган, ўйлаб топган ҳийласи корига яраётганидан мамнун эди.

Кампирнинг раъйини қайтариб ўтирмай, қўлтиғига кирган бўлди-да, ичкарига кирди.

Кампир шоша-пиша ўрин тўшаб, Ниғматни ётишга ундади.

— Ёт, ўғлим, ёт! — деди куймаланганча қонталаш билагини бойлаш учун латта-путта қидираркан. — Ана шундай! Қимирлама. Мен дарров кўча эшикни тамбалай. Тағин ўша зўравонлар кириб юришмасин! Ундан кейин намакоп сув қилиб ярангни ювиб қўяман!

* * *

Кампир ҳали ҳовлигача етиб улгурмаганди. Эндигина остона ҳатлаб даҳлизга чиққанди. Тўсатдан ташқари эшик тарақлаб кимнингдир безовта ҳайқириғи эшитилди.

— Суйди хола, ҳов Суйди хола! Қайдасиз? Очинг эшигингизни!..

Ниғмат саросимада қолди. Азбаройи қўрқиб кетганидан товуш кимники экани ҳақида бош қотириб ҳам ўтирмади. Ўрнидан сапчиб турди-да, хона тўридаги кийимлар сақланадиган шкафга беркиниб олди. Шу аснода қулоғини динг қилиб ташқаридаги ким эканини илғашга уринди.

— Ие, Сотимбой, болам, сенмидинг? — дея Суйди хола кимнидир даҳанаки койий бошлади. — Намунча ваҳима қилмасанг? Секинроқ-да! Ўтакам ёрилаёзди-ку, қурмағур!

— Узр, хола, узр! — деди товуш эгаси овозини ҳийла пасайтириб. — Хола, боя уйингизга Ниғмат деган бола кириб кетгандай бўлувди. Шу ердами?

Кампир саволни эшитибоқ дарров ҳушёр тортди. Чунки Сотимнинг безори, муштумзўрлигини яхши билади. Ҳатто ўзи ҳам бу барваста, совуққон йигитдан ҳайиқиб туради. Айниқса, ичиб юрганини сезса, иложи борича ундан нарироқ бўлишга интилади. Англайди, Сотим кайфи таранглигида ҳеч кимни танимай қолади. Сал жиғига тегса, тепкилаб кетишдан-да тоймайди. Шунинг учун кампир сир бой бергиси келмай елка қисди.

— Билмасам. Меникига ҳеч ким киргани йўқ.

— Алдаманг, ўзим кўрдим кириб кетганини. Илтимос, шу ерда бўлса, ростини айтаверинг, холажон. Ниғмат яқин братишкам бўлади.

— У нима дегани, болам? — русча сўзга тушунмай, Суйди хола Сотимга жавдираб боқди. — Ўзбакча гапирсанг-чи!

— Укахоним бўлади демоқчийдим… Хўш, шу ердами-йўқми?

Суйди хола жавоб беришдан олдин аста эшикдан ташқарига аланглаб олди-да, эшикни қайтадан тамбалади.

— Укахонингни безорилар роса уриб кетишибди, — деди кампир шивирлаб. — Ҳозир малҳам қилай деб ҳовлига чиққандим.

— Безорилар? Қўйсангиз-чи, хола! Ниғмат унча-мунчадан калтак ейдиганларданмас.

— Кўпчилик экан-да улар! Аямай урибди қуриб кеткурлар!

— Қани, ичкарига кирайлик-чи! Ўзини кўрай-чи!..

Ниғмат овоз эгасини аллақачон таниган, шу сабабли шкафдан чиқиб қайтадан ўринга ёнбошлаганди. Фақат… Сотим башарти ҳаммасидан хабар топган бўлса-ю, кампирга билиб-билмай ёрилиб қўйишидан қўрқарди.

У ҳали ўзини қўлга олиб улгурмай, Суйди хола Сотимни эргаштирганча хонага кириб келди.

Хайрият, Сотим дилгирлик қилди. Шоша-пиша келиб Ниғматнинг елкасидан тутди.

— Укам, нега мени чақирмадинг? — сўради у қовоғини уйиб. — Уйим бир қадам эди-ку! Дабдаласини чиқариб ташлардим ўзим.

— Майли, бўлар иш бўлди, — деди Ниғмат қўл силтаб. — Энди…

— Юр, меникига кирамиз, — Сотим Ниғматни елкасидан тортиб туришга ундади. — Уйда гаплашволамиз ҳаммасини. Тур!

Ниғмат итоаткорона ўрнидан қўзғалди-да, Суйди холага юзланди.

— Хола, раҳмат сизга! — деди қўлини кўксига қўйиб. — Катта ёрдам қилдингиз. Уйингиздан жой бердингиз.

— Э, бу нима деганинг? — кампир юзини терс буриб норозиланди. — Унақа гапларни гапирма! Одамнинг тафтини одам олади-да!.. Ҳой, Сотимбой, тағин ўша безорилар пойлаб турган бўлишмасин! Бу боламни яна уриб қолишмасин!

— Хотиржам бўлинг, — деди Суйди холанинг елкасига қоқиб Сотим. — Мен бораканман, укахонимни ҳеч ким чертолмайди. Бўпти, биз борайлик унда! Энам қайноқ мошхўрда пиширганди. Укахонимминан бир мошхўрдахўрлик қилайлик!

— Хўп, илойим Худо асрасин сизларни! Бора қолинглар, болаларим! Фақат эҳтиёт бўлинглар!

* * *

Кўчага чиқишлари билан Сотим Ниғматнинг ёқасидан олди.

— Вей, ишни расво қилибсан-ку, хумпар! — деди у Ниғматни сал четроққа олиб ўтиб. — Нима қип қўйдинг, аҳмоқ?

— Нима қипман? — ҳеч нарса бўлмагандек унинг қўлларини ёқасидан олиб ташлади Ниғмат. — Мунча ваҳима қиласиз?

— Ҳаммасини кўрдим, — деди Сотим қўлларини мушт қилиб. — Уйингнинг ёнидан ўтиб кетаётгандим. Қўни-қўшнилар, мелисалар тўлиб кетибди. Нимайкан деб секи-ин сўроқласам, ўгай отангни баннисага опкетишганини айтишди.

— Ўлмабдими? — ҳовлиқиб сўради Ниғмат. — Гапиринг, ўлмабдими у ифлос?

— Э, мен қайдан биламан? Ижикилаб ўтирганим йўқ.

— Илтимос, мени бекитинг! — Ниғмат кутилмаганда Сотимнинг икки билагига чанг солди. — Топволишади мени, ака, топволишади! Тезроқ бўлайлик!

— Менга қара, — Ниғматни ҳов наридаги теракзор томон судради Сотим. — Биламан, тушунаман аҳволингни! Биласанми, уйимга кирмайсан, кирмайсан!

— Нега, Сотим ака? — аянчли жавдиради Ниғмат. — Қизғоняпсизми уйингизни? Ё шерик бўлиб қолишдан қўрқяпсизми? Ишонинг, сотмайман! Сизни сотмайман!

— Э, гап қўрқишдамас, — уни жеркиб берди Сотим. — Қанақа анқовсан ўзинг? Ҳозир сени мелисалар қидиришаётгандир. Қишлоғингдан биров-ярим меникига беркинишинг мумкинлигини айтиб қўйса, тамом, мелисалар тўғри топиб келишади сени.

— Унда нима қилай, ака? — Сотимга умидвор термилди Ниғмат. — Топволишса, қамашади-ку!

— Сен бирор хилват ерга яширинишинг керак.

— Қаерга? Қаерда бор ўша хилват ер?

Сотим бирпас бош қашиб турган бўлди-да, бирдан жонланди.

— Топдим! — деди у дала тарафга ишора қилиб. — Чўлга чиқиб кетаверишда ташландиқ шийпон бор. Қишлоқлардан анча олис-ку, аммо ишончли жой. Ана ўша шийпонда пича яшаб турганингда, кейин бир йўлини топардик, укам.

— У ерни мелисалар билишмайдими? Қидириб боришса-чи ўша ёққача?

— Ўлибдими бориб? — қўл силтади Сотим. — Кимнинг хаёлига келарди ўша шийпон? Минг йилдан бери ит бормайди-ку! Тағин ўзинг биласан…

— Бўпти, ўша ёққа бораман, — деди Ниғмат тишни тишга босган кўйи тиғ заҳридан чимиллаб оғриётган билагини кафти билан ёпиб. — Топа олишмаса бас. Ҳаммасига чидайман.

— Унда югур ўша ёққа! Йўлни биласанми ўзи?

— Сиз тушунтиринг-да!

— Ҳозир ҳов анави пайкални тиклаб чиқасан. Қумлоқ йўл бор. Кўргансан уни. Ўша йўлдан тахминан ўн чақиримча юрасан. Шийпонам шундоқ қумликларга туташган.

— Майли унда, мен чопдим! — безовталаниб хайрлашиш учун Сотимга қўл чўзди Ниғмат. — Шошилмасам бўлмайди.

— Ўзингни эҳтиёт қил, хумпар, — тайинлади Сотим. — Орқа-кетингга қарамасдан югур. Бўлмаса, тутволишлари ҳеч гапмас… Айтганча, Шуҳрат акангни билардинг-ку! Э, киссавур Шуҳрат-чи!.. Ўша катта шаҳардан келган. Яқинда жўнаб кетмоқчи. Эртага Шуҳратминан бирга сендан хабар оламиз. Қўрқма, ўлмайсан, ошна! Биз бормиз-ку! Қолаверса, Шавкат бор. У билан ҳам гаплашиб кўраман. Хуллас, жуда эҳтиёт бўл! Бўшашма!

Ниғмат маҳзун жилмайганча сўнгги бор Сотимнинг қўлини сиқди-да, дала тарафга чопиб кетди.

* * *

Қиш изғирини тобора кучайиб борарди. Ниғмат чопишдан тўхтаб, қунишганча дала ўртасида кетарди-ю, юраги қопқонга тушган полопон каби типирчилар, вужудига ваҳима, саросима ўз ҳукмини ўтказарди.

Шу лаҳзага қадар сезмаган экан. Танаси, қалби совиб нималар қилиб қўйганини чуқурроқ ҳис эта бошлади. Ҳис этгани сайин ваҳимасига ваҳима, қўрқувига қўрқув қўшилаверди. Кўз олдида Умар миробнинг қони қочган мурдаси гавдаланди. Тиззалари дағ-дағ титради. Аксига олгандек, шу паллада сал нарида нимадир потирлайверди. Юраги тўкилай деб турган Ниғмат буни Умар миробнинг арвоҳига йўйди-ю, сал қурса бақириб юбораёзди.

Арвоҳ эмас экан. Ниғмат қоронғида яхшилаб разм солгач, бу қушча эканига гувоҳ бўлди. Қушча қор устида ётганча тинимсиз типирчиларди. У югурганча бориб қушчани қўлига олди.

Полопон учирма ёшда, қорин қисми яраланибди чоғи, эти қонталаш эди.

Ниғмат қушчага бир муддат тикилиб қолди. Шу баҳонада қалбини эгаллаб турган хавотирларни нари ҳайдашга уринди. Титроқлар ҳийла пасанда бўлди. Юраги орзиқди. Совуққон вужудини номаълум шафқат ҳисси банд этди.

— Сени ким бу кўйга солди? — сўради Ниғмат қушчани дарров қўйнига тиқиб. — Мендек етим ва ташландиқмисан? Сенам қочқиндамисан? Наҳотки, ўша ярамас сенга раҳм қилмабди, ачинмабди? Қара, иккимиз қора қисмат чархпалагида ёлғиз, ҳимоясиз қолиб кетибмиз. Бизга шафқат қилмайдилар, раҳмимизни емайдилар, бағримизни меҳр тафти билан илитмайдилар. Ёруғ дунё шундай яралган. На илож?..

Кел, иккаламиз дардкаш бўла турамиз. Ҳозир манзилга етсак, ўзим сени даволаб қўяман. Ажабмас, дардингга дармон бўла олсам…

Ниғмат сўнгги бор онаси оламдан ўтган куни ҳозирги каби бор бўйи билан куйганди, дунёдан нолиб ғам чекканди. Ўзи каби онасидан айрилганлар дунёда кўплигини идрок этиб, уларга ғойибона дардкаш бўлганди, ачинганди. Шу тобда қушчанинг аҳволи қайтадан кўнглини юмшатди. Бошига тушган савдолар вақтинча бўлса-да, уни тарк этди. Полопонни қандай оёққа турғазиш хусусида ўйлай бошлади.

Шубҳасиз, бу Худонинг яна бир инояти эди.

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ

Олимжон Ҳайитнинг турли мавзулардаги хабарлари, мақолалари, ҳикоялари энди “Телеграмм” даги алоҳида каналда! Бизга қўшилинг, афсусланмайсиз!

t.me/olimjonhayit

 

 

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here