Табобатда нок кучи

0

Нокда фруктоза глюкозага нисбатан кўпроқ ва унинг шифобахшлигини янада оширади. Барчага маълумки, фруктозага тўйинган организм инсулинга эҳтиёж сезмайди. Шундай экан, нок ўз навбатида қандли диабетга ҳам даво бўлади.

Нок таркибида ноёб эфир мойи сақланади. Бу мева иммунитетни оширади, инфекцион касалликлар ҳамда яллиғланишдан асрайди. Шунингдек, нок депрессияга қарши курашишга ёрдам беради.

Бундан ташқари, нокда макро ва микроэлементлар етарлича. Нок чарчоқни енгиш, қонни кўпайтириш, бош айланишидан халос бўлиш, юрак фаолиятини яхшилаш, иштаҳани очиш ва кўз, оғиз атрофларидаги ажинларни кетказиш учун ҳам хизмат қилади.

Нок таркибидаги калий иони уйқусизликдан халос этади, асабни тинчлантиради, қонда холестерин миқдорининг кўпайиб кетишига йўл қўймайди.

Органик кислоталар эса ошқозонда ҳазм бўлиш жараёнини яхшилайди, жигар ва буйраклар фаолиятини стимуллаштиради.  Бу кислоталар заҳарли микробларга қарши курашишга ҳам ёрдам беради. Айниқса, йўғон ичакдаги чириш ва айниш процессини меъёрлаштиради.

Нок жуда тўйимли мева бўлиб, кишини табиий қувватлантиради. Шунга қарамай, унинг 100 граммида бор-йўғи 42 ккал бор.

Бундан ташқари, нокда микробларга қарши курашишда ноёб ҳисобланган гликозидлар мавжуд бўлиб, у организмдаги турли инфекцион касалликлар (буйрак ва пешоб пуфагининг яллиғланиши) нинг олдини олишда самарали ёрдам беради. Нок капиллярларни кучайтириб, юрак-қон томир тизимини ёшартиради. Худди мана шунинг учун ҳам нок беқиёс дармондори даражасига кўтарилган.

Нокни пўсти билан истеъмол қилиш лозим. Чунки унда клетчатка, целлюлоза ва организм учун жуда фойдали бўлган фитонутриентлар бор.

Нокда атробутин антибиотиги борлиги сабаб ундан нафас йўлларидаги, бел, думғаза, буйрак, ўт пуфаги, жигар ва талоқдаги шамоллашда фойдаланилади.

Ошқозон-ичак яраси, гастрит, ошқозон яраси бор одамларга нок меваси ва шарбати тавсия этилмайди.

Нок шарбатини узлуксиз равишда 5-10 кун ичсангиз, организмдаги токсинларни ҳайдайди. Нок таркибида пектинларнинг кўплиги антимикроб вазифасини ўтайди. Яъни нок касални чақирувчи бактерияларни йўқ қилади.

Нок шарбатида мураккаб эфир мойининг кўплиги боис пешоб ҳайдаш хусусиятига эга. Шунингдек, бу шарбатдаги эфир мойи витаминлар билан қўшилиб, инфекцион касалликлардан ҳимоя қилади ва яллиғланиш жараёнларини бартараф этади.

Таркибида фоли кислотаси ва кальций кўплиги боис болалар ва ҳомиладор оналарга жуда фойдали. У нафақат болаларни, балки катта ёшлиларнинг ҳам қон айланиш фаолиятини меъёрга келтиради.

Нок одамни аччиқ чой ёки қаҳвадан кўра яхшироқ тетиклаштиради, кайфиятни кўтариб, чанқоғини босади. Ҳар куни икки дона нок истеъмол қилиш тушкунликка тушишнинг олдини олади.

 

ШИФОБАХШ ХУСУСИЯТЛАРИ

Жигар, ошқозон-ичак тизими касалликлари билан оғриган беморлар учун хом нок жуда фойдали.

Янги тайёрланган нок шарбати организмдаги заҳарни чиқариш хусусиятига эга бўлгани учун ундан антибиотиклар билан даволангандан кейин тозаловчи ва тикловчи восита сифатида фойдаланилади.

Шамоллаш, юқори ҳарорат ва йўталдан халос бўлиш учун 4 дона нокни майда тўғраб, устига 3 пиёла қайноқ сув қуйинг ва 10 дақиқа паст оловда қайнатиб, 3-4 соатга бостириб қўйинг. Дармондори тайёр бўлгач, ундан кунига 3-4 маҳал овқатдан 30 дақиқа олдин ярим стакандан ичинг.

Камқонлик, қон айланишининг бузилиши, варикознинг олдини олишда ҳар куни 2-3 дона нок тановул қилиш ўз самарасини кўрсатади.

Хафақонда бир пиёла қуритилган нок ва ўрик мевасини аралаштириб, идишга солинг ва устидан 1 литр совуқ сув қуйиб, ўртача оловда етилиб пишгунча қайнатинг. Дармондори қиёмига етгач, 4 соатга бостириб қўйинг ва кунига 3-4 маҳал ярим пиёладан ичинг.

Буйраклар касаллигида, жумладан, пиелонефритда бир пиёла қуритиб, майдаланган нокка 4 ош қошиқ сули ёрмасини қўшиб, устига 1 литр совуқ сув қуйинг ва паст оловда 15-20 дақиқа қайнатиб, сўнг 3 соат тиндиринг. Дармондори тайёр бўлгач, ундан кунига 2-3 маҳал ярим стакандан ичинг.

Бод касаллигидан азият чекаётган бўлсангиз, 2 чой қошиқ қуритиб майдаланган нок устига 1 пиёла қайноқ сув қуйинг ва 2 соатга бостириб қўйинг. Тиндирилгандан сўнг кунига 3 маҳал 1-2 ош қошиқдан ичинг.

Ўт пуфаги яллиғланишида ҳар куни наҳорга икки дона нок тановул қилиш ёки ёввойи нокдан тайёрланган, шакар солинмаган компот ичиш жуда фойдали.

Ёввойи нокдан тайёрланган компот халқ табобатида простатитнинг олдини олишда кенг қўлланилади.

Етилиб пишган нокни яхшилаб эзиб, жароҳатли жойга қўйсангиз, ҳатто экземани ҳам даволайди.

Нок компоти ва қайнатмасидан қолган нокни ташлаб юборишга шошилманг. Уни иссиқ ҳолда есангиз, томоқ йўлидаги балғамни пиширади ва кучли йўталдан халос этади.

Шарқда нокнинг нафақат ўзи, балки барглари ҳам касалликка қарши дармондори сифатида қадрланади. Масалан, ундан тайёрланган дамлама ва қайнатма яллиғланишга қарши, дерматит, замбуруғлар туфайли юзага келадиган касалликлар, кўп ва тез-тез терлашга қарши қўлланилган.

Нокнинг уруғи эса организмни гижжадан халос этади. Бунинг учун фақат уруғни яхшилаб қуритиб, писта каби чақиб есангиз, кифоя.

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here