ЭР-ХОТИННИНГ ҚУРИМАГАН ДОКА РЎМОЛИ (ёхуд пичоқ қайрашга ҳавасманд қотил)…

0

 

* * *

Қиш изғирини қишлоқ кўчаси бўйлаб изиллаганча кезарди. Кўчанинг ҳарер ҳарерига уюлиб қолган қорларни шамол учириб у уюмдан бу уюмга қориштирар, ариқ тўла сув юзини қоплаган қалин муз ялтираб, гўё ўзини кўз-кўз қиларди.

Шу маҳал кимсасиз кўча бўйлаб баланд бўйли, соқол-мўйлаби ўсган Самин чатоқ бошидаги усти чармли телпак қулоқчинини туширганча қишлоқ ичкарисига яқинлашди. Унинг совуқда гезарганини бурни ва захил юзлари ошкор этиб турарди.

Қишлоқ ўртасигаетгач, уйларга, қор босган новдаларини аранг кўтариб турган дарахтларга суқ билан термилди. Термилиш асносида бир неча марта бош чайқаб олди. Сўнграелкасидаги қопини секин қўлига олиб уйи томон юрди.

Дарвоза қулф эди. Самин чатоқ бирпас қотиб туришдан кейин дарвозани итариб кўрди. Очилмагач, бўралаб сўкинди-да, бор овозда қичқирди.

— Ҳой Сарви! Ким бор бу уйда ўзи? Очмайсанларми?..

Ҳадеганда ҳеч кимдан садо бўла қолмади. Жаҳл отига минган Самин чатоқ энди дарвозани куч билан тепа бошлади.

— Оч дедим, итдан тарқаган, оч!

Орадан бир неча дақиқа ўтиб, ниҳоят ичкаридан аёл киши товуш берди.

— Отаси, сизмисиз?

— Мен бўлмай энангми? — бақирди Самин чатоқ. — Оч тез!..

Дарвоза очилди. Ёши қирқдан ошган бўлса-да, мункайиб, озибгина қолган Сарви опа тек қотганча эрига тикилиб қолди.

— Мана, мен келдим! — бироз юмшагандек хотинини қучди Самин чатоқ. — Ие, нега йиғлайсан, ғалча? Эринг ўн йил деганда қамоқдан келади-ю, кулиб қарши олиш ўрнига йиғлайсанми?..

— Хайрият-ей, — шивирлаб эринингелкасига бош қўйди Сарви опа. — Ўша ёқларда қолиб кетармикансиз деб қўрқардим.

— Бас қил-е! Юр уйга! Совуқ ўтиб кетди! Печканг ёқилганми ишқилиб?

— Ҳа, отаси, уй ҳаммом бўлиб ётибди.

* * *

Самин чатоқ хонага киргандан токчалар, сандиқ, шкафларни бир-бир кўздан кечирди, ўзича ниманидир ёки кимнидир қидирган бўлди. Ҳеч вақо тополмагач, хотинига ўқрайди.

— Ҳа-а, нега қоққан қозиқдай серрайиб қолдинг, хотин? Эрингни меҳмон қилмайсанми? Ул-булминан сийламайсанми?

— Вой, ўла қолай, туришимни қаранг, — Сарви опа хижолатдан дув қизарганча ташқарига юрди. — Ҳозир, отаси, атаб қўйганларим бор сизга. Опчиқаман! Сиз исиниб туринг!..

Сарви опа ҳаш-паш дегунча хонтахта устиниегулик, ичкиликлар билан безатди. Ўзи ҳам чўнқайиб эрининг рўпарасига ўтирганча пиёлага қайноқ кўк чой қуйиб Самин чатоққа узатди.

— Отаси, олинг! Қаймоқдан татиб кўринг! Улингиз Садиржонминан кузда қўшни маҳалладаги бир одамнинг сигирини сотиб олгандик. Сигир тушмагур иккиқат экан. Новвосча туғиб берди. Бир сут беради, бир сут беради… Жонимиз кириб қолди!

Самин чатоқ хотинининг сўзларига қулоқ тутадиган аҳволда эмасди. Жонҳолатда шишага ёпишиб очди-да, пиёлани тўлдириб ичкилик қуйди.

— Чойингни бошимга ураманми? — дўқлади Сарви опани. — Ўн йил турма азобини тортиб келдим. Ҳалиям сенга худо фаросат, уқув ато этмабди-да-а?..

Аёл бу дўқлашлар таъсиридаер чизганча ўтирар, ўтмишини, эрининг хўрлашларини, еган калтакларини, Садиржонини қучоқлаб сомонхонада кечирган тунларини эсларди. Бироқ айни паллада бу хотиралар унга дард, ташвиш ҳадя қилмас, соғинч, аёллик меҳри устун келиб эрининг бундан-да баттар дўқлашларига кўз юмишга тайёр эди.

* * *

Ярим соат деганда, Самин чатоқ тап-тайёр бўлди. Ичкилик таъсирида юмилиб бораётган кўзларини аранг очиб қопига қўл чўзди ва пайпаслана-пайпаслана қопдан бир дона шойи рўмол чиқариб хотинига узатди.

— Ма, овсар, бу сенга! — деди ғўлдирашдан ўзини тиёлмай. — Ҳозироқ ўраб ол!

— Вой, отаси-и! — қувончдан ёрилай деб шоша-пиша рўмолни қўлига олди Сарви опа. — Бекор овора бўлибсиз-да! Ўзингиз соғ-омон келишингизнинг ўзи ка-атта совғайди менга, отаси!..

— Ўра! — буюрди Самин чатоқ. — Бу бошқа гап. Бўларкан-ку!.. Ана энди буни ювиш керак!..

Самин чатоқ шундай деб иккита пиёлага ичкилик қуйди ва бирини Сарви опага узатди.

— Қани, ич! — деди қовоғини уйиб. — Нега серрайиб қолдинг? Олмайсанми?..

Сарви опа эрининг кутилмаган қилиғидан хавотир ва қўрқувга тушиб ўтирганеридан орқароққа сурилди.

— Йўғ-е, қўйинг-е! — қўрқув аралаш кулимсиради Сарви опа эрининг бу ишини ҳазилга йўйиб. — Аёл кишига ким қўйибди ичишни?

— Ич дедим! — Самин чатоқ тиззалаб ўтирди-да, пиёлани хотинининг оғзига яқинлаштирди. — Феълимни биласан-а?

— Боринг, ичмайман!.. — Сарви опа энди йиғламсираб даст ўрнидан туриб кетди. — Жинни бўлганим йўқ.

— Шунақами? Ичмайсанми?

— Йўқ! — юзини терс бурди аёл. — Ичмайман!

— Мен йўғимда молдай ичиб, бегона эркакларминан дон олишгандирсан? Ё қамоқда юрганлар гўл, аҳмоқ, кўр деб ўйлайсанми?

— Нафасингизни ел олсин-э, отаси! Қирқдан ошганда эсимни ебманми ҳаром ишга қўл уриб?

— Унда анави қўшнинг Қўчқор мен ҳовлига киришимминан нега девордан мўралаб қўйди? Йў-ўқ, сен ифлос, ўшаминан ўйнашиб юргансан! Қўчқор атайин разведка қилган. Келдимми, келмадимми, шуни текшириб кўрмоқчи бўлган, ҳа!.. Икковингни келишиб қўйган еринг бор!.. Гапир! Шундаймиди?..

Сарви опа учун бу туҳмат калтаклар, тепкилашлардан-да даҳшатлироқ эди.

Йиғлаб юборди-ю, бор овозда қичқирди:

— Нима-а? Жинни бўлганмисиз? Қанақа ўйнаш? Қанақа Қўчқор?.. Ҳеч бўлмаса, норғул Садиржонимни ҳурмати йўқми? У шу туҳматларингизни эшитса, ким деган одам бўламан?

— Ие, ҳали қилғилиқни қилиб юриб, боладан уяладиган бўлдингми?.. — Самин чатоқ ичкилик етагида ҳезланганча хотинига яқинлашди. — Йиғласам, шармандалик қилсам, ёпиғлиқ қозон ёпиғлигича қолади деб ўйладингми? Йў-ўқ, менга ўз оғзингминан айтасан! Айтмай кўр-чи, нима қиларканман?

Шунча йилдан бери ёлғизлик, соғинч азобларидан чарчаб қадди букилаёзган Сарви опанинг тоқати тоқ бўлди. У бир неча сония ичида гўё шартаки ва шаддод аёлга айланди. Титраб-қақшаган кўйи эрининг кўзларига нафрат аралаш тик боқди.

— Бошимга туҳмат балосини ёғдираркансиз, ўша ёқларда қолиб кетсангиз яхшимасмиди? — бақирди беихтиёр. — Нега келдингиз? Мени ўлдиришгами? Ўлдиринг! Хумордан чиқинг! Нимага қараб турибсиз? Ўлдирмайсизми? Ҳа, мени ўйнашим бор! Биттамас, ўнта ўйнаш келади уйимга ҳар куни! Энди кўнглингиз тўлдими?..

— Ҳа-а, шунақами? — Самин чатоқ бу гапларга чидай олмай гандираклаганча ортга қайтиб қоп ичидан узун пичоқ чиқарди. — Ўнта ўйнашинг бормиди ҳали? Кўрсатиб қўяман сенга! Жонингни суғурволаман, мегажин!..

Шубҳа, гумон ва ёввойи нафрат ўз сўзини айтди. Ичкилик, ғазаб қулига айланиб бўлган Самин чатоқ ҳануз тап тортмай ўзига тикилганча турган Сарви опанинг қорни аралаш пичоқ санчди.

Кейин эса пичоқни бир четга ирғитиб, полга йиқилган хотинини аёвсиз тепкилай кетди…

ХОТИМА ЎРНИДА

Улар ўн йил кўришишмаганди. Бировни уриб ўлдириб қамалган Самин чатоқ турмада ҳам бир неча марта қочқинлар уюштиргани сабабли жазо муддати узайтирилган, яқинлари билан юз кўришиш бахтидан маҳрум этилганди.

Афсуски, бу жазо Саминни ўзгартира олмади. У иккинчи бор қотилликка қўл урди. Бу гал умид билан бир ёстиққа бош қўйган завжасини қонга белади. Ёлғиз фарзандиниетимлик ботқоғига ўз қўллари билан ташлади. Келажагидан, бахтидан, умид ва мақсадларидан айирди.

Воқеа реал ҳаётдан олинган.

Қотил суд ҳукмига кўра узоқ муддатга озодликдан маҳрум этилган.

Олимжон ҲАЙИТ

Олимжон Ҳайитнинг турли мавзулардаги хабарлари, мақолалари, ҳикоялари энди “Телеграмм” даги алоҳида каналда! Бизга қўшилинг, афсусланмайсиз!

t.me/olimjonhayit

 

 

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here