Мафия сардори (75-қисм)

0

Улар кирганларидан кейин Виталий амаки костюмининг ёқасини кенгроқ очиб қўйди.

— Хўш, — деди мийиғида кулиб Шоҳруҳга қараркан, — эллик-эллик қилиб, режамизни пишитиб оламизми ёки?..

— «Ёки»си маъқулроқ. Лекин эртага Роман Фёдорович сизнинг мар-ҳумлар қаторига қўшилиб қолганингиздан куйинишини ўйласам, ачиниб кетаяпман унга. Чунки нима сабабдан ўлганингизни шўрлик билмайди-да! Билганида борми, гўштингизни итларга ем қиларди. Бунисигаям чидаш мумкин, аммо Оксанадай содда қизнинг заҳарланган онгини қандай тозалаш мумкинлиги одамни қийнайди.

— Ҳали шунақами? Оббо сенлар-эй! Лекин бир ҳисобдан қойил қолдираяпсизлар. Манави йигитларга бир қара! — деб Виталий амаки барзангиларни кўрсатди. — Иккалангни битта кафтига сиғдиради-я! Бунинг устига, қуроллари ҳам бор. Шуларнинг чангалидан омон чиқаман, деб ўйлаяпсанларми?! Қўрққан олдин мушт кўтарар… Демак, пўписа қилсанглар, биз қўрқиб қоламиз ва сизларни иззат-икром билан кузатиб қўямиз… Ха-ха-ха! Кузатиб қўямиз, албатта, фақат нариги дунёга!

Виталий амаки ён чўнтагидан тағин сигарета олиб тутатди. Тўғрироғи, у лабига сигаретани қўндирди, барзангилардан бири чаққонлик билан зажигалкасини ёндирди. Ўзининг кимлигини намойиш этиш учун Виталий амаки тутунни мириқиб тортиб, лабини чўччайтирди-да, сўнг уни ҳавога паровоз қилиб чиқарди. Сўзлаш учун оғиз жуфтлаган эди ҳамки, чўнтагидаги қўл телефони жиринглаб қолди.

— Шу маҳалда кимга керак бўлиб қолибман? — деди Виталий амаки. Унинг сўзларида кибр бор эди. Шу гапи билан у бошқаларга нақадар керакли одам эканлигини кўрсатиб қўймоқчи бўлди.

Бироқ телефонда сўзлашаётиб, афт-ангори ўзгарди. Қўнғироқ қилган одамга хушомадгўйлик билан муомала қилди. Гарчи телефондаги одам уни кўрмаётган эса-да, ўзи сезмаган ҳолда қўли билан ҳавода ҳар хил қилиқлар қилдики, бундан энсаси қотган Шоҳруҳ мийиғида кулиб қўйди.

— Хўп, албатта, худди сиз айтганингиздай бўлади, Таран Игнатьевич, — деди кутилмаганда ранги қизариб кетган Виталий амаки. Сўнг қизил тугмачани босиб телефонни чўнтагига соларкан: — Табриклайман, — дея Шоҳруҳга қўлини узатди, — ниҳоятда омадли одам экансиз, яхши одамларнинг эътиборига тушибсизлар. Бу дегани — муваффақият! Айниқса, хонимнинг бошига бахт қуши қўнибди!

У Юлдузга эҳтиросга лиммо-лим нигоҳини қадади. Шоҳруҳнинг жон-пони чиқиб кетди. Ўзини босишнинг иложи бўлмади. Енгил ҳаракат билан Виталий амакининг тумшуғи тагига мушт туширди. Унинг овозини хонадагиларнинг ҳаммаси эшитди. Ўзини осмон билиб турган киши полга гурсиллаб йиқилди ва шу заҳоти ҳушидан кетди. Орадан икки сония ҳам ўтмай, Шоҳруҳ ҳам қулади. Унинг танаси барзангиларнинг иккита зарбасига нишон бўлди. Биттаси қорнига, иккинчиси умуртқасига тегди. Барзангилар ортиқ ҳаддиларидан ошмади. Қолаверса, Юлдуз ҳам бунга жим қараб турмасди. Ҳозир эса девқоматларга ташланмади. Шундоқ ҳам чигаллашиб кетаётган вазиятни баттар чигаллаштиргиси келмади.

— Ҳайвонлар, эшаклар! — деди алам билан ва секин энгашиб, Шоҳруҳни турғазишга ҳаракат қилди.

Барзангилар қилт этишмади. Зеро, улар хўжайиннинг Шоҳруҳга айтган сўнгги гапидан кейин йигит билан қизга ортиқча озор бермасликлари лозимлигини тушунишганди.

Автомат кўтариб турган йигит қуролини шерикларидан бирига бериб, ўзи стол устидаги минерал сувнинг қопқоғини очди-да, топ-тоза қўл рўмолчасини ҳўллаб Виталий амакининг юзини артди. Эркак аввал бир-икки марта чуқур-чуқур нафас олди, сўнг кўзини очиб, бошини ушлади. Бир муддат хизматчига термилди ва дарров бўлган воқеаларни эслади.

— Баччағарнинг боласи ёмон туширди. Сен эшаклар фақат томоша қилиб турган бўлсаларинг керак, — деди ётган жойида.

Шунда унинг йигити қорнини ушлаб турган Шоҳруҳга ишора қилди.

— Ичини эзиб ташламадингларми, аҳмоқлар? — сўради Виталий амаки ўрнидан туришга ҳаракат қилар экан.

— Биласиз-у, хўжайин, — деб ҳиринглади йигит.

Виталий амаки кўзини юмиб жағини ушлаб у ёқ-бу ёққа қимирлаган киши бўлди, сўнгра бир сўз демай, бир қадаҳ ароқни ичиб юборди.

— Ҳазиллашгандим, лекин сен овсар ҳеч балони тушунмаскансан. Бечора дўстим қандай қилиб ишонганига сира тушунолмаяпман. Сенга махфий топшириқ бергандан кўра итдай меҳнат қилдириш керак. Агар шунгаям ярасанг. Бўпти, яхши қолинглар. Романга яроқсизлигингни айтиб қўяман, — деб Виталий амаки йигитларига юзланди, — Оксанани олиб тушинглар!

— Бизнинг бу ерда қиладиган ишимиз йўқ. Шундай экан, кетганимиз маъқул, — деди Шоҳруҳ.

— Афсус, топшириқ шундай бўлган. Сизлар қолишларинг керак!

Виталий амаки буйруқ оҳангида гапирди. На кўзида ва на сарғайган юзида ўзгариш бўлди. Унинг қараши шунақанги жиддий эдики, Шоҳруҳ қанчадан бери уни кўраётган эса-да, фақат ҳозир Виталий амакининг одамни музлатадиган даражадаги башараси борлигига гувоҳ бўлиб турганди.

— Бунинг сираям иложи йўқ. Йигитларимиздан биттаси ўлди. Уни юртимизга жўнатиш керак, — деди Шоҳруҳ эътироз билдириб.

Виталий амаки ҳавода қолиб кетган қўлини туширди, сўнг мушт қилиб тугди.

— Аллақачон у аэропортларингда, жўнатиб юборганмиз. Бунисидан хавотир олмасанг ҳам бўлади. Уни кузатиб кетган йигит ҳам ўзингга тегишли.

— Нима?! — деди Шоҳруҳ ҳайратини яширолмай.

Виталий амаки гапириб ўтирмади. Барзангиларга имо-ишора қилган эди, улардан бири (ҳеч нарсага аралашмай, қоққан қозиқдай тургани) ёнидан кичкинагина кассетани олди-да, уни шкафнинг очиқ полкасида турган магнитофонга тиқди. Бир неча сониядан кейин магнитофондан Шоҳруҳнинг овози эшитилди.

— Баҳром, Бекнинг мурдасини сен олиб кетасан. Йигитларга телефон қилиб айтганман. Аэропортда кутишади. Оила аъзоларига таъзиямни етказиб қўй!

Шоҳруҳ даҳшатга тушди. Юлдуз бирдан унга юзланди.

— Мен қачон бунақанги буйруқ бердим? — деди Шоҳруҳ томоғига бир нима тиқилиб.

— Буниси бизга қоронғи, лекин овозингизга шубҳа қилмасангиз керак, жаноб, — деб мийиғида кулган Виталий амаки қўлидаги сигаретасини аввалгисидай полга ташлаб, ғазаб билан эзғилади, худди ҳамма машмашага шу бечора тамаки қолдиғи айбдордай. Сўнг шитоб билан чиқиб кетди. Унинг ортидан шотирлари ҳам жўнашди. Биттаси худди бир қоп ун кўтаргандай, Оксанани елкасига ташлаб олди. Нималар содир бўлаётганини англолмай, бечора қиз ўзича бир нималар деб ғингшиди.

Уйда Шоҳруҳ билан Юлдузгина қолишди.

— Столнинг усти ноз-неъматга тўла. Уйда икковимиздан бошқа ҳеч ким йўқ. Агар хоҳласанг ҳам… — дея гапираётган Шоҳруҳ кутилмаганда сўзлашдан тўхтади ва шоша-пиша телефонини олиб рақам терди. Гудок учтагаям бормади.

— Алло, — деган Бахтиёрнинг овози эшитилди.

— Қаердасизлар? — сўради Шоҳруҳ ортиқча гапириб ўтирмай.

— Буйруққа биноан вокзалга келиб турибмиз. Лекин бу ерга нимага келганимизга ҳайронмиз. Бир соатдан бери ўтирибмиз. Нима қилишларингни айтаман, дегандингиз. Кутаяпмиз, — деди эснаш асносида Бахтиёр.

— Мен ҳеч қанақанги буйруқ берганим йўқ. Тушундингми? Кимдир менинг овозимни ўзлаштириб олибди. Биз ҳалиям кирган квартирамиздамиз. Тез келиб, эшикни бузиб киринглар, — деб Шоҳруҳ телефонни ўчирди.

— Бу ердагиларнинг ҳаммаси рус бўлса, қандай қилиб овозингизни ўхшатиб гапириши мумкин? — сўради Юлдуз.

— Мен ҳам шунисига ҳайронман. Бир гап борга ўхшайди. Магнитофонни қўй-чи, яна бир эшитиб кўрайлик.

Шоҳруҳ стулга ўтириб, қадаҳни майга тўлдирди ва бир кўтаришда идишни бўшатди. Сўнг магнитофондан таралаётган овозга қулоқ тутди.

— Йўқ!

— Йўқ!

Қиз билан йигит бир пайтда шундай дейишди. Айни сўз уларнинг хаёлларини бошқа томонга буриб юборди, улар жим қолишди.

— Талаффузида акцент бор, — деди Шоҳруҳ.

— Менгаям шундай туйилди, — дея унинг фикрини тасдиқлади Юлдуз.

Худди шу пайт Шоҳруҳнинг қўл телефони жиринглади. Йигит экранда Бахтиёрнинг рақамини кўргач, дарров яшил тугмачани босди.

— Хўжайин, аҳвол чатоқ. Бизни тўхтатишди. Тўртта машина ўраб олган…

Бахтиёр гапини охиригача айтолмади. Бирдан алоқа узилди.

* * *

Наргиза шоша-пиша уйга кирди. Нафасини ростлаш учун туфлисиниям ечмасдан остонада турди. Нафас олиши бироз маромига келгач:

— Ойи! Ойи! — деб бақирди ваҳимали товушда.

Лекин унинг чақирувига ҳеч ким жавоб қилмади.

— Уфф! — деди қиз ва бирма-бир хоналарга кириб чиқди. Бироқ ҳеч қаердан онасини тополмади. Айвонга чиқиб, ташқарига қаради. Бирон жойда кўринмайди. “Доим шунақа қиладилар, менга керак бўлганларида изсиз ғойиб бўладилар”, — дея хаёлидан ўтказиб хонасига кирди. Биринчи навбатда Шаҳлонинг кийимларига кўзи тушди. Пешонаси тиришди. “Бир кун ҳам уйимизда турмайди танноз хоним… Тавба, унинг нимасига учдийкан акам бечора?” — деб ўзига-ўзи гапирган қиз шкафни очди-да, селофан халта олиб унинг ичига Шаҳлонинг кийимларини тиқа бошлади. Кийимлар унчалик кўп эмасди. Бор-йўғи ярим селофан бўлди. Наргиза уни ҳавода бироз у ёқдан-бу ёққа силтади-да, кейин каравотнинг устига отиб юборди. Бу билан ҳам қониқмади. Селофанни каравот устидан олиб, гиламнинг устига ташлади-да, устига чиқиб тепди. Бир нарса сингандай бўлди. Наргиза бирдан тепкилашдан тўхтаб, шоша-пиша селофаннинг ичидан шимни суғуриб ташқарига чиқарди ва чўнтагини ковлади. Қўлига соат илинди. “Синибди”, хаёлидан ўтказди қиз. Шу заҳоти унинг юзида қўрқув аломатлари пайдо бўлди. “Тавба, нимадан қўрқаман? Синса ундан нарига ўтиб кетмайдими?” — дея хаёлидан ўтказиб соатни олиб кўрди. Дарҳақиқат, соатнинг ойнаси дарз кетганди. “Жажжигина, чиройлигина экан, боғичиям пушти рангда, мен яхши кўрадиган ранг”, — деб ўзига-ўзи гапирган қиз соатни айлантириб кўраётганида, кўзи унинг орқа тарафидаги қопқоғига ёзилган майда ҳарфларга тушди. Уни синчиклаб ўқий бошлади: “Дунёдаги энг гўзал, мафтункор, меҳрибон, юрагимнинг маликаси бўлган қизга, Муроддан!”

— Тавба! Юрагимнинг маликаси эмиш, жинни-пинни бўп қолган бу акам! — дея ўрнидан сапчиб турган Наргиза югуриб бориб йўлакдаги телефон гўшагини кўтарди-да, рақам терди. Акасининг соткаси банд экан. Қизнинг жаҳли чиқди. Яна бир марта текшириб кўрди. Тағин банд. Бешинчи марта рақам терганидан кейингина Мурод гўшакни кўтарди.

— Ака! — деди Наргиза ҳаяжонланиб, Муроднинг овозини эшитиши билан. — Уйга келинг, гап бор!

— Тинчликми? Сени ойим Шаҳло билан кетди, дегандилар-ку! Қани Шаҳло, телефон қилсам кўтармаяпти, тинчликми, ишқилиб?! — сўради Мурод.

— Келганингиздан кейин биласиз нима гаплигини. Келинг эртароқ, — деб атайин Муроднинг ичини куйдирган Наргиза гўшакни қўйди. Бу пайтда ташқари эшик очилган, остонада Фотима опа пайдо бўлган эди. У қизининг гапларини қисман эшитди.

— Нима бўлди? — сўради у қизи гўшакни қўйиши билан.

— Ойи, акам жинни бўп қолганга ўхшайди. Келиб-келиб, шундай озода уйимизга қаердаги қизни етаклаб келадими?! — дея шошганча гапира бошлади Наргиза.

— Ҳовлиқма, — жеркиб берди уни Фотима опа.

— Ҳовлиқсам-ҳовлиқмасам, эшитиб қўйинг, ойи! Шаҳло уйимизга бошқа қадам босмайди. Агар у келадиган бўлса, мен кетаман! Ойиси ғирт томи кетган экан, ҳозир жиннихонада ётибди. Уйлари-чи, данғиллама қилиб қурилгани билан дабдаласи чиқиб кетибди. Анави Шаҳлонинг дугонаси билан зўрға эпақага келтирдик. Кейин-чи, амакиси битта хотинни етаклаб келди. Билсам, ўйнаши…

— Ўчир овозингни! — бақириб юборди бирдан Фотима опа. — Нималар деб валдираяпсан?! Сен айтмасангам биламан ойиси қанақалигини. Ҳамманиям уйи тўзийди-да. Қўлингга битта супургини ушлаганмисан-йўқми, шунга шунчами?! Қаердан ўргандинг бемаза сўзларни?!

Наргиза йиғлаб юборди. Кафти билан юзини бекитаркан:

— Кўрганимни айтаяпман-да! — деди.

— Шаҳло қани?!

— Жиннихонадан уйига кетди, анави хотин билан.

— Сен нега бормадинг?

Наргиза жавоб беролмади. Агар жавоб берганида, онаси юзига шапалоқ тортиб юбориши ҳам мумкин эди. Чунки унинг кўнглига озмунча гап келдими? Унинг йиғисида шунақанги улкан нафрат, ғазаб бор эдики, уни кўриб Шаҳлони ёқтирадиган одам “қилич” яланғочлаб қолиши ҳеч гап эмасди. Қиз югуриб хонасига кирди. Ўзини тўшакка ташлади ва қолган йиғисини ўша ерда давом этказди.

Нуриддин ИСМОИЛОВ

(Асарнинг кейинги қисмларини яқин соатларда ўқийсиз)

Аввалги қисмларни ўқиш учун қуйидаги ҳаволаларни босинг:

Мафия сардори (1-қисм)

Мафия сардори (2-қисм)

Мафия сардори (3-қисм)

Мафия сардори (4-қисм)

Мафия сардори (5-қисм)

Мафия сардори (6-қисм)

Мафия сардори (7-қисм)

Мафия сардори (8-қисм)

Мафия сардори (9-қисм)

Мафия сардори (10-қисм)

Мафия сардори (11-қисм)

Мафия сардори (12-қисм)

Мафия сардори (13-қисм)

Мафия сардори (14-қисм)

Мафия сардори (15-қисм)

Мафия сардори (16-қисм)

Мафия сардори (17-қисм)

Мафия сардори (18-қисм)

Мафия сардори (19-қисм)

Мафия сардори (20-қисм)

Мафия сардори (21-қисм)

Мафия сардори (22-қисм)

Мафия сардори (23-қисм)

Мафия сардори (24-қисм)

Мафия сардори (25-қисм)

Мафия сардори (26-қисм)

Мафия сардори (27-қисм)

Мафия сардори (28-қисм)

Мафия сардори (29-қисм)

Мафия сардори (30-қисм)

Мафия сардори (31-қисм)

Мафия сардори (32-қисм)

Мафия сардори (33-қисм)

Мафия сардори (34-қисм)

Мафия сардори (35-қисм)

Мафия сардори (36-қисм)

Мафия сардори (37-қисм)

Мафия сардори (38-қисм)

Мафия сардори (39-қисм)

Мафия сардори (40-қисм)

Мафия сардори (41-қисм)

Мафия сардори (42-қисм)

Мафия сардори (43-қисм)

Мафия сардори (44-қисм)

Мафия сардори (45-қисм)

Мафия сардори (46-қисм)

Мафия сардори (47-қисм)

Мафия сардори (48-қисм)

Мафия сардори (49-қисм)

Мафия сардори (50-қисм)

Мафия сардори (51-қисм)

Мафия сардори (52-қисм)

Мафия сардори (53-қисм)

Мафия сардори (54-қисм)

Мафия сардори (55-қисм)

Мафия сардори (56-қисм)

Мафия сардори (57-қисм)

Мафия сардори (58-қисм)

Мафия сардори (59-қисм)

Мафия сардори (60-қисм)

Мафия сардори (61-қисм)

Мафия сардори (62-қисм)

Мафия сардори (63-қисм)

Мафия сардори (64-қисм)

Мафия сардори (65-қисм)

Мафия сардори (66-қисм)

Мафия сардори (67-қисм)

Мафия сардори (68-қисм)

Мафия сардори (69-қисм)

Мафия сардори (70-қисм)

Мафия сардори (71-қисм)

Мафия сардори (72-қисм)

Мафия сардори (73-қисм)

Мафия сардори (74-қисм)

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here